muslim.uz
Оқибат
Бир инсонга кўп иззат-ҳурмат ва бойлик берилди. У ўз жигарлари ва яқинларига қўлдан келганича ёрдам берарди. Айниқса, кенжа укасига кўп ёрдам қилди. Чунки ака отанинг пандига қулоқ солиб, қийинчиликлар эвазига кўзлаган мақсадига эришаётганди. У оқибат нималигини яхши биларди. Ҳеч вақт ота-онасининг сўзини икки қилмасди. Аммо ука акасига ҳасад қилар, зимдан акасининг савдосига кўз олайтириб, дўкондаги молларидан ўмарарди. Бориб-бориб уканинг сирлари очилди. Ака ота-онага шикоят қилди. Улар укага қаттиқ танбеҳ бериб, кўп насиҳатлар қилди. Ука бу ишни қайтармасликка ваъда бериб, акадан минг бор узр сўради. Аммо акага нисбатан ҳасади тинчлик бермасди. Яна хиёнат йўлига ўтди. Ака-ука ўртасида низо чиқди, ўртада оқибат ўлди. Ёмон нафс ғолиб бўлди, шайтон хурсандчиликдан ноғора чалди. Бунга қўшимча ука уялмасдан акасига:
– Мен сенга ҳасад қиламан, нима учун сен омадлисан? Нимага сенга берилади-ю, менга эса йўқ?! – деди юзсизларча сенсираб.
– Чунки сенда инсоф йўқ! Сабр-қаноат, шукр ва оқибат йўқ! Сенинг қалбингни ҳасад кемиради. Ота-онамизнинг айтганларини қилиб, садоқат билан ишлаганингда қўлимдан келган ҳамма ёрдамни қилмоқчи эдим. Афсуски, сен хиёнат йўлини танладинг, нафсингга қул бўлиб, ўз жигарингга хиёнат қилишдан ҳам қўрқмадинг! Сен бировнинг мусибатидан шодланма, ўзганинг омадига куйма, ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик ўзингга қайтиб хорликка учратганда қўлдан берган бахт-омадингни ортга қайтаролмайсан, шуни унутма! – деди ака. Аканинг кўнгил ойинаси синди, икки жигар ўртасидан оқибат кетди. Оқибат ўлди, кўнгил синди, синган кўнгилни нима чегалай олади?
Улуғларимиз демишким: “Бировнинг ҳусни-жамоли ва бойлигини кўрсанг, ҳасад қилма ва дарҳол ўзгаларга назар сол. Бу дунёда сендан кўра хунукроқ ва камбағалроқлар ҳам бор-ку”. Ҳусну жамол Парвардигорнинг санъатидир. У кимни хоҳласа гўзал қилади. Мол-дунё, мартаба ва мансаб ҳам имтиҳон учун берилади. Шундай экан, эй азизим! Асло ҳасад билан бойлик ва улуғликка эришаман деб хато қилманг!
Одам фарзандига боқибон ҳайҳот,
Қилган амалларин кўриб, дерсан дод.
Баъзилар азада уради хандон,
Тўю томошада қилади фарёд.
“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди
Муаллим – камолот ичра кўзгудир
Ўтган ҳафта йиғилиш ўтказган давлатимиз раҳбари ўқитувчининг ижтимоий мавқеини ошириш масаласи юзасидан аниқ тавсия ва кўрсатмалар берди. Президентмизнинг ана шу тавсияларидан руҳланиб онгимизда пайдо бўлган баъзи фикрларимизни қоралашга жазм этдик. Илло, ҳаммамиз фарзандларимизни илм олсин, оқ-қорани танисин, элимизга, юртимизга фойда келтирсин, юзимизни ёруғ қилсин, ўзи ҳам ҳаёт синовлари қошида қоқилиб-суриниб юрмасин, дея орзу қиламиз. Шунча кўп нарсани орзу қилсаг-у, уларга таълим берувчи ўқитувчиларни жамиятнинг қуйи табақасига айлантириб қўйсак, нимаики, иш бўлса уларни ўша ишларга сафарбар этаверсак, унинг ортидан яна мактабда болаларимиз етарли билим ололмаяпти деб нолиб юрсак, қизиқ иш қилган бўламиз.
Собиқ шўро замонига қадар жамиятда ўқитувчининг мавқеи ўрта тоифада, моддий манфаатдорлиги ҳам ўртаҳол бўлганини тарих китобларидан ва тарихий-бадиий асарлардан билиб олганмиз. Аммо шўролар ўқитувчиларни ўқувчиларга бош қилиб турли ишларга жалб қилишни бошлаб берганидан кейин бу жуда оммалашиб кетди. Шу боисдан истиқлол йилларида ҳам бундан воз кечиш ўрнига улар яна қўшимча меҳнатларга ҳам жалб қилина бошланди. Ҳатто қишлоқ ўқитувчилари аҳолидан электр энергияси учун ҳам пул йиғишга сафарбар этилиб, аҳолидан пул ундира олмаганлари ўзининг маошини тўлаб ҳам юрди...
Қўшимча меҳнатга узлуксиз жалб этилгани ва даромадининг пастлиги – ўртача иш ҳақининг 79 фоизи – сабаб бўлиб кўплаб малакали ўқитувчилар касбидан воз кечиб бошқа ишларга уриниб кетишга мажбур бўлди, уларнинг аҳволини кўрган ёш йигитлар орасида эса педагогика институтига ўқишга кирувчилар сони кескин камайиб кетди. Уларнинг ўрнини қизлар тўлдирди. Натижада боғча, мактаб, коллеж, лицей, ҳатто олий ўқув юртларининг аксарида ҳам ўқитувчилик қилиш аёлларнинг эрмагига айланиб қолди гўё.
Нафсиламри, бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Маълумоти олий бўлса, педагогик салоҳияти бўлса – ўқитувчиларнинг аксари аёллар бўлса нима бўлибди?..
Аёл ўқитувчилар ҳар қанча кучли муаллим бўлмасин, унинг ўзига хос табиати бор. Ана шу хусусияти кучлилик қилиб кетиб, аёл ўқитувчиларимиз синфхонларни кимўзарга безашга тушиб кетди. Болаларнинг дарсларни яхши ўзлаштира олмаётганини сабаб қилиб, пуллик қўшимча дарслар жорий қилди. Қизиғи шундаки, ўқитувчи дарсни яхши ўтса, бола нега дарсни яхши ўзлаштира олмайди. Боз устига қўшимча дарсни ҳам ана шу ўқитувчининг ўзи ўтади. Ҳеч ким сўрамайдики, “Сиз яхши ўқита олмаганингиз учун бола қўшимча дарсга қатнашга мажбур бўляпти. Дарсни яна сиз ўтсангиз, бунда не маъни?..” деб. Синф ва мактаб фондининг муттасил равишда ўсиб бораётгани ҳам ўқитувчилар обрўсига путур етказмоқда.
Президентимиз ўтказган йиғилишда ўқитувчиларнинг ойлик маошларини кескин кўтариш масаласи қўйилди. Ўқитувчининг ижтимоий мавқеини оширадиган биринчи омил шу ўзи. Ўқитувчининг ўқувчини ўқитишдан бошқа муаммоси бўлмаса, айниқса, ўқувчисининг ота-онасининг қошида моддий ночорлиги сезилиб қолмаса, унинг гаплари дадил бўлади. Бола ҳеч қачон ота-онаси ҳурмат қилмаган кишини ҳурмат қилмайди. Бунинг учун эса юртбошимиз назарда тутганидек, ўқитувчини моддий қарамликдан, турли-туман ишларга сафарбарликдан озод қилиш керак. Ана шунда эркак ўқитувчилар ҳам мактабга қайтади.
Йиғилишда бугун мамлакатимиздаги 9,7 минг мактабда 5,2 миллион ўқувчи таълим олиши, ўқув-тарбия ва бошқарув жараёнида 450 мингдан зиёд ходим меҳнат қилиши айтилди. Ва яна ҳозир замоннинг ўзи “инсон капитали”га сармоя киритишни кўпайтиришни тақозо этаётгани. Негаки, бугун сармоядор илгаригидек арзон иш кучи бор жойга пул тикмаётгани, бунинг сабаби, шиддатли илмий-техник тараққиёт малакасиз ишчига эҳтиёжни кескин камайтириб юбораётгани таъкидланди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқи арзон ишчи кучига ҳеч қачон айланмаслиги керак. Чунки шарафли аждодларимизнинг васияти шундай. Боболаримиз бизга дунёга қадоқ қўлимиз билан арзон ишчи кучи сифатида эмас, илму маърифатимиз билан олиму уламо сифатида чиқишимизни васият қилган, Шариатимизнинг кўрсатмаси ҳам, Президентимизнинг талаб-истаги ҳам шу.
Бинобарин, Президентимиз Молия вазирлиги 2019 йилги Давлат бюджетини шакллантиришда мазкур соҳанинг улушини оширишга алоҳида эътибор қаратиши кераклигини таъкидлагани замирида ана шу ҳақиқат мужассам.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари тизимга юқори малакали мутахассислар жалб қилишни, Халқ таълими вазирлиги ҳузурида уларни рағбатлантириш мақсадида алоҳида жамғарма ташкил этишни таклиф қилди. Мактабларда ахборот-коммуникация, интернетнинг ишлаши ҳозирги вақтда мутлақо қониқарсиз эканига – атиги 7 фоизлигига ҳам тўхталиб ўтди.
Ушбу йиғилишда ўқитувчиларни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий мавқеини, эл орасидаги обрўйини кўтариш юзасидан масъулларга муҳим топшириқлар берилди. Дарҳақиқат, ўқувчи мактабни мустақил ҳаётга тайёр инсон бўлиб битириши бевосита ўқитувчига боғлиқ. Шундай экан, аввало, ўқитувчининг ижтимоий мавқеини юксалтириш ана шу эзгу орзу-умидларимизга эришишнинг муҳим асос бўлади.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
ЎМИ Матбуот хизмати
Фатво ҳайъатига келган саволлар (20-қисм)
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум. Саволим шуки жунуб бўлган киши ғусл қилмасдан олдин бировга гапириши, кўчага чиқиши, овқат ейиши, сув ичиши мумкин эмасми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Шу ишлардан олдин ғусл қилиб олган яхшидир.
Савол: Ассалому алайкум мен яна сизга савол билан мурожаат қилмоқчиман Южный Корея давлатида яшайман намоз ўқимоқчиман, дуо қилмоқчиман лекин қиблани ҳеч аниқлаб ололмаяпман компас юклаб олдим, аниқ кўрсатмаяпти, қайси тарафга қараб ўқишни билмаяпман. Сўраб суриштирдим ҳамма айтдики, муслим про дастурида компас бор дейишди, лекин компас аниқ кўрсатмаяпти. Жавоб учун олдиндан катта раҳмат
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Агар қиблани биладиган инсон йўқ бўлса, шуни бошқа йўл билан ҳам аниқлашнинг имкони топилмаса, унда ўзингиз ўз фикрингизга таяниб бир тарафни қибла деб қасд қиласиз ва шу тарафга қараб намоз ўқийсиз.
Савол: Ассалому алайкум. Саволим қўйидагича, 2017 йилнинг июнь ойида ўғиллик бўлган эдик шунга қарамай аёлим яна ҳомиладор бўлиб қолибди. Гап шундаки болани дунёга келтиришни соғлиги кўтара олармикин деб қўрқаяпмиз. Аёлимда белининг икки жойида грижаси (диск чурраси) бор. Ҳар доим белида оғриқ бор. Болани олдириш гуноҳ аммо соғлигини ҳам ўйлашимиз керак. Сизлардан илтимос маслаҳат берсангизлар.
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Агар бирор ишончли омонатдор шифокор ҳомилани она ёки бола ҳаётига жиддий хавфи борлигини айтса ва шу пайтда ҳомила бир юз йигирма кунлик бўлмаган бўлса унда уламоларимиз бундай ҳомилани олдириб ташлашга рухсат берганлар.
Пойтахтда аҳоли ва меҳмонлар учун яна бир қулайлик яратилади
Тошкентнинг сайёҳлик жойларида эксперимент шаклида автоматлаштирилган ҳожатхоналар ўрнатилади.
"Кun.uz" нашрининг хабар беришича, TOP BUSINESS компанияси пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга Тошкент шаҳри ҳудудида Европа сифатига эга бўлган автоматлаштирилган умумий ҳожатхоналар тармоғи ва дам олиш учун ўриндиқларни ўрнатиш бўйича лойиҳа тақдим этган.
Ҳоким бу ғояни қўллаб-қувватлаган. У Тошкентдаги сайёҳлик жойларида ўнта ана шундай автоматлаштирилган ҳожатхонани эксперимент шаклида ўрнатишни таклиф қилди.
Шунингдек, жойлашувни аниқлаштириш ва потенциал миқёсни аниқлаш мақсадида лойиҳа муҳокамасини давом эттириш таклиф этилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Абдулфаттоҳ ас-Сисини табриклади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 июль куни Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисини Инқилоб куни муносабати билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.