muslim.uz
Ақидада мустаҳкам бўлайлик
Янги милодий асрга келиб жаҳон саҳнасида қарашлар, ўлчовлар, муносабатлар ўзгариб кетди. Ҳатто «глобалчилик, террор, тамаддунлар ихтилофи» деган янги атамалар пайдо бўлди. Янги аср кишисининг, айниқса
ёшларнинг онги ва қалбини забт этиш учун жиддий кураш бошланди. Бу йўлда бутун дунёни қандайдир «фобия»лар билан қўрқитиш ҳар қачонгидан кучайди. Ана шу ихтилофлар тўфонида Ислом ва мусулмонларга «лой сочиш» ҳам авжга мингани кузатилмоқда. Мана шундай таҳликали, безовта замонда ёшлар ўзларини қандай тутишлари, кимга ва нимага суянишлари, кимга эргашишлари керак? Энг аввало, улардан ақидада мустаҳкам бўлиш талаб этилади. Машҳур шоиримиз Сўфи Оллоҳёр «Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса, елдур», деб бежизга ёзмаган. Одамлар мусулмонлик даъво қилишсаю, мўминмиз, деб кўкракка уришсаю, аммо ақидалари, имонлари заиф бўлса осон алданишади. Ақида пойдевори бўш заминга, қийшиқ қилиб қурилса, ғанимлар қалбларини осонгина забт этади. Унча жон койитмай ҳидоят йўлидан, ҳақ йўлдан адаштириб юборади.
Исломни китоб ўқиш билангина танимоқчи бўлганлар адашишга маҳкумдир. Бундайлар силсилага мансуб бир устоз кўрмай, ўзларича бир неча оят ё ҳадисни ёдлаб олишади-да, «улуғ олим даражасига кўтарилдик», деб ўйлашади. Буларнинг ҳам ҳақ йўлдан адашиб, залолатга кириб кетишлари осон бўлиб қолади. Аллакимлар найрангига учиб, улар ақидасини қабул қилган, ҳақ нима, ботил нима – ажратиб олганидан кейин изтироб ва надоматларда қийналган ёшлар борлиги аён. Дунё ҳаётидаги тансиқ йилларини хатолар гирдобида ғарқ қилиб юбормасликлари учун ёшларга қарата Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Динингизни кимдан ўрганаётганингизга қаранг», деган кўрсатмаларини эслатиб қўйиш жоиз. Расулуллоҳдан (алайҳиссалом) буён давом этиб келаётган олимлар силсиласини устоз қилиб олганлар асло адашишмайди. Бу Аҳли суннат вал жамоа тузиб чиққан ва асраб-авайлаб келаётган ақида, эътиқод ва шариат йўлидир. Ҳазрати Абу Ҳанифадан: «Кимлар Аҳли суннатга мансуб?» деб сўрашганида, «Икки шайхни тан олган, икки куёвни тан олган ва маҳсисига масҳ тортган Аҳли суннатдандир», деган эканлар. Билишса, икки шайх ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб, икки куёв эса Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб эканлар. Бундан келиб чиқадики, ким динида мўътадил ўрта йўлни олиб бораман деса, Исломнинг тўғри йўлдаги тўрт халифасини тан олиб, улар ишини ва йўлини давом эттириши ҳамда шариат ҳукмларини оғишмай бажариши лозим экан.
Турли тафриқаларга бўлиниш, ҳақ йўлда адашишларнинг яна бир йўли суннатни тарк этиш, мазҳабсизлик ҳамда мутаассиблик балосидир. Ислом қонунларини бузиб қўйишдан тақво қилган ўтмишдаги буюк алломаларнинг тўқсон тўққиз фоизи мазҳабга содиқ бўлган. Ҳатто ихтилоф авж олган ўн тўртинчи асрда етишиб чиққан Ибн Таймийя, Ибн Қайюм каби ўзгача фикрлилар ҳам чаласавод мусулмонларга фақиҳлар ёрдамисиз ижтиҳодга қўл уришни тавсия этишмаган. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга шундай хитоб қилади: «Динларини бўлиб, фирқа-фирқа қилиб олган кимсалардан (бўлманг)! Ҳар бир ҳизб-фирқа фаыат ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар» (Рум, 32). Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (алайҳиссалом) ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Мана бу уммат яқинда етмиш уч фирқага ажралади. Етмиш иккитаси дўзахда ва биттаси жаннатдадир». «Эй Расулуллоҳ, шу биттаси ким?» деб сўрашди. «Аҳли суннат вал жамоа», дедилар» (Имом Термизий ривояти). Ҳазрати Пайғамбаримизнинг умматлари етмиш уч фирқага бўлинди. Етмиш икки фирқа залолатда қолиб ҳалок бўлди. Фақат тўрт фиқҳий мазҳабни (ҳанафий, шофиъий, моликий, ҳанбалий) бирлаштирган «Аҳли суннат вал жамоа» мазҳаби саломатда қолиб, нажот топди. Ҳозир ер юзидаги жами мусулмонларнинг салкам тўқсон уч фоизи ана шу ҳақ йўлдаги мазҳабда турибди. Аҳли суннат жамоатидан заррача айрилган киши исломиятдан узоқлашган бўлади. Демак, бугунги ёшларимиз дин душманларининг ҳийла-найрангларига учмай, қалбларига эгалик қилиш илинжида турли тузоқ-қопқонлар қўяётган мухолифларнинг фитнасига илинмай дейишса, Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам суннатларини маҳкам тутишади. Янги замоннинг маккор ва муғомбир қалб ўғрилари домига тушмаслик учун Аҳли суннат вал жамоа мазҳабидан чекинишмайди. Чунки дунё мусулмонларининг салкам тўқсон уч фоизи адашиши, залолатга кетиши, ҳидоят йўлидан чекиниши
асло мумкин эмас!
Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 2-курс талабаси
Имомназарова Заҳро
Ўзбекистонда савоб иш қилишнинг ажойиб усуллари
Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбари томонидан Ислом динининг моҳиятини тушунтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида мусулмонлар орасида турли савобли ишларга қўл урилмоқда. Бу каби ишлар ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёга кўрсатилмоқда.
Шундай савобли ишлардан бири жума куни Жума намозига бораётган юртдошларимиз учун бепул етказиб қўйиш хизматини ташкил этган киракашлардир. Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда Дамас русумли такси ҳайдовчиси автомобил салонига эълон осган. Унда "Жума кунлари соат 11:00дан 14:00га қадар йўлкира бепул", "Меҳр-оқибат кўтарилишини олдини олиш мақсадида қўйилган биринчи қадам. Кекса ёшдагилар ва ҳомиладор аёлларга йўлкира бепул" деб ёзилганини кўриш мумкин.
Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан мамнуният билан кутиб олинган, буни қолдирилган изоҳлардан ҳам билиб олиш мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Фатво ҳайъатига келган саволлар (19-қисм)
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум. Саволим шуки никоҳдан кейин 2 ракат шукрона намоз ўқиш керак деб эшитдим. Бу намоз қандай ўқилади. Тартиби ҳақида маълумот берсангиз илтимос.
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Бу ихтиёрий-нафл намоз. Махсус номли намоз эмас.
Савол: Ассалому алайкум. Намозни тиззадан узун шортик ва футболкада ўқиса бўладими? Шу ҳақда маълумот беринг илтимос сизлардан олдиндан раҳмат.
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Бўладию, макруҳ бўлади.
Савол: Ошхонада чумолилар жуда кўпайиб кетди доридан сўнг ҳам келаяпти, гоҳида сув билан идишда ўлдиришга тўғри келаяпти бу гуноҳми?
Жавоб: Бунинг зарари йўқ.
Мазлумнинг ҳақи
Шайх Иброҳим Ҳаққий ёшлигида авлиёуллоҳлардан бўлган Исмоил Фақируллоҳ ҳазратларининг қўлларида таҳсил ва тарбия кўрган эди. Бир куни устози уни чақиртирди. Иброҳим югуриб келди:
- Лаббай, устоз?
- Шу кўзада булоқдан сув олиб келгин. Иброҳим кўзани олиб ьулоққа борди. Кўзани тўлдираётганида бир отлиқ келди ва:
- Қани, нари тур, деб Иброҳимни итариб юборди. Иброҳимнинг кўзаси ерга тушиб, синди. У йиғлаб устозининг ҳузурига келди.
Нима бўлди, ўғлим? деб сўради устози.
Булоқдан сув олаётувдим, бир отлиқ келиб, итариб юборганида, кўза қўлимдан тушиб, синди.
Кўзани синдирган одамга бирон нима дедингми?
Йўқ, ҳеч нима демадим.
Бир оғиз ҳам гапирмадингми?
Йўқ.
Тезда у ерга бориб, отлиққа бирор нарса дегин. Яна тезда ортга қайт.
Исмоил фақируллоҳнинг бундай буйруқ беришларидан ҳамма ҳайрон қолди. Иброҳим югуриб булоқ бошига келди. Ҳалиги киши отини ювар эди. Иброҳим анчагача талмовсиранди, лекин ҳеч нарса деёлмай, қайтиб келди.
Устози:
Гапирдингми? деб сўради.
Йўқ.
Вақт ўтказмай югур. Унга бирор ёмон гап айтиб кел!
Иброҳим яна югуриб булоқ бошига келди. Қараса, уни итарган отлиқ ерда ётибди. Унга яқин келди. Отлиқ боши ёрилган ҳолда беҳуш ётарди.
Бу ҳолатдан юраги
ёрилаёзган Иброҳим устозининг ёнига келди. Устози яна суради:
Бирор нарса дедингми, Иброҳим?
Йўқ, устоз. Бу сафар борганимда унинг боши ёрилган, қонга беланиб ётган экан. Пешонасида от туёғининг изи кўринди.
Исмоил ҳазратлари:
Эй ўғлим, биргина кўза учун бир одамни ўлдиртирдинг!
Бу энди қандоқ бўлди?! Унга бир оғиз сўз, бир оғиў ёмон сўз айтганингда, бу ҳодиса рўй бермасмиди... дедилар.
Исмоил Фақируллоҳ ҳазратларининг атрофидагилар: Устоз, айтган гапингизга унча яхши тушунмадик, дейишди.
Ҳа, деди Исмоил Фақируллоҳ ҳазратлари, бир золим бирор кишини ҳафа қилса, йиғлатса-ю, мазлум у золимга қарши ҳеч нарса қилолмаса, мазлумнинг кўнгли озор топгани учун Ҳақ таоло золимдан унинг ҳақини олади. Иброҳим ҳам кўзаси сингач, у отлиққа ҳеч бўлмаса:
Нима қилиб қўйдинг? деганида отининг тепкисидан омон қолармиди...
"Ғам-қайғусиз яшай десангиз ўксинма" китобидан.
ФҲДЁларда имомлар ва отинойилар никоҳланувчилар билан суҳбат ўтказмоқда
Тошкент шаҳрида бўлажак келин-куёвлар ва уларнинг ота-оналари билан тўй олди жараёнлари ҳамда тўйдан кейинги муносабатларни яхшилаш, расмий никоҳнинг афзалликлари, оила муқаддаслиги, оилада эрнинг ва аёлнинг вазифалари, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, жойларда тўй ва маросимларни ихчам ҳолда ўтказиш, ажримларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни яхшилаш мақсадида масжид имом-хатиблари ва отинойилари ФҲДЁ органлари ходимлари билан биргаликда бўлажак келин-куёвлар билан суҳбатлар ўтказишлари йўлга қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Тошкент шаҳрида мавжуд 11 та туман ФҲДЁ бўлимларига, никоҳ уйларига ушбу туманда фаолият олиб борувчи имом-хатиблар ва отинойилар бириктирилиб, улар томонидан бўлажак келин-куёвлар билан “Оила ва никоҳнинг муқаддаслиги”, “Эр-хотиннинг оиладаги бурч ва вазифалари” мавзуларида суҳбатлар ташкил этилмоқда. Ушбу суҳбатларда имом-хатиблари ва отинойилар томонидан бўлажак келинларга шарм-ҳаё, муомала маданияти, кийиниш маданияти, қайнота-қайнонага бўлган муносабат ҳамда турмуш ўртоғи олдидаги ўз вазифалари Қуръон оятлари ва ҳадисларга суянган ҳолда тушунчалар бериб борилмоқда.
Сўнгги 3 ой давомида ФҲДЁ бўлимларида имом-хатиблар ва отинойилар иштирокида бўлажак келин-куёвлар билан 269 маротаба суҳбатлар олиб борилди.
Олиб борилган суҳбатларда натижасида бўлажак куёвлар мебель жиҳозларининг харид қилинишини ўз зиммаларига олмоқдалар ва никоҳланувчи оилалар ўртасидаги зиддиятларнинг, ажримларнинг олди олинмоқда ҳамда тўй-ҳашамларнинг қисқариши кузатилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.