muslim.uz
Президент совғалари улашилмоқда
Янги йил байрамида болажонлар учун махсус “Президент арчаси” тадбири ташкиллаштирилади. Бу йил ҳам мазкур анъанани давом эттирилмоқда.
Ўзбек халқи болажон халқ, шу боисдан ҳам юртимизда нишонланадиган ҳар қандай байрам беғубор болажонларнинг иштирокисиз ўтмайди. Айниқса, ҳар йили кенг нишонланадиган янги йил байрами жажжи юртдошларимизнинг севимли тантаналаридан биридир.
Маълумки, ҳар янги йил байрамида болажонлар учун махсус “Президент арчаси” тадбири ташкиллаштирилади. Бу йили ҳам мазкур анъанани давом эттирган ҳолда Президент совғалари тайёрланмоқда.
Шуни қайд этиш лозимки, бугунги кунга келиб Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари ўғил-қизлари, “SOS – болалар маҳаллалари”, Гўдаклар уйи, Оилавий болалар уйи тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, юртимиз тинчлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари учун 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан иборат бўлган 11 минг дона Президент совғалари тайёрланди.
Шу йили 26 декабрь куни Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳрига жами 3734 дона Президент совғалари автотранспортларда, 6265 дона Президент совғалари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг самолётлари орқали жадвал асосида жорий йилнинг 25-27 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва 9 та вилоятга етказилди.
Эслатиб ўтамиз, Президент совғалари 29-30 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва бошқа барча вилоятларда ташкил этиладиган “Президент арчаси” тадбирларида кичкинтойларга тантанали равишда топширилади.
“Қалбим тоза бўлса бўлди”ми?
Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳи алайҳи айтади: “Нарсаларнинг энг қадрлиси иккита эканини ҳар бир инсон билмоғи лозим: Булар унинг вақти ва қалбидир. Агар вақтига бепарво бўлса ҳамда қалбини ҳам зое қилса, барча манфаатларни қўлдан бой беради”.
Инсоннинг жасади вақтдан иборатдир. Жасаднинг энг асосий аъзоси эса қалбдир. Умр ўтар экан инсоннинг жасадидан нимадир кундан – кунга емирилиб бораверади. Бу жараён кимдадир аъзоларнинг заифлашуви билан белгиланса , кимдадир бу жараён мутлоқо сезилмаслиги ҳам мумкин. Чунки баъзилар ёшлик чоғидаёқ ўлим билан юзма – юз келса баъзилар, айни навқирон кучга тўлган ўлим ҳақида эса мутлақо ҳаёл ҳам қилмаган кутилмаган пайтда ўлим чангалига тушади. Манашу ҳолат айни ғафлат ҳолатидир. Чунки инсоннинг ёши ўтган сари ўлимнинг элчиси яқинлашиб келаётганини ҳар хил аломатлар орқали билиб олади. Масалан: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир кишига “ Сенга ҳар куни бир танга бериб тураман, эвасига сен менга ҳар куни келиб “Эй Умар! Ўлим яқин”, деб эслатиб турасан”, дебдилар. Шу ҳолат давом этаверибди, кунлардан – бир кун ўша одам одатига кўра, “Эй Умар! Ўлим яқин”, дебди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу одатларига мувофиқ бир танга бериб: “бундан кейин келмай қўявер, бунга ҳожат йўқ” дебдилар. Шунда ҳалиги киши “Эй, Амирал мўминин бунинг боиси нима, деб сўрабди. Умар розияллоҳу анҳу эса “Сақолимга қарасам оқ оралабди, мана шунинг ўзи менга ўлимни эсалашимга кифоя қилади”, дебдилар. Албатта бу ерда биргина мисол келтирилган, аслида эса бундай мисоллар ҳар бир ёши ўтиб бораётган кишида ўнлаб топилиши мумкин. Ҳа, инсоннинг умри ўтар экан, унинг жасадидан яъни вақтидан, нимадир камайиб емирилиб бораверади. Вақтлардан ташкил топган жасаднинг асосий аъзоси қалб экан, инсон унинг ислоҳи учун кечаю – кундуз тинмай ҳаракат қилиши керак. Зотан, Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар ! Албатта жасадда бир аъзо бордир, агар у солиҳ бўлса жасаднинг барчаси солиҳ бўлади, агар у фасод бўлса жасаднинг барчаси фасод бўлади. Огоҳ бўлинглар! У қалбдир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Қалбнинг солиҳ бўлиши нима билан билинади? Кўпчилик ўзини солиҳ яъни тоза қалб соҳиблари деб биладилар. Аслидачи?
Қалбнинг ойнаси инсоннинг аъзоларидир. Агар инсоннинг аъзолари Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқларига мувофиқ ҳаракатланаётган бўлса, демак, бу қалб солиҳ қалбдир. Аксинча, унинг аъзолари Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунмаса, қайтариқларидан қайтмаса, бу қалб фасод қалбдир, гарчанд унинг соҳиби ҳар қанча покликни, тозаликни даъво қилса ҳам.
Ўтган салафи солиҳларимизнинг барчаларини қалблари Аллоҳнинг муҳаббати ила тўлиб тошган бўлсаларда, бирорталари ўз қалблари поклигини даъво қилган эмаслар. Аксинча, доимо хафв ва ражода ҳаёт кечирганлар. Жаннатий эканликлари аниқ бўлган Умар розияллоҳу анҳу кечалари билан ўзларини айлаб гуноҳларига тавба қилиб йиғлаб чиққанлар. Ҳатто, бир марта Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини сақловчи бўлган Хузайфа розияллоҳу анҳудан “тўғрисини айт, менинг исмим мунофиқларнинг рўйхатида йўқми?” деганлар. Албатта, ундан “йўқ” деган жавобни олганларидан кейин ҳам бепарволикка, хотиржамликка берилмаганлар. Бизларчи? Нима учун жуда ҳам хотиржаммиз? Балки юриш туриши бир аҳвол бўлган ҳолда “қалбим тоза бўлса бўлди” деб даъво қилаётганлар бир ўйлаб кўрарлар. Вақт, умр борида астойдил тавба қилиб ҳақиқий ҳидоят йўлига ўтиб, аввало, қалбларини барча иллатлардан поклаб, сўнгра ана шу пок қалб амрига мувофиқ тоат ибодатларда бардавом бўлсалар, ажаб эмас. Зотан амали солиҳлар, солиҳ қалб соҳибларидангина юзага чиқур.
Демак, ким вақтни қадрлайман, умримни ғанимат биламан деса, албатта, қалбини ислоҳ қилсин. Акс ҳолда вақтни, умрни ғанимат билиб ҳар қанча ҳаракат қилганда ҳам, охиратда мутлақо ноумид бўлиб қолади. Зотан, қалбда имон ва ихлос бўлмаса, қилинган амаллардан фойда бўлмайди.
Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими ходими.
Қуръоннинг рунди тилидаги маънолар таржимасига 8 йил кетди
Бугунги кунда Қуръони карим дунёнинг 120 га яқин тилларига таржима қилинган.
Шундай таржималардан бири, Қуръони каримнинг Африканинг ноёб тилларига таржима қилиниши бўлди. Бурунди давлат мусулмон ташкилоти Қуръоннинг рунди тилига таржимаси якунланганини маълум қилди. Ушбу тил Бурундидаги икки расмий тилнинг бири бўлиб, мамлакатнинг 7 миллионга яқин аҳолиси ушбу тилда сўзлашади.
Британиянинг The Muslim News сайти берган хабарга кўра, Қуръоннинг ушбу тилдаги таржимаси илк бора амалга оширилган. Бурундига ислом дини XIX асрда кириб келган.
Маълумотларга кўра, муқаддас қўлёзманинг таржимаси устида ишлар саккиз йил давом этган. Рунди тилида Бурундидан ташқари Конго, Танзания ва Уганда мамлакатларида ҳам сўзлашилади.
Бурундида умумий аҳолининг 10 фоизга яқини мусулмонлар ҳисобланади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тарқатма таклифномалар ҳукми ҳақида мулоҳазлар
Чақириққа жавоб бериш динимиз буюрган амал. Лекин ҳаётимизда “таклифнома”лар оммалашди. Бу бир жиҳатдан яхши. Негаки, тадбир эгаси ҳаммани бирма-бир айтиб юрмасдан таклифномаларни тарқатишни бошқа бир кишига тайинлаб, ўзи бошқа ишлар билан машғул бўлади. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Баъзи одамлар таклифнома воситасидаги чақириқ юзма-юз, ўз оғзи билан айтилганига тенг эмас, деб ҳисоблаб айтилган жойга бормайди. Шундай ҳолда таклифноманинг ҳукми оғзаки, юзма-юз айтган билан баробар бўладими, деган савол туғилади.
Бу борадаги уламоларимиз турли хил фикрлар айтишган. Шу ўринда уларнинг фикрларига назар солсак.
Биринчи навбатда, таклифноманинг ўзига қаралади. Баъзи таклифномаларда ким томонидан жўнатилгани ёзилмайди. Таклифнома ана шундай хилидан ёки умуман ким жўнатгани билинмайдиган даражада ноаниқ бўлса, унга жавоб қайтариш, яъни, таклифни қабул қилиб ўша жойга бориш вожиб бўлмайди. Чунки бу “умумий чақириқ”қа ўхшайди. Бироқ таклифнома кимданлиги ёки хоссатан чақирилувчига аталгани билиниб турса – юзма-юз айтган ҳукмида бўлади. Унга бориш вожиб амаллардан саналади.
Меҳмонларга пешвоз чиқишнинг ҳукми қандай?
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига Абдулқайснинг элчилари келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Афсус надомат ва хижолатни ортга суриб келган элчилар, хуш келибсизлар!..” деб марҳамат қилдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисдан хулоса қилиб, “Хуш келибсиз” ва шу каби лафзлар билан киши ўз меҳмонининг истиқболига пешвоз чиқиши ўзаро хурсандчилик уйғотади, уларнинг ўрталарига меҳр-муҳаббат солади.
Агар меҳмон ўзи билан чақирилмаган кишини эргаштириб келса...
Бундай ҳолда мезбонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган амални қилиш тавсия этилади. Абу Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Ансорлар орасида Абу Шуайб исмли киши бўлиб, унинг қассоб хизматкори бор эди. Бир куни Абу Шуайб: “Мен учун махсус таом тайёрла, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни беш кишининг бешинчиси қилиб чақираман”, деди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни беш кишининг бири қилиб чақирди. Уларга бир киши қўшилиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мезбонга: “Сен мени беш кишидан бири қилиб чақирдинг, бу киши эса бизларга қўшилиб келди. Агар хоҳласанг, унга изн бер, хоҳламасанг тарк эт”, дедилар. Мезбон: “Албатта, унга изн бераман”, деди” (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисдан кўплаб фойдалар олинади. Мисол учун, кимки чақирилмаган ҳолда келса уни зиёфатга киритиш ёки киритмаслик мезбоннинг ҳаққи ҳисобланади. Агар бир киши бошқаларга қўшилиб чақирилмаган ҳолда бир мажлисга боришни истаса, у қайтарилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларига эргашган кишини мезбон қанақа ҳолда кутиб олишига қараб ўтирмасдан қабул қилдилар-да, унинг ишини мезбонга ҳавола қилдилар. Бу фикрларни Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтиб ўтган.
Меҳмонга такаллуф қилиш...
Меҳмонга такаллуф қилиш яхши, бироқ, бу аввало динимизга ва ақлга мувофиқ келиши керак. Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Биз Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдик. У: “Биз (сохта) такаллуфдан қайтарилганмиз”, дер эди”.
Бу ерда айтилган такаллуф сохта, хўжакўрсин учун қилинган такаллуфдир. Албатта, бу динимизда қоралангани табиий ҳол. Негаки, сохтакорлик – ёлғон ва алдовдир. Бироқ, уламоларимиз “Меҳмон учун сохта бўлмаган такаллуф қилиш ҳар макон ва диёрларнинг урфига боғлиқ. Агар бир қавм урфида меҳмон учун такаллуф қилиш урф бўлиб, бошқасида эса акси бўлса уларнинг урфлари ўзлари учун тўғридир. Ҳар икки тарафнинг ишлари айбга йўйилмайди. Лекин ҳурмат ва илтифот чегарадан чиқиб кетмаслиги керак.
Меҳмонга таом тайёрланиш ҳам ўртача ҳолатда яъни, исрофгарчилик ва йўқчилик ўртасида бўлиши керак. Чунки ҳадиси шарифга мувофиқ, ишларнинг энг яхши ўртачасидир.
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Бир кишининг таоми икки кишига кифоя қилади. Икки кишининг таоми тўрт кишига кифоя қилади. Тўрт кишининг таоми саккиз кишига кифоя қилади” (Имом Муслим, Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Ҳадиси шарифда кўрсатилганидек, дастурга амал қилиш ўртамиёна дастурхон бўлади. Бугунги кунимизда одамлар ўз ҳолатидан келиб чиқиб, тўкинроқ дастурхон ёзиши аслида жоиз. Бироқ шариатимизда бу ҳолатлар бошқалар ҳам ўшандай дастурхон ёзиши одат тусига айланишига таъсир ўтказса ёки бошқалардан “кимўзар” ўйнагани туфайли бўлса қайтарилади.
Ана шу тарздаги зиёфат динимизда қораланади. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мутаборийлар таомларини ейишдан қайтардилар”.
Имом Хаттобий айтадилар: “Мутаборийлар – бир-бири билан амалларини кимўзарга қиладиган кишилардир”.
Бундан қайтарилишининг сабаби, уларнинг дастурхони бошқаларга кўз-кўз қилиш мақсадида риёкорлик учун ёзилгандир.
Рухсат билан кириш, таомдан кейин ортга қайтиш...
Аллоҳ таоло ўз бандаларига ўргатган гўзал одоблардан бири изн берилса таом учун бошқаларнинг уйига кириш, таом еб бўлингандан сўнг эса ортга қайтишдир. Аллоҳ таоло ўз каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирор таомга чақирилсагина кирингиз! (Ўшанда ҳам) унга эришишга кўз тутиб турмангиз, балки чақирилганингизда кирингиз ва таомдан сўнг гапга берилиб кетмай, тарқалингиз! ...” (Аҳзоб сураси, 53-оят).
Мазкур ояти каримада мўминлар Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига фақат изн берилганидан сўнг таом учун киришлари мумкинлиги таълим берилмоқда. Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар бошқа мусулмонларнинг уйларига ҳам изнсиз кирмас эдилар. Чунки оятдаги қайтариқ фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари хос эмас, балки барча мўминларнинг уйларига ҳам тегишлидир.
Аввал катталар, сўнгра ўнг тарафдагилар...
Меҳмондорчиликка таклиф қилган киши зиёфатда катталарни муқаддам қилиши, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиши лозим. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тушимда бир мисвок ила тиш тозалаётган эдим. Бири иккинчисидан каттароқ бўлган икки киши менга қўл узатар эди. Мен мисвокни ёши кичигига бердим. Шунда менга: “Каттасига (бер)”, дейилди. Сўнг мисвокни олиб ёши каттасига бердим”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Қуйидагилар Аллоҳ таоло улуғлашидандир: ёши улуғ кекса мусулмон кишини икром қилиш, Қуръонни ёд олиб, у борада ҳаддан ошмаган ва унга жафо қилмаган қорини икром қилиш ва одил салтанат эгасини икром қилиш”.
Яна бир ҳадиси шарифда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ичимлик келтирилди. У зотнинг ўнг тарафида ёш йигит, чап томонида эса улуғ саҳобийлар ўтирган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ичдилар-да, сўнг ўнг тарафида ўтирган йигитга қараб (ўнг тараф биринчи ичишини назарда тутиб): “Сендан аввал уларга беришимга рухсат этасанми?”, дедилар. Йигит эса: “Эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, Сиздан кейин ичишлик ҳақимни ҳеч кимга бермайман!”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга идишни узатдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Мазкур ҳадиси шарифларга биноан аввало катталарга ҳурмат кўрсатиш, сўнгра ўнг тарафда ўтирганларга узатиш кераклиги маълум бўлади.
Охирги ҳадис бўйича баъзилар: “Ушбу ҳадисда катталар эмас, ўнг томонда ўтирган ёш йигит ичди-ку”, дейишган. Уламоларимиз бунга қуйидагича жавоб беришган: “Воқеа шундай бўлган эса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам катталарга беришни яхши кўргани учун йигитдан изн сўрадилар. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақини талаб қилса бериш кераклигини ўргатиш учун шундай қилганлар. Агар буларни ҳам ҳисобга олмасангиз, унда бу ҳадис фақат ичимликларга тааллуқли холос. Ундан бошқаларида эса катталарга биринчи риоя қилинади”.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи буюрган амаллар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб берган суннатларга амал қилмоғимизни насиб айласин.
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкент ислом институти
“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири.
Ирода синаладиган кунлар
«Эй имон келтирганлар, тақволи бўлишларинг учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми миқдорида фидя (эваз) тўлашлари лозим. Ким ихтиёрий равишда кўпроқ яхшиликлар қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсаларинг, рўза тутишларинг (фидя бериб, тутмаганларингдан) яхшироқдир» (Бақара, 183-184).
Ҳаётнинг лаззатини, ироданинг қийматини англаб етишга хизмат қиладиган Рамазон рўзаси илоҳий амрлар ичида нафсга энг оғир келадиган амалдир.
Рамазон арабча «ар-рамад» сўзидан олинган, қуёш ҳароратининг жуда исиб, кўтарилганини англатади. Ойнинг «Рамазон» дейилишига сабаб, бу ойда тавба, солиҳ амал қилганларнинг гуноҳлари куйдирилади, йўқ қилиб юборилади.
Ўзбек тилида рўза маъносини англатадиган арабча «савм», «сиям» сўзи луғатда нафс истакларидан ўзини тийишни билдиради. Атама ўлароқ эса, ният қилиб, нафснинг энг катта истаклари бўлган ейишичиш ва жинсий алоқадан кун бўйи тийилишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг ойда уч кун ва ашуро кунида нафл рўза тутардилар. Ҳижратдан бир йил ўтиб, қибла ўзгарганидан кейин шаъбон ойида Рамазон рўзаси фарз қилинди.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ўтган пайғамбарларнинг умматларига ҳам рўзани фарз қилган. Масалан, Одам алайҳиссаломга бийз кунлари (ойнинг 13-14-15 кунлари), Мусо алайҳиссаломнинг қавмига ашуро кунлари, насороларга ҳам рамазон ойида рўза тутиш буюрилган.
Рўза шаҳватни кесади, нафснинг ҳою ҳавасларини мағлуб қилади, турли ёмонликлардан, туғёнга кетишдан сақлайди.
Рўзанинг бадан саломатлигига фойдалари бугун барчага яхши маълум. Аммо бу фойдалар рўзанинг фарз бўлиши сабаби ва ҳикмати ҳисобланмайди. Рўза фарз бўлишининг асл ҳикмати Аллоҳ таолонинг амрига бўйинсуниб, бандаликнинг завқини тотиш, руҳни риё асоратларидан поклаб, қувват ва ихлосни ошириш, нафсни енгиб, комилликка эришишдир.
«...саноқли кунларда». Яъни, сизга фарз қилинган рўза йилнинг саноқли кунларида – ўн икки ойдан фақат бир ойдадир ҳамда сизнинг саломатлигингизга зиён келтирмайдиган, тоқатингизни тоқ қилмайдиган шаклда, узрли бўлсангиз, маъзур кўрилиб, енгиллик беришни кўзда тутилган ҳолатда буюрилгандир.
«Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир». Агар рўза тутиш сиҳатингизга жиддий зарар етказадиган даражада бемор ёки сафарда бўлсангиз, рўза тутмасликка рухсат берилади. Соғайгач ёки сафардан қайтганингиздан кейин, неча кун рўза тутолмаган бўлсангиз, шунча кун тутиб, зиммангиздаги фарз қазосини адо этасиз.
«Мадори етмайдиганлар бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми миқдорида фидя (эваз) тўлашлари лозим». Бу борада Ибн Абу Лайлодан қуйидагилар ривоят қилинади: «Рамазон рўзаси фарз қилинган дастлабки пайтда одамлар ҳали унга кўникмаган эдилар. Уларга кун бўйи оч юриш жуда оғир келарди. Шунинг учун рўза тутолмаганлар ояти кариманинг: «Мадори етмайдиганлар...» ҳукмига асосланиб, бир камбағални тўйдириш билан ўзларини фарзни адо этган ҳисоблаганлар. «Сизлардан ҳар ким у ойга шоҳид бўлса, рўза тутсин» мазмунли ояти карима тушгач, рўза тутмай, фидя беришга рухсат фақат беморлар ва мусофирларгагина тегишли бўлиб қолди. Қолган барчамиз рўза тутишга буюрилдик».
«Мадори етмайдиганлар» қаторига жуда ҳам қартайиб, очликка тоқати етмайдиган қариялар ҳам киришига муфассирлар иттифоқ қилишган.
«Ким ихтиёрий равишда кўпроқ яхшиликлар қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши». Яъни, ким буюрилганидан ортиқроқ фидя берса, ўзи учун янада яхшидир.
«Агар билсаларинг, рўза тутишларинг (фидя бериб, тутмаганларингдан) яхшироқдир». Фидя берганидан ёки қазони тутганидан кўра, қийин бўлса ҳам, вақтида рўза тутганларинг ўзларинг учун афзалдир. Агар рўзанинг фазилатини билганларингда, албатта, рўза тутмаслик жоиз бўлган ҳолатларда ҳам рўза тутган бўлардиларинг.
Қуртубий ва Ҳамдий тафсирлари асосида
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.