muslim.uz
Матбуот хабарномаси
2017 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида шарқшунос олим, дин ва жамоат арбоби, дипломат Шамсиддинхон Бобохонов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб нашр этилган фалсафа фанлари доктори, профессор Саидмухтор Саидқосимовнинг “Улуғ инсонлар маънавияти” номли китобининг тақдимот анжумани бўлиб ўтди. Унда ЎзФА академиги, филология фанлари доктори, профессор Неъматуллоҳ Иброҳимов, Иқтисод фанлари доктори, профессор Нурислом Тухлиев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Шамсиддинхон Бобохоновнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилар, шарқшунос олимлар, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом университети талаба-ёшлари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан “Улуғ инсонлар маънавияти” номли китоб муаллифи, профессор Саидмухтор Саидқосимов Бобохоновлар сулоласининг оғир ва таҳликали даврларда Ислом дини ҳимояси йўлида чеккан заҳматлари ва ўз навбатида шоду хурсандчилик онларини ўзининг мазкур китобида содда ва халқчил тилда ифода этганини баён қилди.
Асар қизиқиш билан “бир нафас”да ўқилиб, катта таассурот қолдириши, унда Шамсиддин Бобохоновнинг ҳаёт йўли ва мазмунли фаолияти билан бирга Бобохоновлар сулоласи, улар билан замондош бўлган давлат ва жамоат арбоблари, олим ва ёзувчилар билан боғлиқ ҳаётий лавҳалар ҳам ўрин олгани тўғрисида профессор Нурислом Тухлиев тадбир иштирокчиларига маълумот берди.
Анжуманда сўзга чиққан муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Шамсиддинхон Бобохонов 1982–1989 йиллардаги муфтийлик фаолиятлари шўролар давлатида парокандалик бошланган, қалтис бир даврга тўғри келгани, даҳрийлар ҳийла-найранг қилиб, кўп жабру ситамлар ўтказганини алоҳида таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, мана шундай замонлар ҳақида ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳали одамларга шундай бир замон ҳам келадики, унда динида сабр қилувчи киши ҳудди чўғни чангаллаб турган одамга ўхшайди”, деган ҳадисларида диний фаолият кўрсатиш ўта қийин бўлган вақтларда динни ҳудди чўғни ушлагандек тутиб туришга қиёсланганини изоҳладилар. Шунингдек, Қуръони каримда: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, деб хабар қилингани (Шарҳ, 6) ва яна бир ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Сабр қилинг, бағрикенг бўлинг ва Аллоҳ йўлига тахт бўлиб туринг ва Аллоҳдан қўрқинг, зора, охиратда нажот топсангиз!” (Оли Имрон, 200) деб таъкидланганини муфтий ҳазратлари тадбир иштирокчиларига тушунтирдилар.
Сўзга чиққан нотиқлар одамлар мана шундай олимларнинг ҳаётларидан ибрат олиши ҳақида тўхталиб, мазҳаббошимиз Имоми Аъзамнинг “Олимлар ҳақида ҳикоя қилиш, улар билан бирга ўтириш мен учун кўп фиқҳ ўқиш ва ўрганишдан яхшироқдир. Чунки, бу ҳикоялар қавмнинг одобу ахлоқлари манбаидир”, деган сўзларини келтиришди. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир”, деган ҳадисни маърузачилар атрофлича шарҳлашди.
“Улуғ инсонлар маънавияти” номли асар кенг китобхонларга мўлжаллангани билан ҳам аҳамиятли экани анжуманда кўп бор таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бош отинойилар йиғилиши бўлиб ўтди
Ўтган ҳафта Тошкент вилояти шаҳар ва туманлари бош имом-хатибларининг аёл-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда 20 ноябрь куни Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига бағишланган йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда аёл-қизлар ўртасида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолиш, ўз жонига қасд қилиш, вояга етмаган қизларни эрта турмушга бериш, ахлоқсизлик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, одам савдоси, оилавий ажрим, ОИТС каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан жойларда олиб борилаётган тарғибот тадбирларини, тушунтириш ишларини янада ривожлантириш лозимлиги, «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», деган туйғуни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар онгида шакллантириш, бефарқлик, лоқайдликка барҳам бериш, ҳар бир оила, ҳар бир маҳалланинг жиноятчиликдан холи бўлиши, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг муҳим шартлари муҳокама қилинди, отинойиларга тегишли кўрсатмалар берилди ва вазифалар юкланди.
Шунингдек, Мавлид ойи муносабати билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида суҳбат ташкил этилиб, қизиқарли савол- жавоблардан иборат викторина ўтказилди. Викторинада фаол иштирок этган отинойиларга эсдалик учун илм зиёси бўлган китоблар совға қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Uzbekistan’s Ziyarat Tourism capacity was demonstrated in Malaysia
Uzbekistan is the place which the Creator loves a lot. There are countless scientists from this sacred land that people from all over the world want to see their resting places and the buildings they raised. Uzbekistan is considered to be one of the best countries for Ziyarat tourism.
Grand scale of works on promoting tourism is carried out by Committee on religious affairs under the Cabinet Ministers of Uzbekistan. For this reason the Delegation from Uzbekistan visited Malaysia. On December 13th they arrived in Kuala Lumpur international airport.
On December 14th the delegation met with the representatives from “Tabung Khaji” fund which specializes in haj issues. The delegation from our country presented gifts to Malaysian partners on behalf of Usmankhan Alimov, the Chairman of Muslim Board of Uzbekistan.
Earlier the delegation from Uzbekistan for the first time participated in “Travel Turkey Izmir-2017”. Besides, in order to create more opportunities for the ziyarat tourists Tashkent International Airport opened pray room.
Beginning from January 1st 2018 minimum 1/10 of every hotel is to have Koran, prayer mat and Kibla indicator.
On December 14th Uzbek delegation visited “MATTA” headquarters, touristic association with more than 3100 tourist agencies. The main responsibility of the association is to protect interests of touristic agencies. At the end of the meeting the delegation from Uzbekistan handed over the gifts of Usmankhon Alimov, the Chairman of Muslim Board of Uzbekistan.
КЎП ТАВБА ҚИЛУВЧИ ЗОТ
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу узоқ умрининг интиҳосида ўзи ҳақида бундай деган эди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат бердим. Бас, шу байъатимга содиқ бўлиб, то ҳозирги кунимга қадар уни бузмадим ва ўзгартирмадим. Фитна эгаларига байъат бермадим. Бирор бир мўминни ухлаётган ўрнидан уйғотмадим (яъни, унга озор етказмадим)”.
Ана шу қисқа ифодада саксон йилдан зиёд умр кўрган солиҳ инсон ҳаёти бор бўй-басти билан кўз олдимизда намоён бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умарнинг Ислом ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланиши у 13 ёшда эканида отаси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уни Бадр ғазотига олиб чиққандан бошланади. Ўша куни Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳу ўз ўғлининг жангчилар орасида бўлишини жуда қаттиқ хоҳлаган эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳнинг ёши кичиклиги боис унга рухсат бермадилар.
Ўша кундан то 85 йиллик умрининг охирги дамларигача, у зот ниҳоятда тиришқоқ, зокир, танлаган йўлидан қайтмайдиган, вафодор ва ҳақиқий тавба қилувчи инсон бўлиб яшаган. Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўзига жалб қилувчи сифатлари ва хусусиятлари ниҳоятда кўпдир. Қайси жабҳада бўлмасин, масалан, илмда, камтарликда, тақвода, сахийликда, ибодатда барчага ибрат бўлган.
Абдуллоҳ ўз шахсияти ва ҳаётига гўзал фазилатлар ила зийнат берди. Отаси Умар ибн Хаттобдан кўп яхшиликларни ўрганди, у билан биргаликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олди. Унинг иймони отасиники каби жуда гўзал эди. Унинг мудом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб юриши ва у зотга кучли тақлиди ҳаммани ҳайратга соларди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси жойда, қайси амал билан шуғулланишларини кузатиб, ўша амалларнинг барчасини худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганларидек бажарар эди. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси жойда намоз ўқиган бўлсалар, ибн Умар ҳам ўша ерда намоз ўқир эди. Қайси жойда туриб дуо қилган бўлсалар, у ҳам ўша ерда туриб дуо қиларди. Қайси ерда ўтириб дуо қилган бўлсалар, ибн Умар ҳам ўша ерда ўтириб дуо қилар эди. Қайси йўлда кетаётганда туяларидан тушиб, икки ракат намоз ўқиган бўлсалар, ибн Умар ҳам ўша жойда туясидан тушиб, икки ракат намоз ўқиб, сўнгра йўлида давом этарди. Қай бир маконда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларини икки марта айлантириб, чўккалатган бўлсалар, ибн Умар ҳам туясини ўша маконда икки марта айлантириб, чўккалатар эди. Ҳатто ҳар сафар бу одат такрорланганидан, ибн Умарнинг туяси ўша жойга келса, беихтиёр ўша ишни такрорларди. Абдуллоҳ ибн Умарнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилаётган тақлидларини кўрган онамиз Ойша розияллоҳу анҳо, бу ҳолатдан ниҳоятда таъсирланиб, ибн Умар ҳақида :
“Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар бир маконда қилган амалларига тақлид қилишда, Абдуллоҳ ибн Умарга етадиган киши йўқ” деб айтган.
Абдуллоҳ ибн Умар баракали ҳаётини ана шу йўлга бағишлаган эди. Ҳатто мусулмонлар тепасига шундай кунлар келдики, солиҳ кишилар бу тариқа дуо қилар эдилар: “Аллоҳим, ибн Умарга иқтидо қилиб яшашим учун, мен ҳаёт эканман, уни ҳам ҳаёт қилгин. Чунки ҳозирги кунда эргашишга ундан лойиқ киши йўқдир”.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шу қадар тақлид қилишига қарамай, ибн Умар у зотдан ҳадис ривоят қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлар эди. Фақат эшитган ҳадисининг ҳар бир ҳарфини аниқ билсагина, ўша ҳадисни ривоят қиларди. Баъзи замондошлари: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан Расулуллоҳнинг ҳадисларига зиёда ёки нуқсон қилишдан эҳтиёт бўладиган ибн Умарчалик инсон йўқдир”, деб айтишган.
Абдуллоҳ ибн Умар шу билан биргаликда фатво беришдан ҳам тийиларди. Бир киши Абдуллоҳнинг ҳузурига келиб, ундан фатво сўради. Абдуллоҳ эса унга: “Сен сўраган нарсангни билмайман”, деб жавоб берди.
Саволига жавоб ололмаган киши ортига бир неча қадам ташлашига ҳам улгурмай, Абдуллоҳ ибн Умарнинг ниҳоятда қувонч билан, икки кафтини бир-бирига ишқалаб, ўзига-ўзи бундай деганини эшитди: “Ибн Умар ўзи билмайдиган нарса хусусида сўралиб, “билмайман” деб жавоб қилди”.
Фатво бераётганда ижтиҳод қилиб, хато қилиб қўйишдан қўрқар эди. Ибн Умар мужтаҳид олим ижтиҳод қилиб хато қилса, бир ажр, агарда хато қилмасдан тўғри фатво берса, икки ажрга эга бўлишини билишига қарамай, унинг тақвоси фатво беришга бўлган журъатини ундан тортиб олган эди.
Худди шу каби у, қози бўлишдан ҳам ўзини олиб қочар эди. Албатта, қозилик давлатнинг энг катта ва обрўли вазифаларидан. Шунинг учун бу амалнинг ортидан катта-катта бойлик, обрў-эътибор келиши турган гап. Аммо буюк тақво соҳиби бўлган ибн Умар учун бойлик ва обрў-эътиборнинг ҳечам ҳожати йўқ эди.
Бир куни халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уни ўз ҳузурига чорлаб, қозилик мансабини таклиф қилди. Аммо Абдуллоҳ ўз узрини билдирди. Усмон розияллоҳу анҳу ундан ҳар қанча талаб қилмасин, у рози бўлмади. Шунда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу унга: “Менга осийлик қилмоқчимисан?” деди. Абдуллоҳ ибн Умар: “Ҳеч ҳам ундай эмас, фақат менга қозилар уч турга бўлиниши маълум: бир қозики, илмга эга бўлмай туриб, жоҳиллик билан ҳукм чиқаради. Бас, у дўзахда бўлади; яна бир қозики, ўз ҳавои нафсига эргашиб ҳукм чиқаради. Бас, у ҳам дўзахда бўлади; яна бир қозики, яхшилаб ҳаракат қилиб, тўғри ҳукм чиқаради. Аммо унинг учун савоб ҳам, гуноҳ ҳам йўқ . Мен Аллоҳни ўртамизга қўйиб, сендан узр сўрайман”, деди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ибн Умардан бу хабарни ҳеч кимга айтмасликка аҳд олганидан кейин узрини қабул қилди. Чунки Усмон ибн Аффон ибн Умарнинг инсонлар орасидаги нуфузини жуда яхши билар эди. Шунинг учун аҳли тақволардан бўлган зотлар ибн Умарнинг қозилар ҳақидаги бу сўзларини эшитгач, барчалари қозиликдан бош тортиб, халифа қозиликка муносиб бирорта солиҳ кишини топа олмай қолиши мумкин эди.
Абдуллоҳ ибн Умар халифанинг буйруғини рад этиши, бу у зотнинг салбий ҳолати эмас эди. Негаки, ўша вақтда ҳали асҳобларнинг кўплари ҳаёт эди. Баъзилари қозилик ва фатво ишлари билан шуғулланар эди. Агар қозиликка лойиқ бирон солиҳ киши топилмай, натижада қозилик нолойиқ кишилар қўлига ўтиб кетиш хавфи бўлганда, ибн Умар бош тортмаган бўлар эди. Шундай қилиб, ибн Умар ўз нафси билан қолишни ирода этди. У тоат-ибодат, зуҳди-тақво билан нафсини поклади.
Абдуллоҳ доим кечалари таҳажжуд намозини ўқир, кундузлари эса, кўпинча рўзадор юрар, жуда кўп кўз ёш тўкиб, истиғфор айтиб йиғларди. Ёшлигида кўрган туши ҳаётини юқоридаги асосда ўтказишига жуда катта таъсир этди.
Келинг, у зот ўзи ҳақида гапирган сўзга қулоқ тутайлик :
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида бир туш кўрдим. Қўлимда бир парча шойи мато турган эмиш. Гўё жаннатдан бирор бир маконни ирода этсам, у мато мен билан бирга учиб юрган эмиш. Шу пайт икки киши келиб мени дўзахга олиб кетмоқчи бўлди. Ёнимга бир фаришта келиб, менга “қўрқма” деб, улардан мен халос этди. Бу тушимни опам Ҳафсага айтиб бердим. У эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абдуллоҳ қандай ҳам яхши йигит. Агарда кечалари намоз ҳам ўқиганда, яхшилигини янада зиёда қилган бўлар эди”, дедилар.
Абдуллоҳ ибн Умар ана ўша кундан бошлаб, то Раббисига йўлиққунча, на муқим ҳолида ва на сафарда тунги намозларини тарк қилмади. У жуда кўп намоз ўқир ва Қуръони каримни тиловат қилар эди. Худди отаси ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу каби дўзах ҳақидаги оятларни эшитган чоқда кўз ёши тўкиб, узоқ йиғларди.
Убайд ибн Умайр деди: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга ушбу оятларни тиловат қилиб бердим: 41.(Эй Муҳаммад), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли нима кечур?! 42. У кунда кофир бўлган ва пайғамбарига итоатсизлиқ қилганлар ер билан яксон бўлиб кетишни орзу қиладилар ва лекин Аллоҳдан бирон гапни яшира олмайдилар. (Нисо сураси)
Бу оятларни эшитган ибн Умар шу қадар кўп йиғладики, ҳатто унинг соқоллари ҳўл бўлиб кетди”.
* * *
Бир куни ибн Умар биродарлари билан ўтириб, қуйидаги оятларни ўқиди:
- (Ўлчов ва тароздан) уриб қолувчи кимсаларга ҳалокат бўлғай! 2-3. Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб берган вақтларида эса, кам қилиб берадиган кимсалардир. 4-5-6. Улар ўзларининг улуғ бир Кунда – Барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?! (Мутаффифин сураси)
Унинг кўз ёшлари худди ёмғир каби оқиб, йиғи ва ҳаяжоннинг зўридан ерга йиқилиб тушди.
Абдуллоҳ ибн Умарнинг сахийлиги, зуҳду тақвоси ҳеч ҳам уни тарк этмасди. У ниҳоятда кўп эҳсон қилар эди. Бу даражадаги сахийлик уни фақирлар қаторига қўшиб қўйиши мумкинлигидан сира қўрқмас эди. Бунинг сабаби, у ўта зоҳидлардан бўлганидир. Ибн Умар тижорат билан шуғулланадиган, тижорати доим фойда келтирадиган, ўзига тўқ саҳобийлардан эди. Унга байтул молдан тайин қилинган маош ҳам жуда кўп эди. Аммо ибн Умар бу маошнинг бир дирҳамини ҳам ўзига олиб қолмай, мискин, фақир ва муҳтожларга тақсим қиларди.
Абдуллоҳ ибн Умарнинг буюк хислатларидан бирини Аййуб ибн Воил Ар-Расабий ҳикоя қилиб берган: “Бир куни байтул молдан ибн Умарга тўрт минг дирҳам маош билан бир қанча духоба мато келтирилди. Эртаси куни мен уни бозордан оти учун сомонни қарзга олаётганини кўрдим. Дарҳол унинг уйига бориб, аҳлидан: “Ахир кеча ибн Умарга тўрт минг дирҳам билан бир қанча духоба мато келмаганмиди?” деб сўрадим. Улар менга: “Ҳа, шундай бўлган эди”, деб жавоб қилишди. Мен эса, таажжубланиб: “Бугун уни бозордан отига емни қарзга олаятганини кўрдим!” дедим.
Улар: “У зот барча пулларни тарқатиб юбормагунча уйқуга ётмади. Сўнгра духобани елкасига ташлаб чиқиб кетди. Қайтиб келганида, мато йўқ эди. Биз у кишидан мато ҳақида сўрасак, фақир ва мискинларга тарқатиб юборганини айтди”, дедилар
Шу пайт мен ҳайратга тушиб, кафтларимни бир-бирига уриб, бозор томонга югуриб кетдим. Бозорга боргач, бир тепаликка чиқиб :
“Эй тижоратчилар, кўзингиз қаёқда? Мана ибн Умарга байтул молдан тўрт минг дирҳам пул келган эди, У эса ҳамма пулини мискинларга тарқатиб юбориб, оти учун пичанни қарзга олаяпти!” деб қичқирдим...”
Ҳа, у зотнинг устози Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, отаси эса Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эди. Шунинг учун у бундан ўзгача бўла олмас эди.
Ахир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тақлид қилишда ниҳоятда пешқадам бўлган, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қадамларини қўйган жойлардан ўтаётиб: “Кошки, ҳар бир босган қадамим жанобимиз босган қадамларининг изига тушса!” деб айтадиган инсон бундан бошқача бўлиши мумкинми! Ўзини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хос қилган ва Умар розияллоҳу анҳунинг ўғли бўлган бу зот учун, мол-давлатга асир бўлиш ярашмас эди. Мол-давлат унинг эшигига оқиб келарди. Лекин у, бу мол-давлатни муҳтожларга тарқатиб юборарди. Кўпинча бой-бадавлат кишиларга зиёфат бераётган фарзандларини итоб қилиб: “Тўқларни чақириб, очларни ташлаб қўйманглар”, дерди.
Фақир мискинлар унинг сахий ва ҳамдард эканини билиб, доим эшигининг остонасида бўлар ёки юрадиган йўлларида уни кутиб ўтирар эдилар. Бундай сахийликка уни зуҳду тақвоси тарғиб қилиб турар эди.
* * *
Кунларнинг бирида бир дўсти унга жуда гўзал ва қимматбаҳо кийим ҳадя қилиб:
– Мана бу кийимни сизга Хуросондан олиб келдим. Эгнингиздаги бу дағал кийимни ечиб, шуни кийиб, кўзимни қувонтирасиз деган умиддаман”, – деди.
Ибн Умар унга:
– Қани бир кўрсат-чи? – деди.
Сўнгра кийимни ушлаб кўриб:
– Бу ипакми? – деб сўради.
У киши :
– Йўқ, бу пахта, – деди.
Ибн Умар кийимни бир оз томоша қилиб, қайтариб берди. Сўнгра:
– Мен бу кийимни кийиб, мутакаббир ва мақтанчоқ киши бўлиб қолишдан қўрқаман. Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқ кишиларни севмайди, – деди.
* * *
Кунларнинг бирида унга Ироқлик дўсти ичи тўла бир халта ҳадя қилди.
Ибн Умар:
– Бу нима? – деб сўради.
У киши:
– Бу жуда яхши дори, уни Ироқдан олиб келдим, – деди.
Ибн Умар:
– Бу нимадан даволайди? – деди.
У киши:
– Таомни ҳазм қилдиради, – деди.
Абдуллоҳ ибн Умар табассум қилиб, унга:
– Таомни ҳазм қилади?.. Мен қирқ йилдан бери тўйиб таом емайман, – деб халтани қайтиб берди.
Эътибор қилинг, қирқ йилдан бери тўйиб таом емаган! Тўйиб таомланмаслигининг сабаби, муҳтожлик эмас, балки зуҳду тақводан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Умар розияллоҳу анҳуга тақлид қилганидан эди. У дунёда мусофир ва меҳмон эканини жуда яхши англарди.
Маймун ибн Меҳрон айтади:
“Ибн Умарнинг уйига кирдим. Унинг уйидаги кўрпа-тўшакларни, шолча ва жиҳозларнинг барчаси қанча туришини чамалаб кўриб, юз дирҳамдан ошмаслигига ишонч ҳосил қилдим”.
Бу ҳол унинг фақирлигидан эмас эди, балки у бой инсон бўлган эди.
Бу ҳол унинг бахиллигидан эмас эди, балки у жуда сахий инсон эди.
Фақат бу ҳол, унинг дунёга беэътиборлигидан, ҳою ҳавасни суймаслигидан, ўзи танлаган йўлда маҳкам туришидан эди. Ибн Умардан дунё матоларидан ўзини олиб қочиш сабаблари сўралганда, у: “Мен ва биродарларим бир улуғ иш устида жам бўлганмизки, мен улар қилган ишга хилоф қилиб, уларга етиша олмасликдан қўрқаман”, деди.
Сўнгра бошқаларга бу дунё неъматларини ожизликдан тарк қилмаганини билдириб, қўлларини самога кўтариб: “Аллоҳим, албатта, сен биласанки, сендан қўрқмаганимизда Қурайш қавми билан дунё топишда мусобақалашган бўлар эдик”, деди
Ҳа , албатта, Раббисидан қўрқмаганида, дунё топишда мусобақалашиб, ғолиб ҳам чиққан бўлар эди. Аммо унга дунё йўлида мусобақалашишнинг ҳожати йўқ эди. Негаки, дунё унинг оёқлари остига оқиб келаётган эди. У эса дунёни муҳтож ва мискинларга хослар эди.
Ибн Умар халифалик мансабидан ҳам бош тортди. Унга бир неча бор халифа бўлиш таклиф этилди. Аммо у асло қабул қилмади. Ҳатто уни ўлдириш билан қўрқитилганда ҳам рози бўлмади. Ҳасан розияллоҳу анҳу айтади: “Усмон ибн Аффон ўлдирилганидан кейин Абдуллоҳ ибн Умарга: “Албатта, сен инсонларнинг саййидисан ва саййидини ўғлисан, кел биз сенга байъат берайлик”, дедик. Ибн Умар: “Агар қодир бўлсам эди, менинг сабабимдан мусулмоннинг бир томчи ҳам қони оқмас эди”, деди. Улар: “Ё халифаликни қабул этасан ёки биз сени тўшагингда қатл қиламиз”, дейишди.
Абдуллоҳ ўз сўзида қатъий туриб олди. Ҳар қанча таҳдид қилишмасин, уни рози қила олмадилар. Шундан кейин кўп замонлар ўтди. Фитналар кўпайди. Одамлар байъат бериш учун унинг ҳузурига келишар, у эса халифа бўлишдан бош тортар эди. Зеро, ибн Умарнинг бу рад этишида мантиқи ва ҳужжати бор эди.
Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан кейин вазият кескинлашди. Ибн Умар гарчи халифаликнинг обрў-эътиборидан беҳожат бўлса ҳам, унинг маъсулиятини ва хатарини тўлалигича қабул этиши мумкин эди. Лекин халифаликнинг шартларидан бири, барча мусулмонлар уни рози бўлиб қабул қилишлари керак эди. Баъзилар ўз ихтиёрлари билан рози бўлиб, баъзилари эса, қилич билан қўрқитилиб халифа танлашлари мумкин эмас эди. Ўша вақтда ҳамма рози бўлиб халифа тайин қилиши мумкин бўлмаган иш эди. Ибн Умарнинг гўзал фазилатлари кўплигига ва мусулмонлар уни яхши кўриб, ҳурматлашларига қарамай, барча ихтиёрий равишда ибн Умарга байъат бермаслиги тайин эди. Сабаби, Ислом ерлари кенгайди, мусулмонлар ўртасида ихтилофлар кўпайди. Бунинг натижасида мусулмонлар гуруҳ-гуруҳга бўлиниб кетдилар. Ҳар бир гуруҳ бошқасини суймас, бир-бирига қилич ва шамшир билан таҳдид қилар эди. Шунинг учун вазият Абдуллоҳ ибн Умар истаганидек, барча бир овоздан халифа тайин қилишга тайёр эмасди.
Бир киши ибн Умарга йўлиқиб: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати орасида сендан ёмонроқ одам йўқ экан”, деди.
Абдуллоҳ: “Нега ахир? Аллоҳга қасамки, мен уларнинг қонини тўкмадим, жамоатларини ажратмадим, бирликларини бузмадим?” деди.
У киши: “Агар сен хоҳлаганингда сен ҳақингда икки киши ихтилоф қилмас эди (яъни, агар сен халифаликни қабул қилганингда, ҳамма иш дуруст бўлар эди)”, деди.
Ибн Умар деди : “Менга халифалик келиб, бир киши розиман , иккинчи киши эса, норозиман дейишини сира маҳбуб кўрмайман”.
Орадан бир неча йиллар ўтди. Аввалига халифаликни Муовия, ундан кейин ўғли Язид эгаллади. Язиддан кейин унинг ўғли Муовия ибн Язид халифа бўлишдан бош тортди. Мана шу вақт ибн Умар улуғ ёшга борган инсон бўлишига қарамай, Марвон унинг ҳузурига келиб:
“Кел, қўлингни бер, сенга байъат қиламиз. Албатта, сен арабларнинг саййиди ва саййидининг ўғлисан”, деди
Ибн Умар унга: “Машриқ аҳли рози бўлмайди-ку?” деди.
Марвон: “То байъат бермагунларича уларни савалаймиз”, деди.
Ибн Умар: “Аллоҳга қасамки, мен етмиш йил халифа бўлсам ҳам, менинг сабабимдан биргина мусулмоннинг ҳам қони тўкилишини истамайман”, деди.
Абдуллоҳ ибн Умар томонидан халифаликни инкор этишликнинг асосий сабаби, мусулмонларга қарши куч ва қурол ишлатилиш хатари бўлганидан эди. Абдуллоҳ Муовия ва Али тарафдорлари ўртасидаги қуролли фитналардан ўзини олиб қочиб, ўша кунларда қуйидаги сўзларни ўзига шиор қилиб олди:
“Кимки “намозга шошилинглар” деса, жавоб бераман;
Кимки “нажотга шошилинглар” деса, жавоб бераман;
Кимки “мусулмон биродарингизни қатл қилиб, унинг молини олишга шошилинглар” деса, “йўқ” деб жавоб қиламан.
У сира ҳам қўрқоқ эмасди, балки у жуда жасур инсон эди. Муовия халифаликни эгаллаганидан кейин, кўпинча у билан юзма-юз тўқнашиб, унинг нуқсону камчиликларини очиқ-ойдин баён қиларди.
Кунларнинг бирида золим Ҳажжож Зубайр ибн Аввомнинг ўғлига туҳмат қилган ҳолда хитоб қилиб:
– Албатта Зубайрнинг ўғли Аллоҳнинг китобини ўзгартирди, – деди.
Ибн Умар ўрнидан сакраб туриб:
– Ёлғон, ёлғон, ёлғон сўзладинг, – деди.
Бундай муомалани кутмаган Ҳажжожнинг тарвузи қўлидан тушиб, кўпчиликнинг олдида ниҳоятда мулзам бўлиб қолди.
Сўнгра ибн Умарга:
– Сени қаттиқ жазолайман, – деб таҳдид қилди.
Ибн Умар эса Ҳажжожнинг юзига қараб, қўлини силтаб:
– Сен пўписа қилаётган ишингни қилишинг сира ажабланарли эмас, чунки сен аҳмоқ султонсан, – деди.
Бу суҳбатга гувоҳ бўлганлар ибн Умарнинг жасоратига қойил қолдилар.
Ана шу журъати ва жасоратига қарамай, то умрининг охиригача қуролли фитналарга аралашмади.
Абу Олия Ал Баро дейди :
“Бир куни ибн Умарнинг ортидан секин юриб бораётган эдим. У мени сезмасдан ўзига-ўзи шундай деганини эшитиб қолдим:
“Қиличларини елкаларига қўйиб, баъзилари баъзиларини қатл қилиб, менга: “Эй Абдуллоҳ қўлингни бер, сенга байъат берайлик”, дейишяпти”.
Сўзимизнинг аввалида унинг: “Бирор бир мўминни уйқусидан уйғотмадим (яъни, унга озор етказмадим)” деганини эслайлик. Албатта, у қуввати етганида мусулмонлар ўртасидаги уруш ва жанжалларнинг олдини олган бўлар эди. Аммо ҳодисалар ундан кўра кучлироқ чиқди. Шунинг учун у ўзини четга олишга мажбур бўлди. Лекин унинг қалби Али розияллоҳу анҳу томонида эди. Ўша кўнгилсиз воқеалардан бир неча йил ўтганидан кейин: “Мен дунёда йўқотган нарсаларим ичида энг кўп афсусда бўлганим, Али розияллоҳу анҳу билан бирга адашган гуруҳга қарши курашмаганимдир”, деди
У имом Али розияллоҳу анҳу билан бирга курашмаганининг сабаби, гарчи ҳақ Али тарафда бўлса ҳам, ўз жонини сақлаш учун эмас эди. Балки мусулмон мушрикка қарши эмас, мусулмон мусулмонга қарши урушиб, қонини тўкаётгани эди. Нофеъ бу хусусда ундан сўраганда, у бунинг сабабини жуда аниқ изоҳлаб берди. Нофеъ:
– Эй Абдуллоҳ, сен Умарнинг ўғли ва Расулуллоҳнинг саҳобасисан. Сени Алига ёрдам беришдан нима тўсди? – деб сўради.
Ибн Умар:
– Мени Аллоҳ таоло мусулмоннинг қонини ҳаром қилгани тўсди. Аллоҳ таоло: “То фитна тугаб, бутун дин Аллоҳники бўлгунча улар билан урушинглар”, деди.
Батаҳқиқ биз бу ишни қилдик. Дин тўлалигича Аллоҳники бўлгунча урушдик. Аммо ҳозирги кунда нима сабабдан урушамиз? Мен жуда кўп жанг қилдим. Ўша вақтда бут-санамлар Каъбани у бошидан бу бошигача эгаллаган эдилар. Аллоҳ араб ерларини бу бут-санамлардан поклади. Энди бугунги кунда “ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ” деяётган инсонларга қарши жанг қиламизми? – деб жавоб берди.
Уни баракали ҳаёти давомида мол-давлат, мансаб, обрў-эътибор, ҳою ҳавасларнинг ҳеч бири танлаган йўлидан адаштира олмади. Шу сабабдан унинг замондошлари у вафот этганидан сўнг: “Ибн Умар вафот этди. У фазилат бобида отаси Умар розияллоҳу анҳуга ўхшар эди”, деб васф қилишди.
Ибн Умарнинг юксак фазилатлари уларга маҳбуб бўлганидан, уни Умар\ розияллоҳу анҳуга ўхшатиб: “Умарнинг замонида унга ўхшаш инсонлар бор эди. Аммо ибн Умарнинг замонасида эса, унга ўхшаши йўқдир”, дейишарди
Ҳижратнинг саксон учинчи йили қуёш ботиш томонга мойил бўлди, абадият кемаларидан бири ўз елканларини кўтариб, охират оламига сафар қила бошлади. Бу кема ўзининг бағрида ваҳий келишига гувоҳ бўлган инсоннинг жасадини олиб кетмоқда эди. Бу улуғ зот – Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эди.
Пўлатхон КАТТАЕВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Ўзбекистон делегацияси индонезияликларни Бухорои шарифга таклиф қилди
Аввалроқ, Ўзбекистон делегациясининг Малайзияда зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокараларда иштирок этаётгани ҳақида маълумот берган эдик.
Делегациямиз аъзолари эндиликда Индонезия Республикасига ташриф буюрдилар. Ушбу мамлакатда ҳам зиёрат туризми соҳасида учрашувлар ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг дастлабкиси нақшбандия тариқати намоёндалари билан бўлиб ўтди.
Индонезиядаги нақшбандия тариқатининг холидия шохобчаси шайхи Ирфоий ва Қасрул Орифон мадрасаси устозлари билан Ўзбекистондаги 12 силсилатул алийя зиёратини ташкил қилиш бўйича келишиб олинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.