muslim.uz

muslim.uz

lundi, 18 décembre 2017 00:00

7 саволга 7 жавоб: имон

Ушбу мақола “savollar.muslim.uz” саҳифасига йўлланган саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими берган жавоблар асосида тайёрланди.

 

1-савол: Мен 29га кирдим, уйланмаганман. Имонли, солиҳа, Қуръонни биладиган қизга уйланишни истайман. Ўзим уйланмоқчи бўлган қизга Қуръонни ўрганишни, исломий ахлоқ қоидалари ва намоз ўқишни шарт қилиб қўйсам бўладими? Ота-онаси рози бўлмаса-чи?

Жавоб: Аслида бу каби ибодатлар бировнинг шарти билан адо қилинмайди. Балки бу ибодатлар банда ўзидан келиб чиқиб адо қилиши лозим бўлган ибодатлардир. Сиз иложи бўлса, қизга совчи қўйганда ибодатлисига совчи қўйинг. Шунда келажакда бу борада келишмовчиликларга дуч келмайсиз.

 

2-савол: Имоним сустлашиб кетяпти, ҳар хил маърузаларни тинглаб, таъсирланиб бир-икки ой намоз ўқийман. Кейин эса бирор сабаб билан ўқимай қўяман. Нима қилсам бўлади?

Жавоб: Атроф-муҳитингизга назар солинг. Диёнатли ва тақводор кишилар билан бирга бўлинг. Иложи бўлса, намозларингизни масжидда жамоат билан адо қилинг.

 

3-савол: Қалбим хотиржам эмас, сабрсизлик, имон заифлиги кузатиляпти. Тушкунликка тушмаслик учун ибодатларни сабр билан амалга ошириш учун нималар қилишим керак?

Жавоб: Қалб хотиржамлиги учун Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш керак. Суннатда ворид бўлган зикрлар билан машғул бўлинг. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур” (Раъд сураси, 28-оят)

Шуни ҳам таъкидлаб айтамизки, зикрларнинг энг улуғи намоздир. Намозни мукаммал, бехато ўқишга ҳаракат қилинг. Тушкунликка тушмаслик учун эса Аллоҳ таолонинг қудратига таяниб, У зотга таваккул қилинг.

 

4-савол: Исломнинг беш рукни борлигини биламан. Имон, намоз, рўза, закот, ҳаж. Бундан ташқари, жума намозини ўқиш ҳам фарз ҳисобланади. Эркак киши учун яна бошқа фарзлар ҳам борми?

Жавоб: Ҳар бир рукннинг ичида ва ташқарисида бир нечтадан фарзлар бор. Уни халқ тилида “Қирқ фарз” дейилади. Айнан шу номда китоб ҳам чоп этилган. Шу китобни ўқиб олсангиз, янада батафсил билиб оласиз. Ҳалол касб қилиб, ҳалол ризқ қидириш ҳам бир алоҳида фарз.

 

5-савол: Беамал ва илмсиз одамга “Жума намозига боринг” дейилса, у жоҳил эса “Жума намозини хоҳлаганлар ўқийди, хоҳламаса ўқимай қўйса ҳам бўлади” қабилида жавоб берса, у одамнинг имонига путур етмайдими? Шу гапи учун тавба қилмайман деса-чи?

Жавоб: Ундай одамларнинг бу сингари гапларни айтишига сабаб бўлмаслик лозим. Чунки бундай ишлар сабабли фосиқ кишилар имонига салбий таъсир қиладиган мазкур гапларга ўхшаган иймон учун хатарли бўлган гапларни айтиб юбориши мумкин. Уларга яхшилик билан тушунтиришга ҳаракат қилиш лозим.

 

6-савол: Мен намоз ўқишни биламан, бомдод намозини ўқийман. Пешин намозида эса имоним сустлик қилади. Қандай қилиб барча намозларни мукаммал адо қилсам бўлади.

Жавоб: Намознинг фарз эканини, уни тарк қилиш оғир гуноҳ эканини ҳис қилинг. Қиёмат куни имондан кейинги илк савол намоздан бўлади. Буни тасаввур қилинг. Агар эркак киши бўлсангиз, намозларни масжидда жамоат билан адо қилишга ҳаракат қилинг.

 

7-савол: Исломда хамр (ароқ) ичган кишининг имони 40 кунга чиқиб туради дейилган, яна қандай вазиятларда имонимиз бизни 40 кунга тарк этади?

Жавоб: Аҳли сунна эътиқодига кўра, ароқ ичиш сингари гуноҳи кабиралар қилинса, имон чиқмайди. Имон фақат куфрга сабаб бўладиган амалларни қасдан қилганда чиқади. Валлоҳу аълам.



ЎМИ Матбуот хизмати

 Аллоҳ таолонинг улуғ каломи Қуръони каримда тафаккур қилиш учун улкан маҳлуқотлар қатори  ўргимчак, пашша, асалари ва чумоли каби митти жонзотлар яратилгани баён этилган. Буни шунчаки баён қилиб қўйиш учун эмас, балки нима мақсадда яратилганини англашга даъват этади. Инсон ҳаёт ташвишига ўралиб яшаганидан теварак-атрофида жонзотлар қандай яратилгани ва қай тарзда ҳаёт кечириши ҳақида ўйлаб кўрмайди. Мулоҳаза қилиб кўрилса, баъзи жонзотларни ибрат олиш ва яна баъзиларини инсонга беминнат хизмат қилишлари учун яратилган. Шундай митти жонзотлардан бири – асаларини Аллоҳ таоло Ўз китобида зикр этиб, бир сурани асалари номи билан “Нахл” деб атади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 “(Эй, Муҳаммад) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар)  барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!”. Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир”. (Наҳл сураси, 68-69-оятлар).

 Бу оятда асаларига ваҳий қилди, дейишдан мақсад худди одамзотга ато этгандек илҳом, ҳидоят ва рушд-тўғри йўл кўрсатди, деб тафсир қилинган. Ҳақиқатан, унга илҳом берилмаса, эрта-ю кеч ўз инига ўзича қатнамас, ниҳоятда фойдали ва шифобахш асал болини ташиб келтирмасди. Аллоҳ таоло тўғри йўл кўрсатмаганида тўп-тўп арилар инлардан бол йиғиш мақсадида узоқларга учиб, ўз жойига қайтиб келолмасди. Чунки инидан чиққан  асалари водий, дара, тоғ ва қир-адирлар оша парвоз қилиб, яна мўлжалдан адашмай, олдинги жойига қайтиб келишини тасаввур қилиш қийин.

 Ҳар бир асаларининг танаси бош, кўкрак ва қориндан иборат. Орқа тарафидаги қорин ҳалқа шаклидаги қисмлардан ташкил топади. Асалари қорнида асал тўрва ва яна қурсоқ дейилган иккита ошқозон мавжуд. Асалари гуллардан йиққан гулширага дастлаб қурсоғида ишлов бериб, уни асал ҳолига келтиради. Шуниси ажойибки, асаларининг қорин қисмини кузатиш имкони бўлса, ўзига хос кимё лабораторияси сингари ишлаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Асалари тўплаган асалнинг ранги ҳеч қачон бир хил бўлмайди. Бу ранг у яшаган иқлим, мавсум ва гулширага боғлиқ. Асал оқ, қизил ва жигаррангда бўлиб, улар ичида энг яхшиси оч сариқ ранглисидир. Асаларичиликда асал рангини аниқлаш учун ранг жадваллари кашф қилинган. Инидан учиб чиққан асалари гулзорни кўриб қолса, бу ҳақда хабар бериш учун бошқалари ёнига қайтган заҳоти “рақс” га тушиб, уларга жой координаталарини хабар беради. Рақс воситасида етказилган маълумотларда гулшира жойини ва қаердалигини аниқ билдирилади. Инсон зоти қанча вақт машқ қилганда ҳам бу каби рақсни эплаб ўрганмаслиги мумкин. Ҳолбуки, бор-йўғи олти ҳафта яшайдиган асалари ўз “рақслари” билан маълумот етказиш маҳоратини тўлиқ эгаллайди. Асалари ҳаётини кузатилса, у асал хом ашёсини фақат қуёшга қараб аниқлай олади. У қутини айлангунча қуёш ҳар тўрт дақиқада бир даража жой ўзгартиради. Шунга асосан ари ҳам ўзига керакли манбани ва қутига боришнинг энг яқин йўлини топади. Асалари бу йўлда қанча айланмасин, қутига нисбатан қуёшнинг қай даражада ўзгарганини ҳисобга олишга мажбур. Асалари бу ишни шу даражада бекаму кўст бажарадики, аниқ ва изчил хатти-ҳаракатлари ҳамда қути ичидаги тартиб ва уйғунликни тасодиф ва на унга берилган таълим натижаси, деб изоҳлаш мумкин.

Буларнинг ҳаммаси асалариларга Парвардигор томонидан берилган ўзига хос туғма инстинктдир. Яратувчи Зот асаларини ана шундай мукаммал ва ғаройиб қилиб яратган. Аллома Қазвиний “Ажойиб махлуқотлар” асарида: “Рамазон ҳайити кунига марҳамат куни дейилади. Чунки унда Аллоҳ асалариларга асал йиғишни ваҳий (илҳом) қилди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло асаларилар аҳамияти катталигини эътироф этиб, фаҳмли, зийрак, шижоатли, йил фасллари, ёмғир вақтлари, яйлов ва озуқа тўплаш тадбирини билувчи, бошлиғига бўйсунувчи итоаткор, ажойиб ҳунарли ва ажиб табиатли жонивор эканини билдирди”, деб келтиради. Арасту фикрича, асаларилар тўққиз турдан иборат бўлиб, улардан олтитаси бир-бирига суянади. Озуқалари ширин чиқиндилар, гул ва баргларга сизиб кирувчи намлик бўлиб, уларни йиғиб тўплайди. Бу – асалдир. Шу билан бирга ёғли намликларни ҳам йиғади, улардан уяларини қуради. Ушбу ёғли намликлар мумдан иборат. Асалари уларни хартумчаси билан йиғиб, икки сонида кўтаради ва ундан белига ўтказади.

 Қуръон асалари гуллардан озиқланиши ва бу озуқа қорнида асалга айланиши, уни оғзидан тўкиши ва ундан катта миқдорда тўпланиши ҳақида: “Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!” Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур” (Наҳл сураси, 69-оят), деб хабар беради. Аллоҳнинг “турли мевалардан” деган сўзидан мурод уларнинг баъзисидир. Бунга ўхшаш Аллоҳ таолонинг “турли нарсадан берилди” сўзидан баъзиси ирода қилинган. Асал рангининг турлича бўлиши асалариларга ва яйловларга боғлиқ бўлади. Яйловлар турига қараб асал таъми ҳам фарқ қилади.

 Асалари тоза жой бўлса, дастлаб у ерда ўзига мумдан катакчалар ясаб олади. Яна подшо яшайдиган ва асал йиғмайдиган эркак асалариларга ин қуради. Эркак асаларилар асал тўплайдиган ишчи асалари урғочиларига нисбатан жуссаси каттароқдир. Агар инларидан учиб чиқмоқчи бўлишса, бирга учиб чиқади ва ҳавога кўтарилиб яна инга қайтишади. Асаларилар мумни ишлаб чиқаргандан кейин уруғ қўяди. Чунки уруғ қўйганда худди қушлар тухум босгандек устига ўтириб олади. Бу уруғлардан оқ личинкалар пайдо бўлиб, бироз вақт ўтмай вояга етиб, ўзлари озуқланади ва уча олади. Асаларилар бир гулга эмас, турли-туман гулларга қўнади. Улар инларидан бирини асал ва гулчангга, яна бирини болалари билан тўлдиради.

 Асаларилар одатидан бири шуки, агар бирон нарса зарар етказмоқчи бўлиб, подшо асаларига яқинлашаётганини сезиб қолса, дарҳол уни индан чиқариб ташлайди. Кўпинча уни уядан чиқариб, ташқарида қатл этишади. Мабодо подшо асалари ҳамма асаларилар қаторида ташқарига чиққанда учишга қодир бўлмаса, уни кўтариб оладилар. Подшо асаларида ниш бўлса ҳам, аммо чақмайди. Асаларилар тўпланиб, ишларни ўзаро тақсимлаб оладилар. Бири асал йиғса, яна бири мум қилади, яна бири сув ташийди, яна бири ин қуради. Ясаган инлари ҳам жуда ажойиб. Бу инлар аниқ бир ўлчов асосида қурилгандек таассурот қолдиради ва эгрилиги йўқ олти бурчакли айлана шаклли инлар охирида бирлашиб, худди бир бутун нарсага ўхшаб қолади. Бунга сабаб шуки, учдан ўнгача шаклда ясалса, инлар бир-бирига қолдиқсиз бирлашмай, ораларида тирқишлар ҳосил бўлади. Олти бурчакли қилиб ясалган инлар бундай эмас. Агар олти бурчакли нарса яна ўзига ўхшашига бирлаштирилса, иккиси бир бутун нарсадек бир-бирига ёпишади. Буларни ясашда асалариларда на ўлчагич, на асбоб ва на циркуль бор. Балки бу марҳаматли, ҳамма нарсадан хабардор Зот Аллоҳ таолонинг: “(Эй, Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз” (Наҳл сураси, 68-оят) деб буюрганидек, Аллоҳнинг иши ва асалариларга ато этган илҳоми туфайли амалга ошади.

Асаларилар Рабби амрига тўлиқ ва чиройли итоат этиб, тоғларга, дарахтларга ва одамлар қурган айвонларда қандай қилиб ин қуриши ҳақида ўйлаб кўрган киши ажабланмай иложи йўқ. Бу учтасидан бошқа жойда умуман ин қуришмайди. Кўпроқ тоғларда ин қуриб, дарахтларга, айвон ва шийпонларда ин қуриши жуда кам. Ўт-ўлан ва ўтлоқзорга қараб инларини қандай чиройли тарзда қуриб олишларини бир ўйлаб кўринг. Дастлаб инни қуриб, ундан ҳар томонга тарқалади, турли гуллар ва мевалардан тотиб, инларига йўл олади. Чунки Рабби субҳонаҳу ва таоло уларга олдин инларни қуришни, кейин озиқа топиб, инларидан паноҳ топишни буюриб қўйибди. “Иҳё улуми дин” асарида: “Аллоҳ таоло асаларига тоғларда ин қуриб олишга ва қандай қилиб сўлагидан мум ва асал ишлаб чиқариши, бир қисмини шуъла-зиё ва бир қисмини эса шифо қилиб қўйганига қара”, деб келтирилади.

 Яна улар гуллар ва нурларни ичиб, нопокликдан сақланиши, ўз бошлиғига итоат этиши ва асаларилар ўртасида адолат ва инсоф билан ҳукм юритилиши ҳақида ўйлаб кўрсанг, бундан ажабланмай иложинг қолмайди. Бошлиқ асалари нопок нарсага қўниб, ундан ўзига илаштириб қайтган асаларини эшик олдида қатл этади. Буларни бир четга қўйинг-да, мумдан олтибурчак шаклда қуриб олинган инларига аҳамият беринг. Бу инлар  тўртбурчак ва на бешбурчак шаклда эмас, нега айнан олтибурчак шаклда қурилганига ҳар қандай зукко ва ақлли муҳандис тан беради. Асалари танлаган шакл ҳар жиҳатдан олиб қараганда шакллар ичида кенглиги ва ортиқча бурчак-жой қолмаслиги билан ажралиб туради. Чунки тўртбурчак шаклда чиқинди бурчаклар бўлиши табиий. Асаларилар ўз шаклига номутаносиблиги боис инларини тўртбурчак шаклда қурмайди. Агар думалоқ шаклда қурилса ҳам, инлари ташқарисида тирқишлар ҳосил бўларди. Агар думалоқ шакллар бирлаштирилса, бир-бирига зич ҳолда ёпишмаслиги аниқ. Олтибурчак шаклда қурилган инлар бирлашганида ҳеч қандай қолдиқ жой бўлмаслиги аниқ. Қандай қилиб Аллоҳ таоло ана шу митти жонзотга таълим бериб, ундан марҳаматини аямагани, унга ғамхўрлиги ва илҳом берганини кўринг. Асаларилар  уяси яқинига борган кишини чақади. Баъзан чақилган киши ҳалок бўлади. Агар инлари ичида биронтаси ўлиб қолса, ҳавони бузмаслиги учун дарҳол уни ташқарига чиқариб ташлайди. Тозалик ҳам асалари табиатида мавжуд. Шунинг учун у ўз нажасини уясида олиб турмай ташқарига чиқаришга одатланган. Чунки унинг ҳиди ёқимсиздир.

Асалари кўпроқ баҳор ва куз ойларида асал тўплайди. Баҳорда асал тўплаши яхшироқдир. Ёш асалари каттасига қараганда меҳнаткаш бўлади. Асалари тоза, чучук сувни ичади, қаерда бўлса ҳам уни қидириб топади. Асалдан фақат ўзига керакли миқдорни тановул қилади. Агар инда асал камайиб қолса, тугаб қолишидан қўрқиб, кўпайтириш мақсадида асални суви билан оғзидан чиқаради. Чунки асал тугаб қолса, асаларилар подшо асалари ва эркак асаларилар инига зарар етказади. Балки у ерда бўлганларини қатл этилади. Юнонистонлик бир донишманд: “Инлардаги асаларилар каби бўлинг”, деб насиҳат қилганида шогирдлари ҳайрон бўлиб: “Инлардаги асаларилар қандай бўлади?”, деб сўрашди. Донишманд деди: “Улар инида бекорчини қўймайди, ундан юз ўгириб, ундан ҳайдаб чиқаради. Чунки у жойни торайтириб, асални еб тугатади. Ишчани ялқовини дарҳол билади”.

 Асаларининг яна бир хислати шуки, қачонки инидан учиб чиқса, озуқа йиғиб, сўнгра қайтади. Ҳар бир асалари ўз жойига қайтишда асло хатога йўл қўймайди. Мисрлик асаларичилар асалари қутиларини кемаларга жойлаб, гуллар ва дарахтлар қуюқ ўсадиган жойларга сафар қиладилар.   Асаларилар инлардан чиқиб, кун бўйи яйловда озуқа йиғиш билан машғул бўлади. Қоронғи тушгач, кемага қайтиб, ҳар бир асалари ўз жойини эгаллайди. Имом Аҳмад, Ҳоким, Термизий ва Насоий келтирган ривоятда амир ал-мўминин Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу шундай деди: “Расулуллоҳ алайҳиссаломга ваҳий келганида асаларилар ғувиллаши каби ғувиллаш эшитиларди. Бир куни у зотга ваҳий тушди. Биз бир соат кутиб ўтирдик. Бир вақт у зот қиблага қараб икки қўлларини кўтариб дуо қилдилар: “Эй Парвардигор, бизни зиёда қил, бизни кам қилма, бизни икром эт. Бизни хор этма, бизга ато эт, бизни маҳрум қилма, бизни афзал эт ва бизни ташвишлантирма, бизни рози қил ва биздан рози бўл”.

 Асалариларга гулшира йиғишда қоронғулик, булут, шамол, тутун, сув ва олов кабилар халақит қилади. Шунга ўхшаш мўмин кишининг ишлашига ҳам ғафлат зулмати, шак булути, фитна шамоли, ҳаром тутуни, мўл-кўллик, фаровонлик суви ва ҳаво олови халақит қилади. Бир тафсирда асалнинг осмондан тушиши айтилиб, асаларилар уни териб, инларига келтириб, асал учун тайёрлаган мумга ташлайди, дейилган экан. Бу айрим кишиларнинг асаларининг озуқа чиқиндиси бўлиб, ошқозонида асалга айланади, деб ўйлаганидек эмас. Билгинки, Аллоҳ таоло ўз қудратини намойиш этиш учун асаларида заҳар билан асални жамлади ва буни ўзидан мум билан аралаш ҳолда чиқарди. Мўмин кишининг амали ҳам шундай хавф ва ражо билан аралашган. Асалда уч нарса мавжуд: шифо, ҳаловат ва юмшоқлик. Мўмин киши ҳам шундай. Асаларига ҳалолдан ейиш буюрилган. Ҳатто унинг сўлаги шифо ва даво бўлади. Табибларнинг давоси аччиқ, Аллоҳнинг давоси ширин бўлиб, бу ширин давони асал дейишган.

Асалари ўт-ўланларга қўниб, ундан ўзига ширин ва ёқимли нарсани йиғади, еган нарсасининг турли-туман бўлиши уни ўзгартира олмайди. Ибн Можа ва Ҳоким Ибн Масъуддан келтирган ривоятда Набий алайҳиссалом: “Асал ҳар бир дардга шифодир, Қуръон қалблардаги ҳар бир дардга шифодир. Сизлар ўзларингизга икки шифо – Қуръон ва асални лозим тутинглар”, дедилар. Яна Абу Ҳурайрадан келтирган ривоятда Набий алайҳиссалом: “Ким асалдан ҳар ойда уч марта эрталаб яласа, катта бало унга йўлиқмайди”, дедилар. Наққош деган зотнинг айтишича, Абу Важра асални кўзига малҳам қилиб, сурма қўярди, касал бўлиб қолса, асал билан даволанарди. Яна ривоятга кўра, Авф ибн Малик розияллоҳу анҳу касал бўлиб қолса, сув сўрарди ва Аллоҳ таоло: “Биз осмондан баракотли сув-ёмғир ёғдирдик...” (Қоф сураси, 9-оят) деб айтган дерди ва асал олиб келишни буюриб, мана шу оятни ўқирди. Сўнг зайтун – муборак дарахт деб, зайтун ёғи келтиришни буюриб, олиб келишгач, ҳаммасини аралаштириб ичарди ва шифо топарди. Мужоҳид деди: “Маккадан Мадинага боргунча Умар розияллоҳу анҳуга ҳамроҳ бўлдим. Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилган мана бу ҳадисни бошқа кишидан эшитмадим: “Мўмин киши асаларига ўхшайди, агар унга ҳамроҳ бўлсанг, сенга фойдаси тегади, агар ундан маслаҳат сўрасанг, сенга фойдаси тегади, агар бирга ўтирсанг, сенга фойдаси тегади ва унинг ҳар бир  иши фойдалидир. Худди шундай асаларининг ҳам ҳар бир иши фойдалидир”.

Ибн Асир: “Мўмин билан асаларининг бир-бирига ўхшашига асаларининг маҳорати, зийраклиги, озори камлиги, соқчилик қилиши, фойдаси тегиши, қаноати ва эрталабда ҳаракати, ифлос нарсаларга йўламаслиги ва ўзи топган пок нарсани ейиши сабаб бўлган. Чунки у бошқанинг топганидан емайди, шунинг учун озғин. Ибн Умар розияллоҳу анҳу бирон нарсадан шикоят қилмасди, аммо бирон жойи оғриб қолса, уни асал билан даволарди. Ҳатто чипқонга, яра-чақа, йиринг ва моматалоқ – чақилган жойга асални суртиб, асалнинг шифолиги ҳақидаги оятларни ўқирди. Яна кўпларимизга маълум ва машҳур ҳадис: Абу Саъид розияллоҳу анҳу ривоятига кўра, бир киши Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб: “Укам қорнидан шикоят қилаяпти”, деди. У зот: “Асал ичир”, дедилар. Иккинчи марта келганда яна: “Асал ичир”, дедилар. Учинчи марта келганида қорнини юргизишдан бошқа фойда бўлмаганини маълум қилди. Пайғамбаримиз: “Аллоҳ рост айтади, укангнинг қорни ёлғон айтади. Унга асал ичир”, дедилар. Бас, яна ичирганида тузалиб кетди”.

 Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо: “Набий алайҳиссалом ҳалво ва асални яхши кўрар эдилар”, деди. Мужоҳид асаларини бекордан-бекор ўлдиришни макруҳ деб фатво беради. Худди одамзотнинг сути ҳалол, гўшти ҳаром бўлганидек, агар асаларининг асали ҳалол бўлса ҳам, ўзини ейиш ҳалол эмас. Агар асаларини тушда кўрилса, мўл-кўллик ва бойлик аломатидир. Агар асалари инини ва ундан асал олинганини туш кўрилса, ҳалол молга эришилади. Агар асалари бошга қўнганини туш кўрилса, ҳокимлик ва мартабага эришади. Агар подшоҳ асаларини тушида кўрса, катта мулкка ноил бўлади. Агар деҳқонлар тушида кўрса, асалари яхшиликка далилдир. Ким асаларини ўлдирганини туш кўрса, у душмандир. Деҳқонлар асаларини ўлдирганини туш кўриши хайрли эмас, чунки асалари унга ризқ ва маошдир. Ким тушида асални кўрса, машаққатсиз ҳалол мол ва касалдан шифо топишдир. Ким одамларга асал едираётганини туш кўрса, уларга чиройли калом ва ёқимли овоз билан Қуръонни ўқиб беришига далолат қилади. Ким тушида асал ялаётганини кўрса, у уйланади. Асал болини тушида кўриш ҳалол мерос ва шерикли молга далолат қилади. Ибн Сирин: “Асал болини ҳалол ризқ деб таъвил қилиб, ким икки қўли орасида қўйилган асал болини туш кўрса, у илмли эканига ва одамлар ундан илм олиш учун олдига келишига далолат қилади”, деди. Агар асал болининг бир ўзи бўлса, у ғанимат молдир. Агар у бир идишда бўлса, у илм ва ҳалол мол эгаси бўлган кишидир. Асал ва асаларининг бундан ҳам бошқа ҳикматлари кўп. Бироқ уларни тўлиғича келтириш имкони йўқ.

“Асалдан шифо топишни истайсизми?”

 китоби асосида Бобомурод ЭРАЛИ тайёрлади

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Декабрь ойида Хивада “Мулла Абдуқодир бобо”, Урганчда “Муоз ибн Жабал” масжиди очилди.

Масжидларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” нашриёти директори Абдул Жалил Хўжам, Хоразм вилоят вакили Хайрулла Абдуллаевлар иштирок этган.

 

Фото: Хивадаги “Мулла Абдуқодир бобо” жоме масжиди

 

Фото: Урганчдаги “Муоз ибн Жабал” жоме масжиди

 

 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ва бошқа оила аъзоларига илтифот кўрсатар, меҳр-муҳаббат билан муомала қилар ва баъзида ҳазиллашиб ҳам турар эдилар. Бошқаларга ҳам аҳли оиласига гўзал муносабатда бўлиш лозимлигини уқтирардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларнинг яхшиларингиз – аҳлига яхшиларингиздир. Мен аҳлига муомала қилишда сизларнинг энг яхшингизман» ва «Мўминларнинг иймони комилроғи ва хулқи яхшироғи – аҳлига илтифотлисидир» деган сўзлари ҳам буни тасдиқлайди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда ёлғиз қолганларида қандай бўлар эдилар?» деб сўрашди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Табассумли ва хушчақчак бўлар эдилар», деб жавоб бердилар.

Аҳли оилаларига чиройли муносабат масаласига доир яна бир мисолни Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисдан билиб олиш мумкин:

Оиша розияллоҳу анҳо қўғирчоқ ўйнаб ўтирган эдилар, ҳузурларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Қўғирчоқларнинг орасида от ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, бу нима?» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Сулаймоннинг оти», деган эдилар, у зот Оиша розияллоҳу анҳонинг гапларига кулиб қўйдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан югуришда мусобақалашдилар. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бу тўлишишимдан олдин эди. Тўлишганимдан сўнг Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: «Бир-у бир», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй юмушларида аҳли оилаларига қарашар, илтифот кўрсатиб, аёлларининг сўзларини берилиб эшитар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўн бир аёл ўз эрларининг яхшию ёмон барча сифатларини бир-бирига рўй-рост айтиб беришга аҳдлашганлари ҳақидаги ҳикояларини эътибор билан эшитган эканлар.

Сут оналари Ҳалима Саъдийя ва эмикдош сингиллари Шаймога ҳам юксак даражада ҳурмат-эътибор билан муомалада бўлганлар. Ана шу ҳурматлари туфайли ҳам уларнинг қабиласи бўлмиш Бану Саъд аҳлига олижаноблик билан муомала қилганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом олижаноб зот

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан суҳбат қилиб турган ёки савол сўраган кишининг сўзини эътибор билан эшитар, уларни қабул қилар ва илтифот кўрсатар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бирон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қулоқларига шивирлаганини, яъни махфий гапирганини кўрмаганман. У зот муборак бошларини ундан (сўзловчидан) узоқ тутар, у киши ҳам бошини узоқ қилар эди».[1]

  1. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқи бузуқ кишиларга ҳам гавдалари билан ўгирилиб гапирар эдилар. Бундай йўл тутишлари сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёмон кўрган кишилар ҳам яхши кўриб қолишарди».[2]
  2. Бирон киши билан кўришсалар, у киши қўлини тортиб олмагунча биринчи бўлиб қўлларини тортмас эдилар.[3]
  3. У зот очиқ юзли ва табассумли киши эдилар. Бирор киши ҳузурларига келса, уни чиройли қабул қилар эдилар. Аммор розияллоҳу анҳу келганда: «Марҳабо, эй ўзи ҳам яхши, яхшиликка ёрдам берувчи одам!» деганлар.[4]
  4. У зотга мусулмон киши салом берса, ундан-да чиройлироқ тарзда жавоб қайтарар эдилар.
  5. У зот ҳузурларига келган кишини гўзал кўринишда қарши олар, саҳобалари келса «Аҳволингиз яхшими?» деган сўзлари билан ҳол-аҳвол сўрар эдилар.
  6. Агар улар «Яхши, Аллоҳга ҳамд бўлсин», дейишса, унга: «Аллоҳ сени яхшиликда қилсин», дер эдилар.
  7. Бирор қавмнинг улуғлари, ҳурматли кишилари келса, ҳурмат-иззатини жойига қўйиб, кийимларини уларнинг остига тўшар эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан ўтирган эдилар, Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий деган киши кириб келди. У хонада ўтиришга жой йўқлигидан остонага ўтириб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол кийимларини ечиб, унга узатдилар. Жарир кийимни олиб, юзига сурди, ўпди, йиғлади ва ўзларига қайтариб: «Мени ҳурмат қилибсиз, Аллоҳ сизни ҳурмат қилсин! Сизнинг кийимингизни асло тагимга тўшамайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнгга ва чапга қараб: «Ҳузурингизга бир қавмнинг улуғи келса, уни ҳурмат қилинглар», дедилар.[5]  
  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзда ва савол сўрашда қавмнинг ёши улуғларини биринчи ўринга қўйиб: «Каттадан бошланглар», дер эдилар.[5]
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатдошлари шариатда рухсат берилган сўзларни гаплашиб ўтирсалар ёки мубоҳ бир ҳолатда бўлсалар, ҳамсуҳбатларига монелик қилмасдилар. Гуноҳ бўлмаган ишлар ҳақида сўз очилса, гапга қўшилардилар.

Хорижа ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Агар дунё ҳақида гап кетса, биз билан қўшилиб, дунёни зикр қилар эдилар. Охиратни эсласак, биз билан қўшилиб, охиратни эслар эдилар. Таом ҳақида гаплашсак, бизга қўшилиб, таом ҳақида гапирардилар».[5]

  1. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Улар (саҳобалар) жоҳилиятда бўлиб ўтган ишлар ҳақида гаплашар кулишар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам индамай, табассум қилиб қўяр эдилар».[5]
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини хурсанд қилиш учун баъзан ҳазил ҳам қилиб турар эдилар. Бир киши минишга улов сўраб келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сени туянинг боласига миндираман», дедилар. Бундай жавобни кутмаган ҳалиги киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, туянинг боласини нима қиламан?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ахир катта туя ҳам туянинг боласи-ку», деб ҳазил қилдилар.[5]
  3. Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умму Айман Ҳабашия деган аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эрим сизни уйга таклиф қиляпти», деди. У зот унга: «Ким у? Кўзида оқи бор кишими?» дедилар ҳазиллашиб. Аёл: «Унинг кўзида оқи йўқ», деди жиддий оҳангда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, кўзида оқи бор», дедилар яна. Аёл: «Аллоҳга қасам, йўқ», деди. У зот: «Ҳар бир кишининг кўзида оқи бўлади», дедилар».

Яна бир куни бир кампир у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киргизсин», деди. У зот: «Эй фалончининг онаси, жаннатга кампирлар кирмайди-ку», дедилар. Кампир йиғлаб, қайтиб кетди. У зот: «Унга айтинглар, у жаннатга кампир ҳолида кирмайди. Чунки Аллоҳ таоло (жаннатга кирадиган аёллар ҳақида) «(Улар) жозибали ва тенгқурдирлар», деган», дедилар. Буни эшитган кампир хурсанд бўлиб кетди. (Воқеа сураси, 37-оят)

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан кўришганда кўпинча табассум билан кўришар, уларга нимадир гапирмоқчи бўлсалар, гўзал ифодали иборалар билан сўзлар эдилар.

Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Абу Дардо бирор гап гапирса, табассум қилар эди. Мен унга: «Сиз гапирганингизда одамлар сизни аҳмоқ деб ўйламайдими?» дедим. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор сўз гапирганларини эшитган ёки кўрган бўлсам, албатта табассум қилар эдилар», деди». Абу Дардо розияллоҳу анҳу бирор сўз гапирсалар, бу борада ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб табассум қилиб қўяр эди.

  1. Абдуллоҳ деган бир саҳобий бор эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турарди. Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёғ (ёки асал) солинган бир идиш совға қилди. Бироз вақт ўтиб, Абдуллоҳ идишнинг эгасини олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Идишнинг пулини беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг атрофларидаги саҳобалар узоқ кулишди.
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига чиройли муомала қилганлари ҳақида яна бир ҳадисда шундай ривоят қилинади: «Бир гуруҳ ҳабашийлар масжидда найза ўйнатиб машқ қилаётганларида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога томоша қилишга рухсат бердилар. Оиша розияллоҳу анҳо у зотнинг елкаларига суяниб туриб, томоша қилдилар.[5] Бир ривоятда: «Ҳабашийлар рақсга тушар ва: «Муҳаммад – солиҳ банда», дейишарди», дейилган.[5]
  3. Ривоятларда келишича, катта саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида рақсга[5] тушишар эди. Ул зот уларни кузатиб турардилар.
  4. Ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфарга: «Хилқатимга ҳам, хулқимга ҳам ўхшайсан», дедилар. Жаъфар хурсандлигидан ўрнидан туриб, у зотнинг атрофларида айланиб ўйнай бошлади». Бошқа бир ривоятда Али розияллоҳу анҳуга: «Сен мендансан, мен сенданман», дедилар. Зайд розияллоҳу анҳуга эса: «Сен бизнинг биродаримизсан, мавлойимизсан», деганлар. Учовлари, яъни Жаъфар, Али ва Зайд розияллоҳу анҳулар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида ўйинга тушиб кетишди. Абу Довуднинг ривоятида: «Жаъфар туриб ўйнади, Зайд туриб ўйнади», деган лафз келтирилган.[5] Ҳофиз Суютий айтади: «Ўйинга тушиб кетганлари кўпроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улар ҳақида айтган гапларидан суюнганлари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни бундан қайтармаганлар».
  5. Имом Ҳоким Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда: «(Тўйда) ўйин-кулги ҳам бўлдими? Ансорлар ўйин-кулгини яхши кўради-ку», дейилган. Бу ҳадисда нафс малолланиб, қийналиб қолганда унга бироз дам бериш ва уни роҳатлантириш кераклигига ҳужжат бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулгилари табассум ва жилмайиб қўйишдан иборат бўлган.
  6. У зот ёш болаларни кўрганда уларга илтифот кўрсатар, салом берар ва эркалатиб, бошларини силаб қўяр эдилар. Уларни Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси), Убайдуллоҳ (Аллоҳнинг ёш бандаси) деб чақирардилар. Баъзи вақтларда у зот: «Олдимга ким биринчи бўлиб келса, фалон-фалон нарса бераман», деб уларни мусобақалашишга тарғиб қилардилар. Ёш болаларни – Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ ва Аббос розияллоҳу анҳуларнинг фарзандларини бир сафга тортиб, «Ким биринчи келса, фалон нарсани бераман», дер эдилар. Ёш болалар бир-биридан ўзиб, у зот томон интилар ҳеч тортинмасдан елкалари ва бағрларига ўзларини отишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қучоқлаб, ўпар эдилар.
  7. Сафардан қайтиб келсалар, оилаларидаги ёш болалар чиқиб, у зотни кутиб олишарди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга жуда мурувватли ва меҳрибон бўлиб, бирини қўлларига, яна бирини опичлаб кўтариб олар эдилар.
  8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг виқорлари, одоблари ва ҳайбатлари ҳақида Хорижа ибн Зайд розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ мажлисларда виқорли инсонга ярашмайдиган ишлар билан машғул бўлмасдилар, яъни оғизларидан тупук сачратиш, бурунларини қоқиш ёки тирноқ олиш каби ҳолатлар асло кузатилмаган».

 

 

Муҳаммад Ҳасанийнинг “Икки олам сарвари” китобидан

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчсиси

Баратов Ғиёсиддин таржима қилди.

 

 

[1] Абу Довуд ривояти.

[2] Табароний ривояти.

[3] Баззор ва Табаронийлар ривояти.

[4] Имом Термизий ривояти.

 [5] Аскарий ривояти.

 

 

 

Туркиянинг Истанбул шаҳрида жорий йилнинг 16-17 декабрь кунлари Евроосиё ислом кенгаши фатво ассамблеясининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш кун тартибида:

Кенгашда иштирок этаётган давлатлардаги диний идоралар қошидаги фатво бўлимларининг фаолият усули;

тиббиётга тааллуқли замонавий фатволар (сунъий уруғлантириш ва ҳомилага тааллуқли масалалар мисолида) масалалари кўрилди.

Европа, Россия ва Марказий Осиёдан жами 40 га яқин давлат вакиллари иштирок этган ушбу йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков ҳам қатнашди.

Йиғилишда Ҳомиджон Ишматбеков сўзга чиқиб, ЎМИ ва Фатво бўлими фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Шу жумладан, Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан очилган илмий мактаблар, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Ислом академияси ҳақида маълумот бериб ўтди. Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон халқини бу хурсандчилик билан муборакбод этдилар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top