muslim.uz
Меҳр улашишдан толманг
Жорий йилнинг 11 декабрь куни мавлид ойи муносабати билан Қўштепа туманидаги имом-хатиблар томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Туман бош имом-хатиби Р.Жалилов, «Мўйи Муборак» масжиди имом-хатиби Л.Суярқулов ҳамда «Ғиштмон» масжиди имом-хатиби И.Ҳайдаровлар томонидан ёрдамга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқароларга қишқи кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди.
Худди шундай тадбирлар Қува, Олтиариқ, Фурқат туманларида ҳам ташкиллаштирилиб, унда имом-хатиблар ҳомийларни жалб қилган ҳолда қишқи кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари билан бир қаторда маиший эҳтиёж учун зарур бўлган ашёларнинг эҳтиёжманд хонадонларга кириб боришига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Зеро, киши ўзи яхши кўрган нарса, одатда, ўзи учун фойдали, ёқимли ва хайрли нарса бўлади. Бу нарсаларни ўзгага ҳам раво кўриш, ўзга шахснинг бу одамга нисбатан меҳри ва ҳурматини оширади. Ўзаро алоқалар яхшиланади. Бунинг натижасида жамият мустаҳкам ва фаровон бўлади.
ЎМИ матбуот хизмати
Қашқадарёлик имом-хатиблар уч ҳафта ичида аҳоли билан 678 марта учрашув ўтказди
Қашқадарёлик имом-хатиблар “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғуни аҳоли онгига сингдириш мақсадида, турли тадбирларда қатнашиб, хонадонларга кириб одамларимизга тинчлик неъматини асраш барчамизнинг бурчимиз эканини тушунтиришмоқда. Шунингдек, оилада ота-онанинг ўрни, фарзанд тарбияси шарафли ва масъулиятли бурч экани, унинг Ватан, ота-она олдидаги бурчлари, қайнона-келин ва қўшничилик муносабатлари, аҳоли айниқса, ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни турли мафкуравий хуружлардан асраш, уларнинг баркамол инсонлар бўлиб етишиши зарурлиги тўғрисида маърузалар қилиб келмоқдалар. Жумладан, ўтган уч ҳафта ичида жоме масжид имом-хатиблари вилоят бўйича жами 678 та тадбирда қатнашиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказишди.
ЎМИ матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари (2-қисм): Уйқудан уйғонганда
Ҳузайфа ибн Ямон ва Абу Зарр розияллоҳу анҳум ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйғонганларида:
“Алҳамдулиллаҳиллазий аҳяна баъда ма аматана ва илайҳин нушур”, (Бизни вафот эттиргандан сўнг тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унгагина қайтамиз) деб айтардилар.
Талабалар 165 номдаги 855 та китоб билан танишдилар
Мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти, ўз халқига фидойи, аждодлари бошлаган хайрли ишларни давом эттиришга қодир бўлган, ҳар томонлама комолотга етган авлодни енгиб бўлмайди. Доим ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиб яшаш, теран фикрлаш, юксак натижаларни қўлга киритиш учун китоб билан ошно бўлиш зарур.
Бугун диний таълим муассасаларида ёшлар таълим-тарбияси, маънавий баркамоллигига эътиборнинг кучайтирилиши, ёшлар келажагига юксак ишонч билдирилаётганидан далолатдир. Шуни инобатга олиб талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жорий қилинган “Китобхонлик куни” муносабати билан институтда ҳар ойда китоб кўргазма савдоси ташкил этиш йўлга қўйилган.
Мазкур анъанага мувофиқ институт устоз ва талабаларининг диний-маърифий, маънавий ва бадиий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2017 йил 14 декабрь куни Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида ташкил этилган китоб кўргазма савдоси бўлиб ўтди. Кўргазмада институтнинг устоз ва талабалари фаол иштирок этди.
Мазкур кўргазмада Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари кўргазма иштирокчиларига 165 номдаги 855 дона сиёсий, бадиий, илмий, ҳажвий, жаҳон адабиёти, тарих, юридик китоблар, диний-маърифий адабиётлар, мактаб адабиёти хрестоматияси, болалар адабиёти, Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари тўплами, араб, инглиз, рус ва ўзбек тили луғат китоблари, психологияга оид китоблар, шеърий тўплам китоблар, нашриётимиз ҳазинаси ҳамда ғазал соғинчи рукни остидаги китобларни тақдим қилдилар.
Камолиддин МАҲКАМОВ,
ТИИ Ахборот-ресурс
маркази мудири.
Аллоҳнинг ғазабидан эҳтиёт бўлинг
Инсоният бу ҳаёти дунёда синовлар ичра яшайди, шу синовлардан саломатликда ўтиб Аллоҳнинг ҳузури олийсига соф иймон билан бориш – яшамоқлигининг асосийси мақсади ҳисобланади.
Мўминлик яқин қариндошликдан ҳам азиз бўлган дўст ва қалбларнинг боғлиқлигидек мукаммал муносабатларга таянади. Буни саодат асри саҳобийларидан ҳам ибрат олиш мумкин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган кунларидаёқ Маккадан келган ва мадиналик барча саҳобаларни бир-бирларига яқин дўст, дин биродар қилиб қўйганларининг ҳикмати қалбларини яқин қилиш эди. Бу ҳикматнинг сабаби мўминлар бир-бирларини йўқликларида ҳам ҳимоя қилиши, дўстларининг обрўларини сақлаши эди. Ислом инсонларни манфаатини биринчи ўринга қўяди ва инсонни йўқлигида ҳам шаъни ва обрўсини муҳофаза этади. Аллоҳ таоло бир киши бошқа бир кишини йўқлигида айбларини айтишдан қайтариб оятлар нозил этган. Бу иш яни бошқа инсонни йўқлигида айбларини айтиш “ғийбат” деб номланадиган гуноҳи кабиралардан ҳисобланади.
“Ғийбат” луғатда бир нарсанинг кўздан тўсилишидир. Бу борадаги нозил бўлган оятлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва уламлоларнинг сўзларни келтириш билан ғийбат қанчалик улкан гуноҳ эканини баён этамиз.
Бу ҳақида Ҳужурот сурасида қуйдагича баён этилади: “Баъзиларингиз-баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир” (12-оят).
Оятда Аллоҳ таоло инсонларни ғийбат қилиш – ўлган яқин кишисининг гўштини ейиш, деб ундан қайтармоқда. Ҳадисларда ҳам ғийбатнинг жамият ва инсонларга қанчалик зарарлик экани ҳақида батафсил маълумотлар берилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меърожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзлари-ю кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: “Эй Жаброил, улар ким?” деб сўрадим. “Улар дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўсни тўкканлар”, деб жавоб берди”, дедилар” (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган).
Мўмин-мусулмонлар ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбатчиларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари ҳам матлубдир. Чунки иймонли инсон ҳадис ва оятга итоат этиб ғийбатдан ва шу каби Аллоҳ қайтарган кабира гуноҳдан сақланади. Кимки бир кишини ғийбат қилинишидан ҳимоя қилса Аллоҳ таоло унга бир фаришта юборадики, уни ҳимоя қилганни гўштини дўзахдан ҳимоя қилади. Аммо бир кишики мўминни ҳақоратлаб, ғийбат қиладиган бўлса токи гапидан қайтмагунча Аллоҳ таоло уни жаҳаннам кўпириги устида ушлаб туради. Аллоҳ таоло раҳматли зот, гуноҳига тавба қилишига бандасига имкон бермаса, мўминлар ҳам жаҳаннам аҳлига айланиб кетар эди. Аммо Ўз Аллоҳ фазли ила тавба қилувчиларни асрайди. Уламолар ғийбатнинг сабабларини келтиришда кимдандир дунё матоси сабаб аччиқланади ва ғийбат қилади. Яна бир сабаб эса ўз обросини кўтариш мақсадида, бошқа бир инсоннинг обрўсини тўкиш учун ғийбат қилади. Ҳасад қилиб ҳам инсонни ғийбат қилади. Чунки ҳасад ҳам инсонни ичига ўрнашиб олиб бошқаларга етган яхшиликка ичидан жизғанак бўлиш билан ғийбат қилади.
Ғийбат – иллат, у жамиятни пароканда қилиш билан бирга инсонларни дунё ва охират азобига гирифтор қилади. Аллоҳ таоло барчамизни бу иллатдан сақланиш ва савобли ишларга мушарраф бўлгувчилардан қилсин.
Зафар МАҲМУДОВ,
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.