muslim.uz
Аллоҳ севган олимлар
Имом Ғаззолий айтадилар: “Аллоҳ таолога муқарраб, камёб ва нодир бўлган охират уламолари борки, қуйида уларнинг бир қанча аломатларини келтириб ўтамиз:
Биринчи аломат:
Олим илм олиш ва таълим бериш воситасида дунё жамлашни ният қилмайди.
Бунда олим дунёнинг ниҳоятда ҳақирлигини, тубан ва хорлигини, қора ва кирлигини, унинг тезда тугаб қолишини, ҳамда охиратнинг нақадар буюклигини, абадийлигини ва у ердаги неъматларнинг мукаммал эканини ҳис қилади. Дунё ва охират иккиси худди икки кундош каби, бирини рози қилсанг, иккинчиси хафа бўлаверади. Тарозунинг икки палласи каби, бир палласига оғир солсанг, иккинчиси енгил бўлади. У иккиси машриқ ва мағриб каби, бирига яқинлашсанг, иккинчисидан узоқлашасан.
Қайси инсон дунёнинг ҳақирлигини ҳис қилмай, бу дунёнинг лаззатларига берилиб, охиратда ҳам шундай яшайман, деб ўйласа, унинг ақли ноқисдир. Тажриба ва кузатувлар натижасидан маълумки, бу дунёнинг лаззатлари кетидан қувиш нафақат бу дунёнинг ўзида, балки охиратда ҳам машаққатлар ва қийинчиликларга сабаб бўлади. Ақли ноқис одам, олим бўла олмаганидек, охиратнинг буюклиги ва абадийлигини билмаган киши ҳам олим бўла олмайди.
Кимки дунё ва охиратнинг бир-бирига зид эканини билмай, иккисининг орасини жамлашга интилса, гўёки, у бўлиши мумкин бўлмаган ва барча пайғамбар алайҳимуссаломларнинг шариатларига хилоф ишни талаб қилибди.
Кимки буларнинг ҳаммасини била туриб, дунёни устун кўрса, у шайтонга хизматчи бўлибди. Унинг шаҳватлари бир куни унинг ҳалокатига, охиратда эса бадбахтлигига сабаб бўлади. Бундай инсон қандай қилиб ўзини олим дейиши мумкин.
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга: “Қайси олим дунёга бўлган севгисини Менинг муҳаббатимдан устун қўйса, унинг муножотларидан, зикру тасбеҳларидан ва ибодатларидан лаззатни олиб қўяман.
Эй Довуд! Кимки, дунёнинг нашъу намосига берилиб, сени ва сенга эргашган инсонларни Раббингдан узоқлашишларига сабаб бўлса, ундан ҳол сўрама, суҳбатидан узоқ бўл. Чунки у ўғридир.
Эй Довуд! Агар менинг розилигим талабида юрган кишини кўрсанг, унинг ходими бўл!
Эй Довуд! Ким мен томонга ошиқиб югурса, мен уни зийрак ва оқкўнгил, деб ёзиб қўяман. Кимни зийрак оқкўнгил, деб ёзиб қўйсам, уни азобламайман”, деди.
Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ким илму ҳикмат орқасидан дунё орттиришни ният қилиб ҳаракат қилса, унинг илмида равнақ ва ривожланиш бўлмайди”.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: “Қайси олим дунё ва унинг аҳлларига муҳаббатли бўлса, у дин ва унинг аҳллари орасида муттаҳамидир”.
Бир олимдан сўрашди: “Гуноҳ қилиб ундан лаззатланадиган киши Аллоҳ таолога ориф бўла оладими?”. У зот айтдилар: “Мен ҳеч иккиланмай айтаманки, қайси шахс дунёни охиратдан устун кўрса, у ориф бўла олмайди. Гуноҳ қилувчининг даражаси эса бундан анча пастроқ бўлади. Гуноҳ қилиб пушаймон ва тавба қилиш ўрнига, ундан лаззатланувчи киши ҳақида эса гапириб ҳам ўтирмайман”.
Шу нарсани ҳам ёдда тутиш лозимки, инсон фақатгина мол дунёга муҳаббат қилмаслик билангина охират олими мақомига эга бўлмайди, балки, мансаб-мартабага қизиқишнинг зарарлари, олим учун мол-дунёнинг офатидан ҳам каттароқдир.
Яъни, дунё муҳаббатини дин ва охиратдан устун қўйишнинг зарарлари ҳақидаги юқоридаги огоҳлантиришлар қанчалик аҳамиятли бўлса, мансаб мартабага қизиқиш ва унга интилиш борасида ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, мансабнинг лаззати мол-дунёникидан ҳам ширинроқдир. Шундай экан мансаб-мартабага хирс қўйишнинг зарари олим учун мол дунёникидан ҳам хатарлироқдир.
Иккинчи аломат:
Олимнинг сўзи ва амали бир хил бўлади. Бошқаларни яхшиликка буюриб, ўзи унга амал қилмайдиганлардан бўлмайди.
Аллоҳ таоло айтади: “Китоб (Таврот ва Инжил)ни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасиз-у, ўзингизни унутасизми?! Ақлни ишлатмайсизми?!” (Бақара сураси, 44–оят).
Бошқа оятда эса: “Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафратга (сабаб)дир”, дейилади (Соф сураси, 2-оят).
Ҳотамул Аъсом айтади: “Қиёмат куни инсонларга илм ўргатган ва ўзи унга амал қилмаган олимдан кўра кўпроқ ҳасрат чекувчи инсон бўлмайди. Бу тоифа олимлар илмига амал қилмагани туфайли ҳеч вақосиз қолади”.
Абдурроҳман ибн Ғанам раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен ўн нафар саҳобаи киромдан қуйидаги мазмундаги ҳадисни эшитдим: “Биз Қубо масжидида илм ҳосил қилиб ўтирган эдик, Набий алайҳиссалом ҳузуримизга кириб келдилар-да: “Қанча бўлса ҳам илм ҳосил қилаверинглар, лекин, Аллоҳ таоло у илмлардан амали бўлмаганига ажр бермайди”, дедилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни илмига амал қиладиган олимлардан қилсин!
«Охирзамон уламоларининг аломатлари» китобидан
Камолиддин РАВШАН ўғли
таржимаси
ИҲТнинг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди
Кеча, 13 декабрь куни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари мажлиси Истанбул шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизмати хабар берди.
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу учрашувида асосий масала сифатида АҚШ президенти Дональд Трампнинг Исроил пойтахти дея Қуддусни тан олиши ҳақидаги қарори кўриб чиқилди.
ИҲТнинг расмий сайтида баён қилинишича, саммит ниҳоясида якуний баёнот эълон қилинган. Унга кўра, ИҲТга аъзо мамлакатлар 1967 йилдаги чегараланиш бўйича пойтахти Қуддус шаҳри бўлган Фаластин давлатини тан олиш талаби билан чиқдилар.
Маълумот учун, Истанбулда ташкил этилган саммитда 48 давлат вакиллари иштирок этган.
ЎМИ матбуот хизмати
Бир ҳадис шарҳи: Ота-онага яхшилик қилиш фазилати
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Роббнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”.
Шарҳ: Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилиш хусусида шундай марҳамат қилган: “Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яxшилик қилингизлар!..” (Нисо, 36).
“Анкабут” сурасининг 8- оятида эса: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик (яъни ота-она хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир)”, деган.
Демак, ота-она номига сазовор бўлган шахс борки, динимизда улар эҳтиромга лойиқ зотлар сифатида қадрланади. Юқоридаги ҳадиси шариф матнида келган “Раббнинг розилиги” отанинг розилиги ва “Аллоҳнинг ғазаби” отанинг ғазабида эканининг ўзи ҳам, Исломда уларнинг қадри қанчалар юксак эканига далолат қилиб турибди.
Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда иккала ўринда ҳам “ота” сўзи ўрнига “ота-она” сўзи келтирилган ва буни ровийдан шак дейилган. Ҳадис китобларининг баъзи жойларида “ровийдан шак” деган сўзга кўзимиз тушади. Бу эса ўша ҳадиси шарифни кучсиз эканига эмас, балки фақат ўша лафз ҳақида ровийнинг шакда эканини ифодалайди. Яна ҳам аниқроқ айтсак, ровий шу иккала сўздан қайси бирини айтганлари ҳақида шакка тушганини тушунсак бўлади.
Дунёда ҳеч бир буюк шахснинг сўзи ёки у ҳақидаги маълумотлар, охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва ҳаётлари сингари аниқлик билан сақланиб қолинмаган. Ҳаттоки, ўзимиз ҳам бундан бир неча кун олдин ўзимиз айтган сўзларни сўзма-сўз айтиб беришимиз амри маҳол. Лекин саҳобалар ва улардан кейинги масъулиятли мусулмон уламоларнинг шарафли хизматлари сабабли, ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан қандай эшитилган бўлса, худди шундайлигича бизгача етиб келган.
Имом Термизий бу ҳадиси шарифни мавқуф деганлар. Ота дейилганда ўзининг асл ота ва бобоси киради. Ота-онани рози қилишлик билан Аллоҳнинг розилигига эришилади. Уларни ғазаблантириш билан Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлинади. Агар бу амр ва қайтариқлар фарзанднинг шахсига зулм бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг шариатига хилоф бўлмаса, фарзанд савоб умидида ота онанинг бу ишига сабр қилади. Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилади: Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Бир мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса бир эшикни очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди”, дедилар. “Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?” – дейилди. “Зулм қилган бўлсалар ҳам” – дедилар.
Имом Таҳовий: "Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади. Наҳй қилинган нарсаларда эмас”, дейдилар.
Тоҳир Фатаний: “Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас” деган.
Имом Ғаззолий: “Кўпчилик уламолар ота онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки, шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота онанинг итоати эса мажбурийдир", деганлар.
Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар: “Агар ота-онанинг ҳаққига баробар риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади. Чунки, насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради.
Демак ота-онани рози қилиш бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фақат ва фақат яхшиликка сабаб бўлишини унутмаслик лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизга, ота-оналаримизни рози қилиб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришмоғимизни насиб қилсин!
Олимхон ЮСУПОВ,
“Махдуми Аъзам” жоме масжиди
имом хатиби
Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги салоҳияти Малайзияда намойиш этилади
Ўзбекистон – Яратган суйган замин. Бу диёрдан дунё тамаддунига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган қанчадан-қанча буюк олимлар етишиб чиққанки, улар қўним топган муборак жойлар, улар қурдирган муҳташам биноларни кўпчилик ўз кўзи билан кўргиси келади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон зиёрат туризми бўйича катта имконият ва салоҳиятга эга мамалакат ҳисобланади.
Юртимиздаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар зиёратига хорижий сайёҳларни жалб қилиш мақсадида, бугунги кунда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўзаро ҳамкорликда хорижий мамлакатларда юртимизнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида қатор учрашувлар ўтказишмоқда.
Зиёрат туризм соҳасида хорижий мамлакатлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон делегацияси қатор халқаро ташрифларни амалга оширмоқда. Шундай ташрифлардан бири Малайзияга амалга оширилди.
Малайзияга йўл олган Ўзбекистон делегация таркибидаги вакилларимизнинг хабар беришича, улар кеча, 13 декабрь куни Куала-Лумпур халқаро аэрапортига етиб боришган.
Бугун, 14 декабрь санасида делегациямиз Малайзияда турли учрашувлар ва музокаралар ўтказади.
Эрта тонгдан ташкил этилган ҳукуматга қарашли бўлган “Табунг ҳажи” жамғармаси вакиллари билан ўтказилган тадбир самарали ўтгани маълум қилинди. Ушбу жамғарма Малайзияда ҳаж зиёрати масалалари билан шуғулланади.
Музокаралар якунида вакилларимиз хорижлик ҳамкорларимизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан тақдим этилган совғаларни топширдилар.
Аввалроқ, “Travel Turkey Izmir-2017” халқаро сайёҳлик кўргазмаси ўз ишини бошлагани ва ушбу кўргазмада Ўзбекистон делегацияси биринчи маротаба иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Бундан ташқари, зиёратчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида ислоҳотлар ўтказилмоқда. Шулардан бири сифатида Тошкент халқаро аэропортида намозхона ташкил этилганини келтириб ўтиш ўринлидир.
2018 йилнинг 1 январидан ҳар бир меҳмонхонанинг умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи бўлиши талаби ўрнатилган эди.
Камроқ шакар истеъмол қилишнинг фойдалари
Шакарнинг ҳеч қандай озуқавий қиймати йўқ ва у тишларимиз учун зарарли ҳисобланади. Буни кўпчилигимиз билсак – да, яна таъкидлаб ўтишни мақул кўрдик. Шакар калорияга бой бўлгани билан унинг организм учун ҳеч қандай озуқавий қиймати йўқ. Бундай калорияларга “бўш калория” дейилади. Шакарда на оқсил, на минераллар ва на витаминлар мавжуд. Агар биз энергиямизни 10 – 20 % ини шакардан оладиган бўлсак, бу озуқавий танқисликка олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари шакар тишимиздаги зарарли бактериялар учун осон ҳазм бўладиган энергия манбаи ҳисобланади. Шундан бўлса керак, болалигимиздан шакар ва ширинликларни камроқ истеъмол қилишни таъкидлаб келишади.
Шакарда фруктоза миқдори кўп ва у жигарга зарарлидир. Шакарнинг зарарларини яхшироқ билиш учун унинг таркибини билиш зарур. У овқат ҳазм қилиш тизимидан ўтиб қонимизга сўрилишидан олдин фруктоза ва глюкозага парчаланади.
Глюкоза – барча тирик мавжудотларда бор бўлиб агар организмимиз уни керакли миқдорда озуқалардан олмаса, ўзи ишлаб чиқариш қобилиятига эга.
Фруктоза – глюкозадан фарқли ўлароқ организмимиз фруктозани ишлаб чиқармайди. Бунга сабаб бизда унга физиологик эҳтиёж йўқлигидадир.
Глюкозанинг ўзига хос жиҳати, у жигар орқали парчаланиб, ишлов берилади. Агар оз миқдорда фруктоза қабул қилсак, буни ҳеч қандай зарари йўқ, у глюкогенларга айлантирилиб жигаримизда сақланиб турилади. Аммо глюкогенлар миқдори кўпайиб кетган вақтда жигаримиз уни ёғга айлантиради ва бу ёғ жигаримиз атрофида йиғилади. Бу эса ўз навбатида жигар касалликларига олиб келади.
Шу нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, бу жиҳатлар мева орқали олинадиган фруктозага тегишли эмас. Мева орқали меъёридан ортиқ фруктоза истеъмол қилиш жисмонан имконсиз.
Яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ҳар бар одамнинг организми шакарга чидамлилик даражаси бўйича турлича бўлади. Соғлом ва фаол инсонлар унча фаол бўлмаган инсонларга нисбатан шакарга чидамлироқдирлар.
Шакар ҳужайраларнинг инсулинга нисбатан бўлган чидамлилигини оширади ва қандли диабедга йўл очади
Инсулин соғлиғимиз учун жуда муҳим гормон ҳисобланади. У глюкозанинг қонимиздан ҳужайраларга киришини таъминлайди ва ҳужайраларга ёғнинг ўрнига глюкозани ёқиш кераклигини билдириб туради. Қонда юқори миқдорда глюкоза бўлиши жуда зарарли бўлиб, қандли диабед билан касалланганларда кўриш қобилиятининг пасайиши ва бошқа қийинчиликларга сабаб бўлади.
Шакарнинг зарарли тарафи шундаки, ҳужайралар инсулин гормони буйруқларини бажармай қўяади ва инсулинга беписанд бўла бошлайди. Бу ўз навбатида кўплаб қон ва юрак касалликларига йўл очиб беради.
Ҳужайраларимиз инсулинга чидамли бўлгандан кейин бета ҳужайралар кўпроқ инсулин ишлаб чиқара бошлайдилар, чунки қонда шакар миқдорининг кўпайиб кетиши жуда зарарлидир.
Лекин ҳужайралар инсулинга қаршилик қилиши кучайиб борган сари бета ҳужайралар шакар миқдорини камайтириш учун керакли миқдорда инсулин ишлаб чиқара олмай қоладилар. Натижада қонда шакар миқдори кўтарилиб кетиб қандли диабетга олиб келади.
Шакар алкогол ва наркотик моддалари сингари ўзига боғлиқлик уйғотади.
Спиртли ичимликлар ва наркотик моддалар истеъмоли мияда допамин моддасини ишлаб чиқариши сабабли уларни истеъмол қилганлар боғланиб қолишади.
Шу йилнинг бошида олимлар шакар истеъмоли ҳам юқори миқдорда допамин моддаси ишлаб чиқарилишига олиб келади ва одамларда шакарга нисбатан боғлиқлик пайдо бўлишига сабаб бўлади деган илмий фикрни билдиришди.
Интернет манбалари асосида,
Шароф Рашидов тумани «Яккатут»
масжиди имом-хатиби
Адҳам ЗУЛФИЕВ
тайёрлади.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.