muslim.uz

muslim.uz

Жиддадаги Тижоратни ривожлантириш бўйича исломий марказ 2018 йилнинг 6-10 февраль кунлари Кувайтдаги Савдо ва саноат вазирлиги билан ҳамкорликда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлар иштирокида халқаро тижорат кўргазмасини ташкиллаштирмоқчи.

Мазкур кўргазмани ўтказишдан мақсад ИҲТга аъзо давлатлардаги савдо айирбошлаш ҳажмини орттириш ва 2025 йилда бу кўрсаткични 25 фоизга оширишдир.

Тижоратни ривожлантириш бўйича исломий марказнинг матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирга қадар ИҲТга аъзо 30дан ортиқ давлат мазкур тижорат кўргазмасида иштирок этишга розилик билдирган.

Кўргазма ўз навбатида ишбилармонлар, сармоядорлар, савдони ривожлантириш ҳайъатлари ҳамда  Ислом оламидаги савдо жамиятлари учун ўз маҳсулотларини реклама этиши, савдо-сотиқ масалаларига доир ҳамкорлик шартномалари тузиши ва тижорат ширкатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишига  қулайлик яратади.

Шунингдек, кўргазма доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатларидаги хусусий секторлар вакиллари ва Сармояни ривожлантириш ҳайъатлари ўрталарида йиғилишлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

 

       Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси Илёсхон Аҳмедов тайёрлади

Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Мени жаннатга киритадиган ишга буюринг”. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, дедилар.

 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳга қайси амал маҳбуброқ?” деб сўрадим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар. 

 

Усома ибн Шурайж айтдилар: “Аъробийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси нима?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси ахлоқдир”, дедилар.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Инсонларнинг қайси бири афзалроқ?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Махмумул қалб ҳамда ростгўй киши”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар сўрашди: “Ростгўй кишини биламиз. “Махмумул қалб” ким?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ўта пок, тақводор, гуноҳи, хиёнати, алдови, ҳасади йўқ кишидир”, дедилар” (Ибн Можа ривояти).

 

Абу Ҳумайд Саъидий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Саҳобалар Ё, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, биз сизнинг ҳаққингизга қандай салавот айтамиз, деб сўрадилар? Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама соллайта ъала оли Иброҳима  ва барик ъала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама баракта ъала оли Иброҳима иннака ҳамидум мажид”, деб айтдилар.

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима нарса сўралмасин “Йўқ” демаганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

тўплади

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлингким, ҳар бирингиз раҳбар-бошлиқдирсиз ва ҳар бирингиз қўл остидаги, қарамоғингиздаги кишилар(нинг ҳар томонлама яъни маънавий ва моддий таъминоти)га масъулдирсиз. Амир одамларга раҳбардир ва қўл остидагиларга масъулдир. Эркак киши оила-аҳлига раҳбардир ва (Қиёматда) қўл остидаги(барча оила-аъзоларини моддий, маънавий, таълим-тарбиявий, ахлоқий жиҳат)лари ҳақида сўроққа тутилур! Ҳар бир эркакнинг аёли эрининг уйи ва фарзандларига раҳбардир ва у аёл эри ва қарамоғида, бевосита тарбиясида бўлган фарзандлари (яъни эри ва фарзандларини ҳақларини тўлиқ адо этдими-йўқми экани) ҳақида сўроққа тортилур!..”, деганлар. (Бу ҳадис барча “Саҳиҳ” ва “Сунан” китобларда ривоят қилинган).  

 Оиланинг барча моддий ва маънавий таъминоти эрнинг зиммасида экани Қуръони каримда бундай баён қилинган: «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир[1]» (Нисо сураси, 34-оят).

Демак, эркакларнинг оила раҳбари бўлишларининг асосий сабаби улар аёлларнинг моддий ва маънавий таъминотларини адо этишга салоҳиятлилиги учун экан. Агар оиланинг таъминотига бефарқ бўлсалар, раҳбарлик вазифасини уддалай олмаганлари учун шаръан жавобгарликка тортиладилар.

Фиқҳий манбаларимизда эр сафарда бўлиб, оиласи таъминотини жойига қўймаса, аёл буни қозига кўтарса, қози унга болалари ва ўзига кифоя қилгудек зарурий нарсаларни эрни номига қарз олишга кафолат хати қилиб беради ва эри келгач, эрдан аёли олган қарзларни қози ҳақдорларга ундириб бериши очиқ айтилган.

Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо, бир шаръий арзигулик сабаб бўлиб, ажрашсалар, қуйидаги тартибда ҳукм қилинган: аввало, аёлга маҳрини бериб улгурмаган бўлса, уни тўлаши вожиб бўлади: «Агар уларга маҳрни белгилаган бўлсангиз-у, лекин қовушмай туриб талоқ қилган бўлсангиз, белгиланган маҳрнинг ярми (зиммангиздадир). Магар улар (шу ярмини олишдан ҳам воз) кечиб юборса ёки никоҳ ўз ихтиёрида бўлган киши (яъни эр ўша ярим маҳрдан) воз кечса (яъни маҳрни ярмини олиб қолмай, хотинга  мукаммал тўласа, жоиздир). Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқдир...» (Бақара сураси, 236-237-оят).

 Агар яқинлик қилган бўлсалар, маҳрни барчасини тўлаши вожиб бўлади. Чунки энди уларни орасини боғловчи никоҳ тугади. Ажрашгандан то иддаси чиққунча аёл киши эрининг уйида ўтириши ва эр уни моддий таъминлаши вожибдир. Чунки иддаси чиққунча хотин шу эрнинг қарамоғида бўлади. «Талоқ қилинган аёлларни меъёрида таъминлаш тақводор (эр)ларнинг зиммаларидаги ҳақ (бурч)дир» (Бақара сураси, 241-оят).

Нафақа талоқ қилинган аёлнинг иддаси чиққунга қадар тўланади. Иддаси тугагач, эрни уйидан чиқиб, ўз нафақасига ҳаракат қилиш ва бошқага турмушга чиқишига рухсат берилади. Агар орада эмизикли фарзанд бўлса, уни она қарамоғига олиб, эмизса ва сут ҳақи талаб қилса, уни ҳам тўлайди. Фарзанд сутдан чиққач, онага ҳақ тўлашни тўхтатиб, фарзанд то балоғатга етгунга қадар ота ўз ҳолидан келиб чиқиб, ўртача ҳол(яъни бой бўлса, бойларнинг ўртачаси, ўрта ҳол бўлса, ўрта ҳолларнинг ўртачаси, камбағал бўлса, уларнинг ўртача деб билинган даража)да болани таъминлайди. Кийим-кечак, еб-ичиш, турар-жой, касалини даволатиш – барчаси ота зиммасидадир.                                  

Фарзанд қиз бўлса, балоғатга етиб, турмуш қургунга қадар таъминоти ва никоҳ тўйи харажатларини ҳам ота беради. Агар ўғилми-қизми, фарзанд тузалмас касал бўлса, бир умр уни ота таъминлайди.

Бугунги кунда ажрашган оталарга маълум миқдор алимент белгиланади. Бу юқорида айтилган шаръий ҳукмларга ҳамоҳангдир. Бунда белгиланган вақтгача, отанинг ойлик маошини маълум фоизини бериш тайинланади. Алимент шаръий нафақадан енгил ва оздир. Чунки нафақа бу  ҳар ойга маълум миқдор тўлов эмас, балки фарзанднинг то балоғатга етгунча барча харажатларни тўлиқ кафолатлаш, касал бўлса, даволатиш маъносини ҳам қамраб олади. Бу эса ҳар ой бир хилда фалонча сўм эмас, шароитга қараб, баъзи бир ойларда кўпроқ бўлиши табиий.

Шунинг учун алимент берувчи оталар, уни беришдан бош тортишлари гуноҳи кабирадир. Бош тортсалар ёки имкони бўла туриб, ортга сурсалар, вазифа ва мажбуриятларини бажармаган бўладилар ва уларни шаръан ҳам, қонунан ҳам жавобгарликка тортиш лозим бўлади.

Баъзи оталар “алиментни бердим, бўлди”, демасдан, мабодо, фарзандлари кўпроқ ёрдамга муҳтож ёки бемор бўлиб қолсалар инсоф қилишлари ва қўшимча ёрдам ҳам беришлари зиммаларидаги вожиб ҳисобланишини унутмасликлари лозим. Ҳеч бўлмаганда, ота алиментни ўз вақтида беришдан бош тортмаслиги лозим. Турли байрамларда фарзандларини йўқлаб, алиментдан ташқари кийим-кечак ва совға-салом бериб туришлари керак!

Алимент баъзи йилларда давлат ташкилотида расмий хизмат қилган одамлардангина олинар, расмий фаолияти йўқ киши тўламас эди. Афсуски, шу вақтлар баъзи кишилар ажрашган хотинидан “эркакчасига” қасос олмоқчи бўлиб, алимент тўламаслик мақсадида расмий ишларидан воз кечиб, чет элларда мардикорлик қилиб юрганлар. Ҳозир эса расмий фаолият олиб бораётган кишига ойлик маошини маълум фоизи, расмий фаолиятда бўлмаганларга ҳам муайян миқдорда ойлик алимент белгиланган. Бугун алиментдан қочиб қутилиш имкони йўқ. Шунда ҳам, баъзи кишилар бошқача йўлга ўтмоқдалар: расмий фаолияти бўлмаган кишиларга белгиланган алимент миқдори арзимас пул бўлса ҳам, шуни янада озайтириш мақсадида бу инсонлар энг кам иш ҳақи тўланадиган ишларга номигагина расмий ўрнашиб олиб, ўзи бозорда норасмий фаолият юритиб, яхшигина даромад топса-да, ой якунида расмий арзимас маошинини маълум фоизини алимент ҳисобида тўламоқдалар. Бу одамлар мазкур фирибгарлиги билан шариат тайинлаган вожиб нафақадан қочиш пайига тушмоқдалар. Лекин шариат вожиб қилган вазифани адо этган ҳисобланмайдилар. Бўйинларида қарз бўлиб, қиёматга қолади.

Бир нарсани яхши тушуниш керакки, шаръий нафақа ва алимент тўловлари хотин учун эмас, ўз фарзандлари учундир. Бу борада хотинига ғазаб қилиб, бош тортиш ёки ҳийла қилиш, ўз фарзандининг ҳақини поймол қилиш, келажагига болта уришдир. Исломда яшаб турган аёлига ҳам, ажрашган хотинига ҳам, фақат ва фақат гўзал муомала қилишга буюрилган:

«...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо сураси, 19-оят).

Бу оятдаги «...тотув турмуш кечириш» оятини олимлар аёлларнинг барча ҳақларини тўлиқ адо этиш, маҳри ва нафақасини ўз вақтида бериш, қўпол сўзлар ила муомала қилмаслик, ундан юз ўгириб, бошқасига майл қилмаслик, деб таъкидлаганлар.

Хулоса сўз шуки, оталар ҳамиша алиментларини ўз вақтида, чин кўнгилган чиқариб, оталик бурчини адо этаётганини ҳис қилиб адо этишлари лозим. Имкони бор оталар алиментни ўзи билан кифояланмай, доимо фарзандларини эҳтиёжларини вақтида қондириб, бировга муҳтож қилмай, келажакка нафрат билан эмас, ҳавас ва умид билан, бахтиёр ҳолда жисмонан ва руҳан эзилмай, соғлом, бақувват бўлиб вояга етишига имконият яратиб беришлари, уларни ҳам ўзлари билан бир уйда яшаб турган фарзандлари билан ҳар томонлама тенг олиб юриб, адолатли оталарга бериладиган ажру мукофотларга эришиш пайида бўлишлари ўзларининг икки дунёлари учун манфаатлидир. Аксинча, бундан турли ҳийлалар билан бош тортсалар ҳам, суд идораларида ўзларини оқлаб, хотинлари устидан “ғалаба” қозонсалар ҳам, буларнинг барчаси ўткинчи дунёдаги вақтинча ва ёлғон ғалабадир. Фарзандларини нафақаларини, алиментларини адо этмасалар, қиёматда савобга муҳтож бўлган ҳолларида хайру  савоблари ота ўрнига ота бўлиб, қийналиб бола тарбия қилган собиқ хотинлари ва отаси томонидан ҳақлари поймол этилган фарзандларига олиб берилиши ҳақиқатдир. Адолат тарозуси тиклангач, олди-бердиларни адо қилишга кеч бўлади! Бундай мағлубият ва юзи қароликдан Аллоҳ таоло барча оталарни асрасин. Оилаларни қўшгани билан қўша қаритсин. Фарзандларни ўз  ота-оналари бағрида намунали камол топтирсин!    

 

Манбалар асосида

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

 Баҳодир Баҳромжон ўғли тайёрлади

 

[1]. Мақоладаги оятлар тафсири муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур (ҳафизаҳуллоҳ).

Зиёрат туризмини мамлакатимизда янада ривожлантириш мақсадида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шундай ислоҳотлардан бири сифатида Тошкент халқаро аэропортида намозхона ташкил этилганини келтириб ўтиш ўринлидир.

Соҳани ривожлантириш, юртимизга ташриф буюраётган зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан янги давлат стандарти ишлаб чиқилди.

Oʻz DSt 3220:2017 “Туристик хизматлар. Жойлаштириш воситалари. Умумий талаблар” бўйича стандарт 2018 йилнинг 1 январидан кучга кириши белгиланган.

Ўрнатилган қоидаларга кўра, ҳар бир меҳмонхонанинг умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи бўлиши шарт.

24 ноябрь куни Мисрнинг Синай яриморолида жойлашган масжидда жума намози ўқилаётган пайтда портлаш юз берди.

Террорчилар айнан жума намози ўқилаётган пайтда портловчи ускунани ишга туширгани ҳақида маълумот берилган.

Теракт натижасида қурбонлар сони 235 нафарга етгани маълум бўлди. Бундан ташқари 120 га яқин одам яралангани айтилмоқда.

Террорчилар Шимолий Синайдаги масжидда содир этилган портлашдан кейин масжидни тўртта машинада қуршаб олганлар. Жангарилар портлашдан кейин масжиддан югуриб чиқаётган одамларни ўққа тутган.

Миср ҳукумати теракт қурбонлари хотирасига уч кунлик мотам эълон қилгани маълум қилинди. Айни вақтда бирорта ҳам террорчилик гуруҳи ушбу теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top