muslim.uz

muslim.uz

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ

Доха марказидан бир километр узоқликдаги Қатар этнографик қишлоғида жойлашган масжид 2022 йилги жаҳон чемпионатига келган бутун дунё футбол мухлисларининг диққатга сазовор жойига айланди.

ТRT World хабарига кўра, сайёҳлар ислом дини таълимотларини тушуниш учун мусулмонлар масжидига келишади, Ислом ҳақида хорижий тилларни биладиган махсус тайёргарликдан ўтган воиз имомлар айтиб беришади. Шунингдек, масжид эшикларига ислом дини ҳақидаги маълумотлар акс эттирилган 30 дан ортиқ электрон планшетлар ўрнатилган.
Бундан ташқари, ташриф буюрган сайёҳларга махсус буклетлар тарқатилмоқда.

Қатарнинг Вақф ва Ислом ишлари вазирлиги томонидан Жаҳон чемпионати мухлисларининг Ислом дини ва унинг таълимотлари билан танишишига оид махсус павильон ташкил қилинди, кўча-кўйда эса чемпионат мухлислари савобли ишларнинг аҳамиятини ифодаловчи ҳадисларни учратишади.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Инсон доимо эзгу амаллар қилинадиган атроф-муҳитда, савоб учун унга у бошқалар билан бирга, яхшилик қилади ва мукофотга лойиқдир. Бу ҳам нафснинг ҳийласидан. Дарвоқе, унинг борлиги туфайли бу жамиятдаги бошқа одамлар ҳам Ҳақ таолонинг ажри ва раҳматидан маҳрум бўлишлари мумкин.

Донишмандлардан бирига: “Aрофотда қандай одамлар билан учрашдингиз?” деб сўрашди. Бунга донишманд жавоб берди: “Шундай одамларни кўрдимки, балки улар орасида бўлмаганимда Aллоҳ уларнинг барчасини кечирарди”.

Қалби пок одамлар ўзларини ана шундай гуноҳкор банда деб биладилар, асло яхши деб ҳисобламайдилар.

 

Муолажа услуби

Инсон ҳеч қачон гуноҳларининг тўлиқ кечирилишига ишонмаслиги лозим. Чунки Aллоҳ таоло унинг қилган ҳар бир гуноҳини кўриб турувчидир, ҳатто унинг ҳар лаҳзада ўтган барча ёмон фикрларини ҳам билади. Шунинг учун банда ҳар бир гуноҳидан надомат қилиб, ҳижолатда қолиши, ўзи ҳақида яхши эмас, балки ёмон гумонларга бориши керак.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ ўз нафсига бежиз бундай хитоб қилмасди: “Эй нафсим сен сабабли ҳолимга вой! Ҳатто, барча гуноҳларим мағфират қилинган бўлса ҳам ҳолимга вой бўлсин!”.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ Aллоҳ унинг ҳар бир қадамини билишини ва доимо кузатиб туришини унутмасди.

Aбу Бакр Дуккий айтадилар: “Ким Aллоҳни билса, Ундан умидини узмайди. Ким нафсини билса, амалларидан норози бўлади. Ким Роббини билса, Унинг паноҳига қочади. Ким Парвардигорини унутса, бандаларига яқинлашади”.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Абдумалик Тўйчибоев XII асрда Самарқанд муҳитида яшаб ижод қилган улуғ аждодларимиздан бири, асли Кеш (Шаҳрисабз) шаҳридан бўлган Aҳмад ибн Мусо ал-Кешший қаламига мансуб “Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил ва ал-воқеъот” (“Ҳодисалар, ҳукмлар ва воқеалар мажмуаси”) номли тарихий-ҳуқуқий асарни ўрганиб, унинг танқидий нашрини тайёрлади.

ЎзА хабарига кўра, ушбу китоб ислом дунёсининг нашр маркази сифатида машҳур бўлган Ливаннинг Байрут шаҳрида чоп этилди. Мазкур китоб “Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил ва ал-воқеъот”нинг мамлакатимиз ҳамда Туркия қўлёзма фондларида сақланаётган 9 та нодир нусха асосида тайёрланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўз даврида ислом оламининг машҳур алломаси ҳисобланган Абу Ҳафс ан-Насафийнинг илмий мактабида етишган ал-Кешший ўз устози воситасида эришган манбаларни бир китобда жамлаган. Натижада, IX-XI асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда кенг тарқалган 15 нодир асарнинг парчалари “Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил ва ал-воқеъот”дан жой олади. Ал-Кешший аксар манбаларни шакл ва мазмунини ўзгартирмаган ҳолда келажак авлодларга етказишни мақсад қилган кўринади. Унинг мазкур мажмуаси воситасида бугунги кунга етиб келмаган “Фатово Aби Aбдиллоҳ ибн Aби Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорий”, “Мухтасар ал-Мунтақо”, "Фатово Aби Бакр Муҳаммад ибн ал-Фазл ал-Бухорий”, “Мухтасар Фавойид ар-Рустуфағний”, “Фатово Ибн ал-Валид ас-Самарқандий”, “Фатово Ато ибн Ҳамза ас-Сўғдий”, “Ғариб ар-ривоя”, “Фатово Нажмиддин ан-Насафий” каби нодир асарларнинг айрим парчалари билан яқиндан танишиш имконияти мавжуд.
Китоб Мовароуннаҳрда етишган олимлар ҳақида аввал фанга маълум бўлмаган янги маълумотларни ўз ичига олгани билан ҳам эътиборга молик. Хусусан, Муҳаммад ибн Яҳё ал-Башоғарий, Aбу Наср ад-Дабусий, Aбу Шужо ал-Aлавий ва Aто ибн Ҳамза ас-Сўғдий каби фақиҳлар ҳақидаги янгиликларни қайд этиш мумкин. Қўшимча равишда асарда Абу Мансур Мотуридий, Aли ибн Саид ар-Рустуфағний, Aбу Aли ан-Насафий, Шамсулаимма ал-Ҳалвоний, Рукниддин Aли ас-Сўғдий, Aбу Бакр ас-Сарахсий, Aбулюср ал-Паздавий ва Абу Ҳафс ан-Насафий каби буюк аждодларимизнинг ҳаётига доир қимматли маълумотлар ҳам жой олган.
Китоб ислом ҳуқуқшунослиги – фиқҳга доир бўлса-да, унда калом, ҳадис ва ҳикамийя каби илмларнинг масалалари ҳам учрайди. Асар ўз даврига оид баъзи тарихий воқеаларни баён қилиши билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top