muslim.uz

muslim.uz

Мисрда бўлиб турган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Қоҳира шаҳрида Араб давлатлари парламентлари лигаси раиси Одил ал-Асумий билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, Араб давлатлари парламентлари лигаси 22 та араб давлатларини ўз атрофига бирлаштиради.
Учрашувда Ўзбекистон парламентининг араб давлатлари парламентлари, хусусан, араб давлатлари парламентлари лигаси билан ҳамкорлигини янада фаоллаштириш масалалалари муҳокама қилинди.
Танзила Норбоева Ўзбекистон парламенти ва Араб парламенти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзаро англашув меморандумини имзолаш таклифини қўллаб-қувватлар экан, Ўзбекистон Араб мамлакатлари билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик ва манфаатли муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатдан ривожлантиришга тайёр эканлигини билдирди.
Ўз навбатида Одил ал-Асумий Араб давлатлари уюшмаси, жумладан, Араб парламенти Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи ўрнини эътироф этган ҳолда Ўзбекистон билан барча соҳаларда, хусусан, парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштиришга тайёр экалигини қайд этди. Араб ишбилармонлари доиралари иштирокида Ўзбекистонда йирик иқтисодий форум ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини араб давлатларига экспорт қилиш ва бунда транспорт- логистика масалаларини самарали ҳал этиш чоралари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг юқори самараси эътироф этилгани ҳолда 2023 йил Самарқанд шаҳрида Араб ва мусулмон мамлакатлари парламентлари аёл аъзоларининг биринчи форумини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

vendredi, 18 novembre 2022 00:00

Бемазҳаблар ҳақида

“Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”, деб севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар.
Уламои салафлар эса ўз дини, эътиқодига содиқ қолиб, мусулмонларни турли ихтилофлардан қайтариб, бирдамликка чақирганлар.

Афсуски, ҳозирги замонда, диндорларга қараб динларга баҳо бериладиган бўлиб қолган. Шу сабабли, бошқалар, булар мусулмонлик даъвосини қилишар эди, мусулмонлик шу экан-да, дейишлари мумкин.

Турли омилларга кўра динимиздан узоқлашган халқимиз, ўтмишда турли бало-офатларга гирифтор бўлди, динимиздан узоқлашгани сари қолоқликка учради, заифликка юз тутди ва ниҳоят, мустамлака асоратида қолди. Худди шу боисдан худосизлар балосига йўлиқди. Ва охир-оқибат халқимизнинг бир қисми худосизликка юз тутди. Даҳрий тузум худди шулар ёрдамида юртимизда динимиздан асар ҳам қолдирмасликка жон-жаҳдлари билан курашдилар. Ўша худосизлар томонидан масжидлар вайрон қилинди. Ўша худосизлар томонидан Қуръонлар ёқилди. Ўша худосизлар томонидан уламолар ўлдирилди. Ўша худосизлар томонидан инсоният тарихида мисли кўрилмаган ваҳшийликлар қилинди. Уларнинг бирдан-бир мақсади Исломни йўқ қилиш эди.

Халқимиз эса ибодатларни фақат Ҳанафий мазҳаби асосида ўрганишар эдилар. Улар мусулмонликни таниганидан бери, унга иймон келтириб, амал қила бошлаганидан бери ибодатлар-у, шаръий аҳкомларни ана ўша Ҳанафий мазҳаби асосида ўрганиб, амал қилиб келганлар. Асрлар оша турли шароитларга қарамай, мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони Карим ва Суннати Набавийядан олиб, халқ оммаси учун қулайлаштириб қўйилган фиқҳий масалалар худди Исломнинг негизига ўхшаб қолган эди. Айниқса, қийинчилик пайтларда, худосизлар ҳамласига учраб динимизни ўрганиш қийинлашиб қолган кезларда, мухтасар фиқҳий китоблар ва улар асосида уюштириладиган ихчам дарслар катта фойда берар эди. Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа омиллар сабабли халқимиз бошқа мазҳаблардаги ҳукмлар қандоқ эканидан хабарсиз қолди. Улар кўпчилик мусулмон халқлари қатори ислом шариатини Ҳанафий мазҳаби орқали ўрганиб, Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳаётига татбиқ қилиб келдилар.



Учқўрғон тумани

"Музаффархон эшон" жоме масжиди имом-хатиби

Хушназаров Иброхимжон.

Жорий йилнинг 17 ноябр куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг “Исломда Ватан тушунчаси”, “Тасаддуқ ё Расулуллоҳ”, “Ҳаж буюк ибодатдур”, “Ихлос амаллар зийнати”, “Умра буюк ибодатдир” китобларининг “Zоом” платформаси орқали тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, бир қатор ислом билим юртларининг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом иниститути ректори Уйғун Ғофуров очди ва олиб борди.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом иниститути сийрат фани ўқитувчиси A. Зиёвиддинов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими директор ўринбосари Ғуломиддин Холбоев, Хоразм вилояти “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Д. Aбдуқодиров. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом иниститути фиқх фани ўқитувчиси Я. Раззақовлар сўз олиб, “Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ!” китоби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини юртдошларимизга равон, содда ва таъсирчан тарзда етказишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидладилар. Шунингдек, мазкур нашрда Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётидаги энг муҳим лавҳалар қамраб олингани қайд этилди.
Тақдимот давомида муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг “Исломда Ватан тушунчаси”, “Ҳаж буюк ибодатдур”, “Ихлос амаллар зийнати”, “Умра буюк ибодатдир” китобларлари хам тақдимоти бўлиб ўтди.
Сўзга чиққан нотиқлар юқорида тақдимот қилинган китоблар тўғрисида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Тақдимот давомида иштирокчилар асар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан мазмунли жавоблар олдилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Маълумки, мамлакатимиздаги масжидларда ҳафтанинг чоршанба куни фуқароларни қабул қилиш куни, сифатида белгиланган. Шу боис Фарғона вилояти масжидларида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни "Фуқароларни қабул қилиш куни" сифатида ўтказилмоқда. Қабул жараёнларида фуқаролар ўзларини қизиқтирган ва қийнаётган бир қатор масалаларда мурожаат қилишмоқда.
Марғилон шаҳар бош имом-хатиби Абдулфаттоҳ Олимовнинг қабулига келган фуқаролар эр-хотин ўртасида келишмовчилик юзага келганини таъкидлади. Имом-хатиб икки томонни ҳам тинглаб, динимизда оила ва никоҳнинг муқаддаслиги, оилада эр-хотиннинг бир-бирига бўлган муносабати фарзандлар тарбиясига таъсир этиши ҳақида динимиз кўрсатмаси ва бу борада салафи солиҳларнинг тутган йўли ҳақидаги ўгитларидан сўнг оила муросага келди. Юзага келган келишмовчиликда ҳар икки томон ҳам йўл қўйган камчилигини эътироф этиб, имом-хатибга ташаккур билдирдилар.
Шунингдек, Қўқон шаҳар "Зайнул Обидийн" масжиди имом-хатиби Абдуқуддус Исақовнинг ҳузурига келган икки фуқаронинг ўзаро молиявий муносабатларда келишмовчилиги борлиги, бу анча вақтдан буён давом этиб келаётгани маълум бўлди. Бу масалада икки томон ҳам ўз фикр-мулоҳазалари билдиргач, имом домла томонидан насиҳат қилинди. Аллоҳнинг ояти ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларидан таъсирланган мурожаатчилар юзага келган кўнгилсизликлар учун бир-бирларига узр айтиб, масалани ижобий йўл билан ҳал қилдилар.
Демак, кишилар ўртасида пайдо бўлган айрим муаммоларни озгина насиҳат билан ижобий тарзда ҳал қилиш мумкин. Масжидларда "Фуқароларни қабул қилиш куни"ни ташкил этилиши айни муддао бўлгани мурожаатчилар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу кунгача вилоятимиздаги масжидларга 6000 га яқин фуқаролар мурожаат қилган. Мурожаатларнинг асосий қисмини фиқҳга оид, намоз, савдо-сотиқ, ҳалол-ҳаром ҳамда оилавий низолар, шунингдек, моддий ёрдам сўраш билан боғлиқ масалалар ташкил қилмоқда.

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний таълим муассасаларида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Хусусан, Тошкент ислом институтида “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик — жамият барқарорлиги гарови” мавзусида модуль таълим тизими талабалари ва кундузги таълим тизими талаба қизлари учун давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент ислом институти ва Тошкент давлат юридик университети доценти, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), Абдурасул Абдуллаев маъруза билан иштирок этиб, Ислом динида бағрикенглик тушунчасининг мазмун-моҳияти ҳақида маъруза қилиб, ояту ҳадислардан ўқиб бердилар.
Бундай тадбир Aндижон "Саййид Муҳйиддин Махдум" ислом билим юртида ҳам бўлиб ўтди. Унда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги Қонуннинг янги таҳрирининг мазмун-моҳияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб ўтган давра суҳбатида талабалар “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик-жамият барқарорлиги гарови“ мавзусидаги маъруза тинглаб, динимизда бағрикенглик масаласига қандай ёндашиш кераклиги ва унинг жамият ривожидаги аҳамияти ҳақидаги кенг тушунчага эга бўлдилар.
Бундай давра суҳбатлари Жўйбори Калон, Хадичаи Кубро, Кўкалдош каби бир қатор ислом билим юртларида ташкил этилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top