ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФAТ

ЭНГ БАХИЛ ОДАМ КИМ?

Шариатимизда бахиллик қораланган бўлиб, ёмон одат ҳисобланади. Ҳақиқий бахил молу дунёсини қизғанган киши эмас, балки салом-аликни қизғанган кишидир. Баъзи инсонлар табиатида молу давлатни яхши кўришлик жуда кучли бўлади. Уни қизғанади асрайди, бировга берса, ажралиб қолишдан, ёки тугаб қолишдан чўчиб туради. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламдан "Мўмин бахил бўладими?" дея сўралганда, "Ҳа, бахил бўлиши мумкин", дея жавоб берганлар.

Аммо молу мулкини қизғанганидан ҳам ёмонроқ бахиллик бировга тинчлик тилаб саломлашишни қизғанган киши ҳисобланар экан. Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда, Набий соллаллоху алайхи васаллам "Инсонларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилганидир. Савобдан насибасиз киши саломга алик олмаганидир. Гар сен билан биродаринг орасига гина тушиб қолса, сен ундан олдин салом беришга қодир бўлсанг, шуни қил", деганлар (Имом Бухорий).

Бу ривоятда машҳур саҳобий Абу Ҳурайрани бизларга қилган буюк насиҳатлари келмокда. Салом беришни ўзига эп кўрмаган одам дунёдаги энг бахил одам сифатида баҳоланар, ҳаттоки бойлигини, давлатини қизғангандан ҳам ёмонроқ ҳисобланар экан. Аллоҳ Таоло барчамизни бундай бахилликдан асрасин!

Н.Имамов
Хонақоҳ жоме масжиди имом хатиби

Read 977 times
Top