muslim.uz
Озгина амалга буюк мукофот
Динимиз инсонларни одамларга яхшилик қилишга чақиради. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, дедилар.
Динимизда амаллар ҳажмига қаралмайди, балки амал қилувчининг ниятига қаралади. Озгина амал билан буюк мукофотларни қўлга киритиш мумкин.
Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: «Яхшиликнинг бирортасини паст санама! Ҳатто биродарингга очиқ юз билан йўлиқишни ҳам». Ҳадисга эътибор берилса, инсонлар наздида яхшиликнинг энг оддий кўриниши бўлган очиқ чеҳраликни ҳам паст санамасдан ихлос билан қилиш кераклиги уқтирилмоқда.
Ҳақиқий мўмин жамият дарди билан, атрофидаги одамларни ўйлаб яшайди. У қўлидан келгунича атрофдагиларга ёрдам қилади. Агар уларнинг бошига бирор кулфат тушса, худди ўзининг бошига тушгандек қайғуради.
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг бир-бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонлигининг мисоли худди бир жасад кабики, унинг бирор аъзоси оғриса, қолган аъзолари унинг учун бедорлик ҳамда иситма ила безовта бўлишади», дедилар.
Ушбу ҳадисда ҳам барча мўмин-мусулмонлар ҳар доим бир-бири билан ўзаро меҳр-шафқат ва ёрдамда бўлишлари ҳамда бирон бир мўмин-мусулмонга етган мусибатга худди ўзларига етгандек муносабат кўрсатишлари кераклиги баён қилинмоқда.
Дарҳақиқат, динимиз инсонларга манфаат етказиш, доим яхшилик қилишга чорлаган диндир. Динимиз худбинликни қоралайди. Мана бизнинг мубин динимизнинг асл таълимоти. Бу қоида билан нафақат бир инсон ёки бир жамият, балки бутун олам ислоҳ бўлади, тараққий топади.
Абдурауф Ёрбеков
Сирдарё вилояти «Абу Ҳанифа»
жоме масжиди имом-хатиби
Самарқандда ММОчилар диктатор(ми?)
«Оят» сўзининг маънолари
Бу мавзуга киришдан олдин Қуръони Каримга оид энг машҳур икки истилоҳ–«оят» ва «сура» сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари ила танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
«Оят» сўзининг бир неча луғавий маъноси бор:
1. «Мўъжиза».
Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Бани Исроилдан сўрагин, Биз уларга қанча очиқ-ойдин оят-мўъжиза берган эканмиз» (211-оят), деган.
2. «Белги-аломат».
Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Албатта унинг мулкининг оят-белгиси, сизларга Роббингиздан ичида сакина бор тобут келишидир» (248-оят), деган.
3. «Ибрат».
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида: «Албатта, бунда мўминлар учун оят-ибрат бордир» (77-оят), деган.
4. «Ажойиб иш».
Аллоҳ таоло Мўминун сурасида: «Ва Биз Ибн Марямни ва унинг онасини оят–ажойиб иш қилдик» (50-оят), деган.
5. «Бурҳон, далил».
Аллоҳ таоло Рум сурасида: «Осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингизу рангларингизнинг турли бўлиши, Унинг оят-далилларидандир» (22-оят), деган.
6. «Жамоат».
Арабларда, қавм ояти–жамоаси билан чиқди, деган гап бор.
7. Қуръон ояти.
Уламолар истилоҳида эса, Қуръон сурасига кирган, бошланиши ва тугаши белгили сўзлар тоифаси «оят» деб аталади.
Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луғавий маъноларни ўз ичига олган бўлади.
Ҳа, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, ҳарф ва сўзлар жамоаси ҳамда Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.
Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом билган. У кишидан Пайғамбар алайҳиссалом, у зотдан эса, мусулмонлар ўрганганлар.
Қуръони Каримдаги энг қисқа оят «Йасин» бўлиб, икки ҳарфдан иборатдир.
Энг узун оят эса, Бақара сурасидаги «Қарз олди-берди» оятидир. Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш маъноларни яхши тушуниб етишга ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради.
Қуръони Каримда оят сўзи кўп такрорланган. Оят сўзи баъзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маъноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса, фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқни англаб етилгандагина маъно тўғри тушунилади.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан
Нигерияда талабалар учун масжид қурилди
Нигерия пойтахти Абужада икки минг бола таҳсил оладиган мактаб ётоқхонасида Туркиянинг “Инсон нашрлари” ташкилоти томонидан масжид қурилди.
IQNA ахборот агентлиги хабар беришича, Дорул Арқом вақф фонди бошқарув раиси Доған Гўкман ушбу масжид фонд ҳамкорлигида очилган тўртинчи масжид эканини айтиб ўтган.
Масжид имом-хатиби Юсуф Солиҳнинг айтишича, мактаб 1989 йилда қурилган бўлишига қарамай, унда мусулмон талабаларнинг ибодат қилишлари учун махсус масжид бўлмаган. Ушбу хайрли иш фонд вакилларининг мактабга ташрифларидан сўнг амалга оширилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Салмон бин Абдулазиз Шавкат Мирзиёевни Саудия Арабистонига таклиф қилди
Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Улуғбек Мақсудов Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ал Саудга ўз ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар берди.
Ар-Риёз шаҳридаги ал-Ямама подшоҳлик саройидаги тантанали маросимдан сўнг Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз ал Сауд билан суҳбат бўлиб ўтди. Саудия Арабистони Подшоҳи Ўзбекистон Саудия Арабистони учун минтақадаги дўстона, ишончли ва истиқболли шерик эканлигини таъкидлади ҳамда унинг мамлакати Саудия – Ўзбекистон муносабатларини томонларни қизиқтирган барча йўналишларда сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Подшоҳ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг чуқур эҳтиромини етказиб қўйишни сўради ва мамлакатимиз раҳбарини ўзига қулай бўлган вақтда Саудия Арабистонига расмий ташриф билан келишга таклиф этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати