muslim.uz
Қўшнининг ҳақи
Тақий Усмоний ҳикоя қилади:
“Маккаи мукаррамада бозорга кириб, бир матони сўрадим. Дўкондор ўша матони топгунга қадар олдимга 20 тача ўрамдаги газламаларни тўкиб солди. Уларнинг ичидан биттаси менга маъқул тушиб, шуни сотиб олмоқчи бўлдим. Нарҳиям маъқул келди. Сотувчи:
- Сизга шу маъқул келди-а?
- Албатта маъқул келди.
- Унда йўлнингнариги томонига ўтсангиз, ҳув ана-у дўконда ҳам шу газламадан бор. Ўша ердан сотиб олинг.
- Ие, нега энди. Ҳамма нарсани шу ерда савдо қилдим, сизнинг ҳам қанча вақтингизни олдим. Нега энди ундан сотиб оларканман. Нега бундай деяпсиз? Бунинг сири нимада?
- Тўғридаги сотувчи менинг қўшним, кўряпманки, эрталабдан бери ҳеч нарса сотмади. Мен эса бу пайтгача анча нарса сотиб қўйдим…”
Ислом психологияси
Аёллар ўз эрларига: «Бир қоғозга бизнинг салбий сифатларимизни ёзиб беринг, уларни тузатмоқчимиз», дейишди. Бунинг сабаби улар аёллар жамиятига аъзо бўлиб, дарс ўтаётган ўқитувчи шундай қилишларини сўраган эди. Психолог барча аёлларга турмуш ўртоқлари ёзиб берган қоғоздаги салбий сифатларни ўқиб, уларни тузатиш йўлларини ўргатди. Лекин бир аёлнинг турмуш ўртоғи қоғозни мақтовли сўзларга тўлдирганини кўрди. У аёли ҳақида ҳеч қандай салбий сифат ёзмаган эди. Ўқитувчи ҳайрон бўлиб, уни чақиртириб, сабабини сўради. У айтди: «Аёлимнинг ўндан ортиқ жиддий, салбий сифатлари бор. Лекин мен уларни айтишим билан масала ҳал бўлиб қолмайди. Айб ва хатоларни юзга солиш нафрат ва қайсарликни келтириб чиқаради холос. Аммо меҳр-муҳаббатни ифода қилувчи сўзлар эса оилага ижобий кайфият олиб киради ва аҳллари орасида дўстона, илиқ муҳитни яратади. Зеро, ҳадиси шарифда ҳам: «Яхши сўз садақадир», дейилади. Шу муборак насиҳат оилада гўзал руҳият тақдим этади».
«...улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса. (Нисо сураси, 19-оят).
Психологнинг яна ҳайрати ошди ва унга юзланиб: «Энг тўғри ечим шу!» деб, уни олқишлаб қўйди.
ЎМИнинг Андижон вилоят вакиллиги
ходими Искандарбек Зокиров
Савда бинти Замъа (розияллоҳу анҳо)
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазрати Хадича (розияллоҳу анҳо) онамиз вафотидан сўнг ҳазрати Савда бинти Замъа онамизга уйланганлар.
Савда онамизнинг оталари Замъа ибн Қайс ибн Абдуш Шамс ибн Абд Вудд ибн Амир ибн Луай ибн Ғолиб, оналари эса аш-Шамус бинти Қайс ибн Амр ибн Зайд ибн Лабид ибн Хидаш ибн Амира бану Ади ибн ан-Нажжар қабиласидан эди.
Савда онамиз дастлаб амакиларининг ўғли Сакрон ибн Амрга турмушга чиққан. Икковлари исломни қабул қилиб, Ҳабашистонга ҳижрат қилганлар ва саккиз муҳожирнинг сафидан жой олган. Савда онамизнинг биринчи эрлари Сакрон ибн Амр касал бўлиб вафот этган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хадича онамизнинг вафотларидан бир неча йил кейин, Тоифдан ниҳоятда маҳзун бўлиб қайтган эдилар. Савда онамизга уйланишлари ана шундай вақтга тўғри келган.
Мўмина аёллар орасида Хавла бинти Ҳаким (розияллоҳу анҳо), Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг номларидан Савда онамизга совчи бўлиб борганлар. Савда онамиз оталарининг розиликлари билан Пайғамбаримизга турмушга чиқиб, 400 дирҳам маҳр олган. Шу вақтда Рамазон ойи бўлиб, пайғамбарликнинг ўнинчи йили эди. Бу никоҳ маккаликларни таажжублантирган. Чунки Савда онамиз ёш ҳам эмас, унчалик чиройли ҳам эмасди.
Лекин Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қийинчиликда қолган кимсасиз аёлни ҳимоя этганлар. Савда (розияллоҳу анҳо) мўминларнинг онаси, зиммаларидаги масъулиятни адо этишга сидқидилдан киришиб, етим қолган фарзандларининг тарбияси билан шуғулланган. Савда онамиз итоатли, севимли ва ҳазилкаш аёл эди.
Бир куни Савда (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га: «Эй Аллоҳнинг Расули, кеча ортингиздан намоз ўқидим. Жуда узоқ вақт руку қилдингизки, қон оқиб кетмасин деб бурнимни ушлаб турдим», дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кулдилар. Шу тариқа орадан уч йил ўтди.
Савда бинти Замъа Оиша онамиз келин бўлиб тушганидан кейин ҳам ҳазил-мутойибани тарк этмади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадонларига бошқа аёллари бирин-кетин кириб кела бошлади. Бироқ бу ҳол уларни ўз ўрниларини йўқотишга олиб келмади. Суюкли пайғамбаримиз ҳар қайсисига яраша муомала қилдилар.
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Мен Савдадан бошқа тутими ва сийратида ўзимга ёқадиган, унга ўхшаш аёлни кўрмадим. У ёши катта бўлганда: «Эй Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздаги ҳақим бор кунимни Оишага бердим», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оишага икки кун – ўз кунини ва Савданинг кунини тақсим қилар эдилар».
Аллоҳ таолонинг изни ила Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижрат қилганларида, Савда бинти Замъа онамиз ҳам у зотнинг ортларидан қизларини олиб ҳижрат қилган. У ерда ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадонларини бошқариб турган.
Бадр жангида қариндошлари Суҳайл ибн Амр асир тушганида, соддадиллик билан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қилган ишоралари туфайли асирларга яхшилик қилиш бўйича шаръий қоидаларга яна бири қўшилган.
Савда бинти Замъа онамиз «Батаҳқиқ, сизларга ҳожатларингиз учун чиқишга изн берилди» ояти нозил этилишига сабабчи бўлган. Савда онамиз бетакрор хислатлари, тақво, сахийлиги билан ажралиб турарди.
Умар (розияллоҳу анҳу) уларга бир хуржун дирҳам юборганларида, уларнинг ҳаммасини тарқатиб юборган. Ғазотда иштирок этиб, Хайбарни фатҳ қилинишига гувоҳ бўлган.
Ҳазрат Савда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кейин, ҳазрати Умар(розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида вафот этган. Бу пайтда у чамаси саксон ёшда бўлган.
Савда онамиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бешта ҳадис ривоят қилган. Улардан бирини Имом Бухорий ривоят қилган.
Марям АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хотин-қизлар масалалари бўйича
бўлим мутахассиси
“Мобил масжид”га 45 давлатдан буюртма тушди
Аввалроқ, япониялик мутахассислар томонидан турли йирик мусобақалар пайтида мусулмон мухлислар учун қулайлик яратувчи мобил масжид лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва бу лойиҳа бугунги кунда амалга оширилиш жараёнида экани ҳақида хабар берган эдик.
2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинлари пайтида фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган “мобил масжид”га дунё бўйича қизиқиш юқори бўлди ва ҳозиргача 45 давлатдан буюртма келиб тушган.
ВВСга таяниб Азон нашрининг хабар беришича, “мобил масжид”лардан 2022 йилда Қатарда ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида ҳам фойдаланиш режалаштирилган.
Ташқи кўринишидан оддий юк машинасидан фарқ қилмайдиган “мобил масжид”нинг ён деворлари очилиб, бир пайтнинг ўзида эллик киши намоз ўқиши учун имконият пайдо бўлади. Шунингдек, “мобил масжид”нинг тўрт кишилик таҳоратхонаси ҳам бор. “Мобил масжид”ни тайёрлаш 890 минг долларга тушди.
Ишлаб чиқарувчи фирма ушбу лойиҳани сайёҳлик минтақалари ва халқаро тадбирларда ҳам қўллашни ният қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Сукут сақламоқ - гапирмоқ
Ақлли бир йигит бўлиб, унинг ўрганишга бўлган иштиёқи ниҳоятда баланд эди. Ва бу қизиқиш ортидан турли хил илмларни ўрганди. Йигит айни чоғда гўзал бир табиатга соҳиб эди. Жуда кўп мажлисда қатнашар, аммо бўлар бўлмас гапларга қўшилмасди. Қаерда, қачон, қандай гапиришга эътибор берарди. Яна бир мажлисга йиғилдилар. Отаси ҳам ёнида эди. Жуда узун суҳбат бўлди, аммо йигит гапга аралашмади. Бу ҳолат отаси эътиборини тортди. Мажлис тугаши билан:
- Ўғлим! - деди. - Сен ҳам билган нарсаларинг билан нега баҳсга қўшилмадинг?
Йигит жавоб берди:
- Қўрқувдан, отажоним. Билмаганларимни сўраб қолишса жуда уяламан! Доноларнинг, "Сен гапирмагунингча ҳеч кимнинг сен билан иши йўқдир. Аммо, гапиришинг билан сўзингни далилини келтиришинг керак бўлади", - деганларини эшитмаганмидингиз?
Ҳикмат
Гапириш фойдали ва чиройли нарса бўла олади. Аммо сукут ундан яхшидир. Чунки гап инсон бошига бир талай ишларни сола билади.
"Гулистондан жавоҳирлар" китобидан