muslim.uz
Муфтий ҳазрат элчи билан учрашди
6 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари хориж сафарлари доирасида Ўзбекистоннинг Испаниядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жаҳонгир Ғаниев билан учрашди. Учрашув чоғида элчи Жаҳонгир Ғаниев элчихона томонидан олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва икки давлат ҳамкорлигини ривожлантириш юзасидан қилинаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Ўз навбатида муфтий ҳазратлари ҳам пойтахт Мадридда бўлиб ўтаётган нуфузли халқаро анжуман мана шундай ҳамкорликларнинг амалий кўринишларидан бири экани, унда таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари долзарб мавзулардаги маърузалари билан иштирок этгани, мазкур анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан бир неча ўнлаб делегация вакиллари бир мажлисда жам бўлиб, муҳим масалаларни машварат қилишлари, ўзининг ижобий натижаларини беришини айтиб ўтдилар.
Эслатиб ўтамиз, элчи Жаҳонгир Ғаниев ушбу лавозимга 2018 йил 31 августда тайинланган. Бунга қадар у мазкур элчихона маслаҳатчиси, Ўзбекистоннинг Испаниядаги муваққат ишлар вакили лавозимида ишлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўз вақтидан кечикиб берилган инъом-эҳсон маҳкам тортилган занжир мисоли қаттиқ бўғувчидир
- Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал Аллоҳнинг розилигини ўйла. Акс ҳолда қилган ишларингнинг ҳаммаси беҳуда бўлиб, зое кетади.
- Бамисоли тумов киши гулнинг ҳидини сезмаганидек, аҳмоқ киши ҳикмат лаззатини билмайди.
- Кимки ўз нафси-балосию орзу-ҳаваси домига тушиб қолса, у бешак ўзини-ўзи чуқур қаърига ташлагани муқаррар.
- Ўз нафсингга ҳоким бўлмасанг, уни ўз ҳукмингда тутасан. Акс ҳолда ундан ғолиб чиқиб, ушлаб тура олмайсан.
- Кимнинг ҳиммати-ю муруввати қанчалик кўп бўлса, шунга яраша одамлар унинг кайғусига шерик бўларлар, ҳамдардлик билдирарлар.
- Бошингизга мушкул иш ва ташвиш тушганида мунис бўлиб, одамларга меҳр-муҳаббат кўрсатасиз. Аммо давлату неъматларга эришганингизда бағритошликка мойил бўласиз.
- Одамлар ичидаги энг ярамаси хасисдир, уларнинг ичидаги энг ялқови пасткашдир.
- Ҳаёт вақтингда берган инъом-эҳсонларинг, гарчи уларни туки йўқ (қирчанғи) бўрига берган бўлсанг-да, зое кетмас. Қиёмат кунида буларнинг ажри сенга бўлур.
- Ўз вақтидан кечикиб берилган инъом-эҳсон маҳкам тортилган занжир мисоли қаттиқ бўғувчидир.
- Тоғ тепасидаги қояларни кўчириш миннат эшитиш юкларига нисбатан енгилроқдир.
Саидаброр УМАРОВ таёрлади.
Умрага борувчилар диёримиз бўйлаб зиёратга чиқдилар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси маҳаллий фуқароларни юртимиздаги қадамжолар ва табаррук масканлар бўйлаб, кенг кўламдаги зиёратларини уюштириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишларини ташкил этиб келмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрсида”ги қарорида белгиланган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида ички туризмни ривожлантириш мақсадида, “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бугун, 7 ноябрь куни “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги умра зиёратига отланган фуқароларимизни заминимиздаги азиз авлиёларнинг қадамжолари ва осори атиқаларига зиёратларини уюштирди. Фарғона водийсининг диққатга сазовор жойларига зиёратлар ташкил этилди.
Мўътабар масканлар зиёратидан руҳий-маънавий қувват олган нуроний отахонлар ва онахонлар энг табаррук жойларни зиёрат қилганлари ва уларга кўрсатилган эҳтиромдан жуда ҳам мамнун бўлганларини изҳор қилишди. Юртимиз тинчлиги, элимиз фаровонлиги бундан-да зиёда бўлишини Аллоҳ таолодан тилаб дуолар қилдилар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистонда 7300 дан ортиқ қадимий обидалар мавжуд, 200 дан зиёд тарихий обида ва қадамжолар ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган.
“Muslim-tour” сайёҳлик фирмасининг мана шундай эзгу ташаббуслари давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистонда нақшбандия туризм фестивали бўлиб ўтади
Бугунги кунда юртимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунёга машҳур гўзал шаҳарларимизда туризм инфратузилмасини барпо этиш, меҳмонлар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, республикамизнинг туризм салоҳиятини замон талаблари даражасига олиб чиқиш ва туризм брендини яратиш йўлини тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 7–14 ноябрь кунлари Ўзбекистонда Малайзиянинг “Умумжаҳон Сўфийлар ташкилоти” ташаббуси билан “Hilal travel” сайёҳлик ташкилоти ҳамкорлигида ҳамда бевосита Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида зиёрат туризми йўналишида “Нақшбанд туризм фестивали – 2018” номли халқаро тадбир ўтказилиши режалаштирилган.
Сўнгги пайтларда республикамизда Давлатимиз раҳбарининг бевосита кўрсатмаларига мувофиқ туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани ҳаммага маълум. Ушбу йирик тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам Ўзбекистондаги зиёрат туризми имкониятларини дунёга намоён этишдир. Ўз навбатида, Ўзбекистондан етишиб чиққан ислом дунёсининг йирик намоёдалари, инсоният тамаддунияга улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандий каби буюк алломаларимизнинг табаррук қадамжоларига мухлис сайёҳларни кенгроқ жалб қилишдан иборатдир.
Фестивалда Нақшбандия тариқатининг 170 дан зиёд вакили, хусусан, Малайзия, Индонезия, Туркия, Буюк Британия, Янги Зеландия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, АҚШ, Замбия ва бошқа мамлакатлардан меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.
Зиёрат дастури доирасида меҳмонлар Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг эътиборга молик муқаддас қадамжоларида бўлишади. У ердаги мажмуаларни зиёрат қилишади.
Меҳмонлар Самарқанддан сўнг пойтахтдаги Ҳазрати Имом мажмуаси ва Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига ташриф буюришади.
Шунингдек, фестиваль меҳмонларининг кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номидаги мажмуа ҳудудига ташриф ҳам ўрин олган.
Ўйлаймизки, «Hilal travel» туристик ташкилоти томонидан ташкиллаштираётган мазкур халқаро тадбир, юртимизда зиёрат туризми ривожига ўз ҳиссасини қўшишига ишонамиз.
Манба: Islom.uz портали таҳририяти
АҚШ конгрессига илк бор мусулмон аёллар сайланди
АҚШ конгрессига Миннесота ва Детройт штатларидан икки мусулмон аёл сайланди. Келиб чиқиши сомалилик бўлган миннесоталик Илхон Умар штат округларидан биридаги дастлабки сайловларда ғолиб бўлганди. У ўз оиласи билан Сомалидан фуқаролик уруши бошлангандан кейин қочиб кетган. У АҚШга кўчиб ўтишдан олдин 4 йил Кениядаги қочқинлар лагерида яшаган. Унинг ҳаёти тарихи ва машҳурлиги ошаётгани Трамп томонидан ўтказилаётган қатъий миграция сиёсати фонида айниқса жалб қилади. Ушбу миграция сиёсати туфайли Умар бугунги кунда АҚШда бошпана ололмаган бўларди.
Кun интернет нашрининг хабарига кўра, Детройтдан сайланган демократ Рашид Тлоибнинг рақобатчилари бўлмаган. Унинг ота-онаси Фаластиндан бўлиб, у мусулмон аҳолиси катта бўлмаган округлардаги праймеризда ғолиб бўлганди.
ЎМИ Матбуот хизмати