muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлат раҳбари барча ислоҳотлардан асосий мақсад одамлар ҳаётини яхшилаш экани, сифатли тиббий хизмат бу борада муҳим ўрин тутишини таъкидлаган.

«Кейинги икки йилда Президентнинг соҳага оид 50та фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг 70дан зиёд қарор ва фармойишлари қабул қилинди. 6та янги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиб, уларнинг сони 16тага етди. Халқимизга янада қулай бўлиши учун ҳудудларда уларнинг 10та филиали иш бошлади. Туман ва шаҳар шифохоналарида 306та янги ихтисослашган бўлимлар, 1 минг 200та тез тиббий ёрдам шохобчаси очилди. Умуман олганда, жорий йилда тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп маблағ ажратилди. Йиғилишда келаси йил соҳага қарийб 30 фоиз кўп маблағ йўналтириш режалаштирилгани қайд этилди. Президентнинг куни кеча қабул қилинган «Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳадаги яна бир ижобий янгилик бўлди. Унга мувофиқ, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 1 декабрдан 20 фоизга, 2019 йил 1 апрелдан яна 15 фоизга оширилади», дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

«Фармон ва қарорлар чиқарилиб, соҳага шунча имкониятлар яратилди, долзарб масалалар ҳал қилиб берилди. Лекин соғлиқни сақлаш тизимида кутилган натижалар кўринмаяпти. Айниқса, туманлар, чекка қишлоқлардаги аҳоли тиббий хизматдаги жиддий ва туб ўзгаришларни ўз ҳаётида сезаётгани йўқ», деди Шавкат Мирзиёев.

Жорий йилнинг ўтган даврида президентнинг Виртуал қабулхонасига тиббиёт соҳасига доир 45 мингдан зиёд мурожаат келиб тушгани, бу соҳада ҳали муаммолар борлигини кўрсатиши қайд этилди.

Масалан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техника базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси талабга жавоб бермайди. Бунинг оқибатида ҳудудлардаги беморлар катта маблағ сарфлаб, Тошкент шаҳрига келишга ёки чет давлатларга боришга мажбур бўлмоқда.

Шу боис йиғилишда тиббиёт тизимидаги муаммоларни вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, бунинг учун ҳудудлардаги ҳолатни тўлиқ қайта кўриб чиқиш, ўрганишларда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникадан марказий тиббиёт муассасаларигача қамраб олиш кераклиги таъкидланди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Исломий туризм йўналиши Малайзияда мамлакат ялпи ички маҳсулотида 202 йилга бориб 3,6 миллиард АҚШ доллари миқдорига эга бўлиши қайд этилди. Бу рақам 2017 йилда 2,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу ҳақда Salam Standard агентлиги ўз тадқиқотларида маълум қилди.

Малайзия АСЕАН минтақасида Исломий туризм бозорининг 22,7 фоизига эгалик қилади. 2020 йилга бориб исломий туризм ЯИМдаги туризмнинг қарийб 20,8 фоизини ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Ҳозирги кунда мамлакат бюджети исломий туризм соҳасидан 600 миллион АҚШ доллари миқдоридаги солиқларни қабул қилиб олади. Бу эса Жанубий шарқий Осиё минтақасида йиғилган солиқларнинг 24,4 фоизи демакдир.

Индонезия, Хитой ва Малайзия жаҳонда исломий туризмнинг улкан улушига эгалик қилади. Бу мамлакатларга дунё мусулмон сайёҳларининг 17 фоизи ташриф буюради.

ЎМИ Матбуот хизмати

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг таваллуд айёмлари бўлган Мавлид куни бутун дунё мусулмонлари орасида кенг нишонланади. Шундай маросимлар Буюк Британияда яшовчи мусулмонлар ўртасида ҳам жорий йилда нишонланиши режалаштирилган. Бу ҳақда birminghammail.co.uk нашри хабар берди.

Мавлид куни исломий тақвим бўйича Раби ул аввал ойининг 12 кунида нишонланади. Буюк Британия уламолари ушбу кун 2018 йилнинг 20 ноябрига тўғри келишини қайд этишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган Indo Defence Expo & Forum 2018 халқаро кўргазмаси доирасида «Минтақавий ҳамкорликни терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик орқали таъминлаш» номли форум ҳам ташкил этилди. Унда ушбу ёвга қарши кураш бўйича қатор таклифлар ва тафсиялар ишлаб чиқилди.

Террорчилар ислом динининг душманлари, улар дин билан ҳеч қандай умумийликка эга эмаслар. Бу фикрлар Индонезия мудофаа вазири Рямизард Рякуду томонидан билдирилди.

«Террорчилар бу Ислом эмас, Ислом бундай эмас, улар Исломга зарар етказмоқдалар», - дея қайд этди Мудофаа вазири.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистонда Россиянинг кўп тармоқли миграция маркази ташкил қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Марказда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Россия Федерациясида меҳнат қилишга патент берилади.

Ўзбекистон фуқароларига патент бериш ташаббусини 2018 йил 30 октябрь куни Москвада Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов ва Россия меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирининг ўринбосари Алексей Черкасов муҳокама қилган.

Томонлар эришилган келишувлар бўйича 2018 йил 20 декабрда Тошкентда ишчи гуруҳнинг илк йиғилишини ўтказишга келишиб олишган.

Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистон аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази, Россия меҳнат вазирлиги Бутунроссия илмий тадқиқот институти ва Иқтисодиёт олий мактаби ўртасида фуқароларнинг иш стажини ҳисобга олиш ва пенсия ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик битими лойиҳаси, шунингдек икки давлат пенсия жамғармаси ўртасидаги электрон база маълумотларини алмашиш масалалари муҳокама қилинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top