muslim.uz

muslim.uz

Маълумки, ҳар йили анъанавий тарзда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият кўрсатиб бораётган имом-хатиблар ўртасида “Йил имоми” кўрик танлови ўтказиб келинар эди. Жорий йилдан эса мазкур танлов “Энг маърифатли имом” номи остида янги Низом асосисида ўтказиб келинмоқда.

Танловнинг мақсади – бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиб бера оладиган, иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлашдир.

Уч босқичда ўтказилиши режалаштирилган танловнинг биринчи шаҳар-туман босқичида ғолибликни эгаллаган иштирокчилар 10 октябрь куни Қувасой шаҳридаги “Ислом” жомеъ масжидида вилоят босқичида иштирок этдилар.

Вилоят босқичини тантанали равишда очиб берган вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров:

- Бу йилги танлов ҳар йилгидан ўзгача тарзда ўтказилмоқда. Бу эса юртимизда диний-маърифий соҳага, хусусан, илм аҳлига кўрсатилаётган эътибор намунасидир. Шунингдек, барча имом-хатиблар, имом-ноиблари, ҳатто муаззин ва қоровуллар ҳам ўз устида мунтазам иш олиб бориши керак дегани. Зеро бугунги тадбирда ғолиблар қатори масжидларда жонкуярлик билан хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар ҳам тақдирланади, - дея барча иштирокчиларга омад ва муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Исломиддин Зуҳриддинов ҳам танлов кузатиб борар экан:

- Ҳақиқатан мазкур танловга Фарғона вилоятида катта тайёргарлик кўрилганини таъкидлади. Бугунги имкониятдан фойдаланиб, ҳар бир имом-хатиб ўз билим ва салоҳияти, дин ривожи ва халқ фаровонлиги йўлида олиб боражак хизматлари ила ана шундай эътибор ва эътирофга муносиб бўлмоққа интилиши керак”, - дея қайд этди.

Қуръон тиловати билан бошланган танловда иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди ҳамда танлов сўнгида натижалар эълон қилинди:

“Энг маърифатли имом – 2018” танловининг Фарғона вилоят босқичи ғолиблари:

I-ўрин: Абдувоҳид Аҳмадалиев (Марғилон шаҳридаги “Худоёрҳожи” масжиди имом-ноиби)

II-ўрин: Абдужаббор Мадраҳимов (Тошлоқ туманидаги “Абу Ҳанифа” масжиди имом-ноиб)

II-ўрин: Давронбек Усмонов (Фарғона тумани “Ҳувайдо” масжиди имом-хатиби)

III-ўрин: Жалолиддин Маматқулов (Учкўприк туман “Шоҳ муқаддам” масжиди имом-хатиби)

III-ўрин: Шерзод Аҳмедов (Данғара тумани “Муҳаммадсаййидхўжа” масжиди имом-хатиби)

Танлов якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги томонидан барча ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Масжид ходимлари фаолиятини янада жонлантириш, ўз ишларига янада кўп меҳр билан ёндошиб, улар бажараётган иш самарадорлигини ошириш мақсадида танловга ҳамоҳанг равишда турли номинациялар бўйича мукофотлар топширилди:

"Энг тарғиботчи имом"

- Абдумажид домла Исақов (Қўқон шаҳар бош имом хатиби)

“Энг кўп обуна уюштирган имом”

- Аҳмедов Соҳибжон (Бағдод тумани бош имом-хатиби)

“Энг кўп мақола нашр этган имом”

- Жалилов Раҳматилло (Қўштепа тумани бош имом-хатиби)

 “Энг обод масжид”

- Қувасой шаҳар Аҳмадали бобо масжиди (масжид имом-хатиби Абдужамилов Аслиддин)

"Энг тарғиботчи имом"

- Абдумажид домла Исақов (Қўқон шаҳар бош имом хатиби)

“Энг таъсирли ижодий иш”

- Раҳматулло Файзуллаев (Марғилон шаҳар “Робияҳожи она” масжиди имом-хатиби, “Марғилон алломалари” рукни остида чоп этилаётган адабиётлари учун)

“Энг хушовоз муаззин”

- Мираҳмедов Адахамжон (Олтиариқ туман “Шоҳ Толиб” масжиди муаззини)

“Энг ишбилармон мутавалли”

- Мамасаидхонов Салоҳиддин (Риштон тумани Ҳўжа илғор масжиди мутаваллиси)

“Энг миришкор боғбон”

- Аҳмадалиев Мансуржон (Бешариқ тумани  Умар ибн Абдулазиз масжиди боғбони)

“Энг намунали таҳоратхона”

- Фарғона шаҳар “Тоййиба” масжиди  таҳоратхонаси (масжид имом-хатиби Бахрамов Азизхон)

Энг замонавий қоровулхона 

– Марғилон шаҳар «Ширмонпазлик» масжиди қоровулхонаси (масжид имом-хатиби Тошхўжаев Фазлуллоҳ)

“Энг бой кутубхона”

- Қўқон шаҳар “Шайхул-ислом” масжиди кутубхонаси (масжид имом-хатиби Фазлиддин Салимов)

Шунингдек, Ўзбекистон, Учкўприк, Данғара, Фурқат, Бувайда, Тошлоқ, Қува, Фарғона, Ёзёвон туманлари  имом-хатиблари вилоят вакилликнинг ташаккурномалари билан тақдирландилар.

Фарғона вилоят вакиллик матбуот хизмати │ fargonaziyo.uz

Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида ўтказилган халқаро Қуръон мусобақаси доирасида иштирокчилар учун шаҳар бўйлаб зиёрат тадбири ташкил этилди. Зиёрат давомида қорилар Қуръон ишлаб чиқарувчи корхона, Қубо масжиди, Уҳуд тоғи сингари қадамжоларга ташриф буюрганлар.

Бундан ташқари, қорилар Мадина шаҳридаги Қуръон кутубхонасига ҳам ташриф буюрганлар. У ерда қадимий қўлёзмалар билан танишиш имконияти яратилган.

Қуръон мусобақаси иштирокчилари Макка шаҳрига зиёрат қилишлари имконияти яратилган бўлиб, Мадина зиёратидан сўнг Макка шаҳрига йўл олишлари хабар қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ходимларнинг илмий салоҳияти, ташаббускорлигини ошириш, соғлом рақобат муҳитини юзага келтириш, касбий малака, маҳорат, билим ҳамда кўникмани оширишда кўрик-танловлар алоҳида аҳамият касб этади.

Шу боисдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ҳар йили юртимиздаги жоме масжидлар имом-хатиблари ўртасида «Йил имом» танлови ўтказиб келинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йил 10 сентябрдаги буйруғига асосан «Йил имоми» танлови негизида «Энг маърифатли имом» танловини ўтказиш белгиланди.

– Танловни ўтказишдан мақсад– бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, илмий салоҳияти юқори, касбий маҳорат соҳиби, ташаббускор, илғор фикрли, инновацион ғояларни ўзида жамлаган, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган, энг муҳими, юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ташаббусларни кенг халқ оммасига етказиш қобилиятига эга имом-хатибларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон Қодиров,

Танловнинг қуйи, яъни туман (шаҳар) босқичлари жорий йилнинг сентябрь ойида республикамизнинг барча ҳудудларида уюшқоқлик билан ташкил этилди.

...Эрта тонг. Ҳали қуёш осмон каҳкашонига нур сочмасдан бурун Қувасой шаҳридаги «Ислом» жоме масжиди мўмин-мусулмонлар билан гавжум. Маърифат маскани байрамона безатилган. Масжид ҳовлиси пештоқига муқаддас динимизнинг асосий манбаи – Каломуллоҳ оятлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илмни тарғиб этувчи муборак ҳадислари илинган. Танловга ташриф буюраётган одамларнинг юзу кўзларида қувонч балққан, пешоналаридан нур томган. Қувончки, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликдан, осойишталикдан баҳра олган. Нурки, Қуръони карим таровати, Ислом зиёсидан таралган...

Танловнинг Фарғона вилояти босқичи бугун, 10 октябрь куни Қувасой шаҳридаги «Ислом» жоме масжидида ўтказилди. Анъанага кўра, танлов Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Танловнинг Фарғона вилояти туман ва шаҳарларида биринчи ўринни қўлга киритган 19 нафар имом-хатиб, имом ноибларини қўллаб-қувватлаш, ўзининг илму маърифатини юксалтириш мақсадида масжидга келганлардан бирини суҳбатга чорлаймиз

– Бугунги саодатли кунларга қанча шукроналар айтсак – кам, – дейди ўзини Фазлиддин Салимов деб таништирган юртдошимиз. – Яқиндагина муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимизда Қуръон мусобақаси кўтаринки руҳда ташкил этилган эди. Қаранг, мана бугун «Энг маърифатли имом» танловига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу, албатта, юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг, осойишталикнинг шарофати. Бунинг қадрига етишимиз керак.

Суҳбатдошимиз сўзини тугатар-тугатмас масжид ичкарисидан яна Аллоҳнинг каломи янграйди. Бутун вужудимиз қулоққа айланиб, илоҳий каломни тинглаймиз:

اعوذ با لله من الشيطان الرجيم

بسم الله الرحمن الرحيم

{ يَرْفَعِ اللهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَ الَّذِينَ اُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ }

яъни: «Аллоҳ таоло сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларнинг даражаларини улуғ қилиб қўяди» (Мужодала сураси, 11-оят).

Танлов иштирокчиларидан бири Аллоҳ таолонинг мазкур ояти каримасини тиловат қилиб, унинг тафсири ва нозил бўлиш сабабларини сўзлаб берди. Бу танловнинг биринчи шарти бўлса, иккинчи шарти – билетда кўрсатилган оятни ўқиб, тажвид қоидаларини айтиб бериш; учинчиси, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” китобидан бирор матн ўқиб, уни таржима қилиб бериш; тўртинчи шарт эса, билетда кўрсатилган ҳадисни  ўқиб, унинг маъносини айтиб бериш; бешинчиси, фиқҳга оид саволга жавоб қайтариш; олтинчиси, “Мухтасарул виқоя” китобининг матнини ўқиб, шарҳлаб беришдан иборат.

Танлов қизғин давом этарди. Иштирокчилар бирин-кетин саҳнага чиқиб, ўзларининг билим ва савияларини синовдан ўтказишди.

...Ниҳоят барча орзиқиб кутган ҳаяжонли дақиқалар етиб келди. Ҳакамлар ҳайъатининг якдил хулосасига кўра, биринчи ўрин Марғилон шаҳридаги «Худоёр ҳожи» жоме масжиди имом ноиби Абдувоҳид Аҳмадалиевга насиб этди.

Иккита иккинчи ўринга эса Фарғона туманидаги «Ҳувайдо» масжиди имом-хатиби Давронбек Усмонов ҳамда Тошлоқ туманидаги «Абу Ҳанифа» жоме масжиди имом ноиби Абдужаббор Мадраҳимовга лойиқ кўрилди.

Иккита учинчи ўрин Данғара туманидаги «Муҳаммад Саид хўжа» жоме масжиди имом-хатиби Шерзод Аҳмедов ва Учкўприк туманидаги «Шоҳ Муқаддам» жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин Маматқулов муносиб топилди.

Шунингдек, «Энг маърифатли имом» танловининг Фарғона вилояти босқичида “Энг тарғиботчи имом”, Энг таъсирли ижодий иш”, “Энг хушовоз муаззин”, “Энг ишбилармон мутавалли”, “Энг миришкор боғбон”, “Энг намунали таҳоратхона”, “Энг замонавий қоровулхона”, “Энг бой кутубхона” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

«Энг маърифатли имом» танловининг Фарғона вилояти босқичида биринчи ўринни қўлга киритган имом шу йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган республика босқичида иштирок этади.

Танловнинг вилоят босқичлари давом этади.

 

Толибжон НИЗОМОВ.

Фарғона вилояти Қувасой шаҳридан

muslim.uz портали учун махсус. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кеча, 10 октябрь куни мудофаа қурилиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган хизмат йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини янада ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, минтақа ва дунё мамлакатлари билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни фаоллаштириш, ҳарбий шаҳарчалар инфратузилма объектларини, қўшинларнинг техник ва фронт орти таъминоти тизимларини ривожлантириш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳарбий округ қўмондонликларининг ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарияти билан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қўшинларнинг кундалик самарали фаолиятини ташкил этишда қўшилма ва қисмлар командирларига кўмаклашиш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги ҳамкорлик фаолиятининг оралиқ якунлари ҳам кўриб чиқилди.

Мудофаа вазирлиги масъул мансабдор шахсларининг қўшинларнинг самарали жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлигини ошириш, бошқарув органлари, бирлашмалар, қўшилма ва қисмлар, олий ҳарбий таълим муассасалари, шунингдек, маҳаллий ҳарбий бошқарув органлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маърузалари тингланди.

Мудофаа вазирлигининг ахборотига кўра, ҳисобот даврида жами 120 дан ортиқ тезкор-жанговар тайёргарлик тадбирлари ўтказилган, уларда тегишли вазирлик ва идораларнинг 15 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилари, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирок этган.

Амалга оширилган ишлар натижасида ҳарбий округларнинг жанговар имкониятлари сезиларли даражада кенгайди, доимий шай ҳолатдаги ва махсус топшириқли мутлақо янги бўлинмалар тузилди. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли қўшинларнинг жанговар тайёргарлик самарадорлиги ошди, бўлинмалар жанговар шайлигининг вақтга доир кўрсаткичлари икки баробар қисқартирилди, шахсий таркибнинг профессионаллик даражаси юксалди.

Қисқа муддатда хорижнинг илғор технологиялари ва замонавий ўқув воситаларини ўзида мужассам этган янгиланган Қуролли Кучлар академияси ташкил этилди.

Хизмат йиғилиши якунлари бўйича Президентимиз томонидан Қуролли Кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва умуман мамлакат мудофаа қобилиятини юксалтиришнинг устувор йўналиш ва вазифалари белгилаб берилди. Қуролли Кучларни янада ислоҳ қилиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Туркиядаги қадимий музейлардан бирида изланиш олиб бораётган Термиз давлат университетининг илмий тадқиқотчиси Жўрабек Чўтматов буюк мутаффаккир Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бугунгача “мафқуд”, яъни “йўқолган” деб келинган асарини топди. Асар Қуръондаги Фотиҳа ва Бақара сурасининг шарҳига бағишланган. Бу ҳақда Turon24 нашри хабар берди.

Топилган янги қўлёзма Мовароуннаҳрда Қуръон шарҳига бағишланган илк асар сифатида баҳоланмоқда. Ҳозирда мазкур асарни дунё тадқиқотчилари эътиборига ҳавола этиш учун араб тилида чоп этиш ишлари бошланган. Сўнгра ўзбек тилида нашрга тайёрланади.

Мисрлик олим шайх Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Бараканинг таъкидлашича, Термизий тўрт юздан ортиқ китоб ёзган бўлиб, улардан олтмишга яқини бизгача етиб келган. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Истанбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.

Тарих фанлари номзоди Жалолиддин Мирзаевга кўра, Ал-Ҳаким ат-Термизий юртимизда тасаввуф ва тафсир илмининг ривожланишини бошлаб берган қомусий олим саналади. Алломанинг Термиз шаҳри яқинида жойлашган мақбараси устида ўрнатилган қабртошдаги битикларда унинг вафот этган санаси ҳижрий 255 (милодий 869) деб ёзилган. Мутафаккир олимнинг 120 йил умр кўргани эътиборга олинса, аллома саккизинчи асрнинг ўрталарида (тахминан 750-760 йиллар оралиғида) таваллуд топган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top