muslim.uz
Ҳавво онамиз қандай яралган?
Ҳавво – башарият онаси, Одам алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоли, ер юзидаги биринчи аёл. Аллоҳ таоло Ҳаввони Одам алайҳиссаломни узоқ вақт ухлатиб қўйиб унга ҳамроҳ бўлиши учун яратди. Аллоҳ таоло у иккисини жаннатда яратди ва улар у ерда муайян вақт яшаганларидан сўнг ризқларини ўз меҳнатлари билан топиб яшашлари учун ерга туширди.
Аллоҳ таоло Ҳаввони Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан, у ухлаётган вақтда пайдо қилди. Бунинг сабаби, агар Одам алайҳиссалом уйғоқ бўлганида, Ҳаввони яратилиш вақтида у озор чеккан бўлар эди ва натижада Ҳаввони яхши кўриш ўрнига, уни ёмон кўриб қолиши мумкин эди. Аёл киши эса, аксинча, озор чекса яхши кўради. Шунинг учун, аёл киши тўлғоқ вақтида кўз ўнгига ўлим келиб турса-да, оғриқ кучайган сари ўзи дунёга келтираётган фарзандига нисбатан меҳру муҳаббати жўшиб боради. Оғриқ билан дунёга келтирган фарзандига жонини ҳам фидо қилишга доим тайёр туради. Ваҳоланки, у эркак киши кўтара олмайдиган оғриқ азобини тортган бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло аёл кишини энг юқори даражадаги оғриқларни ҳам кўтара олишга қодир қилиб яратди. Аёл оғриққа эркакка қараганда уч баробар ортиқроқ бардошли экан. Чунки у ҳаёти давомида уч турли оғриқни бошидан ўтказиши бор. Улар: ҳайз, тўлғоқ ва нифос вақтидир.
Ҳавво онамиз Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан яралган. Маълумки, қовурға инсоннинг юрагини ташқи таъсирдан муҳофаза қилиб турувчи муҳим аъзодир. Шунинг учун ҳам у қийшиқ қилиб яратилган. Агар ўша қийшиқ қовурға бўлмаганида эди, инсоннинг юрагига берилган озгина зарба ёки туртиниш унинг ҳаётига катта хавф туғдирган бўлар эди. Ҳозирги замонавий технологияларга асосланган илм буни тасдиқлаб турибди.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамизнинг ҳар бирини ҳаётлари давомида бевосита унга муҳтож бўлган нарсалардан яратди. Масалан, Одамни тупроқдан яратди. Шунинг учун у деҳқон бўладими, темирчи бўладими, қурувчи бўладими, дурадгор бўладими – ер билан муомала қилади. Ҳаввони эса юракни муҳофаза қилиб турувчи қийшиқ қовурғадан яратгани учун у ҳаёти давомида қалбдан ҳосил бўладиган меҳр-муҳаббат билан муомалада бўлади. Натижада у меҳрибон она, севикли ёр, дуогўй опа-сингил ва куюнчак қиз бўлиб ўз меҳридан баҳраманд этади.
Шунинг учун ҳар бир аёл Одамнинг қийшиқ қовурғасидан яратилган Ҳаввонинг зурриёти эканидан фахрланиши ва ҳар бир эркак қийшиқ қовурғани текислашга беҳуда уринмаслиги, акс ҳолда уни синдириб қўйиши мумкинлигини англамоғи лозим. Зеро, ундаги қийшиқлик эркакдаги меҳрга нисбатан бир неча баробар ортиқ бўлган меҳру муҳаббат манбаидир.
Ҳ.ИШМАТБЕКОВ,
ЎМИ Фатво бўлими мудири
Маърифат боғининг боғбонлари
Устозу муаллимлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир.
Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс. Бизнинг доно халқимиз: «Устоз – отангдек улуғ» деб бежиз айтишмаган. Мана янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас бўлмиш илм тарқатувчи ўқув даргоҳларига қадам босишди. Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига эътиборимизни беришимизда юқоридаги пурмаъноли, сермазмунли тарафини ҳам эътиборга олишимиз лозим бўлади.
Устознинг мавқеи шунчалик улуғ даражага кўтарилган. “Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз устоз деб тушунишимиз лозим. Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «Устоз» дейди. Устоз деганда, унинг маънавий нури ва бу нурдан юзлаб кўнгиллар баҳра олаётганлигини тасаввур қиламиз.
Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм исломда ардоқланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида инсониятни дунёни обод қилиш учун яратганини баён қилган ва кишиларни борлиқ ҳақида тафаккур қилишга, уни ўрганишга тарғиб қилган. Зеро, Аллоҳ илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илмли кишилар ва устоз, мураббийларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйди. Ва: “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даража (мартаба)ларга кўтарур”, деди” (Мужодала сураси).
Аллоҳ ҳурматлаган ва даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат эканлиги Қуръони каримда жуда кўп ўринларда таъкидланади.
Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло илм эгаллаган ва уни бошқаларга етказишда холис жиддий саъйи-харакат қиладиган холис устозларнинг обрў-эътиборларини янада юқори кўтариб қўйишини ваъда қилмоқда. Ёш авлодни теран билимли ва етук мутахасис бўлиб етишишида устоз ва муруббийларнинг ишларида беминнат хизматлари улкан. Улар ҳурматга, эъзозга, халқ илтифотига сазовор бўлишган. Уларнинг бирортаси ҳалигача шогирдига «Мен отангдан улуғман», деган ақидани айтмаганлар. Албатта камтаринлик устозларга хос одат.
Олимлик, устозлик мақоми нақадар улуғ эканлигини хақида Жаноби Пайғамбаримиз шундай мархамат қиладилар: “Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир.” (Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилишган)
Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, хокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир. Тарихга назар соладиган бўлсак, устозлар хақида салафи солиҳинлар жуда кўп ибратли сўзларни айтиб ўтганлар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: "Мен ўзимга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Истасин, сотиб юборсин, истасин, қул қилиб олсин!", деган эканлар.
Мазҳаббошимиз Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлари ривоят қилинади: "Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат устозим балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман".
“Ҳидоя” муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладилар: “Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс халқасида эдилар. Дарс асносида гоҳо ташқари томонга қараб ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак толиблар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: “Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келсалар, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман”, деб жавоб қилдилар.
Манбаларда муаллимларга нисбатан риоя қилиш лозим бўлган одоблар саналганда айрим диққатни тортадиган жойларига дуч келамиз: "Ўқувчи агар муаллимини бир тўда инсонлар ичида учратиб қолса, жамоага салом бергач, муаллимига алоҳида салом бериб, мулозамат қилиши керак". Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, толиби илм устозининг розилигини топишга интилиши ва уни норози қиладиган, хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим. Чунончи, Абдураҳмон Жомий айтганларидек:
Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,
Хаёт хам бўлмасди гўзал бу қадар.
Устоз ва муаллим хаёт бўстонидаги ниҳолнинг дарахтга айланиши учун беминнат хизмат қиладилар. Ёшларни маънавий етук ва баркамол инсон бўлиб тарбиялашда табаррук устоз ва мураббийларимизни ўрни беқиёсдир. Устозу муаллимлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, қайсики, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Фақат яхшилик қилиш ва илмнинг бебаҳолигини, одамийликни ҳар нарсадан устун қўйадилар. Бундай кишилар халқнинг, Ватаннинг қалқонидирлар. Доимо сизга таъзимдамиз азиз устозлар.
Раҳматилло Мадаминов.
Фарғона вилояти, Қўштепа тумани, “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби.
Шавкат Мирзиёев МДҲ саммитида нутқ сўзлади
Душанбе шаҳрида МДҲ саммити бошланди.
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги Кохи сомон саройида бугун, 28 сентябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Давлат раҳбарлари дастлаб тор доирада музокара ўтказди.
Унда нутқ сўзлаган Президентимиз жаҳонда жадал ўзгаришлар рўй бераётган, хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги зарурлигини, кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Ўтган йил Ўзбекистоннинг МДҲдаги фаолиятида янги босқич бўлди. Мамлакатимиз Ҳамдўстликнинг иқтисодиёт, энергетика, фан ва инновациялар, жиноятчиликка қарши курашиш каби соҳаларни қамраб олган 10 дан ортиқ тармоқ органларига қўшилди. Жорий йил бошидан Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жадал ўсмоқда.
Мамлакатимиз ташаббуслари МДҲ минтақасида савдо, иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Саммитда Президент Шавкат Мирзиёев кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб ва истиқболли йўналишларига тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон 2020 йилда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисини ўтказишга тайёр эканини тасдиқлади.
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги давлатларнинг дўстлигига сабабчи
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 25 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеяси минбарида Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори баҳолади.
“Ўзбекистонда тинчлик йўли билан ҳокимият алмашганидан кейин Марказий Осиёдаги давлатларнинг дўстлигига шахсан ўзим гувоҳ бўлдим“, дея ўз фикрларини айтиб ўтган Антониу Гутерриш.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 73-сессияси 18 сентябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўз ишини бошлаган. Унда жаҳон давлатларининг раҳбарлари ва вакиллари нутқ сўзламоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қирғизистонда имомлар аттестациядан ўтказилади
Қирғизистондаги барча масжидларнинг имомлари аттестациядан ўтказилади. Бу ҳақда Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссиясига таянган ҳолда «Интерфакс-религия» хабар берди.
Маълум бўлишича, аттестация охирги бор 2016 йилда ўтказилган ва билим даражасининг пастлиги сабабли кўпгина имомлар ундан ўта олмаган. Ўшанда имомларнинг 80-90 фоизи фақат диний билим билан чеклангани маълум бўлди, ваҳоланки, маҳаллий қонунчилик имомлардан диний билим билан бирга дунёвий билимларни ҳам талаб қилади.
Навбатдаги аттестация эса ўтган вақт давомида кўрилган чора-тадбирлар қанчалик самарали бўлганини, имомлар дунёвий билим даражаларини қанчалик оширганини кўрсатади.
Azon интернет нашрининг маълум қилишича, Қирғизистонда 2647 та масжид, 107 та мадраса, 10 та Ислом институти ҳамда 2800 атрофида имомлар фаолият кўрсатади.
ЎМИ Матбуот хизмати