muslim.uz
Болага тафаккур қилишни ўргатинг
Инсон ақл ва идрок соҳибидир. Ақл ҳақ билан ботил, ҳидоят билан залолат орасини ажратиб беради. Ёмонлик билан яхшилик ўртасини фарқлайди. Инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи ва унинг асосий хусусиятини белгиловчи “фаҳм-фаросат, ўйлаш, англаш ва тафаккур малакаси”ни англатувчи атама “ақл” дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ақл ҳақ ва ботилни ажратадиган қалбдаги нурдир», - деганлар.
Омир ибн Абдулқайс: «Ақлинг сени нолойиқ ишлардан қайтара олса, демак сен ақллисан», - деган.
Аллоҳ таоло инсон зотини ақл туфайли мукаррам этиб, уни барча жонзотлардан афзал қилди. Ақл сабабидан инсонга турли бурч ва вазифаларни юклади. Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва қудрати ила инсонни ақлли қилиб яратди. Шунинг учун ҳам ислом таълимоти ақл ривожи ва тараққиётига катта аҳамият беради. Зеро, ислом дини ақл юритиш, фикрлаш, назар солиш ва ибратлашишга чақирувчи диндир. Ислом ақидасига кўра, илоҳий ваҳий билан ақл ўзаро зиддиятга бормайди, чунки пайғамбарларга берилган ваҳий ва ақл Аллоҳ таолонинг илоҳий туҳфалари ҳисобланади.
Ҳукамолар шундай дейишган: «Аллоҳ таоло фаришталарни ақлли, аммо нафсу ҳавосиз, ҳайвонларни ақлсиз, лекин нафсу шаҳват эгаси қилиб, Одамзотни эса ҳам ақл, ҳам нафсу шаҳват соҳиби қилиб яратди. Кимнинг ақли нафсу шаҳвати устидан ғолиблик қилса, у малоикалардан яхши, кимнинг нафсу шаҳвати ақлига устунлик қилса, у ҳайвондан ҳам ёмондир».
Бишр Ҳофий айтган қуйидаги сўзларни келтириш ўринлидир: «Агар инсонлар Аллоҳ таолонинг буюклиги ҳақида фикрлашса эди, Унга ҳеч қачон осий бўлишмас эди».
Имом Ғаззолий: «Илмнинг кўпайиши, маърифатнинг кенгайиши – тафаккур мевасидир», - дейди. Агар инсонда маърифат жамланса, ундан маърифат гулшани ҳосил бўлади. Зеро, маърифат маърифатни юзага келтиради. Инсоннинг энг катта мусибати бу тафаккур қилишдан маҳрум бўлишидир.
Ҳадиси шарифда: «Аллоҳнинг яратган махлуқот ва мавжудотлари тўғрисида тафаккур қилишга тенг келадиган бирор ибодат йўқдир», - дейилади (Мадорик тафсир китобидан).
Муслим АТАЕВ,
Фатво бўлими ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
Ашхободда улкан масжид очилди
Туркманистон Республикаси пойтахти Ашхобод шаҳрининг “Тинчлик-7” мавзесида “Ҳазрат Умар” номли янги масжид очилди. Унинг очилиш маросимида мамлакат муфтийси, Ашхабод ва вилоятлар имомлари, пойтахтликлар ва пойтахт меҳмонлари иштирок этди. Бу ҳақда “Нейтрал Туркманистон” нашрига таяниб Azon хабар берди..
Мазкур масжид Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қарори ва “Хожа Аҳмад Яссвий” диний ташкилотининг буюртмасига кўра барпо этилган. Унинг қурилишида замонавий технологиялар ва ўзига хос меъморий ечимлардан фойдаланилган.
Масжид жами 13 минг квадрат метр майдонни эгаллаган, унинг ёнида автомобиллар учун тўхташ жойи ҳам ташкил этилди, атроф ободонлаштирилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Аҳли илмларга озор беришдан сақланишга оид нукталар
Истанбул шаҳридаги халқаро конференцияда вакилларимиз иштирок этди
20-21 сентябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров, Халқаро ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев таркибидаги делегация Туркиянинг Истанбул шаҳрида фаолият юритаётган Ибн Холдун номидаги университетда ўтказилган “XXI аср таҳдидлари ва ислом маърифати ғоялари” мавзусидаги халқаро конференция ишида иштирок этдилар.
Конференция Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Халқаро ислом академияси, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси, Истанбулдаги Ибн Холдун университети, Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти Ислом маданияти ва тарихини тадқиқ қилиш маркази (ИРСИКА) иштирокида ташкил қилинди.
Ҳозирги кунда мусулмон оламини Аллоҳнинг буйруқларига зид равишда қамраб олаётган тафриқа, яъни фирқаларга бўлиниш, унинг натижасида исломнинг тинчлик, эзгулик, бунёдкорлик моҳиятига зид қарашларнинг ёйилиши конференция қатнашчилари томонидан аср таҳдидлари дея баҳоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Жаҳолатга қарши маърифат” ташаббуси, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, XXI аср вабоси дея ном олган экстремизм ва терроризмга қарши ислом маърифати ёрдамида кураш мавзуларидаги маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Конференция ниҳоясида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Туркиянинг Ибн Холдун универститети қошидаги Цивилизацияларни қиёсий ўрганиш институти ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Муфтий ҳазрат янги қурилиш ишига дуо берди
19 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов “Ҳазрати Имом” мажмуаси “Мовароуннаҳр” нашриёти ёнида барпо этилиши режалаштирилган уч қаватли бино лойиҳаси билан танишди.
Ташриф давомида муфтий ҳазратга ушбу қурилиш жараёни, кўзда тутилган режалар ҳақида ЎМИ хўжалик бўлими мудири Жамилов Рустам батафсил маълумот берди.
Лойиҳага кўра, ушбу ҳудудда 3 қаватли муҳташам бино қад ростлайди. 1-2 қавати – Диний идора, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходимлари, Тошкент Ислом институти устоз ва талабалари учун ошхона, 3 қавати – мартабали меҳмонларни кутиб олишга мўлжалланган зал ва ресторан. Шунингдек, мазкур бино ертўласида ЎМИ босмахонаси ташкил этилади.
Муфтий ҳазрат қурувчилар билан самимий мулоқот ўтказгандан сўнг қурилиш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар бердилар. Аллоҳ таолодан динимиз ривожи йўлида бошланган ушбу қурилиш ишининг хайрли бўлишини, қурувчиларга куч-қувват сўраб дуою фотиҳа қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати