muslim.uz
Муфтий ҳазратлари Қозоғистонда халқаро форумда иштирок этдилар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бугун, 19 июнь куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро форумда ўз маърузаси билан иштирок этди.
Ушбу форум Қозоғистонда 2018 йилни “Ўзбекистон йили” деб эълон қилиниши доирасида ўтказилмоқда.
Форумда Қозоғистон мусулмонлари идораси Бош муфтийси Серикбай ҳожи Ораз, диний бошқарманинг бошқа раҳбарлари, Чимкент вилояти ҳокими, Қозоғистоннинг жойлардаги Бош имом-хатиблари иштирок этди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Саудия Арабистони Чеченистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ёрдам беради
Саудия Арабистони Чеченистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга инвестиция киритишни мўлжалламоқда. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия президенти Владимир Путин билан суҳбат чоғида маълум қилди. Бу ҳақда "Islam-today" хабарига таяниб "azon" нашри маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, бу Чеченистон Республикасининг ривожланиш учун яхши йўналишга эгалигидан дарак беради. “Ишонаманки, биз белгиланган суръатни сақлаб қоламиз ва янада юксаламиз”, – деди жумладан чеченлар етакчиси.
Қодиров шунингдек сал илгари Грознийда БАА компаниясининг беш юлдузли меҳмонхона очганини эслатиб ўтди.
Чеченистон ўз навбатида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳам кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича инвестициявий фонд ташкил қилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбeкистон Рeспубликаси Ташқи ишлар вазирлиги баёноти
Тошкент шаҳрида 2018 йил 27 март куни бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция давомида эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Ўзбeкистон Рeспубликаси Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида маълум қилинди.
Ўзбекистон Афғонистон масаласида музокаралар учун зарур шароитлар яратишга тайёр
Ўзбекистон ўтган давр мобайнида Афғонистон ҳукумати, АҚШ, ХХР, Россия, Халқаро мулоқот гуруҳига аъзо мамлакатлар, Евроосиё минтақаси, Жанубий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ давлатлари вакиллари билан бу борада қатор маслаҳатлашув учрашувлари ва музокаралар ўтказди.
Таъкидлаш жоизки, Афғонистон бўйича форум доирасида бир овоздан қабул қилинган, минтақавий ва глобал миқёсда тинчликка эришиш, терроризмга ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, шунингдек, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни назарда тутувчи Тошкент декларацияси ушбу йўналишдаги ишларни амалга ошириш учун муҳим сиёсий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Тошкент конференцияси иштирокчиларининг умумий позициясини рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон тегишли алоқалар ўрнатиб, Толибон ҳаракатининг юқори мартабали вакиллари билан амалий учрашувлар ўтказди. Учрашувларда Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик-барқарорлик ўрнатиш ва мамлакатни иқтисодий ривожлантиришга қаратилган мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракатининг Рамазон ҳайити нишонланиши муносабати билан ўзаро ўт очишни тўхтатиш тартибини жорий этганини олқишлайди. Ўзбекистон ушбу ярашув Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг ўт очишни тўхтатиш тартибини узайтириш тўғрисидаги қарорига амал қилган ҳолда муддатсиз тус олишига умид қилади.
Қарор топаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ташаббусига асосланиб, Ташқи ишлар вазирлиги тинчлик жараёнининг барча босқичларида Ўзбекистон ҳудудида Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ташкил этиш учун зарур шароитлар яратишга ҳар томонлама тайёр эканини тасдиқлайди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Озарбайжонда Рамазон ҳайити беш кун нишонланмоқда
Озарбайжонда Рамазон ҳайити муносабати билан беш кунлик дам олиш эълон қилинди. Бу ҳақда Islam.ru сайти хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, бу вақт оралиғида аҳолининг ибодатлар билан машғул бўлиши кўзда тутилган.
Шунингдек, одамларнинг қабристонлардан хабар олиши, қариндошлари билан алоқаларни янада яхшилаб олишига шароит яратиш ҳам эътиборга олинган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Нега шундай деймиз: «МУЛЛА (ДОМЛА)НИНГ АЙТГАНИ ҚИЛ-У, ҚИЛГАНИНИ ҚИЛМА...МИ?»
Доно халқимиз бошидан ўтказиб, тажрибада синаб кўриб айтган иборалар борки, улар йиллар давомида янгидан-янги маъно-мазмун касб этиб сайқалланиб бораверади.
Лекин яна шундай иборалар ҳам борки, улар вақтлар, замонлар ўтиши билан жамиятдаги ўзгаришлардан “насибаси”ни олиб, ўзининг асл маъносидан узоқлашаверар экан. Шулардан бири «Мулла “домла”нинг айтганини қил-у, қилганини қилма» ибораси.
Хўш, аҳён-аҳёнда қулоғимизга чалинадиган бу ибора нимани англатади? Нима сабабдан бу ибора дин пешволарига кесатиқ тарзида қўлланиладиган бўлиб қолди?
Гапни узоқроқдан, яъни Пайғамбаримиз давридан бошласак, мазкур иборани тушуниш осон бўлади. Аллоҳ таоло Қурҳони каримда: “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг!” (Исро сураси, 79-оят), оятига биноан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзига кечаси ўқиладиган “таҳажжуд” намозини одат қилиб олган. Баъзи ривоятларда фарз қилиб олган, дейилади.
Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уммати қийналиб қолмаслиги учун уларга тунги намозни ихтиёрий (нафл) қилди. Худди шундай уламолар, дин пешволари ҳам нафл ибодатларни мунтазам равишда адо этиб келган. Лекин буни оммага ошкор қилмаган ва мўминларга бу ишларни буюрмаган ҳам. Ваъз-насиҳатларда, амри маъруфларда мусулмонларни фақат фарз ва суннат амалларга риоя қилишга чақирган.
Аввалги асрларда маҳаллаларга, судлов инстанцияларига обрўли домлалар, қозилар, имомлар бош бўлишган. Уларнинг обрўси эгаллаб турган мансаби билан эмас, балки илми ва амали билан белгиланган.
Афсуски, кейинчалик айрим “чала муллалар” ҳою ҳавасга эргашиб, нафсига қул бўлиб ислом дини ман этган ишларни ҳам бемалол қилаверишди. Бунинг оқибатида улар муқаддас динимизни ҳамма ёмон кўрсатиб қўйишди. Ҳозирга кунда ҳам бундай ҳолат давом этаётгани ташвишланарлидир.
Атоқли адибимиз Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бу иллатни “Майсарасининг иши” пьесасида жуда чиройли таърифлаб, ўша пайтдаги қозиларнинг аҳволини: “Сизлар нима иш қилсаларингиз, шариатга тўғри келаверади-я”, дея Мулладўст, яъни Обид Юнусов тилидан очиб ташлайди.
«Мулла “домла”нинг айтганини қил-у, қилганини қилма» иборасини устозлар қуйидагича изоҳлашади: «Домланинг айтганини қилиш билан кифояланаверинг, барибир уларнинг қилганини қила олмайсиз. Чунки домла мусулмонларни фарз намозларини ўқишга чақиради. Ўзи эса нафл намозларини ҳам канда қилмайди. Рамазон ойида рўза тутиш фарзлигини айтади. Ўзи эса нафл рўзалар тутади ва ҳоказо. Шу боис домла “мулла”нинг айтганини қилиб қўя қолинг, у бажараётган амаллар сизга оғир қилади».
Ижобий маънода қўлланилган иборани амалда асл ҳолатига қайтариш вақти келмадими?!
Толиб НИЗОМ