muslim.uz

muslim.uz

Бугун Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” (Кўкча) жоме масжидида навбатдаги кар-соқовлар билан “Имонимизни мустаҳкамлашни хоҳлаймиз” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хотин-қизлар билан ишлаш мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент шаҳар ҳокимияти аёллар ўртасидаги ижтимоий масалалар мутахассиси Дилбар Аҳмедова, “Исломобод” жоме масжиди бош имом-хатиби Жуманов Абдулҳамид домла, “Кар-соқов”лар жамияти аъзоси Моҳира Кубаевалар қатнашишди.

Ушбу учрашувдан мақсад, уларнинг соф динимизни ўрганишга бўлган иштиёқларини қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ёлғиз эмасликлари, жамиятнинг барча қатлами давлатнинг ҳимоясида бўлишини учрашувга келган имконияти чекланганларга етказишдир.

Динимиздаги 40 фарз ҳақида билганларини гапириб бериш учун уларни минбарга таклиф қилишди. Кўплаб иштирокчилар бу саволга жуда оқиллик билан жавоб беришди. Ҳаттоки қўшимча ўқиб келган маълумотлари ҳақида ҳам ўртоқлашишди. Сўнгра бу жараён саволларга уланиб кетди. Эътиборимизни бир савол ўзига тортди. Эндигина 20 ёшни қаршилаган Азизбек Қурбонов қалбини келганларга очиб шундай деди: “Ислом динини мукаммал ўрганишни хоҳлайман. Бу йил Президентимизнинг қарорлари билан ногиронларни қўллаб қувватлаш учун махсус олий ўқув юртларида квоталар берилишидан хурсанд бўлдим. Худо хоҳласа, Ахборот технологиялар институтига кирмоқчиман. Саволим шундан иборатки, Қуръони каримдаги Бақара сурасининг 18- оятини ўқиб тўғриси чўчиб кетдим, биз кар-соқовларга ҳидоят бўлмасмикан? Шу масалага ойдинлик киритсангиз. Қалбимда имон борлиги, Аллоҳга бўлган ишонч кучли аммо бу оятни мен тушунолмаяпман?”, деди. Бу саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова қўйидагича жавоб бердилар: “Энг долзарб бўлган саволни бердингиз, оятларни ўқиб бошқача талқин қилиб олаётганлар, айниқса, миссионерлар бу каби ҳолатлардан яхшигина фойдаланаётгани бизларга маълум. Ниманики тушунишга қийналсангиз, ҳар бир масжидларимизда имом-хатиб домлаларимиз бор улардан барча саволларингизга тўғри-аниқ жавоб олишингиз мумкин. Ушбу саволга келадиган бўлсак, “(Улар маънан) кар, соқов ва кўрдирлар. Бас, улар зинҳор (ҳидоятга) қайтмагайлар” (Бақара сураси, 18-оят). Бу оятнинг кар-сақовларга умуман алоқаси йўқ. Ушбу оят мушрикларга қарата айтилган бўлиб, яъни уларнинг карлиги – ҳақ гапларни тингламасликлари, соқовликлари – ҳақ гапни гапирмасликлари, кўрликлари эса ҳақ нарсани кўриб, тасдиқ этмасликларидир. Иншоаллоҳ Аллоҳ итоатли бандаларига меҳрибон ва шафқатлидир”.

Тадбирга сал кейинроқ ташриф буюрган “Исломобод” жоме масжиди бош имом-хатиби Жуманов Абдулҳамид домла эса қатнашчиларга илоҳий китоб Қуръони каримнинг “Юсуф” сураси ҳақида батафсил тушунчалар бериб, Қуръони карим оятларининг бутун инсониятга манфаати бениҳоя чексизлиги ва биз бандаларга шифо ва раҳматлигини таъкидлаб ўтдилар. Ва: “Сизлар ҳозир эшитган маълумотларингиз тезда эсингиздан чиқиб кетиши мумкин, шунинг учун кўпроқ китоб ўқишга ҳаракат қилингизлар. Қандайдир тушунилиши қийин саволлар туғилса, албатта, ёзиб қўйинг-ки, келгуси учрашувимизда уларга ойдинлик киритамиз, иншоаллоҳ. Олдингига нисбатан, анча билим савияларингиз ошганидан кўнглимиз беҳад шодланди. Ўқиб ўрганишга бўлган шижоатингиздан хурсанд бўлдик...” дедилар.

Соф Ислом динини гапириш ва эшитиш қобилиятлари чекланган шахсларга атрофлича тушунишга беминнат ёрдам бераётган мутасадди раҳбарларнинг саъй-ҳаракатлари натижасини кўриб ҳақиқатан “Машаллоҳ” деймиз. Улар эса синиқ кўнгилларини шунчалик кўтариб, эътибор берилаётганларидан мамнунлигини ва ҳар бир учрашувни интизорлик билан кутишларини изҳор қилишди.

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

 

 

Мусулмонлар вегетериан эмас. Лекин баъзида вақтинчалик вегетериан бўламиз, яъни ҳалол гўшт топмасак сабр қиламиз. Буюк Британияда мусулмонлар омадли, озиқ-овқат дўконлари ва маҳаллий бозорларда ҳалол маҳсулотлар кўп. Аммо бу маҳсулотларни ўзимиз етиштирмаймиз, лекин мабодо етиштирсак ҳам у соғлигимиз учун тетиклаштирувчи машғулот бўлар эди. Масалан, эко-мусулмон сифатида помидор ва бошқа сабзавотларни етиштиришни ўргансангиз, бу ноу хау ва соғлом турмуш тарзи учун самарали қадам бўлади.

Парвардигоримиз сайёраларни уйғунлик ва мувозанат шароитида яратган, ҳар бир тирик жонни етарли озиқ билан таъминлаган. Аллоҳ таоло яна одамларга тақдим қилган неъмат – эътиқоддир. Буни биз таом деб оладиган бўлсак, у ҳеч кам-кўстсиз истеъмол қилиниши зарур. Биз ейишни истамаган овқатимизни исроф қилишимиз мумкин эмас. Мусулмонлар учун Қуръондан эслатма: “...Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом, 141).

Озиқ-овқатни исроф қилмасликнинг энг фойдали усули бу – компост қутисини уйда яратишдир. Компост қутиси бу – кераксиз ёки муддати тугаган ва ачиб қолган овқатларни битти катта қутига йиғиб қўйишдир. Қутидаги чиқиндилар иссиқда ва узоқ муддатда  тупроқни ва ўсимликни тўйинтириш учун солинадиган органик моддага айланади.  

Режа:

  • Муддати тугаган озиқ-овқатларни исроф қилманг, компост қутисига ташланг, қолганларини қушларга, балиқларга майдалаб бериш мумкин.
  • Фақат ўша кун учун ёки бир ҳафталик озиқ-овқат харид қилинг.
  • Одамларнинг сонига қараб овқат пиширинг. Исломий урф-одатларга кўра овқатланиш асосини 3 та нарса ташкил қилади: 1 – овқат, 2 – сув, 3 – ҳаво. Қолган овқатларни эртанги кунга сақлаб қўйинг.
  • Сувни шунчаки тўкиб ташламасдан, ўсимликларингизни суғоринг.
  • Дўстларингиз ва оила аъзоларингиз билан овқатланганингизда энергия оласиз. Кўп одам йиғилганида энергиянгиз кам сарфланади, чунки сизга дўстларингиз ва оила аъзоларингиз ёрдам беради. Кайфиятингиз ҳам кўтарилади.
  • Пўчоқлар, тухум қобиқлари, пўстлоқлар ва қуртлар билан компост йиғими тўплашни бошланг.
  • Ортиқча мева ёки консерваланган озиқ-овқатлирингизни бошқаларга ёрдам тариқасида тарқатишингиз мумкин.
  • Рўза тутинг. Бу савоб ҳамда соғлиқ учун фойдали.
  • Онлайн харидлардан оқилона фойдаланинг. Кўтариб юриб сотиладиган овқатларни сотиб олманг.
  • Таомни уйда пишириб енг.

Инглизчадан Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.

 

 

 

 

 

Муқаддас динимиз таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар Аллоҳ таоло ҳузурида энг шаънлари улуғ, қадрлари юксак зотлар ҳисобланади. Кўплаб ҳадис ва асарларда уларнинг қадамлари остига фаришталар қанот ёзишлари, еру осмондаги барча мавжудотлар ҳатто сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтишлари айтиб ўтилган.

Шундай экан уламоларни қадрлаш ва эҳтиром қилиш шаръан вожиб амаллардандир. Зеро уламолар анбиёларнинг меросхўрларидир. анбиёлар молу дунёни эмас, балки илмни мерос қолдиргандирлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг“Мужодала” сурасида марҳамат қилиб “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”деган бўлса, “Зумар” сурасида: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” деган (9 оят). Яъни олимлар билан жоҳил-илмсизлар Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, жазо ва мукофотда ҳам тенг бўлмайдилар. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло “Ким менга яқин бўлган бир бандамга нисбатан душманлик қилса унга қарши уруш эълон қилурман” деди” деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисни изоҳлаб имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъий (р.а.) “агар уламолар Аллоҳга яқин бўлишмаса ким ҳам у зотга яқин бўларди?!” дейишган.

Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасида шундай марҳамат қилган: “Эй, мўминлар! Кўпгумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз...!

ушбу ояти каримага яхшироқ эътибор қилсак, Аллоҳ таоло бизларни турли асоссиз гумонлардан, инсонларни айбларини қидириб юришдан ва шу билан бир қаторда одамларни ортларидан ғийбат қилишдан қайтармоқда. Оятда ғийбат қилган кишини ўз биродарини ўлганидан кейин гўштини ейиш билан баробар манфур амал экани таъкидланмоқда. Бир мусулмон киши бошқа бир мусулмонни ортидан ғийбат қилиши шу даражада разил бўлса олимларни ғийбат қилишни қандай баҳолаш мумкин?!

Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир илм аҳлларига одобсизлик қилган кишига насиҳат қилиб, шундай деган “билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.

Яъни илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, улар йўқликларида ортиларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалб кўр қилиб қўяди.

Аллома ибн Нажжорнинг “тарих”ида Қози имом Абу Тоййибдан қилинган саҳиҳ ривоятда шундай воқеъни келтирилади “Биз Бағдоддаги жомеъ масжидда ўтирган эдик. Бир хуросонлик ёш йигит келиб, олимлардан бир масала ҳақида сўраб далилини талаб қилди. Шунда унга сўраган масаласини жавобини айтиб Абу Ҳурайа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ушбу масаланинг далили эканини айтилди. Йигит: “Абу Ҳурайра ҳадиси ҳужжат бўладиган одам эмас” деди. У гапини тугатиб бўлмасдан “жомеъ” шифтидан катта бир қора илон тушди. Бу ҳолатни кўрган одамлар қўрқиб кетиб, ҳар томонга қоча бошлашди. Илон айни ўша йигитни таъқиб қиларди. Шунда йигитга қарата “ҳозир айтган гапингдан тавба қил” дейилди. У шошганича “тавба қилдим” деган эди илон ҳеч қандай из қолдирмай ортига қайтиб кетди”. Ушбу ҳикояни келтирган машҳур муҳаддис олим ибн Салоҳ “ушбу ривоят ишончли санад билан собит бўлган бўлиб, ривоят қилганларни барчаси ишончли кишилардир” деган.

Юқоридаги келтирилган ва ундан бошқа кўплаб шаръий далиллардан хулоса қиладиган бўлсак инсонларни, айниқса, илм аҳлларини ҳақорат қилиш, ортларидан ғийбат қилиш, одамлар ўртасида обрўсизлантиришга уруниш шаръан ҳаром амалдир. Аксинча уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, насихатларига қулоқ тутиш эса марғуб ва матлубдир. Ҳар бир инсон қўлидан келганича уларга нисбатан самимий бўлишга, ўзаро меҳр-муҳаббат асосида муомалада бўлишга ҳаракт қилиши лозим. Зеро хазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдандир”.

 

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Турсунов Абдулатиф

Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон вилояти ўрнига Туркистон вилояти ташкил этилди. Янги вилоятнинг маъмурий маркази этиб Туркистон шаҳри белгиланди. Чимкент эса республика миқёсидаги шаҳар мақомини олди. Бу ҳақдаги фармонни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев имзолади.

Назарбоев фармонни имзолаш маросимидаги нутқида Чимкент Остона ва Олмаота билан бир қаторда аҳолиси бир миллиондан кўпроқ бўлган шаҳарлар қаторига кирганини таъкидлаб ўтган.

Қозоғистон президенти янги ташкил этилган вилоят янги маъмурий вазифаларни сифатли амалга ошириш учун барча имкониятларга эгалигини айтган ва қабул қилинаётган қарор муҳим тарихий аҳамиятга эгалигини таъкидлаб ўтган.

“Чимкент нафақат бизнинг мамлакат, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг инвестициялар, технологиялар ва интеллектуал заҳираларни жалб қилиш марказига айланади. Бунинг учун барча шароитлар ва зарур салоҳият мавжуд”, деб айтган Назарбоев.

Бундан ташқари, Туркистон шаҳрини Марказий Осиёнинг гавҳарлари бўлган Самарқанд, Хива, Бухоро даражасига чиқариш имконияти мавжудлиги ҳам ҳисобга олинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 20 июнь куни “Кўкалдош” номли ўрта махсус ислом билим юртида 2017-2018 ўқув йили битирувчи талабаларининг “ХАТМОНА – 2018” байрам тадбири бўлиб ўтди. Байрамона тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Абдулазиз Мансуров, Иброҳим домла Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита таълим бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ва Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, фахрий устозлардан Муродилло домла Ходжаев, Абдусалом домла Восиев, Абдулло домла Исмоилов ва талабаларнинг ота-оналари ташриф буюрдилар. Тадбирни кириш сўзи билан билим юрти мудири З.Мирсодиков очиб бериб, барчани ўтган Рамазон ҳайити билан қутладилар, тадбир ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди ва юртимизда диний таълимга бўлган эътибор, билим юртининг эришган ютуқлари ҳақида гапириб тадбирни очиб берди.

Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансуров сўзга чиқиб, битирувчи талабаларга ва тадбир қатнашчиларига самимий табрикларини изҳор этиш билан бирга ўзларининг панд-насиҳатларини билдириб ўтдилар.

Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита таълим бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамовлар талабаларга ўзларининг ҳаёт тажрибаларидан мисоллар келтириб битирувчи талабаларга келгуси ҳаёт йўлларида муваффақиятлар тилаб, келажакда ўқишларини давом эттириш учун омадлар тиладилар.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонларнинг табрик сўзларидан сўнг билим юрти мударрис ва талабаларини тақдирлаш қисми бўлиб ўтди. Унда билим юртида фидокорона хизмат қилаётган устозлар ва намунали хулқи ва аъло баҳолари билан фаол иштирок этаётган талабалар билим юртининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, ушбу байрамона тадбирга ташриф буюрган муҳтарам ота-оналар ҳам иштирок этиб, ўзларининг дил изҳорларини айтиб, айниқса, устозларга ташаккурлар билдиришди.
Тадбирнинг бадиий қисмида битирувчи талабалар ўзлари тайёрлаган шеър, манолог ва дил изҳорларини намойиш этдилар.
Тадбир сўнгида билим юрти талабалари томонидан ўқилган хатми Қуръон тиловат қилиниб ўтганлар руҳларига бағишланди. Барча тадбир қатнашчилари байрам дастурхонига таклиф қилинди.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев

Top