muslim.uz

muslim.uz

Рўзани бузувчи ҳолатлар:

Банда қуйидаги ишларни ўз хоҳиши билан амалга оширса, унинг рўзаси бузилади ва унга рўзанинг қазосини тутиб, каффоратни ўташ вожиб бўлади:

– озуқа ёки дармон бўлувчи бирор нарса ейиш ёки ичиш. ғийбат қилгандан кейин ёки қон олдиргач, рўзам очилди, деб бирор нарса ейиш ҳам шунга киради;

– жинсий алоқа қилиш. Яъни, бундай ҳолатда маний тўкилиши ёки тўкилмаслигининг фарқи йўқ. Эркак жинсий аъзосининг бош қисми иккинчи тарафнинг олд ёки орқа йўлига кирса иккисига ҳам қазо ва каффорат вожиб бўлади. Гарчи аёл эркак тарафидан мажбурланса ҳам, унга каффорат вожиб бўлади;

– хотинини шаҳват билан ушлагандан, қон олдиргандан, бировни ғийбат қилгандан ёки мўйлабига ёғ суртганидан кейин, “рўзам очилиб кетди”, деган хаёлга бориб, бирор нарса ейиш ёки ичиш (агар бир олим одам унга: “Рўзанг очилибди”, деб фатво берса, у фақат рўзанинг қазосини тутади, каффорат вожиб бўлмайди);

– оғзига тушган ёмғир томчисини ютиш;

– хом гўшт бўлса ҳам ейиш. Илло озуқалик белгиси йўқолган айниган гўштни еган банданинг рўзаси бузилади, аммо унга каффорат вожиб бўлмайди;

– мол чарвиси ёғини ейиш;

– қовурилган гўшт ейиш;

– бўғдой донини чайнаб ютиш. Аммо бир дона бўғдой эриб кетгунича чайналса ва томоқдан эриган ҳолда ўтса, рўза бузилмайди, каффорат ҳам вожиб бўлмайди;

– бўғдой ва кунжут кабиларни бир неча донадан ейиш;

– арманий тупроқ, оддий тупроқ ёки кесак ейиш;

– туз ейиш;

– хотини ёки бошқа бир одамнинг тупугини ютиш.

Шу ерда бир муҳим нарсани эслатиб ўтамиз. Каффорат фақат Рамазон рўзасини узрсиз очганлар учун тайин қилинган. Бошқа турдаги рўзаларни очиб юборганлар фақат рўзанинг қазосини тутадилар, каффорат уларга вожиб бўлмайди. Каффорат Рамазон ойи рўзасининг ҳурматидан шариъатга жорий қилинган. Сабаби бу улуғ ойда тутиладиган рўзанинг қадри ва ўрни буюк.

Қуйидаги ҳолатларда банданинг рўзаси очилиб, Рамазон рўзасининг қазосини тутиш вожиб бўлади, каффорат унинг зиммасидан соқит бўлади:

– озиқ саналмайдиган ва одам одатда уни емайдиган нарсаларни тановул қилиш. Масалан, хом гуруч, хамир, кўп миқдорда туз ейиш, пишмаган мева ейиш, тишлар орасида қолган нўхатдан катта нарсани ейиш, пахта, қоғоз, тери, тош, танга каби нарсаларни еса;

– овқат ёки дори-дармоннинг шаръий узр – беморлик, сафар ёки мажбурлаш, хато, эътиборсизлик ҳамда шубҳа сабабидан тановул қилса,

– ўз ихтиёри билан ичига тутун киргизса;

– орқа тешикдан, бурун ёки аёлнинг олдидан ичига сув киритилса;

– бир одам мажбурлаш ёки алдов йўли билан рўзани очириб юборса;

– “саҳарлик вақти ҳали чиққани йўқ”, деган гумон билан еб-ичишда давом этса ва бориб қараганда саҳарлик вақти чиққан бўлса, шунингдек, “ифтор вақти бўлди”, деб ўйлаб, оғзини очганидан кейин ҳали ифтор вақти бўлмагани маълум қилинса;

– қасддан оғзи тўла қусса ҳам қазо тутади. Агар рўзадорлиги эсидан чиқиб, оғзи тўлмасдан таом эмас балғам қусса, рўза очилмайди;

– таҳоратда оғиз чаяётганида хато билан сув ютиб юборса,

– бир киши кечаси саҳарликдан олдин ният қилолмади, кундузи ният қилди. Кейин “рўзам тўғри бўлармикан”, деган шубҳа билан таом еса, ёки ичимлик ичса, қазосини тутиб беради.

Қуйидаги ҳолатларда банданинг рўзаси бузилмайди:
– рўзадор эканини унутиб, таом ейиш ёки ичимлик ичиш. Банда рўза тутгани эсидан чиқиб, бирон нарса еса ёки ичса, эслаган заҳоти чайнашдан тўхтаб, оғзидаги луқмани чиқариб ташлаши лозим. Агар рўзадорлиги эсига тушганда ҳам чайнашда давом этса ёки луқмани ютиб юборса, унга каффорат вожиб бўлади. Рўзадорлигини унутиб жинсий алоқа қилишнинг ҳукми ҳам шундай;
– эркак ёки аёлнинг шаҳват қўзғайдиган жойига тикилиб қараш сабабли шаҳват суви чиқиши;
– шаҳват қўзғайдиган нарсаларни ўйлаш натижасида шаҳват суви чиқиши (юқорида саналган ишлар рўза пайтида ножоиз бўлса-да, рўза очилмайди);
– рўзани бузишга ният қилиб бузмаслик;
– сочга ёғ суртиш;
– сурма қўйиш ёки кўзга ранг суртиш (суртилган нарсанинг таъми билинса ҳам зарари йўқ);
– қон олдириш;
– мисвок ишлатиш;
– оғиз ва бурунниг таҳорат ва ғуслда оҳиста чайиш (агар қаттиқ чайиш оқибатида ичга сув кетиб қолса, рўзанинг қазоси тутилади);
– ғийбат қилиш;
– беихтиёр тутун ютиш (аммо рўзадорлигини била туриб, хушбўй нарсаларни ҳидласа, рўза очилади);
– тегирмонда ишлайдиган кишининг томоғидан ун чанг ҳолида ўтиши;
– томоқдан пашша ёки чивин кабилар ўтиши;
– эрталаб эҳтилом ҳолида туриш. Бунда эҳтиёткорлик билан ғусл қилиб олинади.

Аслида бундай ҳолатда шомгача жунуб ҳолда юриш рўзага халал бермайди;
– қулоқдан сув кириши;
– бурун сувини ичга ютиш;
– тишлар орасидаги нўхатдан кичик нарсани ютиш;
– тиш олдирирганда ичга қон ёки дори кетиб қолмаса рўза очилмайди.
– оғизга седана ва кунжут каби майда нарсаларни солиб, мазаси кетгунича ютмасдан чайнаганда ҳам рўза очилмайди.

 

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси

Турғунов Асадуллоҳ

Савол: Пешин намозини ўқиб бўл­ган киши унинг фарзини имомга иқтидо қилиб қайта ўқиса бўла­ди­ми?

Жавоб: Ҳа. Шунингдек, жамоат билан намоз ўқиладиган масжидда фарз намозни ёлғиз ўзи ўқиётган киши, у ўқиётган фарз намози жамоат билан ўқила бошлаганида, агар биринчи ракатга саждага бормаган бўлса, намозини бузиб, имомга иқтидо қилади (“Мухтасарул Виқоя”).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Жамоат намозининг савоби ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража ортиқдир» (Имом Бухорий ривояти).

Тўрт ракатли фарз намозларда бир ракатини ўқиган бўлса, иккинчи ракатини ҳам ўқиб ташаҳ­ҳуддан кейин салом бериб имомга иқтидо қилади. Агар уч ракатини ўқиб бўлган бўлса, намозини тугатиб, кейин имомга иқтидо қилади. Ўқилган бу тўрт ракатли намоз нафл ҳисобланади.

Агар бомдод намозининг фарзини бошлаб би­ринчи ракатининг саждасини қилган бўлса, бомдод намозидан кейин нафл намоз ўқиш макруҳлиги сабабли бир салом билан намозини бузиб, имомга иқтидо қилади.

Шунга ўхшаш шом намозида ҳам бир рака­ти­ни ўқиб бўлган бўлса ҳам иккинчи ракатини ўқимас­дан, салом бериб, имомга иқтидо қилади.

Ўқилаётган намоз аср бўлса, имомга нафл ния­ти билан иқтидо қилолмайди. Чунки аср намо­зини ўқигандан кейин нафл ўқиш макруҳдир.

Фарз намозини ўқиётган киши икки ракатини ўқиб бўлиб, учинчи ракатининг саждасига ҳануз бормаган бўлса, жамоат намози учун такбир ай­тилса, тик туриб ёки ўтириб салом бериб, имомга иқтидо қилади. Ўқилган икки ракат нафл ўрнига ўтади.

Лекин бошлаган намози суннат (нафл) бўлса, уни тугатиб, сўнг имомга иқтидо қилади.

 

"Сўраган эдингиз" китобидан олинди
ЎМИ Матбуот хизмати

Эрон Ислом Республикасининг пойтахти Теҳрон шаҳридаги энг йирик исломий мажмуада халқаро Қуръони карим кўргазмаси бошлангани хабар қилинди.

Ушбу кўргазма 26-кўргазма бўлиб, 19 май куни очилган. Ушбу кўргазманинг очилиш маросимида Эрон Маданият ва исломий бошқарув вазири Аббос Салехи иштирок этган.

КЎргазмада турли нашриётлар томонидан чоп этилган Қуръони карим нусхалари намойиш этилмоқда. Кўргазма 4 июнга қадар ўз фаолияти давом эттириши айтиб ўтилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бутун мусулмон дунёсида раҳмату мағфират, ибодату саховат ойи бўлган рамазони шарифнинг биринчи ўн кунлиги ўртасидан ошди. Муборак ойнинг ташрифи иймон аҳлларига катта қувонч бағишлади. Илло, рамазон – ҳар йили бир марта қадрли меҳмон бўлиб келадиган шарафли ойдир.
Ана шундай фараҳбахш кунларда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги “Ислом” жоме масжидига ташриф буюриб, мўмин-мусулмонларни муборак Рамазон ойи билан муборакбод этиб, дуолар қилдилар. Сўнг, намозхонлар билан бирга-бирга таровиҳ намози ва хатми Қуръонларни адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намозхонларга мавъиза қилиб, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонларидан олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги улкан ишлар, хайрли ислоҳотлар ва Аллоҳ таборака ва таолонинг берган неъматларига шукрона қилиш тўғрисида сўзлаб бердилар. Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларга рамазон ойининг файзу тароватидан баҳра олиб, Рамазоннинг ҳақиқий завқи – Қуръон тиловати ва зикруллоҳ билан онгу шуурларимизни банд қилиш, улуғ ойнинг илоҳий файзидан насибадор бўлишга чақирдилар.
Марказий жоме масжидга йиғилган мўмин-мусулмонлар муфтий ҳазрат ташрифларидан бағоятда мамнун бўлишди. Уларнинг таъсирчан ва ибратли маърузари намозхонлар кўнглидан яхши жой олди.
Муфтий ҳазрат бошчиликларидаги мутасадди кишиларининг Фарғона водийси бўйлаб сафарлари давом этмоқда.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top