muslim.uz

muslim.uz

Қуръони Карим бизга Ислом ҳидоятидан, ваъид ва огоҳлантиришларидан юраги сиқиладиган кимсалар ҳақида хабар берган. Уларнинг Қуръон тинглагандаги аҳволларини осмонга кўтарилиб кетаётган кишининг ҳолатига ўхшатган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:

 فَمَن يُرِدِ اللّهُ أَن يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلإِسْلاَمِ وَمَن يُرِدْ أَن يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقاً حَرَجاً كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاء كَذَلِكَ يَجْعَلُ اللّهُ الرِّجْسَ عَلَى الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ

“Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмоқчи бўлса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир. Шундай қилиб, Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга азобни дучор қилур”. (Аллоҳ таоло бандаларидан кимга ҳидоятни раво кўрса, ўша банданинг кўксини кенг қилиб қўяди. У банда иймон ва Исломни кенг қалб ила қабул қилади. Аксинча, Аллоҳ таоло кимга залолат ва куфрни раво кўрса, унинг қалбини тор ва танг қилиб қўяди. Иймон ва Ислом ҳақида бирор гап эшитса, сиқилаверади. Илм ривожланиб, одамлар фазога учадиган бўлганларида, инсон қанчалик баландга кўтарилса, юраги–кўкси шунчалик сиқилиши кашф этилди. Агар Қуръон ҳақиқий илоҳий китоб бўлмаганда, бундан ўн тўрт аср аввал бу илмий ҳақиқатни қандай қилиб кашф этар эди?) (Анъом сураси, 125-оят).

Бугунги кунда илм тараққий этиб, инсон осмонга кўтарилиши учун қурилмалар кашф этилди. Юқорига кўтарилиш чоғида ҳаво босимининг инсоннинг ички аъзоларига таъсири ўрганилди.

Бу борада замонавий илм шундай дейди: “Албатта, Аллоҳ таоло тананинг ичидаги босимни инсонни ўраб турган ҳаво босимига мутаносиб қилиб қўйди”.

Оддий ҳолатда ташқи муҳит босими билан инсоннинг ички босими ўртасида фарқ бўлмайди. Яъни иккиси бир-бирига мутаносиб тарзда бўлади.          Космик кемалар кашф этилгач, юқорига кўтарилиш пайтида мазкур мутаносиблик йўқолиши, ички аъзоларда эзилиш, бўғилиш, юракда сиқилиш, бошда ва қулоқларда оғриқ бўлиши маълум бўлди. Инсон тепага кўтарилгани сари ҳавонинг босими пасаяди, натижада, ички босим кўтарилиб кетади. Бунинг оқибатида юрак сиқилиши, томоқда бўғилиш пайдо бўлади. Агар инсон кўтарилишда давом этаверса, охир оқибат ҳалок бўлади. Шунинг учун фазогирлар, учувчилар махсус жиҳозланган кийим (скафандр) кийиб олиб кўтариладилар.

Бунинг илмий шарҳи қуйидагича:

  • Инсон ҳавога кўтарилгани сайин ҳавонинг босими пасаяди ва инсоннинг ички босими кўтарилади.
  • Ҳаво босимининг пасайиб, нафас олишга етарли кислород бўлмайди.
  • Ҳаво совуқ бўлади ва ҳарорат даражаси ўзгарувчан бўлади.
  • Инсон атмосфера қобиғидан чиқиб, вазнсизлик ҳолатига етиб боради. Бу эса жуда хатарли вазиятдир.

Мана шу ҳолатлар инсоннинг ички аъзоларида ўзгариш содир бўлишига сабаб бўлади. Ошқозон ва ичаклардаги газлар чўзилади. Бу эса ичакларда кучли қисилишларга сабаб бўлади. Гоҳида бу газларнинг кенгайиши қориннинг шишишига олиб келади. Натижада, диафрагма (кўкрак билан қурсоқ ўртасидаги парда) юқорига сурилади. У тепага сурилгач, юрак ва ўпкаларга кучли босиб тушади. Бу босим натижасида инсон ё ҳушидан кетади ёки қаттиқ бўғилади. Бу жараён қон айланиш тизимига ҳам салбий таъсир ўтказади. Баъзан томирлар ва пардалар ёрилиб кетади. Мисол учун қулоқнинг ноғора пардаси ёрилиб кетиши ва бурундан тўхтовсиз қон оқа бошлаши мумкин.

Бу ҳолатлар Қуръон оятларини, Ислом таълимотларини эшитаётган айрим кимсаларда ҳам бўлишини Қуръони Карим баён қилган. Эшитиш асносида ўшандай кимсаларнинг юрагида сиқилиш, томоғида бўғилиш содир бўлади.

“Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир”.

Замонлар ўтиши билан илм юксалгани, ривожлангани сайин Қуръоннинг оятларидаги мўъжизалар мана шу тарзда инсониятга маълум бўлиб бораверади.

 

 

Доктор Мустафо Муслимнинг “Мабааҳис фий иъжаазил Қуръан”

номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Рамазонни тинчлик ва осойишталикда ўтказиш ҳаммага ҳам насиб қилмаган. Суриялик мусулмонлар қийин ва оғир шароитларда рўза тутиш ва бошқа ибодатларни адо этишларига тўғри келмоқда.

Бироқ ташқи шароитлар қандай бўлмасин, иймон бу одамларни тарк этмаган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳни янада кўпроқ танишимиз учун Унинг энг гўзал исмларини, баркамол сифатларини яхшилаб ўрганишимиз керак. Бунинг учун ўша исмлар ва сифатларнинг шарҳлари ёзилган китобларни топиб ўқишимиз керак. Энг гўзал исмларнинг борлиқдаги тажаллийларини кўриб, тафаккур қилишимиз керак.

Масалан, чиройли қуш, гул, бирор жонзот, манзара, нарсани кўрганимизда, Аллоҳнинг Холиқ, Бориъ, Мусаввир исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз керак.

Қаттиқ шамол, чақмоқ, момақалдироқ, зилзила, жала, дўл пайтларида Аллоҳнинг Муҳаймин, Азиз, Жаббор, Мутакаббир, Қаҳҳор исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз керак.

Ота-онамиз, фарзандларимиз, яқин кишиларимиз меҳр кўрсатганда, онанинг фарзандига, жонзотларнинг ўз болаларига меҳрини кўрганимизда, Аллоҳнинг Роҳман, Роҳийм, Латиф, Роуф исмлари ҳақида тафаккур қилиб, шу инсонларга, жонзотларга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат туйғусини Роҳман, Роҳийм, Латиф, Роуф исмли Зот берган, деб ўйлашимиз лозим.

Бирор фалокатдан омон қолганимизда, Аллоҳнинг Ҳофиз, Муъмин исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз керак.

Чўнтагимизда пулимиз бўлмаса ҳам оч қолмаганимизда, Аллоҳнинг Раззоқ, Босит исмлари ҳақида тафаккур қилишимиз лозим.

Аллоҳ таоло Ўзининг энг гўзал исмларини, баркамол сифатларини яхши ўрганиб, маърифат ҳосил қилишимизни барчамизга насиб этсин, омин!

Нозимжон Иминжонов

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида хурмо билан оғиз очганлари ҳаммага маълум ва машҳур. Шу боис аксар мусулмонлар рўза ойида хурмо билан оғиз очишни ўзларига одат қилишган.

Шифокорлар Аллоҳнинг охирги пайғамбари хурмо билан бежиз оғиз очмаганларини, чунки Қуръони Каримда номи кўп марта зикр этилган хурмо меваси саломатлик учун, айниқса, рўза тутганлар учун кўп жиҳатдан фойдали эканини амалда тасдиқланган тажрибалар билан исботлашган.

Шу ўринда хурмо дунёнинг қайси мамлакатларида энг кўп етиштирилади ва хорижга экспорт қилинади, деган савол пайдо бўлади.

БМТнинг Маҳсулотлар савдоси статистик маълумотларига кўра, хурмо асосан Яқин Шарқ давлатларида энг кўп етиштирилади ва хорижга экспорт қилинади. Бу ҳақда "salaamgateway.com" нашрига таяниб "info.islom" нашри хабар берди.

Тунис хурмо етиштириш ва экспорт қилиш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. 2017 йилда бу мамлакат 250 миллион 940 минг АҚШ доллари миқдорида хурмо экспорт қилган.

2. Саудия Арабистони ($182.38 млн.)
3. Исроил ($152.49 млн.)
4. Эрон ($ 124.56 млн.)
5. Покистон ($107.49 млн.)
6. Бирлашган Араб Амирликлари ($ 93.79 млн.)
7. АҚШ ($ 58.3 млн.)
8. Жазоир ($ 52.34 млн.)
9. Ироқ ($ 43.07 млн.)
10. Франция ($41.03 млн.).

ЎМИ Матбуот хизмати

Яқиндагина Россия пойтахти Москва шаҳрида Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда илк бора Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этди.

Ҳамюртларимиз ўзларининг илк иштироки бўлишига қарамай барча рақибларини мардонавор тарзда мағлуб этишди ва якунда Жаҳон чемпиони унвонига эга чиқишди.

Жамшид Асадов шогирдлари ушбу турнирда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя этишнинг уддасидан чиқишди.

Қўлга киритилган бундай муваффақият “Локомотив” профессионал футбол клуби раҳбарияти ва ҳодимларини ҳам бефарқ қолдирмади. Зеро “Локомотив” ПФК жорий йилдан буён Тошкент шаҳрида жойлашган 23-сонли меҳрибонлик уйи футбол жамоасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларга ҳомийлик қилиб келмоқда. Мундиалда иштирок этган терма жамоамиз ўзагини ҳам ушбу меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ташкил этишди. Бу ҳақда "championat.asia" нашри хабар берди.

Муборак Рамазон ойи давом этаётган ушбу қутлуғ кунларда “Локомотив” ПФК Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун ифторлик дастурхони ёзди. Бугун терма жамоамиз вакиллари “Локомотив” стадионига ташриф буюришди. Улар клуб қароргоҳида “Локомотив” асосий таркиби футболчилари ҳамда мураббийлари билан суҳбат қуриб, Жаҳон чемпионати таассуротлари билан ўртоқлашишди. Катта акалари эса ушбу ёш футболчиларга келажакда улкан муваффақиятлар тилашди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top