muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 14 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакиллиги томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар ва имом-ноибларининг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган қисқа муддатли ўқув семинари бошланган бўлиб, мазкур семинарга пойтахтдан меҳмонлар таклиф қилиниши ҳақида айтилганди.

Муборак ойнинг фараҳбахш кунларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши аъзоси Ҳасанбой домла Қодировлар Фарғона вилоятига ташриф буюрдилар.

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали мажлислар залида мартабали меҳмонлар ва вилоятда фаолият юритаётган имом-хатиблар билан учрашув бўлиб ўтди.

- Бугун имом-хатиблар зиммасида масъулият ва вазифалар ҳар қачонгидан ҳам талайгина. Шундай экан, ҳар бир имом ўз устида мунтазам ишлаши, доимий равишда китоб мутолааси билан ошно бўлиши лозим. Айниқса, муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан очилган "Фиқҳ мактаби"нинг мавқеини кўтариш, бу ердан Бурҳониддин Марғилонийнинг ворисларини яна тарбия қилиш даркор, - дея таъкидлади шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши аъзоси Ҳасанбой домла Қодиров ҳам тадбирда нутқ сўзлаб: - "Имомлар халқнинг бир бўлаги. Бугун мўмин-мусулмонлар ҳар ишида унинг фиқҳий ечимини сўрашга ошиқмоқда. Бу албатта халқимизни  муқаддас динимизга бўлган муҳаббати ва ихлосидан нишона. Шундай экан, имом-хатиб саволларга жавоб берар экан, албатта илмий асосланаган, ҳужжат-далил орқали жавоб беришга тайёр туриши муҳим", - эканини қайд этди.

Учрашув савол-жавобларга уланиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, имом-хатиблар ва имом-ноиблари  учун қисқа муддатли ўқув семинари давом этади. Семинар дастури давомида ана шундай қизиқарли учрашувлар белгиланган.

Вакиллик матбуот хизмати

Кеча, 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташриф буюриб, аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказди. Ушбу учрашувда мамлакатимиз Президенти Ўзбекистон халқини мусулмонларнинг муқаддас ойи Рамазон ойи билан табриклади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

"Фурсатдан фойдаланиб меҳнаткаш, бағрикенг ва олийжаноб Ўзбекистон халқини, улар қаторида бугун мана шу Андижон халқини, жумладан фахримиз ва дуогўйларимиз бўлган, муҳтарам отахон ва мунис онахонларимизни кириб келган муборак Рамазон ойи билан чин қалбимдан муборакбод этмоқчиман", деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.

Ушбу қутлуғ ва баракотли кунларда Яратгандан бетакрор эл-юртимиз ҳамиша тинч ва осойишта бўлишини, сизларга ва оила аъзоларингизга ҳамда бутун халқимизга мустаҳкам соғлик ва саломатлик, қут-барака ва бахт-саодат ёр бўлишини сўрайман. Ватанимиз тараққиёти, юртимизнинг ободлиги, халқимиз фаровонлиги учун олиб бораётган барча ишларимизга қодир Аллоҳ ўзи мададкор бўлсин деб, ҳар биримиз мана шундай ниятлар билан яшасак, қутлуғ Рамазон ойида обод масжидларда, файзли хонадонларда ўқилаётган дуолар ижобат бўлсин", дея ўз табригини йўллаган Шавкат Мирзиёев.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир насроний одамнинг уйида меҳмон бўлди. Мезбон узум келтирди. Ҳазрати Али еди. Сўнгра узумдан тайёрланган шароб келтирди.

Али розияллоҳу анҳу:

­– Ҳаром, ­– деди.

Насроний:

– Сиз мусулмонларга ҳайронман. Узум ҳалол, шароб ҳаром, Ахир шароб ҳам узумдан қилинади-ку! – деди.

Ҳазрати Али ундан:

– Аёлинг борми? ­– деб сўради.

– Бор, – деб жавоб берди у.

­– Қизинг борми?

– Қизим ҳам бор.

– Иккови ҳам келсин бу ерга.

Али розияллоҳу анҳу мезбоннинг аёли ва қизи кирганидан сўнг:

– Бу қиз бу онадан, аммо кўряпсанки, Аллоҳ таоло сенга онасини ҳалол, қизини эса ҳаром қилмиш, -– деди.

Бу жавобдан ҳайратга тушган насроний:

– Шаҳодат бераманки, Аллоҳ бирдир ва Муҳаммад Унинг Расулидир ва Сен Унинг халифасисан, ­– деди мусулмон бўлганини эълон қилди.

 

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

Top