muslim.uz

muslim.uz

Аввалроқ, мамлакатимизда муқаддас Рамазон ойининг жорий йил 17 майдан бошланиши ҳақида маълум қилинган эди.

Кеча, 15 куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги уламолари ойнинг ҳаракатини кузатган ҳолда 1439 ҳижрий Шаъбон ойи 30 кун бўлишини ҳамда Рамазон ойининг дастлабки куни 17 май санасига тўғри келишини маълум қилдилар. Бу ҳақда "saudigazette" нашри хабар берди.

Малайзия, Индонезия, Сингапур, Брунай, Австралия ва Оман давлатларида 17 май, пайшанба куни рамазоннинг биринчи куни деб эълон қилинди.

Аллоҳ таоло юртимизга ушбу муборак ойни баракотли қилсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Таровеҳларда бир марта хатми Қуръон қилиш суннатдир. Рамазонда иккинчи ёки учунчи марта хатм этиш эса мустаҳаб ва ҳақиқий нафл амалдир.

Бугун, 16 май куни таровеҳ намозининг биринчи кунидир. Бу ҳақда кўпчилик юртдошларимиз билишади, бироқ айримлар бу кунни ёддан чиқаришлари мумкин. Шу сабабли уни Сизнинг ёдингизга солишни ўзимизга бурч деб билдик.

Шундай экан бир ойлик рамазонни ва таровеҳ намозларини ғанимат билайлик сусткашликка йўл қўймайлик. Зеро, бу рамазон биз учун охиргиси бу йилги таровеҳ охиргиси бўлиши мумкин.

Ушбу маълумотни яқинларингизга ҳам улашинг!

ЎМИ Матбуот хизмати

Ёшликдан ҳаракат қилиб, вақтни ғанимат билиб келажакда ўзи ва эл-юрти манфаати, бахту саодати йўлида фойда берадиган билимни олишга интилмоқ керак.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг:

ўлимдан аввал ҳаётни;

касал бўлишдан аввал соғликни;

банд бўлиб қолишдан аввал бўш вақтни;

кексалик етмасдан аввал ёшликни;

камбағал бўлмасдан аввал бойликни”, деб айтганлар.

Ҳадисда ёшликни ғанимат билишга, уни келажакка ва жамиятга фойда келтирадиган ишларга сарфламоққа буюриляти. Зеро, ёшлик – инсон умрининг гултожидир.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий: “Умр гулшанининг баҳори” бўлмиш ёшлик айёми ҳар қандай адоват ҳасаддан йироқ бўлиб, фақат эзгуликка, илм ўрганишга, гўзалликка, элу юрт фаравонлиги йўлида ҳалол меҳнатга бахшида этилиши керак, дея таъкидлаган эди.

Ёшликда илм уммони теранликларини кашф этиб, билимлар хазинаси соҳиби бўлиш, ёшларнинг энг эзгу ишларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда ёшларимизнинг фақат мамлакатимизда эмас, жаҳоннинг исталган мамлакатида ҳам илм асосларини эгаллаши учун барча имкониятлар яратиб берилди. Жумладан, АҚШ, Англия, Франция, Германия каби ривожланган мамлакатларнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётган юзлаб талабалар ёшлик айёмидан энг қутлуғ мақсадга эришиш йўлида фойдаланмоқда.

Илм олишда инсон фақат ёшлик чоғидагина машғул бўлиш билан чекланиб қолмасдан, доим илм-маърифат учун интилиб яшамоғи даркор. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бешикдан то қабргача илм изла” деганлар. Бундан маълум бўладики, инсон фақат ёшликда олган илм билан кифояланиб қолмасдан, ёши катталар ҳам ёшлар сингари илм ўрганиши керак бўлади. Илм ҳамма ёшдаги одамларга зарур. Илм ўрганиш инсонга Аллоҳ таоло бахш этган буюк неъмат. Зеро, илм инсоннинг ақлу идрок ва тафаккур неъматини камол топтириб, унинг салоҳиятини юксалтиради.

Аждодларимиз Расулуллоҳнинг ана шу даъватларига амал қилиб кўплаб илмий марказларда умр бўйи турли соҳа илмларни ўрганиб илм даражасини юксалтирган ва дунё тамаддунига ўзларининг беқиёс ҳиссасини қўшганлар.

Мужодала сурасини 11-оятида: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, деб марҳамат қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Илм – бу дунёда иззат, охиратда шарафдир”, деганлар.

Илм – инсонни юксакликка кўтарадиган, унинг маънавий-маданий даражасини оширишга хизмат қиладиган муҳим омил. Зеро, инсон эл орасида илм билан улуғлик, ҳунар билан шуҳрат топади ва ҳаётда яхшиликларга эришади. Илм эгасини юртига, халқига, қолаверса, дунёга танитади. Бундай ҳурмат ўзи учун ҳам, юрти учун ҳам катта ютуқ ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ёшларимизни ёшликдан унумли фойдаланиб, илм-фан чўққиларини эгаллашга даъват этиб, уларнинг касб-ҳунарли бўлишини рағбатлантириш ғоят муҳим вазифадир.

 

Рашидбек ЭРНАЗАРОВ,

Хоразм вилояти Боғот тумани  бош имом-хатиби

Сўфи Оллоёр ҳазратлари 1644 йил Каттақўрғон беклигидаги Минглар қишлоғида таваллуд топган ва 1724 йил Вахшиворда вафот этган. У муҳтарам зотнинг бобоси Темирёр, отаси Оллоқули бўлиб улар замонасининг илмда пешқадам, иззати баланд, солиҳ ва тақводир одамларидан бўлган. У зотнинг Фарҳод оталиқ ва Оллоназарбий исмли акалари бўлган.

Сўфи Оллоёр ҳазратлари илк таълимни ота-онасидан олиб кичик ёшида Қуръони каримни ўқиб туширган, 12 ёшида Жўйбор мадрасасига ўқишга борган. Ноёб қобилияти, зукколиги ва қатъиятлилиги сабаб тезда эътиборга тушган ва 25 ёшида божхона-солиқ тўраси лавозимига тайинланган. Бу лавозимда ҳалол ва фидоийлик билан ишлаб хонлик хазинасини бойитишга муносиб ҳисса қўшган. Хоннинг мақтов ва мукофотларига сазовор бўлган. Аммо табиатидаги дарвешлик хислати устун келиб, амалдорликдан воз кечган ва тариқат йўлини тутган. 12 йил Шайх Ҳабибуллоҳнинг хизматида бўлиб, тариқат сирларини ўрганган ва шайхининг тавсияси билан Панжикент, Ургут, Шаҳрисабз, Ғузор, Деҳқонобод, Бойсун, Шеробод, Қобадиён, Қоратегин, Ҳисор, Денов ва бошқа жойларга сафар қилиб, у ерларда бир неча йиллар яшаб толиби илму ирфонларга шариат ва тариқат аҳкомларидан таълим берган. Бошқа манбаларда у Наврўз Бухорий ва Хўжа Мўмин сингари устозлардан ҳам таълим олгани айтилган.

Ривоят қилишларича, Сўфи Оллоёр ҳазратлари Каттақўрғондан чиқиб дастлаб Чўнқаймишга келган экан. У кўчган чоқда Тўра сўфи деган ёши улуғ ёрдамчиси бўлган экан. У одам карвоннинг ортида юриб карвондагилар унутиб қолдирган ёки улардан йўл-юзада тушиб қолган нарсаларни йиғиб келаркан. Ўша киши ҳозирда “Иброҳим ота” деб аталадиган қишлоқнинг тепасига чиққанда уч-тўртта авбошлар уни ўша ерда ўлдириб туясини суйиб олишибди. Бу орада карвон Чўнқаймишга етиб жойлашиб, Тўра сўфининг йўлига қарай бошлаган экан, Сўфи Оллоёр “Йўлга қараманглар, Тўра сўфи шаҳид бўлди, туяси қурбонлик бўлди”, дебди. Иброҳим ота қишлоғининг тепасидаги ўша довон бугунги кунда “Тўра сўфи” довони деб аталади.

Ўша вақт аср намози яқинлашиб қолган экан. Сўфи Оллоёр қияроқ жойда намоз ўқибди. Шу чоқ бир тешикдан каттакон илон бошини чиқарибди. Ҳазрат тешикка асосини тиқиб қўйибди-да, намозда давом этибди. Намозни ўқиб бўлгунига қадар ҳассаси иккита япроқ чиқарибди. Буни кўриб. “Эй бу ерда дарахт пайдо бўлибди, энди унга сув ҳам керак бўлади-да”, деб қўли билан ерни тирнаган экан, тирнаган жойи нам бўлибди. Ўша вақтда  у зотнинг фарзандлари ёшроқ экан, “Бу ерни ҳам тирнаб кўринг-чи”, “Бу ерни ҳам” деб қизиқаверибди. Болаларининг райига қараб яна тўрт жойни тирнабди. қайнар булоқлар сони бешта бўлибди. Шунда бир ўғли тепароқдаги тошлоқни кўрсатиб: “Шу ерни ҳам тирнаб кўринг-чи”, дебди. Гўёки отасини ожиз қолдириш мақсадида айтилган гап у кишига жуда ҳам  малол келибди. Аммо сазаси ўлмасин деб ўша жойни шу қадар кўп тирнабдики, қўллари қонаб кетибди ва ниҳоят тошнинг орасидан сув отилиб чиқибди. Ўша булоқнинг суви қолган бешта булоқнинг сувини ҳам босиб кетибди.

Ана шу булоқнинг суви йил қурғоқчил келса ҳам, серёғин келса ҳам бир хил маромда; ёзда ҳам, қишда ҳам бир хил ҳароратда чиқар экан.   

Шундай қилиб, Сўфи Оллоёр шу маконда бир кеча тунаб тонгда туриб йўлида давом этмоқчи бўлган экан. Ўша тунда тушига Саид Камол ота кириб “Бизнинг маконлар ёқмадими, қаёққа кетмоқчисиз?” деб сўрабди.

Саид Камол ота ким дейсизми? У зот буюк саҳобий, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жияни Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бўлган улуғ авлиё.

Сўфи Оллоёр тонгда турибоқ у зотнинг тоғнинг тепасидаги қабрини зиёрат қилибди ва қуйироқдан бошпана тиклаб шу жойда қолишга қарор қилибди. Аммо бу баҳаво жойга илонлар макон қуриб олган экан. Уларга ўша ҳаммамиз билган мактубни жўнатибди ва илонлар тоғдан тоққа ўтиб Вахшиворга кўчиб кетибди. Бу ерда узоқ йўлга юришга ярамайдиган қарилари ва беморлари қолибди.

Шайхининг бу ерда қолишга қарор қилганидан ажабланган муридларидан бири “Илонлар макони бўлган бу қамишзорда қолиб нима қиламиз?” деб сўраганида Ҳазрат унинг саволига жавоб бериш ўрнига бир қамишни синдириб олиб: “Чин қамиш (Бу гапда чинакам, асл, ҳақиқий, қамишнинг яхшиси деган маънолар кўзда тутилган – Д.Ж.)” деб қўйибди. Шу билан бу жойнинг номи “Чинқамиш” бўлибди ва йиллар ўтиши билан халқнинг тилида “Чўнқаймиш” бўлиб кетибди.

Улар бу ерда бир муддат яшабди. Ҳазратнинг ҳассаси чинор дарахтидан бўлган экан ўсиб улкан чинор дарахтига айланибди. Унинг ёнидан масжид қуриб ибодат билан машғул бўлибди.  

Илонлар бориб жойлашган жой Вахшивор ­– ваҳший мор бўлибди. Ўша атрофларда яшайдиган одамларга озор бера бошлабди. У маконда яшаб ўтган улуғлардан бири Сўфи Оллоёрнинг тушига кириб “Ўзингизнинг истироҳатингиз учун илонларни бу ерга ҳайдаб солдингиз. Бу элнинг уволи сизнинг зиммангизда қолмайдими?” дебди.

Сўфи Оллоёр ҳазратлари ўша куни тонгда Вахшиворга йўл олибди.

Ушбу ривоятдан аён бўладики, Вахшиворда илонлар маликасига ёзилган мактуб иккинчиси бўлиб чиқади ва илонлар тўдаси шундан сўнг Боботоққа кўчиб кетган...

Филология фанлар доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов “Сўфи Оллоёр ҳаёти ва фаолиятига қайта назар” сарлавҳали мақоласида бундай ёзади: “Сўфи Оллоёрнинг Вахшивордаги авлодларининг таъкид этишларича, хусусан, Музаффархон отанинг айтиши бўйича, кўпинча отаси ўғли ёнида бўлган (Муҳаммад Сиддиқ назарда тутилмоқда ­– Д.Ж.) Сўфи Оллоёр умрининг ниҳоясида ўғлига: Менга ватанга қайтиш муяссар бўлмайди, шекилли, сен ватанга қайтгил”, деб уни Каттақўрғонга жўнатган эканлар. Алломанинг қабри Сурхондарёнинг Вахшивор мавзесидадир. Ўғли Каттақўрғон ва Қашқадарё  чегарасидаги Чўнқаймиш қишлоғида дафн этилган. Уларнинг Чўнқаймиш қишлоғи билан боғлиқлиги Сўфи Оллоёрнинг қизлари шу ерлик эшонлардан бирига турмушга чиққани билан асосланади. Аммо Муҳаммад Сиддиқнинг нега бу ерда вафот этгани, унинг Каттақўрғондаги ҳаёти ва оила ва фарзандлари ҳақида маълумотлар сақланиб қолмаган”.

Сўфи Оллоёрнинг авлодлари Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида яшамоқдалар.                                  

Чинорнинг мушаклари шишгани

Бу ерда юз берган ҳодисаларга ўз кўзлари билан гувоҳ бўлган Зикрфайзулло Зокиров ҳикоясида айтилишича, шўро ҳукумати қувватланиб олганидан кейин халқнинг диний-миллий қадриятларига ҳужум бошлади. Ана шу ҳужумдан чекка бир қишлоқнинг энг чекка гўшаси саналган Чўнқаймиш ҳам бенасиб қолмади. Негаки, бу ерда Сўфи Оллоёр ҳазратлари қурган масжидда ҳали ҳам намоз ўқилар, у зот эккан чинор тобора юксалиб борар, у зот тирноқлари билан тирнаб чиқарган булоқ суви эса сира ҳам камаймас эди. Маҳаллий амалдорлар ишни масжидни йиқитишдан бошламоқчи бўлишди. Аммо унга кетмон уришга ҳеч кимнинг юраги урмади. Шунда бир одам қўлимга кетмонни олиб пасқамгина масжид устига отилиб чиқди. (У одамнинг кимлигини биламиз, аммо фарзандларини ўйлаб отини ёзмай қўявердик). Ўша одам фарзандларига: “Болаларим, фарзандларингга васият қилинглар, улар ҳам болаларига васият қилсин, Чинор билан асло ўйнаша кўрманглар. Масжидни бузаман деб тепасига чиқиб бир кетмон урган эдим осмонда кичкинагина, қоп-қора булут пайдо бўлди. Яна бир кетмон урганимда булутча тепамга яқинлашиб келди. Кетмонни учинчи сафар урганимда булут мени ўраб олди ва унинг ичидан бир қуш тумшуғи билан елкамдан тутиб пастга қаратиб улоқтириб юборди. Ўшандан бери қуш чўқиган тарафим ишламайди”, деган экан.

Ўша масжид қолдиғи ҳозирги кунда дўмпайиб турибди. Чинорни олдинига арралашмоқчи бўлишибди, қарашса, уни арралаб йиқитиб бўлмайди. Кейин тортиб ағдарамиз деб трактор олиб келишибди. Ўша вақтда хўжаликка янги техникалар олинган бўлган чоғи трактор янгигина экан. Чинорни боғлаб трактор билан тортибди, қўзғата олмабди. Буни кўриб яна иккита трактор олиб келишибди. Иккита арқон ташлаб икки трактор билан тортиб кўришибди. Шунда нима бўлибди, биласизми, полвонлар курашганда мушаклари шишиб чиқади-ку, чинор худди шундай шишибди. (Ўша шишган “мушак” ҳозир ҳам билиниб турибди. Унга 11 одамнинг қулочи аранг етади ­– Д.Ж.) Тракторнинг икковининг ҳам мотори эриб кетибди. Учинчи трактор эса ўзидан ўзи пастга қараб эниб кетибди-да, бориб сойга тиқилиб қолибди.

Масжид билан чинорга кучи етмаган шўролар булоқни кўмиб ташлаш билан кифояланмоқчи бўлишибди. Аммо қанча тупроқ ташлашса ҳам булоқнинг суви тўхтамас эмиш. Кейин яқин атрофдаги аҳолидан тортиб олгандек бўлиб 60 та кигиз босибди. Не кўз билан кўрсинларки, булоқ кўмилган кигизнинг ҳар тарафидан сув чиқиб бораётган эмиш.

Шундай қилиб, улар масжидни ҳам, чинорни ҳам йиқита олмабди, булоқни ҳам кўма олмабди. Йиллар ўтиши билан табиат кучлари таъсирида масжид йиқилиб қолибди-ю, аммо чинор билан булоқ ҳали ҳам турибди. 

Чинорнинг хосияти

Азамат чинор қарийб тўрт асрдирки, ўша атрофдаги парранда-ю даррандага соя бўлиб жазирама иссиқда бошпана вазифасини ўтаб келмоқда. Шунингдек, бу муаззам дарахт зиёратга келувчиларга ҳам соя-салқин жой вазифасини ўтайди. Авом кишилар бу дарахтни муқаддас билиб орзу-ҳавасларини айтиб, унга латта боғлаб кетишади. “Нега бундай қилишади, айтмайсизми уларга”, десак Муҳаммадсаидхон: “Айтишдан ҳеч ками қолмади. Аммо “Шунча йўлдан ният қилиб келган эдим”, дейди жавдираб, дилини оғритмаслик учун ҳеч нарса дея олмаймиз. Бироқ кетганларидан кейин ечиб олиб ташлайман, орадан бир оз вақт ўтиб қайта келганларида олдинги келганида боғлаб кетган латтасини излаб қолади. Ўша сиз латта боғлаган шохча одамларнинг ўтиб қайтишига халақит қилаётган эди кесиб олган эдим деб қўяман”, дейди. 

Булоқнинг фазилати

Булоқнинг суви қутуриш касалига даво дейдилар. Чўнқаймишдан отда ёки эшакда тоғ оша тўғри юрилса, йигирма чақирим чоғи масофада, Қашқадарё вилоятининг Бешчашма қишлоғида яшовчи кўпни кўрган отахон Олломурод Бобоёров: “Биз болалигимиздан биламиз: бирор кишини ит тишлаб олса-ю, ўша ит қутурган деб гумон қилинса, ит тишлаган одамни Чўнқаймишдаги булоққа обориб чўмилтириб, кийимларини ўша ёққа ташлаб келишар эди”, дейди. “Қутурган ит тишлаган учта сигирни олиб келиб булоқнинг атрофига боғлашди. Улардан иккитаси тузалиб кетди, биттаси ўлди”, – дейди эшонбобо, кейин гапида давом этиб, – 1998 йил қоп-қора “нексия”да учта ака-ука келди, Самарқанднинг бойваччаларидан экан. Машинада тушиб келиб зиёрат қилган бўлишди. Уларнинг ёшроғи акаларига қараб: “Шунақа балчиқ ўзимизнинг... йўқмиди, шунча жойга мени нега олиб келдинглар ўзи?” деди. Акалари индамай қўйишди.

Орадан тўрт ойми, беш ой ўтиб ўша қора “нексия” яна келди. Аммо бу сафар ундан икки киши тушди. Уларни кўрдим-у, укасига ўтган сафар бу жой ёқмаган эди. Шунинг учун келгиси келмабди-да деган хаёлга бордим. Бироқ қизиқувчанлигим устун келиб: “Укаларингиз кўринмайди?” деб сўрадим. “Укамиз қутуриб ўлди”, деб жавоб берди катта акаси.

Эшонбобо булоқ сувидан бир елим идишга (баклашка) солиб Тошкентга, ҳозирги Тиббиёт академиясига олиб борибди. Аммо сувни текшириш учун махсус колбада олиб келиш керак бўлар экан. Кейин тошкентлик мутахассисларнинг ўзлари бориб сувнинг таркибини ўрганишибди. Сув ноёб минералларга ниҳоятда бой... инсон саломатлиги учун жуда ҳам фойдали, деган узундан узун хулосалар ёзишибди. Сўнгра нимадир бўлибди-ю, ўша хулосалар йўққа чиқибди... 

Эшонбобо ҳикояси

Эшонбобо, эшонбобо деяпсиз. У одам ким ўзи, бу ерга қандай келиб қолган? деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Эшонбобо деганимиз Сўфи Оллоёр ҳазратларининг Чўнқаймишдаги авлодларидан бири – Муҳаммадсаид Зокиров. Унинг бу ерда яшаб қолганининг ўзи саргузашт асарларни севувчиларга мос бир китоб бўладиган тарих. Аммо биз унинг фақат мавзуга мос тарафини айтиш билан кифояланамиз.

Алқисса, у уйланиб бола-бақрали бўлганидан кейин замоннинг зайли билан бошқа қишлоққа, Самарқанд совхозига кўчиб кетган, устачилик қилиб қурилиш ташкилотларида ишлаб юрган. Буёғини ўзининг тилидан баён қиламиз.

“Ўтган асрнинг сўнгги йилларида мен бир касалликка чалиндим. Бормаган дўхтиримиз қолмади, ҳеч қайси дўхтир аниқ ташхис қўя олмади. Ташхис аниқ бўлмагандан кейин, биласиз, муолажа ҳам шунга яраша бўлади. Шифо ­– йўқ. Ўқитмаган домламиз қолмади. Фойда ­–  йўқ. Мен қўрқоқлик касалига чалинган эдим. Кулаётган одамлар оғзини катта очиб ириллаётган йиртқич ҳайвонга ўхшаб кўринарди. Тунлар янгангиз олдин мени ухлатиб, кейин ўзи ухларди. Чунки ўзим уйғоқ қолсам юрагим ёрилиб кетадиган даражада ваҳимага тушардим. Шундай даҳшатли кунларнинг бирида туш кўрдим. Бир нуроний одам мана шу чинорнинг тагида туриб мени чақирди. У жуда ҳайбатли одам эди. Аммо мен қандай журъат қилдим, билмайман. Югуриб бордим-у, унинг кўксига бош қўйиб йиғлаб юбордим. У меҳр билан бошимни силади. Бомдодни ўқидим-у, кўрган тушимни янгангизга гапириб бериб, ўша ёққа бораман”, дедим. Лекин менинг ўзимни бирор жойга ёлғиз жўнатиш, мени ўлимга юбориш эканини яхши билган янгангиз ҳамроҳ бўлиб, тўғрироғи, унинг етагида Чўнқаймишга жўнадик. Шу ерга келаяпмиз-у, чинорга кўзим тушгандан кейин бу ёғи учиб келдим, чоғи ҳар қадам ташлаганимда ажиб бир енгилликни ҳис қилдим. Етиб келиб мана шу булоқ сувидан бир қултум ичдиму соппа-соғ одамга айланиб қолдим. Ўша кундан бошлаб шу ерда яшаб қолиб кетдик. 

Ажабо, ажаб...

Тепароқда Бешбармоқ деган қишлоқ бор. Ўша қишлоқда Ялангоёқ эшонбобо зиёратгоҳи бор. У киши қайсидир юзйилликнинг қайсидир йилида ҳазрати Саид Камол отанинг зиёратига Бухорои шарифдан келган экан. Ялангоёқ эшонбобо деганларига кўра, Баҳлул девонага (доно) ўхшаб мудом оёқ яланг юрган бўлса керак-да. Ана шу муҳтарам зот Саид Камол ҳазратларини зиёрат қилиб қайтиб кетаётганида Бешбармоқда қазо қилган экан. Ҳозирги вақтда ўша жой бирмунча ободу зиёратчилар билан гавжум-у, аммо у зот зиёратига келган Саид Камол ҳазратларининг қабри тоғнинг тепасида қаровсиз ҳолда ётибди.

Ҳосили калом, Чўнқаймишнинг ўзида бир нечта азизларимиз қўним топган экан-у, аммо улардан бехабар эканмиз, маҳаллий аҳоли ҳам уларнинг кароматли зотлар бўлганини билади-да, тарихини билмайди. Пойтахтга қайтгандан сўнг ўша зотлар ҳақида кўплаб манбаларни қидириб кўрдик. Аммо уларнинг ҳатто номларини ҳам топа олмадик. Бир неча тилларда интернет сайтларидан қидирганимиз ҳам натижасиз чиқди.  Лекин бизнинг қўлимизда уларнинг тарихига оид манбаларнинг йўқлиги уларнинг авлиёуллоҳлар эмаслигини билдирмайди. Аксинча, бизнинг ўз боболаримиз ҳаётини яхши ўргана олмаганимизга далолат қилади. Зотан, ЎзРФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фонди. Қўлёзмалар институти фондида ва бошқа жойларда, хонадонларда, одамларнинг  қўлларида мавжуд қадимий асарларнинг озгина қисмини ҳам ўрганиб чиқа олганимиз йўқ-ку. Балки ўшалар ичида, наинки, ана шу азизлар ҳаёти ва илмий-ижодий фаолиятига оид маълумотлар, эҳтимол, уларнинг ўзлари битган асарлар ҳам бордир.

Хотимага яқин қолганда

Ушбу мақолани якунлаб унга сўнгги нуқтани қўйишга чоғланиб турганимда нуктадон олим, шоир ва мутаржим Мирзо Кенжабек қўнғироқ қилиб қолди. У кишига Чўнқаймишдаги азизлар ҳақида гапириб берган эдим. Мирза ака: ““Бобурнома”да” қаерда авлиё бўлса, ўша ерда сув ва дарахт бўлади, деб ёзилган деб қолди.

Дарҳақиқат, қадами етган жойга сув чиқариш ва дарахт экиш азизу авлиёларга пайғамбарлардан меросдир. Исмоил алайҳиссалом чақалоқлигида товони билан ер тепиб қип-қизил саҳродан Зам-зам булоғини чиқарди, Айюб алайҳиссалом ҳассаси билан Чашмаи Айюбнинг кўзини очди...

Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзининг Хотимул анбиёсининг бошига булутни соябон қилиб қўйган эди, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ичида азиз қилганларининг бошига қуюқ соя берувчи дарахтларни соябон қилди. Гап исботи билан бўлгани яхши деганларидек, бунга ҳам иккитагина мисол келтириб қўйсак, кўнглимиз таскин топади, иншоаллоҳ.

Ўз юртида ва Тошкентда илм олиб камолотга эришган Махдуми Аъзам ҳазратлари Самарқанднинг Миёнқол воҳасига кўчиб келган ва бу воҳани ободонлаштириб дастлаб ўн туп тол эккан. Кейинчалик бу жой ўн толга нисбат берилиб Даҳбед деган ном олган. Шунингдек, у ерда Махдуми Аъзам ҳазратлари ўз қўллари билан эккан азамат чинор ҳам қад ростлаган.

Сўфи Оллоёр ҳазратлари Вахшиворга кўчиб келганида бу ерда ҳам ичимлик суви муаммоси бор эди. Шунда ҳазрат Вахшивор сойининг ўнг қирғоғига келади-да, нам тупроққа ҳасасини суқиб, муридларидан бирига уни ортига қарамай, тоғ ёқалаб судраб кетаверишни тайинлайди. Ҳассани судраб бораётган муридда қизиқиш устунлик қилиб, қишлоққа яқин қолганда ортига ўгирилади. Қараса, ҳассанинг изидан бир тегирмон сув эргашиб келаётган эмиш! Сув шу заҳоти йўналишини ўзгартириб, пастдаги жарга қўйила бошлайди. Мурид орқасига қарагани учун ҳам бу ўзан “Қарабулоқ” деб аталиб келган. Йиллар ўтиши билан номи андак ўзгариб “Қорабулоқ” дейила бошланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2018 йил 3 февралдаги Фармонини ижро этиш, шунингдек, республикага туристлар оқимини кўпайтириш, кириш туризмини миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилиш мақсадида қабул қилинган “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг турли йиғилишларда сўзлаган нутқларида мамлакатимиз ҳудудидаги янги зиёрат масканларини топиб, бундан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш масалалари айтилган.

Юртбошимиз чиқарган фармон, қарор ва нутқларидаги топшириқларининг ижросига биз ҳам ҳисса қўшайлик. Шунинг баробарида, бугунги авлодлар эътиборидан четда қолиб келаётган азиз аждодларимизнинг ётган жойларининг обод бўлишига ҳисса қўшайлик, уларнинг руҳлари шод бўлсин деган эзгу ниятлар ила ана шу камтарона қораламани эътиборингизга ҳавола этишга журъат қилдик.

Шуни эътиборга олишингизни истардикки, бу илмий мақола эмас. қуюқ туманзор аро пайпаслаб бораётган кишининг юриб кетаётганига ўхшаш тахминлар ва эл орасидан эшитганларимиз. Ва энг муҳими, олимларимиз, соҳа мутахассислари диққатига ҳавола қилинаётган илмий тадқиқот объекти. Умид қиламизки, Сўфи Оллоёр ҳазратларининг авлодлари тарихи билан шуғулланаётган олимларимиз, қадимшунос тадқиқотчиларимиз учун бу қизиқарли мавзу бўлади.

Сўфи Оллоёр ҳазратлар таъбири билан айтганда, бу ерда бир дарахт ниш урибди – Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг, Сўфи Оллоёр ҳазратларининг авлодлари ётган жойлар топилди. Энди унга сув керак – қадимшунос олимларларимиз, динимиз тарихи, нақшбандий тариқати билан шуғулланувчи мутахассислар ушбу жойлар тарихини пухта ўрганиб, бу ерларда яшириниб ётган тилсимотларни олам аҳлига етказса, мутассаддилар мазкур жойларнинг обод манзилларга айланишини таъмин этса, қандай яхши бўлади.

Алҳосил, ушбу маконларга юртимиздан, хориждан зиёратчилар қанчалик кўп келса, уларнинг қабрлари узра тиловатлар, дуолар қилинса, уларнинг ётган жойлари жаннат боғчаларига айланади ва руҳлари шод бўлади, иншоаллоҳ!

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, бугун 15 май куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчи курс талабалари ўртасида “Ягона олимпиада-2018”нинг якуний Республика босқичи ўтказилди.

Олимпиада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 30 мартдаги “2017-2018 ўқув йилида Ягона олимпиада якуний босқичини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 01А/041-сонли буйруғига кўра ташкил этилди.

Айни пайтда 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчи курс талабалари иштирок этган “Ягона олимпиада-2018”нинг якуний Республика босқичи ўз ниҳоясига етди.

Имтиҳон ва тест синовларига Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Давлат санъат музейи мутахассиси жалб қилинди.

Танлов низом талаблари асосида холис, шаффоф ва адолатли ўтиши ЎМИ, ТИИ кузатувчилари томонидан назорат қилинди.

Олимпиада якунида ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов сўз олиб, олимпиада натижалари юзасида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Сўнг ректор У.Ғафуров имтиҳон натижалари билан таништирди.

Ҳакамлар ҳайъати ҳисоб-китобларига кўра, биринчи ўринни “Хадичаи кубро” аёл-қизлар ЎМИБЮ талабаси Рокия Юсуфий Саиджамол қизи эгаллаб, 1-даражали диплом ва Тошкент ислом институтига конкурссиз тўлов-шартнома асосида ўқишга кириш имкониятига эга бўлди.

2-ўринни “Ҳидоя” ЎМИБЮ талабаси Маҳамадалиев Мусоҳон Ғуломжон ўғли қўлга киритди, у 2-даражали диплом ҳамда телевизор билан мукофотланди.

3-ўрин Сaййид Муҳйиддин мaxдум ЎМИБЮ талабаси Кобулов Оятиллоҳ Фарходбек ўғлига насиб этди, унга 3-даражали диплом ҳамда ташкилотчилар томонидан микротўлқинли печь совға қилинди.

Қолган иштирокчиларга мақтов ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим қилинди. Совға, диплом ва фахрий ёрлиқларни ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов, бўлими мутахассислари А.Дўсматов ва С.Шерхонов топширдилар.

Ягона олимпиадада талабалар қуйидаги фанлардан ўз билимларини синовдан ўтказдилар:

—  Маънавият ва маърифат (ижодий имтиҳон);

— Араб тили (ижодий имтиҳон);

— Фиқҳ (тест);

— Қуръон ва тажвид (тест);

— Тарих (тест);

Хабарингиз бор, олимпиада доирасида Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс марказига олиб келинган янги китоблар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Кўргазмага ЎМИ томонидан тақдим қилинган диний-маърифий мазмунда 21 турдаги 25 дона араб, инглиз, рус ва турк тилларидаги газета ва журналлар ҳамда ЎМИ, “Мавароуннаҳр”, “Ғафур Ғулом”, “Ўзбекистон” ва “Ҳилол” нашриётлари томонидан олиб келинган 85 турдаги 95 дона китоблар иштирокчилар ва меҳмонларга намойиш қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, эртага “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танлови ҳам ўтказилади.

 

Манба: http://islaminstitut.uz

Top