muslim.uz
Рамазон – раҳмат, мағфират ва дўзахдан омон бўлиш ойи
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, муборак Рамазон ойини барчамиз тинчлик-хотиржамликда ўтказиб келаётирмиз.
“Рамазон” сўзи беш ҳарфдан иборат. Унинг ҳар бир ҳарфига уламолар шундай маъно берганлар: “ро” – “раҳмат”, “мим” – “мағфират”, “зод” – “зимонун лилжаннат” (жаннатга кириш учун кафолат), “алиф” – “аманун минаннар” (дўзахдан омонлик), “нун” – “нурун миналлоҳ” (Аллоҳдан нур) маъноларини англатади. Ушбу фикрни Имом Термизий ривоят қилинган: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озодлик кунларидир”, ҳадиси шарифи ҳам қувватлайди. Яъни: “ро” ҳарфи рамазоннинг аввали бўлган раҳмат кунларига, “мим” ўртадаги мағфират кунларига, “зод” ва “алиф” ҳарфлари охиридаги “дўзахдан озод бўлиш” кунларига, “нун” ҳарфи эса бутун рамазоннинг натижасида ҳосил бўладиган нурга далолат қилади.
Бу ойнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этамиз.
Иккинчи ўн кунлиги – “мағфират” даҳасида холис ният билан рўза тутган бандаларнинг олдинги қилган гуноҳлари кечирилади, дейилган.
Охирги ўн кунлиги эса “Итқун минан-нийрон”, яна “Қадр даҳаси” ҳам дейилади. Ким Рамазон ойининг рўзасини пок ният билан тутган бўлса, у бандага Аллоҳ ваъда қилган ажрларини ато этгай. Рамазон ҳайити куни эса Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутган, таровеҳ намозларини ўқиган, Қадр кечасини бедор ўтказган бандаларига Ўзи тайёрлаб қўйган мукофотларни кўпайтириб берадиган кундир.
Бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.
Нафс тарбиясида рўза асосий ўрин тутадиган ибодатдир. Рўза нафсни ўз ҳолига қўймай, уни маҳкам жиловлаш деганидир. Унда имон ва эътиқод бир тараф, хоҳиш-истак ва шайтон иккинчи бир тараф бўлиб кураш олиб боради. Жаннатдан қувилганидан бери шайтон инсон зотига қарши аёвсиз курашиши ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 16-17).
Аллоҳ таоло шайтон иғвосини рад этади: “Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан)” (Ҳижр, 42).
Шайтон билан инсон ўртасидаги бу курашда рўза муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон ҳаёти учун зарур бўлган таом ва сув ҳамда шаҳват – кураш майдонларидир. Буларнинг ҳар бирида ўзига яраша куч-қувват бор. Агар инсон у майл қаршисида собит тура олса ва нафсининг иғволарига учмаса, албатта, имтиҳондан ўтади ва Парвардигори ҳузурида улуғ даражага эришади.
Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Таровеҳ намози ва унга оид масалалар
Аслида, таровеҳ суннат бўлгани учун унинг қазоси ўқилмайди. Чунки, бомдоднинг суннатигина вақти ўтса ҳам заволгача (бир ривоятда асргача) қазо қилиб ўқиб олиш мумкин. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилганлар. Пешин намозининг аввалги суннати (фарзга улгуриш мақсадида) қолса, фарзидан кейин ўқиб олинади. Бу аслида пешин вақтида бўлаяпти. Мана шу икки суннатдан бошқа суннатлар қазо қилинмайди. Қазоси лозим эмас.
Бироқ, баъзи фақиҳлар таровеҳ бир ой давомида кечалари одат бўлган, суннат бўлганлиги учун ва Пайғамбаримиз Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам томонидан кўп тарғиб қилинганлигидан ҳатто, баъзи фақиҳларимиз таровеҳни тарк қилган одам кейинги таровеҳгача унинг қазосини ўқиб олсин, деганлар. Агар Рамазонда ўқий олмаса, кейинги Рамазонгача ўқиб олади, деган гап ҳам бор. Бу фикр “Жомиъ ур-румуз”да ҳам келтирилган. Имом Нававий ҳам шуни маъқул кўрган. Уларнинг бундай фикрга келишига мана бу ривоятлар сабаб бўлган:
Имом Муслим Оиша разияллоҳу анҳодан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал оз бўлсада давомли бўлганлигидир”-дедилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай кечки одати қолиб кетса, уни кундузи ўрнини тўлдиришни таклиф қилганлар:
Абдурраҳмон ибн Абдин ал-Қорийдан қилинган ривоятда “Кимки ўзининг вазифасидан ёки унга ўхшаш бир нарсадан ухлаб қолса, бас, уни бомдод намози билан пешин намозининг орасида ўқиб олса, худди унга уни кечаси ўқигандек ёзилади”- дейилади. (Имом Муслим ривояти).
Абул Лайс ас-Самарқандий ҳазратлари: “Кимки суннатни узр билан тарк қилса, маъзурдир, кимки узрсиз тарк қилса, манмандир”, деган эканлар.
Демак, таровеҳдан қолиб кетганларини иложи бўлса, ўқиб олган яхшироқ экан. Бироқ, ўқимаса гуноҳкор бўлиб қолмайди.
Таровеҳларда бир марта хатми Қуръон қилиш суннатдир. Рамазонда иккинчи ёки учунчи марта хатм этиш эса мустаҳаб ва ҳақиқий нафл амалдир.
Шундай экан бир ойлик рамазонни ва таровеҳ намозларини ғанимат билайлик сусткашликка йўл қўймайлик. Зеро, бу рамазон биз учун охиргиси бу йилги таровеҳ охиргиси бўлиши мумкин.
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим
юрти мударриси Абдуғафур Ниёзқулов
ЎМИ Матбуот хизмати
Кавказда Рамазон ойининг биринчи куни эълон қилинди
Муборак Рамазон ойи 17 майдан бошланадиган бўлди. Бу ҳақда Кавказ мусулмонлари диний идорасига таяниб Yenicag.ru хабар қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон, Қозоғизтон ва Қирғизстон мусулмонлари диний идоралари мутасаддилари муборак Рамазон ойи 17 майдан бошланишини эълон қилишган эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бир-бирига мувофиқ гўзаллик
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сизларни ундан яратдик, унга қайтарамиз ва яна бир бор ундан чиқариб оламиз”. (Тоҳа,55) Яъни, Биз сизларни ер (тупроқ)дан яратдик, ўлганингиздан сўнг яна унга қайтарамиз. Қиёмат куни эса сизларни қайта тирилтириб, ердан чиқариб оламиз.
Бошқа бир оятда эса Раббимиз шундай дейди: “Сен Раббингнинг фаришталарга: “Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратгувчидирман”, деганини эсла. (Ҳижр,29)
Демак, инсон жисмининг асли тупроқдир. Аллоҳ таоло отамиз Одам алайҳиссаломни тупроқ ва сувдан қорилган, балчиқсимон лойдан яратди.
Оятнинг давомида эса Аллоҳ таоло шундай деб айтади: “Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг”, деганини эсла. ( Ҳижр,29 ва Сод,72)
Юқоридаги оятлардан маълум бўладики, инсон иккита нарсадан ташкил топган: жисм ва рух. Улардан бири бўлмаган пайтда инсон “Тирик одам” дейилишга кифоя қилмайди. Чунки, инсон вафот этгандан кейин гарчи танаси ўз ўрнида турган бўлсада, унда рух бўлмаганлиги сабабли жасадни тупроққа дафн қилинади.
Инсон тирик экан, бу икки жуфтлик яъни рух ва жисм ҳам парваришга, озуқага мухтождир. Жасад моддий озуқа билан озиқланса, рух маънавий озуқа билан озиқланади. Худди шунингдек, моддий озуқадан тўсилган жасад заиф, нимжон ва хаста бўлиб қолгани каби, маънавий озуқа ила озиқланишдан махрум бўлган, унда рух қарор топган қалб ҳам заифлашади ва касал бўлади.
Луқмони ҳакимдан ривоят қилинади: У зот ўғилларига: “Эй ўғлим! Албатта, инсонлар уч қисмга тақсим бўлади: учдан бири Аллоҳ учун; яна учдан бири ўзи учун; яна учдан бири қуртлар учундир. Аллоҳ учун бўлгани – бу унинг руҳидир. Ўзи учун бўлгани – бу унинг амалидир. Қуртлар учун бўлгани – бу унинг жисмидир”, дедилар. (Мунаббиҳот)
Минг афсуслар бўлсинки, бугун жудаям кўп инсонлар бу “учлик”ни унутган гўё. Бугун биз фақатгина қуртлар учун бўлган жисмимиз тарбиячиси бўлиб қолдик. Инсонлар назари тушадиган жисмимизни энг яхши таомлар билан, салқин ичимликлар ва гўзал либослар ила парвариш қилмоқдамиз. Унга бир шикаст ёки оғриқ етса дарҳол энг яхши мутахасисларга чопиб, энг қиммат дори дармонлар ила даволамоқдамиз. Нафақат ўзимиз, балки ҳали туғилмаган гўдакларимизни ҳам, эндигина йўлга юра бошлаган гўдакларимизни ҳам жисмонан соғлом бўлишлиги учун бор имкониятимизни ишга солмоқдамиз. Сўнгги русумдаги бўёқлар ва техникалар ёрдамида жисмимиз гўзаллигига яна гўзаллик қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Бироқ, Раббимиз учун бўлган қисмимиз, яъни рухимиз, Аллоҳнинг назаргоҳи бўлган қалбимиз қаровсиз, хувиллаган, хароба уй каби бўлиб қолгани билан ишимиз йўқ. Илм ва ҳикмат ила, Аллоҳнинг Каломи ила тарбияланадиган рухимиз, Аллоҳнинг зикри ила ором оладиган қалбимиз яхши бир озуқага, таскинга мухтожлигини унутганмиз. Гуноҳлар ила қорайган қалбимиз, рухимиз касалликдан азият чекканча, очлик ва чанқоқликдан қорайиб ётгани билан ишимиз йўқ. Улар ҳам яхши бир табибга, жароҳатга малҳам бўлувчи дармондори ва витаминларга муҳтожлиги эсимиздан чиққан.
Бугун биз қилаётган барча харакатлар фақатгина жисм учун хизматчи бўлиб қолди. Ҳаттоки, жисмимизнинг мухофазаси учун қонунлар жорий этилди. Бировни бир жойини уриб кўкартирсанг жазо бор. Жароҳат етказсанг жазо бор. Ўлдирсанг энг олий жазо муқаррар.
Бироқ, бир инсонни гуноҳ ва маъсиятга бошлаш ила қалбини қорайтирсанг, захарли тилларинг ила қалбини жарохатлаб тилка пора қилсанг, қалбини минг марта ўлдириб ташласанг ҳам хеч кимнинг иши йўқ. Гўё, сенинг бу қилмишингни хеч ким кўрмагандек. Бироқ, эсингиздан чиқмасин. Модомики, рух Аллоҳ учун экан, қалб Аллоҳнинг назаргоҳи экан, буларга қилинган ҳар бир тахдид эгасининг хусуматчиси ҳам Аллоҳ таолодир.
Хулоса: Жисмингиз дунё лаззатлари ила роҳатланаётган пайтда, қалбингизни ҳам ибодат лаззати ила роҳатлантириб туринг. Жисмингизни гўзаллиги учун табибга ва салончига сарфлаётган вақтингиздан озгинасини қалбингизни гўзаллаштириш учун ҳам ажратиб туринг. Қурт қумурсқалар насибаси бўлган жисмингиз билан фахрланаётган пайтингизда, Аллоҳ учун бўлган рухингиз ва қалбингиз ила ҳам уялиб қолмасликка харакат қилинг. Ўзингиз учун бўлган амалингизни ҳам чиройли қилингки, бор гўзаллигингиз ўзгаларда қолиб, ўзингиз энг жирканч, энг хунук ҳамроҳ ила ёлғиз қолманг. Дунё ва охиратингиз учун бирдек ҳаракат қилинг. Чунки, Росулуллоҳ с.а.в. айтганларидек: “Сизларнинг яхшиларингиз динини деб дунёсини, дунёси деб динини унутмаганидир”. Лекин булардан бирортасини биринчи ўринга қўйиш керак бўлса, қалб гўзаллигига эътибор беринг. Чунки, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “ Албатта, Мен сизларнинг на суратларингизга, на чиройларингизга қарайман. Балки қалбларингизга назар соламан ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан ”.
Қолаверса, охират кунида инсонга жисмининг хушбичимлигию, сийратининг гўзаллиги фойда бермайди. “У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ хузурига тоза қалб ила келар,( ўша манфаат топар)” (Шуаро,88-89-оятлар).
Аллоҳ таоло барчаларимизни соғлом ва покиза қалб эгаларидан қилсин. Зоҳиримизни гўзал қилгани каби, ботинимизни ҳам чиройли қилсин. Ўзининг хузурига саломат қалб ила боришликни насиб айласин.
Ёрбек Исломов,
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди ноиб имоми