muslim.uz
Ҳамдардлик
Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018”да Хоразм вилояти босқичида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида ҳам қатнашган Шамсиддин қори Абдуллоҳ ўғлининг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло ҳофизи Каломуллоҳнинг барча хайрли ишларини, солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, охиратини обод қилсин!
Қори йигитнинг барча қариндош-уруғлари, яқинларига сабру жамил ато қилиб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Марказий давлат архивида сақланаётган мактублар
Оила бузилишига нималар сабаб бўлмоқда
Оила — жамиятнинг бир бўлаги. Жамият равнақи оила равнақи билан чамбарчас боғлиқ. Демак, оилалар мустаҳкамлигига давлат сиёсати даражасида қаралаётгани бежиз эмас. Турмушимиз тобора фаровонлашаётган пайтда оилалар мўртлашаётгани ташвишланарли ҳолат. Ушбу масала юзасидан кўплаб юртдошларимиз билан мулоқот қилар эканмиз, улар келтираётган сабаблар ҳам турлича.
Баъзилар ажримларни глобаллашув билан боғлайди. Инсонларнинг ҳаддан ташқари эркинлашиб кетаётгани оқибатида кўпчилик фақат ўзини ўйлайдиган, масъулиятсиз бўлиб қолган, деган фикрлар ҳам кўп билдирилди. Назаримда, бу муаммо маънавиятимиздаги айрим нуқсонлар билан боғлиқдай.
Ажримларга фақат келинлар айбдор, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Қизлар турмушга чиққанидан кейин янги оилада ўз ўрнини топиши осон эмас. Ота уйида эркаланиб юрган қиз бу ерда эътибор марказида бўлади. Уй юмушларининг барчаси унинг зиммасига юкланади. Ундан бошқа ҳамма телевизор тагида оёғини чўзиб ўтиради. Хонадонда алпомишдай йигит ё барчинойдай қиз бўлса-да, уларнинг уй юмушларини бажариши «қоида»ларга тўғри келмайди. Ҳаммасини келин қилиши керак! Йўқса, келиннинг «тарбияси бузилиб» кетиши мумкин. Афсуски, бундай фикрловчилар кўпчилик. Ҳам ишлаш ёки ўқиш, ҳам оила юмушларини бажариш баъзан ёш келинга оғирлиқ қилади. Ана шундай вазиятда оилаларда турли можаролар, муаммолар келиб чиқади.
Агар эътибор берилса, оилаларни етмиш-саксон фоиз ҳолатда қайнота ва қайнона бошқаради. Айрим қайнота ва қайноналарнинг эскича фикрлаши, «бу даврда бошқача эди», «биз ўнта болани туғиб, далага ишга чиқиб кетаверганмиз», «биз кечаси нон ёпиб, кундузи давлатнинг ишини қилганмиз» каби таъна-дашномлари, ёш оилалар ҳаётига асоссиз аралашиши, «онангни десанг, эрингдан кечасан» ёки аксинча, «мени десанг, келинни талоқ қил» қабилидаги ноўрин талаблари ёшларнинг ихтиёрсиз ажрашиб кетишларига сабаб бўлаётгани сир эмас. Қайноналарнинг бундай маломатлари, аслида, ўша давр қийинчиликлари, хотин-қизларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлинганини акс эттирмайдими? Бунинг оқибатида ўтган асрнинг 70-80-йилларида, 90-йиллар бошларида оналар ва гўдаклар ўлими кўплаб содир бўлмаганми? Қолаверса, қайнона қийинчилик кўргани учун келинни ҳам шунга маҳкум қилиши на мантиққа, на ҳақиқатга тўғри келади.
Бугун давр ўзгарган. Оналик ва болалик давлат муҳофазасига олинган. Эндиликда буни ҳар бир ота-она, оила соҳиби англаб етиши ва унга риоя қилиши талаб қилинади.
Айрим оилаларда моддий фаровонликка эришиш асосий мақсад сифатида белгилангани, нафақат ёшлар, балки катталар орасида ҳам молпарастликнинг авж олгани маънавий қадриятларнинг емирилишига сабаб бўлмоқда. Баъзилар орзу-ҳавас деганда фақат чиройли тўй қилиб, қимматбаҳо кийимлар кийиб, тансиқ таомлар ейишни тушунади. Бугун ҳар бир хонадонда икки-учтадан телевизор, музлатгич ва бошқа маиший жиҳозлар бор. Қимматбаҳо мебеллар, машина ва бошқа буюмларни кўз-кўз қилишни яхши кўрамиз. Бироқ ҳамма хонадон ҳам китоб жавонига эга эмас. Ҳатто биронта китоб бўлмаган оилаларнинг учраши ғоят ачинарли. Ҳаётдаги кўплаб мисоллар бахт бойлик билан ўлчанмаслигини асослаб турибди. Аксинча, маънавий қашшоқлик бахтсизлик сари бошловчи йўлдир. Маънавиятсизлик оилада носоғлом муҳитни юзага келтиради. Бунинг оқибатида иқтисодга ҳам дарз кетади. Янада ачинарлиси, оила маънавий ҳаётидаги камчилик ва нуқсонлар жамиятда маънавий муаммоларни юзага келтирмоқда.
— Бизнингча, оилавий ажримларга сабаб ёшларни оила қуришга тўғри тайёрламаётганимиз, — дейди халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати Сайёра Худойберганова. — Қиз бола дунёга келса, болалигидан бошлаб уни келинликка тайёрлаймиз. Аммо бу тайёргарлигимиз одатда қизга сеп йиғиш, уй юмушларини бажаришни ўргатишдан иборат бўлади. Афсуски, қиз боланинг маънавий, ахлоқий, жисмоний саломатлигига камдан-кам эътибор қаратамиз. Муомала маданиятига эга бўлмаган, қўлида бирон ҳунари йўқ, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини сабр-бардош билан енгиб ўтишга маънавий салоҳияти етмайдиган, тиббий билимлари етарли бўлмаган қиз яхши келин бўлиши даргумон.
Айрим йигитларимиз ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин. Бирон касбнинг этагини тутмаган, интернет тармоқларида турли беҳаё видеолавҳалар томоша қилиб вақтини ўтказиб келган, ота-онасининг ҳисобига турмуш кечирувчи арзанда оиланинг қадрига етармиди?
Муқаддас динимизда оила ниҳоятда қадрланади. «Оила бузилса, арш титрайди» дейишади.
— Қуръони каримда эр-хотин ҳақида «…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…», дейилган («Бақара» сураси, 187-оят). Эр-хотин бир-бировини тўлдириб туради, бир-бирини тарбиялайди. Турли ёмон иллатлардан асрайди. Оила кишини масъулиятли бўлишга, тежамкорликка ўргатади, — дейди Шовот туманидаги Юсуф Ҳамадоний мажмуаси имом-хатиби Сулаймон Раҳматуллаев. — Бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшовчи оила соҳиблари узоқ умр кечиради. Никоҳнинг улуғ неъмат экани ҳақида Пайғамбаримиз Myҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: «Киши оила қурса, динининг ярмини мукаммал қилган бўлади, қолган ярмининг мукаммал бўлмоғи учун тақво-тазарру қилсин».
— Назаримда, оилавий ажримларга баъзи эркакларимизнинг масъулиятсизлиги ҳам сабаб бўлмоқда, — дейди узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган меҳнат фахрийси Ҳабибулла Болтабоев. — Айрим эркаклар ҳеч қаерда ишламайди. Рўзғорнинг бутун ташвишларини аёлининг зиммасига юклаб қўяди. Фарзанд тарбиясига ҳам қарашмайди. Вақтини телевизор кўриб, қарта ўйнаб ёки бошқа тайинсиз юмушлар билан ўтказади. Бу аёлни ҳам маънан, ҳам жисмонан толиқтиради.
Суҳбатдошларимизнинг фикрича, эр ёки хотиннинг узоқ муддат чет давлатларда бўлиши ҳам орага совуқчилик тушиши, оилалар дарз кетишига олиб келмоқда. Ҳаддан ташқари рашк қилиш, бир-бирига ишончсизлик ҳам ажралиш сабабларидан бири.
Оилавий ажримлардан энг кўп жабр чекадиганлар фарзандлардир. Руҳий изтироблар боланинг соғлом вояга етишига салбий таъсир қилади. Қалби бутун умрга кемтик бўлиб қолади. Бунинг оқибатида у турли иллатларга ошно бўлиши, жиноят кўчасига кириши мумкин.
Кўриб турганимиздек, оилавий ажримлар жамият учун фақат зарар келтиради. Шу боис ушбу муаммонинг олдини олишга эътибор кучайтирилмоқда. Бу жараёнда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар моддий қўллаб-қувватланмоқда, нотинч оилалар ўрганилиб, яраштирилмоқда, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашилмоқда. Ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Бу ишлар яхши, албатта. Лекин булар етарлими? Оилавий ажримларга маънавий қашшоқлик сабаб бўлаётгани учун ёшлар маънавиятини юксалтиришга эътиборни янада кучайтириш керак. Оила жамиятнинг бўлаги саналар экан, уни бузган инсон жамият олдида жавоб бериши лозим. Қонунчилигимизда ажрашиш истагидаги шахс ўз хатти-ҳаракати билан жамиятга келтираётган моддий ва маънавий зарарни қоплаши билан боғлиқ меъёрлар киритиш мақсадга мувофиқ. Назаримизда, қонунчилигимизда қайнона ва қайнотанинг ҳуқуқий мақомлари акс эттирилмагани, Оила кодексида уларнинг ўрни қонуний белгиланмагани, қолаверса, миллий урф-одатларимиз уларнинг чексиз ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлишларига имкон беради. Балки дунё қонунчилигида ҳам ушбу мақомлар белгиланмаган бўлиши мумкин. Бироқ кейинги пайтларда оилаларда юз бераётган можаролар, келишмовчиликлар, ажримларда аксарият қайнота ва қайноналарнинг «ҳиссаси» борлиги ушбу тушунчаларга қонуний таъриф берилиши ҳамда уларнинг ҳуқуқ-мажбуриятларини аниқ ва равшан кўрсатиб ўтишни тақозо қилмоқда. Шу билан биргаликда инсон оилада яшашдан манфаатдор бўлишига эришиш зарур. Эрдан ажрашган дугонаси эмин-эркин яйраб яшаётганини кўрган, ўзи тайинсиз эркак, қаттиққўл қайнонанинг таъна-ю дашномларига базўр чидаб келаётган аёл дугонасидан ибрат олмаслиги учун уни қўллаб-қувватлашимиз керак. Оммавий ахборот воситалари орқали оилавий анъаналар, сулолалар тарғиботини кучайтирайликки, токи ёшлар оила-бахт эканини ҳис қилсин. Эллик йил ва ундан зиёд тарихга эга оила соҳиблари моддий-маънавий қўллаб-қувватланса, ёшларнинг улардан ибрат олишга рағбати ошади. Қолаверса, нафақат корхона ёки ташкилотдаги фаолияти, балки оилада барқарор муҳитни шакллантирган, аҳил-иноқ яшаб, жамиятга ўрнак бўлаётган, илмли, зиёли, истеъдодли фарзандларни тарбиялаб, вояга етказган инсонларни ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан давлат мукофотларига тавсия қилиш орқали ҳам оиланинг нуфузини янада ошириш мумкин. Касаба уюшмалари мамлакатимиздаги энг катта жамоат ташкилоти сифатида оилалар мустаҳкамлиги учун ҳаммадан кўпроқ ҳисса қўша олади. Оилавий саёҳатлар, театр ва концертларга оилавий ташрифлар, оилавий спорт мусобақалари ва китобхонлик, анъаналар билан боғлиқ турли танловларни узлуксиз ташкил қилиш бесамар кетмайди, албатта. Ниятимиз эса холис: оилалар мустаҳкам бўлсин, ажримлар барҳам топсин!
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири
Тобеинларни таниш
Тобеиннинг таърифи:
“Тобеъуна” луғатда, “тобеъийю” ёки “тобеъун” бўлган исми фоилнинг жамидир. У “табиъа” феълидан олинган бўлиб, ўзбекчада “эргашди”, “орқасидан юрди” деган маъноларни ифодалайди.
Истилоҳда эса, мусулмон ҳолида саҳобага учрашиб, мусулмон ҳолида вафот этган кишига “тобеъий” айтилади [1]. Баъзилар эса, “у саҳобага ҳамроҳ бўлган кишидир” [2], деб таъриф беришган [3].
Баъзилар эса, “Мўъмин бўлган ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан суҳбатлашган киши тобеъиндир” [4], дейишган [5].
Бу илмнинг фойдалари:
“Тобеинларни таниш” илмининг фойдаси жуда кўпдир. Инсон бу илмга беэтибор бўлса, саҳоба билан тобеинни ва тобеин билан табаъ тобеиннинг ўртасини ажрата олмайди. Шунингдек, бу илмнинг фойдаларидан яна бири “муттасил ҳадис” билан “мурсал ҳадис”ни ажратиб олишдир.
Тобеинларнинг табақалари:
Тобеинларнинг табақаларининг адади ҳақида ихтилоф қилинган. Уламолар уларнинг табақаларини ўз қарашларига, ижтиҳодларига кўра тақсим қилишган:
- Имом Муслим уларни уч табақа қилган.
- Ибн Саъд уларни тўрт табақа қилган.
- Ҳоким Найсабурий уларни ўн беш табақага тақсим қилган ва фақат уч табақасини зикр қилган:
А). Уларнинг энг биринчи табақаси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат башоратини берган ўнта саҳобаларга учрашган тобеинлар бўлиб, бунга Қайс ибн Абу Ҳорим роҳимаҳуллоҳни мисол қилиш мумкин. У киши уларнинг барчасидан ҳадис эшитган ва ривоят қилган. Тобеинлар орасида ундан бошқа бирорта тобеин бу ўнта саҳобанинг ҳаммасидан ҳадис ривоят қилмаган.
Б). Уларнинг энг охирги табақаси – Басра аҳлидан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга, Мадина аҳлидан Соиб ибн Язийд ва Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳумоларга учрашган кишилардир. Бу саҳобалар энг охирги вафот этган саҳоба бўлишган [6].
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам саҳиҳ сўзга кўра шу табақадан бўлган.
Илм китобларида кенг тарқаган тобеинларнинг уч табақаси қуйидагилардир:
- Катта (кибор) тобеинлар табақаси. Улар катта (кибор) саҳобалар билан учрашган.
- Ўрта (мутавассит) тобеинлар табақаси. Улар саҳобалардан ва катта (кибор) тобеинлардан ҳам ҳадис ривоят қилишган.
- Кичик (сиғор) тобеинлар табақаси. Улар вафотлари кейинроқ бўлган кичик (сиғор) саҳобалардан ҳадис ривоят қилишган. Бу саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ёш бола бўлишган. Бу саҳобалар ёшлари катта бўлган пайтда бу тобеинлар ёш бола бўлиб, уларга учрашган.[7]
Энг аввал вафот этган тобеъин – Абу Зайд Маъмар ибн Язийд (30-ҳижрий санада ўлдирилган).
Энг охирги вафот этган тобеин – Холф ибн Холийфа (180-ҳижрий санада қазо қилган) [8].
Етти фақиҳ бўлган тобеъинлар:
Катта тобеъинлардан етти фақиҳ бўлиб танилган кишилар қуйидагилардир:
Саъийд ибн Мусайяб, Қосим ибн Муҳаммад, Урва ибн Зубайр, Хорижа ибн Зайд, Абу Салама ибн Абдурроҳман, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ва Сулаймон ибн Ясор.
Мухозрамнинг таърифи:
Мухозрам, луғатда “хозрама”, феълининг исми мафъули бўлиб, “икки даврда яшаган”, деган маънони ифодалайди.
Истилоҳда, у жоҳилият ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида ҳам яшаб, мусулмон бўлиб, у зотни кўрмаган ёки мушрик бўлган ҳолида у зотни кўрган бўлиб, кейинроқ мусулмон бўлган кишидир. Чунки, мушрик ҳолида Расулуллоҳни кўришлиги эътиборга олинмайди [9].
Мухозрамларнинг ҳукми:
Баъзилар уларни саҳобалардан дейишган. Саҳиҳ гапга кўра улар тобеинлардан саналади, уларнинг Расулуллоҳдан ривоят қилган ҳадислари мурсал ҳадис дейилади.
Мухозрамлар ҳақида фақат Имом Муслим ибн Ҳажжож (261-ҳижрийда вафот этган) ва Имом Бурҳониддин Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Аъжамий (841-ҳижрийда вафот этган) томонидан муҳозрамлар ҳақида алоҳида китоб ёзилгандир. Имом Муслимнинг бу китоби ҳақида Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ Саҳиҳи Муслимга бўлган шарҳида, унинг китобларини зикр қилиб, “Китабул мухозромийн”[10] ни ҳам зикр қилган. Иброҳим ибн Муҳаммаднинг китоби “Тазкиротут толиби ал-муъаллама лиман юқолу аннаҳу мухозрам” номли бўлиб, у нашр қилингандир.[11]
Тобеинларнинг энг афзали:
Тобеинларнинг энг афзаллари ҳақида уламолар ўртасида бир неча фикрлар баён қилинган. Бу сўзларнинг энг машҳури тобеинларнинг энг афзали – Саъийд ибн Мусайяб ҳисобланади, дейилганидир.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хофийф Шерозий бундай деган:
- Мадина аҳли тобеинларнинг энг афзали деб Саъийд ибн Мусайябни айтишади.
- Куфа аҳли эса, Увайс Қаранийни энг афзали дейишган.
- Басраликлар Ҳасан Басрийни энг афзал тобеин дейишган.
Тобеъин аёлларнинг энг афзали:
Абу Бакр ибн Абу Довуд бундай деган: “Тобеин аёлларнинг саййидалари Ҳафса бинти Сийрийн ва Амро бинти Абдурраҳман ва улардан кейин (кичик) Умму Дардодир”.
Тобеинларнинг таниш борасидаги ёзилган энг машҳур китоб – Абу Муторриф ибн Футойс Андалусийнинг “Маърифатут тобеъийн” китобидир.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Шокиржон МАДАМИНОВ манбалар асосида таёрлади.
[1] Нухба, 58-бет.
[2] Ал-Кифоя, 22-бет
[3] Тайсиру мусталаҳул ҳадис, 247-бет.
[4] Маърифату улумул ҳадис, 42-саҳифа.
[5] “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.202-саҳифа.
[6] Манҳажун нақд фи улумил ҳадис, 148-саҳифа.
[7] Манҳажун нақд фи улумил ҳадис, 148-саҳифа.
[8] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.203-саҳифа.
[9] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.203-саҳифа.
[10] Шарҳун Нававий ала Саҳиҳи Муслим, 1/10. Таҳзийбул Асмо, Нававий 2/397. Сияру Аъламун Нубало, 12/397.
[11] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.682-саҳифа.
Аршни кўтарган зикр
Қалблар қўлида бўлган Зотга Ўзининг буюклигича ва олийлигича ҳамду санолар бўлсин. Зикрлар қалбнинг покловчи дориси экани ва шу зикрлар билан Аллоҳнинг розилигини топиб яшашимизга даъват этиб, бизларга гўзал намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлсин.
Инсон дунёда яшар экан моддиятга боғлиқ бўлган бу тирикликда, ўзини самоларга боғловчи маънавий озиқ-амалларга ҳам эҳтиёж сезади. Мана шу эҳтиёжни билган ва бизларни бу дунёга фақат ва фақат Ўзини танишимиз учун келтирган Аллоҳ руҳий озиқларимиз қилиб зикрлар ва кундалик вазифаларни бизларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали жорий қилган. Ислом шариатида фазилатда олий бўлган зикр ва дуолар борки, уни тинимсиз бажариб юриш орқали инсонда жуда кўп ҳикматлар пайдо бўлади. Чунки банда Аллоҳни зикр қилиш билан Уни жудаям яхши таниб, Ундан хавф ва ражоси кучаяди. Ким бир нарсани яхши танимаса ундан қўрқмайди ёки унга муҳаббат ҳам қилмайди. Муҳаббат қилиш учун уни тинимсиз эсламоқ, уни ҳар доим ўйламоқ керак бўлади. Ким Аллоҳни танимаса, Унга муҳаббат ҳам қилмайди. Муҳаббат қилмас экан, Уни эсламайди. Аллоҳни эслаш эса зикр ва дуолар билан амалга ошади. Ана шу зикрларнинг энг фазилатлиси ва малоикалар яхши кўриб, пайғамбарлардан мерос қолган зикр ҳақида айтиб ўтамиз. Бу зикр қуйдагича ривоят қилинган:
“Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил алаййил азийм”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло Аршни яратганда ҳомил-кўтарувчи фаришталарга уни кўтаришни буюрди. Арш уларга оғир келди. Аллоҳ таоло: “Субҳаналлоҳ” деб айтинглар, деб буюрди. Фаришталар, “Субҳаналлоҳ” дейишди. Шунда уларга енгил бўлди. Улар Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгунча Субҳаналлоҳ деб туришди. Одам алайҳиссалом акса урганларида Аллоҳ таоло у кишини “Алҳамдуллиллаҳ” дейишга илҳомлантирди. Аллоҳ айтди: “Сенга Раббинг раҳм қилди ва сен мана шунинг учун яратилдинг”. Малоикалар шунда “Иккинчи калима ҳам улуғ экан, бизлар ундан ғафлатда қолмаслигимиз керак”, дейишиб уни олдингисига қўшишди.
Бир неча вақт фаришталар, Субҳаналлоҳи валҳамдуллиллаҳи, деб айтишди, бу ҳол Нуҳ алайҳиссалом замонларигача давом этди. Биринчи бўлиб санам-тошдан ясалган бутлар тутган қавм Нуҳ алайҳиссалом қавми эди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмини, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб айтишга буюрди. Шунда улардан рози бўлишини билдирди. Фаришталар ўшанда: “Учинчи калима ҳам улуғ ва шарафли экан. Биз бундан ғафлатда қолмаслигимиз керак”, дейишиб, уни олдинги икки калимага қўшишди. Узоқ муддат Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи валаа илаҳа иллаллоҳ калимасини айтиб юришди. Бу ҳол Иброҳим алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келгунларича давом этди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик қилишни буюрди ва қўчқор берди. Қўчқорни кўрганларида у зот хурсанд бўлиб, “Аллоҳу Акбар” дедилар. Фаришталар айтишди “Бу калима ҳам улуғ ва шарафли экан” деб уни олдинги учтасига қўшишди ва Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи валаа илаҳа иллалллоҳу валлоҳу акбар, деб айтиб юришди.
Вақтики Жаброил алайҳиссалом бу гапларни Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эди, У зот шодланиб: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил алайил азийм”, дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом “Бу калимани олдингиларига қўшинг”, дедилар.
Бу зикрнинг фазилати шунчалар улуғлигидан у Аршларни кўтаргандир. Ким уни бир кунда Аллоҳни зикр қилиш мақсадида айтар экан гуноҳлари кечирилади. Аллоҳнинг ҳузурида олий мақомлар топиб, мағфиратга эришади. Албатта, фарз ибодатлардан сўнг айтилса, қалби янада равшанлашади. Чунки фарз ибодатларидан сўнг қилинган дуо мустажоб бўлиб бу зикрни айтиб дуо қилиш билан инсон Аллоҳга яқинлик ҳосил қилишдек даражага эришади. Чунки унинг ҳамма маъноси Аллоҳнинг буюклиги ва поклигига далолат қилади.
Абу Лайс Ас-Самарқандийнинг “Танбеҳул Ғофилийн” асари асосида
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси Орифахон ЮНУСХЎЖА қизи тайёрлади.