muslim.uz
"Илмул яқийн", "Айнул яқийн" ва "Ҳаққул яқийн" ҳақида
"Бизда дўзах ҳақида илмул яқийн бор. Бу дўзах ҳақидаги илм бўлиб, Қуръондаги дўзах ҳақида келган маълумотлардир. Бу Роббимизнинг бизга дўзах ҳақида билдирган илмидир. “Албатта, дўзахнинг сифатлари мана бундай, мана бундай” деб, бизни дўзахдан огоҳлантирган. Биз шу дунёнинг фаровон ҳаётида яшаб турганимизда, Аллоҳ бизга дўзахни танитиб, ундан эҳтиёт бўлишга чақирган ва эҳтиёт бўлиш йўлларини кўрсатган.
Айнул яқийн эса, охиратда, Сирот устидан ўтаётганимизда, остимиздаги дўзахни кўрганда бўлади. Ўшанда дўзахни кўзимиз билан кўрамиз. Ҳаққул яқийн эса, фақат кофирларга бўлади. Ўша Кунда кофирлар дўзахга ташланадилар ва азобни бошларидан кечирадилар. Мана шу ҳаққул яқийндир.
Бунинг учун бир мисол келтирамиз: агар мен сизга “Нью Йорк деган шаҳар бор. У ерда осмонўпар бинолар бор. У шаҳарнинг сифати фалон, фалон” десам, сизга рост илмий суратини баён қилган бўламан. Агар сиз ушбу гапларимни тасдиқласангиз, сизда ўша шаҳар ҳақида илмул яқийн ҳосил бўлади. Агар биз ўша шаҳарнинг устидан самолётда учиб ўтсак ва уни ўз кўзимиз билан кўрсак, бу кўриш айнул яқийн бўлади. Агар сиз ўша шаҳарга тушиб, у ерда яшаб, кўчаларини айланиб юрсангиз, бу ҳаққул яқийн бўлади".
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг тафсирларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Диний идора вакилликларининг ўзаро ҳамкорлиги бошланди
25 апрель куни Диний идорада видеоконференция ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу видео анжуманда ҳудудий вакилликлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси топширилди. Ушбу кўрсатма ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан амалий ишлар бошлаб юборилди.
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган бир гуруҳ имом-хатиблар тажриба алмашиш мақсадида, Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларига хизмат сафарига чиқдилар.
Самарқанд вилоятининг Булунғур, Пастдарғом, Тайлоқ туманлари бош имом-хатиблари ва Самарқанд шаҳридаги "Оби Раҳмат" жоме масжиди имом-хатиби мазкур вилоятларида бўлиб, имом-хатибларнинг касб маҳорати, илмий савияларини мунтазам ошириб бориш ва масжид ҳужжатларини юритиш бўйича ўзаро тажрибаларини алмашмоқдалар.
Зайниддин Эшонқулов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби
Нега мусулмонлар Грузияга саёҳатга боради?
Global Muslim Travel Index-2018 рейтингида Грузия Республикаси 130 мамлакат ичида 61 ўринда қайд этилди. Бироқ рейтингда айтилишича Грузия 2020 йилга бориб мусулмон сайёҳлар энг кўп ташриф буюрувчи мусулмон бўлмаган мамлакатлар ўнталигига киради.
Бу эса мамлакат иқтисодиётига миллионларни келтиради. Грузияга кўп ҳолларда қўшни бўлган мамлакатлардан сайёҳлар ташриф буюради. Бунда биринчи ўринда озарбайжонликлар бўлиб, ташриф буюрувчилар сони 354 мингни ташкил этади. Бу рақам 2018 йилнинг биринчи чорагида олинган маълумотлардир.
Иккинчи ўринда Туркия (287,9 минг нафар), кейинги ўринларда Эрон (91 минг нафар), Қозоғистон (8,7 минг нафар), Саудия Арабистони (3,4 минг нафар), Қувайт (2,3 минг нафар), БАА, Туркманистон, Покистон ва Миср фуқаролари ташриф буюради.
Ташриф буюрувчиларнинг кўплигига виза тизимининг соддалиги, тўғридан тўғри рейсларнинг кўплиги, қуёшли мавсумда Грузия тоғларида дам олишнинг қулайлиги сабаб сифатида келтириб ўтилади.
Бугунги кунда Грузида 200 га яқин масжидлар фаолият юритади. Уларнинг 50дан ортиғи Квемо Картли минтақаси ва 120 дан ортиғи Аджария минтақасида жойлашган. Мамлакат пойтахти тбилисида ҳам кўплаб масжидларнинг борлиги мусулмон сайёҳлар учун қулайлик яратади.
Грузияда ҳалол ресторанлар тармоғи мавжуд, бироқ ҳалол меҳмонхоналарни яратиш борасида иш олиб борилмоқда. Оилавий ташрифлар учун алоҳида виллаларнинг мавжудлиги меҳмонхоналар билан боғлиқ муаммони бироз енгиллаштиради.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тошкент вилоятида масжидлар сони яна битта кўпайди
Мамлакатимизда дин равнақи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб шодликлар шодликларга уланмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Дилларни хушнуд этган, севинч ёшлари билан кўзларимизни намлантирган Қуръон базми куни кеча ўз якунига етди.
Бугун эса бутун Тошкент вилояти, айниқса, Қуйичирчиқ тумани, шунингдек, дин биродарлари учун хурсанд бўлиб, дуолар қиладиган мўмин-мусулмонлар учун яна бир қувончли ҳодиса содир бўлмоқда.
Тошкент вилоятидаги масжидлар сони яна биттага ортиб, Қуйичирчиқ туманидаги “Дўстлик” жомеъ масжиди бугун – 27 апрелда, муборак жума кунида тантанали равишда очилади ва у ерда илк Жума намози адо этилади.
Манба: Fitrat.uz
Муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратлари: “Жаҳолатни фақат илм-маърифат енгади”
Аввал, 26 апрель куни Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессияси муҳтарам Президентимизнинг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон муҳокамасига бағишлангани ҳақида хабар берган эдик. Ундан муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Фармоннинг биринчи бандида белгиланган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” масаласини атрофлича изоҳлаб, жумладан шундай дедидар:
– Фармоннинг биринчи бандида “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғояси алоҳида қайд этилган. Ана шу эзгу тамойил диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий ғоясига айланди. Ёшларнинг диний, ақидавий саводхонлигини ошириш, таълим-тарбиясини яхшилаш ва уларни бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишдан асраш диний соҳа ходимларининг энг долзарб вазифалардандир.
Ён-атрофимизга ҳақиқат кўзи билан қарасак, ҳали жаҳолат тўрлари борлигига гувоҳ бўламиз. Инсонлар бошига тушадиган кулфатнинг боиси ҳам жаҳолатдандир. Кулфат, зулм ва жаҳолатдан халос бўлишнинг ягона йўли – илм-маърифатдир.
“Жаҳолат”, “жоҳиллик” тушунчалари нодонликни ва билимсизликни англатади. Машойихлар ёмонликнинг уч манбаи борлигини айтадилар: шайтон, нафс ва жоҳиллик. Ҳар қандай ёмон хулқнинг бошида эса нафс ва шайтон туради.
Жаҳолат – ҳақиқатдан бехабарликдир. Жоҳилликнинг асли – моҳиятни билмасликдир.
Динимиз инсон тарбиясида аввало жоҳилликни бартараф этишга алоҳида аҳамият беради. Аслида ҳам, жаҳолатни фақатгина илм-маърифат енгиши инкор этилмас ҳақиқат.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати