muslim.uz
Қуръон мусобақасидан фотолавҳа (Бухоро)
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари: “Ўзбекистон раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз”
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Женевада бўлиб ўтаётган 37-сессияси доирасида таркибида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори А.Саидовлардан иборат бўлган мамлакат делегацияси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув чоғида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.
Олий комиссар Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилган ишлар, жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришишни такомиллаштириш, суд жараёнининг самарадорлиги ва сифатини ошириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларга катта қизиқиш билдирди.
Шунингдек, Олий комиссарга Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”даги ижроси асосий натижалари ҳамда Ўзбекистон ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси” тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Зайд Раад ал-Ҳусайн ўзининг 2017 йилнинг май ойида юртимизга қилган ташрифи, президент Шавкат Мирзиёев билан Тошкент ва Нью-Йоркдаги музокараларини илиқ хотирлади.
Олий комиссар мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган изчил демократик ўзгаришларни ижобий баҳолади. Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштириш борасидаги ишларнинг муҳимлигини таъкидлади.
БМТ ИҲОКБ раҳбари Ўзбекистон тараққиёт йўлининг тўғри босқичида эканини алоҳида қайд этди. Юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни асраб-авайлаш муҳимлигига эътибор қаратди.
У давлат раҳбарининг 2018 йил куз ойларида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ҳамда Ўзбекистоннинг 2021-2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш тўғрисидаги ташаббусини мамнуният билан қабул қилди.
Олий комиссар ИҲОКБ мамлакат билан инсон ҳуқуқларининг барча соҳаларида мазмунли ва самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади. Учрашув якунида Зайд Раад ал-Ҳусайн келажакда ўз оиласи билан Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдирди.
Манба: https://kun.uz
Санкт-Петербургда Ўзбекистон Бош консулхонаси иш бошлади
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси ўз фаолиятини бошлади. ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, унинг консуллик округига Россия Федерациясининг Шимолий-ғарбий федерал округи киради.
Бош консулхона жойлашган манзили: Россия Федерацияси, Санкт-Петербург шаҳри, 4-Красноармейск кўчаси, 4-А уй.
Телефон: + 7-965-751-20-71; Telegram, Whatsapp, Viber, Imo орқали боғланиш учун телефон рақами +998-90-994-27-47.
Манба: https://kun.uz
Мулойимликнинг яққол намунаси
Ҳар бир инсоннинг туғилиши унинг ривожланиш ва камолот сари қўйган дастлабки қадамидир. У жисмонан улғайиш баробарида маънавий жиҳатдан ҳам камол топиб боради. Бу жараённи эса жамиятсиз, жамият аъзолари орасидаги ўзаро мулоқотсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айни пайтда эса маънавияти юксак шахсни эътиқодсиз, инсоний аъмолсиз тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас. Мана шу икки узвий жиҳатни эътиборга олган ҳолда, мазкур мақолада жамият аъзолари орасидаги ўзаро мулоқот масаласини исломий эътиқод нуқтайи назаридан таҳлил қилиб кўрмоқчимиз. Таҳлил обекти сифатида инсоний фазилатлардан бири – мулойимликни танладик. Зеро, Навоий ҳазратлари “Маҳбуб ул-қулуб” асарида таъкидлаганидек, “Ҳилм (мулойим табиатлик) инсон вужудининг хушманзара мевали боғидир ва одамийлик оламининг жавоҳирга бой тоғидир. Ҳилм — ахлоқли одамнинг қимматбаҳо либоси ва у кийим турларининг энг чидамли матосидир”.
Ҳозирги кунда барча психологлар томонидан мулоқот маданиятининг муҳим узви ҳисобланувчи мулойимлик Исломда ҳам марказий тушунчалардан биридир. Бу хусусда Қуръони Каримда ҳам, Ҳадиси Шарифларда ҳам кўп бора марҳамат қилинган. Жумладан, қуйидаги ҳадисга диққатни қаратайлик:
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, бомдод намозини жамоат билан ўқиш учун масжидга чиқмаяпман. Бунга фалончининг бизга имом бўлиб, намозни жуда ҳам чўзиб юбораётгани сабаб бўляпти”, - дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунчалик ғазабланганликларини ҳеч кўрмаган эдим. Бу гапни эшитиб Расулуллоҳ: “Сизларнинг ичингизда инсонларни диндан узоқлаштирадиганлар бор. Қай бирингиз одамларга имом бўлса, (ҳолатга қараб) намозни қисқа қилсин. Чунки уларнинг орасида заифлар, ёши улуғ инсонлар бор”,- дедилар. (“Манҳал Ҳадис” китобидан )
Эътибор беринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилаётган киши намозни чўзиб юбораётган инсоннинг исмини айтмаяпти. Бунчалар гўзал хулқ! Ваҳоланки, ўша одам уларнинг ичида эди. Расулуллоҳ шикоятни эшитиб, албатта, ғазабландилар, лекин айбдорни айнан койимадилар, балки ўша ерда ўтирган барчага хитоб қилдилар. Бу эса у зотнинг меҳрибон ва юксак олижаноб хулқ эгаси эканлигидан далолат беради. Қолаверса, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари эди. Агар шу пайтда айбдор шахснинг ўзинигина койисалар, бошқалар орасида хижолат бўлар ва диндан кўнгли совир эди.
Намозни қисқа ўқишга бўлган буйруқдан намознинг қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилиб ўқишлик тушунилади. Агар намозхонлар ичида ҳадисда айтилган сифатли инсонлар бўлмаса ва одамлар намозни узоқроқ ўқишга рози бўлсалар, узоқроқ ўқиш зарар қилмайди, дейди уламоларимиз.
Агар тафаккур қиладиган бўлсак, ушбу ҳадисда мулойимлик, дўстининг шаънини сақлаш каби инсон маънавий оламини безайдиган гўзал хулқлар тарғиб қилиняпти. Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ғазаблансалар ҳам ғазабини барчага сочмадилар, балки ғазабларини босиб, ўз умматига меҳрини яна бир бор намойиш этиб, ҳалимлик билан шариат ҳукмини ўргатдилар. Агар ҳар бир воқеага қаттиққўллик билан қараганларида, инсонлар у зотнинг атрофидан қочиб кетар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динни енгил қилиб кўрсатишни буюрдилар, чунки Ислом дини енгил, енгилликдир.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир инсон жамиятнинг бир узви экан, ўзи мансуб бўлган мазкур жамиятнинг ҳар бир аъзосини ҳурмат қилмоғи, ҳар қандай муаммоли вазиятда ҳам мулойимлик билан муомалада бўлмоғи даркор. Зеро, мулойимлик замонавий мулоқот психологияси томонидан ҳам, буюк алломаларимиз томонидан ҳам, шунингдек, Исломда ҳам эътироф этилган ва улуғланган фазилатдир.
Тошкент ислом институти талабаси
Ҳасанбой Эргашов
ЎМИ Матбуот хизмати