Дунё янгиликлари

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари: “Ўзбекистон раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз”

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Женевада бўлиб ўтаётган 37-сессияси доирасида таркибида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори А.Саидовлардан иборат бўлган мамлакат делегацияси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
Учрашув чоғида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди. 
  
Олий комиссар Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилган ишлар, жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли  ҳимоя қилиш, одил судловга эришишни такомиллаштириш, суд жараёнининг самарадорлиги ва сифатини ошириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларга катта қизиқиш билдирди.

Шунингдек, Олий комиссарга Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”даги ижроси асосий натижалари ҳамда Ўзбекистон ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси”  тўғрисида батафсил маълумот берилди. 

Зайд Раад ал-Ҳусайн ўзининг  2017 йилнинг май ойида юртимизга қилган ташрифи, президент Шавкат Мирзиёев билан Тошкент ва Нью-Йоркдаги музокараларини илиқ хотирлади. 

Олий комиссар мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида  амалга оширилаётган изчил демократик ўзгаришларни ижобий баҳолади. Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштириш борасидаги  ишларнинг муҳимлигини таъкидлади. 

БМТ ИҲОКБ раҳбари Ўзбекистон тараққиёт йўлининг тўғри босқичида эканини алоҳида қайд этди. Юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни асраб-авайлаш муҳимлигига эътибор қаратди. 

У давлат раҳбарининг 2018 йил  куз ойларида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ҳамда Ўзбекистоннинг 2021-2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш тўғрисидаги ташаббусини мамнуният билан қабул қилди. 

Олий комиссар ИҲОКБ мамлакат билан инсон ҳуқуқларининг барча соҳаларида мазмунли ва самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини  тасдиқлади. Учрашув якунида  Зайд Раад ал-Ҳусайн келажакда ўз оиласи билан Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдирди. 

Манба: https://kun.uz

Read 3060 times

Янгиликлар

Top