muslim.uz
Орландодаги хатми Қуръон ва илмий суҳбатни онлайн кузатинг!
АҚШнинг Флорида штати Орландо шаҳрида жойлашган “Ал-Бухорий Ислом маркази”да юртимизнинг таниқли ва воиз имом-хатиблар иштирокида хатми Қуръон ва илмий суҳбатлар бўлмоқда.
Маърифий суҳбатлар Тошкент вақти билан 28 апрель соат 7:00 да онлайн эфир орқали тақдим қилинмоқда.
Ушбу ҳавола орқали хатми Қуръон ва илмий суҳбатларни онлайн кузатишингиз мумкин:
Маълумот учун, таниқли ва воиз имом-хатибларимизнинг АҚШдаги сўнгги ташриф манзили Флорида штати бўлади. Улар ташриф давомида жумладан Орландо шаҳридаги Рамазон тадбирларида қатнашишади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондан ташриф буюрган уламоларнинг АҚШдаги илмий учрашувлар 2 майга қадар давом этади.
Бизни кузатишда давом этинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ислом душманлари ваҳобийлардан қандай фойдаланади? (видео)
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ватандошлар учун ифторлик уюштирди
Муқаддас Рамазон ойида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Россияда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси, ушбу мамлакатда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар ва иш берувчилар иштирокида ифторлик уюштирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Элчи Ботиржон Асадов меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон жамиятида анъанавий исломий қадриятларни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, ўзликни англаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумотларни тадбир иштирокчилари билан ўртоқлашди. Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳудудларга чиқиб, меҳнат қилаётган фуқаролар ва уларнинг яшаш жойлари ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар киритиш бўйича вазифалар қўйилгани алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, ўтган йил давомида элчихона томонидан Россия ҳудудларига бир неча амалий сафарлар амалга оширилгани ҳолда, белгиланган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Бош вазири маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов давлатимиз раҳбари хориждаги, жумладан, Россиядаги ватандошларга алоҳида эътибор қаратаётгани, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, меҳнат муҳожирларининг мамлакатимизда яшаётган оила аъзоларига муносиб шарт-шароит яратиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинганини қайд этди.
У, шунингдек, Россия вазирлик ва идоралари вакиллари билан ўтказилган учрашувлар ва ҳудудларга режалаштирилган ташрифлар ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Яқин фурсатда ушбу мамлакатда рўйхатга олиш муддатини 15 кунга узайтириш тўғрисидаги икки томонлама битим кучга кириши кутилаётгани, бу эса тегишли рухсатномаларни расмийлаштириш учун қўшимча вақт беришини маълум қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳим Иномов суҳбат давомида Қуръони Карим сураларидан қироат қилгани баробарида йиғилганларга делегациянинг Россияга хизмат сафаридан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақидаги маълумотларни ҳам ўртоқлашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ундан нима қолди?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида қўй сўйилди. У зот гўштни садақа қилиб юборишни буюриб, уйдан чиқиб кетдилар. Қайтиб келгач, Оиша розийаллоҳу анҳодан: “Қўйнинг қаери қолди?” деб сўрадилар. Оиша розийаллоҳу анҳо: “Фақат қўл қисми қолди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаммаси қолиб, фақат қўли кетибди-да”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бу буюк инсоннинг буюк жавоби! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо инсонларга дунёнинг охират экинзори эканини таъкидлар эдилар. Бугун фақат экиш бор, ҳосил олиш йўқ. Охиратда эса, ҳосил олиш бор, экиш йўқ!
Пайғамбар алайҳиссалом турли услуб ва ифодалар билан дунёнинг фонийлиги, охиратнинг боқийлигини инсонлар онгига сингдиришга ҳаракат қилар эдилар. Юқоридаги суҳбат ҳам барча оилада бўлиб турадиган эр-хотиннинг рўзғор чиқими ва овқат ҳақидаги сўзлари эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шу оддий суҳбатни гўзал бир дарсга айлантирдилар! У киши Оиша онамиз розийаллоҳу анҳодан дунё саволини сўрадилар:
– Қўйнинг қаери қолди?
Оиша онамиз ҳам дунё жавобини бердилар:
– Фақат қўл қисми қолди!
Оиша розийаллоҳу анҳонинг жавобларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарров муҳим бир охират дарсини бердилар:
– Қўлидан бошқа ҳамма жойи қолибди!
Қўлимизда турган мол бизники эмас. У баққолники, бензин қуйиш шаҳобчасиники, электр идорасиники, кийим сотувчиники, новвойхонаники, дорихонаники... Жумладан, меросхўрларники ҳам. Ҳақиқий молимиз қиёматда топиш учун бугун Аллоҳнинг ҳузурида заҳира қилаётганимиздир!
Қўйнинг қўли еб тугатилади. Аммо ундан чиқарилган садақа Аллоҳнинг ҳузурида сақланиб, Ўзининг карами билан эътибор берадиган охиратдаги “банк”да сақланади!
Шу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ҳалол топганидан бир дона миқдорича садақа қилса – ҳолбуки, Аллоҳ фақат ҳалолини қабул қилади – Аллоҳ уни ўнги билан қабул қилади. Сўнгра уни эгаси учун худди бирингиз ўз тойчоғини ўстирганидек парваришлайди. Ҳатто у тоғдек бўлиб кетади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
“Банк” ва заҳиранинг ажойиблигини қаранг! Аллоҳнинг розилигини истаб қилинган хурмо миқдоридаги садақангизни Ҳақ таоло қабул қилгандан кейин ўстирар экан. Тасаввур қилинг: охират кунида қилган садақангизни худди тоғ каби катталашиб кетган ҳолда топасиз!
Султон Сулаймон Қонуний ўлим тўшагида ётганида атрофидагиларга: “Агар вафот қилсам, қўлимни тобутдан чиқариб қўйинглар. Инсонлар кўрсинки, султон дунёдан икки қўли бўш ҳолатда кетмоқда!”. Азиз, газетхон садақа қилайлик, зеро, кафаннинг чўнтаги йўқ!
Абдулқодир ПОЛВОНОВ
тайёрлади
Саудияда ноёб Қуръонлар кўргазмаси ўтказилди
18 апрель куни бўлиб ўтган Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш кунини нишонлаш учун қирол Абдулазиз жамоат кутубхонаси пайшанба куни Ар-Риёдда ислом ва араб маданиятининг бой тарихини намойиш этадиган ноёб муқаддас Қуръонлар кўргазмасини ўтказди.
Islam.ru хабарига кўра, коллекция 267 та Қуръон ва 20 та қимматли музей нусхасидан иборат бўлиб, уларнинг аксарияти ҳижрий 10-13 асрлар оралиғида, яъни эрамизнинг 15-19 асрлари оралиғида ёзилган.
Кутубхонада ноёб тангалар ва хаттотлик санъатини қўшганда араб ва ислом мероси тасвирланган бошқа коллекциялар ҳам мавжуд.
Кўргазмада тақдим этилган ноёб Қуръон 30 варақдан иборат. Биринчи фолиант ёрқин ранглар ва олтин сувдан фойдаланган ҳолда гул нақшлари билан безатилган.
Қолган саҳифалар бутунлай зарҳал қилинган ва ён рамкаларда милодий 1240 ёки милодий 1824 йилларда яратилган насх хати билан рангли ва зарҳал гул нақшлари мавжуд.
1025 ҳижрий ёки 1616 милодий Рамазон ойида Каъба қаршисида Маккада ёзилган Ал-Фотиҳа сурасидан тортиб то Нас сурасигача бўлган яна бир тўлиқ Қуръон коллекциянинг бир қисми ҳисобланади.
Шунингдек, турли хил гулли безаклар билан ҳинд Қуръонлари, шунингдек, хитой, кашмир ва мамлук ишлаб чиқаришидаги ажойиб намуналар мавжуд.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати