Мақолалар

Ундан нима қолди?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида қўй сўйилди. У зот гўштни садақа қилиб юборишни буюриб, уйдан чиқиб кетдилар. Қайтиб келгач, Оиша розийаллоҳу анҳодан: “Қўйнинг қаери қолди?” деб сўрадилар. Оиша розийаллоҳу анҳо: “Фақат қўл қисми қолди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаммаси қолиб, фақат қўли кетибди-да”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бу буюк инсоннинг буюк жавоби! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо инсонларга дунёнинг охират экинзори эканини таъкидлар эдилар. Бугун фақат экиш бор, ҳосил олиш йўқ. Охиратда эса, ҳосил олиш бор, экиш йўқ!

Пайғамбар алайҳиссалом турли услуб ва ифодалар билан дунёнинг фонийлиги, охиратнинг боқийлигини инсонлар онгига сингдиришга ҳаракат қилар эдилар. Юқоридаги суҳбат ҳам барча оилада бўлиб турадиган эр-хотиннинг рўзғор чиқими ва овқат ҳақидаги сўзлари эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шу оддий суҳбатни гўзал бир дарсга айлантирдилар! У киши Оиша онамиз розийаллоҳу анҳодан дунё саволини сўрадилар:

– Қўйнинг қаери қолди?

Оиша онамиз ҳам дунё жавобини бердилар:

– Фақат қўл қисми қолди!

Оиша розийаллоҳу анҳонинг жавобларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарров муҳим бир охират дарсини бердилар:

– Қўлидан бошқа ҳамма жойи қолибди!

Қўлимизда турган мол бизники эмас. У баққолники, бензин қуйиш шаҳобчасиники, электр идорасиники, кийим сотувчиники, новвойхонаники, дорихонаники... Жумладан, меросхўрларники ҳам. Ҳақиқий молимиз қиёматда топиш учун бугун Аллоҳнинг ҳузурида заҳира қилаётганимиздир!

Қўйнинг қўли еб тугатилади. Аммо ундан чиқарилган садақа Аллоҳнинг ҳузурида сақланиб, Ўзининг карами билан эътибор берадиган охиратдаги “банк”да сақланади!
Шу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ҳалол топганидан бир дона миқдорича садақа қилса – ҳолбуки, Аллоҳ фақат ҳалолини қабул қилади – Аллоҳ уни ўнги билан қабул қилади. Сўнгра уни эгаси учун худди бирингиз ўз тойчоғини ўстирганидек парваришлайди. Ҳатто у тоғдек бўлиб кетади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

“Банк” ва заҳиранинг ажойиблигини қаранг! Аллоҳнинг розилигини истаб қилинган хурмо миқдоридаги садақангизни Ҳақ таоло қабул қилгандан кейин ўстирар экан. Тасаввур қилинг: охират кунида қилган садақангизни худди тоғ каби катталашиб кетган ҳолда топасиз!

Султон Сулаймон Қонуний ўлим тўшагида ётганида атрофидагиларга: “Агар вафот қилсам, қўлимни тобутдан чиқариб қўйинглар. Инсонлар кўрсинки, султон дунёдан икки қўли бўш ҳолатда кетмоқда!”. Азиз, газетхон садақа қилайлик, зеро, кафаннинг чўнтаги йўқ!

Абдулқодир ПОЛВОНОВ
тайёрлади

Read 1763 times

Мақолалар

Top