muslim.uz
Рамазон ойида рўза тутиш қон босимини тушириши аниқланди
Ҳар йили юз миллионлаб мусулмонлар Рамазон ойини ҳар куни рўза тутиб нишонлайдилар. Янги тадқиқот у артериал босимни туширишга ёрдам бериши мумкин, деб кўрсатади. Тадқиқот Journal of the American Heart Association журналида чоп этилди.
Тадқиқот муаллифи Рами Ал-Жафар ҳаммуаллифлари билан Лондондаги бешта масжиддан 85 ёшдан 29 ёшгача бўлган 61 иштирокчини кузатди, уларнинг систолик (юқори сони) ва диастолик (пастки сони) қон босимини Рамазондан олдин ва ундан кейин ўлчади. Бундан ташқари, улар иштирокчилардан уч кун олдин ва Рамазон ойида овқатланиш кундаликларини сақлашни сўрашди.
Ёши ва жинси каби кўрсаткичларга мослаштирилгач, олимлар Рамазондан кейинги кунларда систолик қон босимининг 7,29 мм симоб устунига ва диастолик қон босимининг 3,42 мм симоб устунига ўртача пасайишини аниқлашди. «Medical Insider» маълумотларига кўра, натижалар ҳам соғлом одамлар, ҳам гипертония ва диабет билан оғриган одамлар учун тўғри бўлиб чиқди.
"Бизнинг тадқиқотимиз турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган турли маданиятлардан турли иштирокчиларни жалб қилди, шунинг учун бу биз турли жамиятга асосланган деб таърифлашимиз мумкин бўлган биринчи тадқиқот бўлди", - деди Ал-Жафар.
Islam.ru хабарига кўра, олимлар Лондондаги тадқиқотларини Эрон, Покистон ва Туркия каби мамлакатларда ўтказилган 33 та илмий мақола таҳлилига киритишган, уларда 3213 нафар киши иштирок этган. Ушбу тадқиқотларда иштирок этган одамларнинг ҳам Рамазон ойидан кейин қон босими паст бўлган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тилга эҳтиром – элга эҳтиром
Ватанимиз мустақилликка эришгач она тилимиз ўзининг хақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди.Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми хуқуқий жихатдан мустахкамлаб қўйилди.Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди.Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи,Герби,Мадҳияси,Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан химоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди. Истиқлол шарофати билан тилимизга, унинг сайқал топишига эътибор янада ортди. Тил - инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига меҳр-муҳуббатли инсон халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий меросини ҳам эъзозлайди. Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз "Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз" дея ёзмаган.
Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг беқиёс имкониятлари қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзлари, бетакрор иборалари, достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғатит турк" китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг "Хамса"си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор романлари, Чўлпон, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфларнинг ўтли шеърияти она тилимизда ёзилган бебаҳо дурдоналардир.Тилимиздаги ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳр-оқибат сўзларини бошқа тилга айнан таржима қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар халқимизга хос ва уларни айтишга фақат шу тил қодирдир.Бизнинг она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги сўзларнинг маълум бир меъёрига келтирилган шаклидир. У муттасил ўсиб, ривожланиб бормоқда. Унинг ривожида сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоий тил хақида шундай ёзадилар: "Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил".
Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз.
Тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизниаслоунутмаслигимизкерак. Ўзбеконалутф, муомала, миллийқадриятлар, одоб-ахлоқэса она тилимизмаданиятинингкалитидир.
Тонгдек оромбахш, қуёшдек нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асрабавайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.
Донишманд ота-боболаримиз азалдан нутқ маданиятига катта эътибор беришган. Улар қолдирган асарларни ўқир эканмиз, ҳар бир сўз ўз ўрнида қўлланганига гувоҳ бўламиз. Сўз ҳиссини доимо билиб яшашимиз, она тилимизни асраб-авайлаб, уни эъзозлашимиз ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.Миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийул тумани "ИМОМ СУЛТОН’’ жоме масжиди
имом-хатиби
Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари (27-қисм)
Ўзбекистон халқига байрам табриги
Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни улуғ айём – Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Албатта, кейинги йилларда мамлакатимизда янгича руҳда кенг нишонланаётган бу байрамнинг алоҳида файзи ва шукуҳи борлигини барчамиз яхши биламиз. Ушбу қутлуғ санада миллий қадриятларимиз гултожи бўлган она тилимизнинг тарихимиз ва тақдиримиз, бугунги ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини, уни ривожлантириш борасида олдимизда турган долзарб вазифаларни янада чуқур ҳис этамиз.
Азиз дўстлар!
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилаётганидан хабардорсиз. Бунинг тасдиғини ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида она тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Айниқса, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси самарали фаолият кўрсатиб, ғоят муҳим бу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириб келмоқда.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таркибида амалий филология ва компьютер лингвистикаси бўйича янги йўналишлар очилиб, ўзбек тилини турли соҳаларда қўллашга оид тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Олийгоҳ қошида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази, 6 та махсус ўқув курси ҳамда Алишер Навоий халқаро жамғармаси ташкил этилгани ҳам айни шу мақсадларга қаратилгани билан диққатга сазовордир.
Ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида яқин келгусида асосий вазифаси чет элларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институти фаолияти йўлга қўйилади.
Ўтган қисқа даврда ўзбек тилини чуқур ўрганиш ва ўргатишга хизмат қиладиган 16 та китоб, жумладан, 9 та луғат нашр қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Айни вақтда 5 жилддан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” фундаментал тадқиқоти вазирлик ва идоралар, таълим-тарбия масканларига, мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларига етказилди. Шунингдек, чет эл фуқаролари ва юртдошларимизга ўзбек тилини ўргатадиган онлайн платформа,
ўзбек тили изоҳли луғатининг мобиль иловаси, хориждаги ватандошларимиз учун махсус веб-сайт яратилгани ҳам албатта муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлгани Ташкилот доирасида иқтисодий алоқаларни кучайтириш билан бирга, туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз ташаббуси билан мазкур ташкилотнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилгани буюк аждодимиз хотираси ва бебаҳо меросига, шундай улуғ зотларни вояга етказган халқимизга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.
Бугунги кунда мамлакатимизда 150 та миллий маданий марказ иш юритаётгани, ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатаётгани, мактабларимизда таълим-тарбия жараёни 7 та тилда олиб борилаётгани дунё амалиётидаги ноёб тажриба эканини таъкидлаш ўринлидир. Юртимизда чет тилларга ихтисослашган ҳамда ўқув машғулотлари хорижий тилларда ўтиладиган таълим масканлари сони ортиб бораётгани ҳам шу соҳадаги муҳим ўзгаришлар натижасидир.
Муҳтарам ватандошлар!
Ўзбек тилини янада ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида олдимизда катта ва масъулиятли вазифалар турганини барчамиз яхши англаймиз.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакиллари ва чет эл фуқароларида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ва эътибор ортиб бораётганини ҳисобга олиб, улар учун махсус дарслик, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудиоматериаллар ҳажмини ошириш бўйича ишларни янада кучайтиришимиз зарур.
Ўзбек тили жонажон Ватанимизда яшаётган барча фуқароларимиз учун азиз ва қадрли тилга айланиши, унинг жозибадорлигини ошириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз, бу мақсадда нафақат маънавий, шу билан бирга, моддий рағбатлантириш чораларини ҳам кенг қўллашимиз даркор. Хусусан, тилшунос ва луғатшунос олимларимизнинг, шоир-адибларимизнинг ушбу соҳадаги машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг илмий тадқиқотлари, дарслик ва қўлланмалари, китоб ва рисолаларини давлат буюртмаси шаклида нашр этиш ва кенг жамоатчиликка етказиб бериш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз зарур.
Давлат тилига оид барча маълумотларни ўзида жамлаган Ўзбек тили миллий корпусини яратишни тезлаштириш, она тилимизни Интернет глобал тармоғида оммалаштириш ва ушбу маконда мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлаш, дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловаларини яратиш ишларини жадаллаштириш ҳам олдимизда турган долзарб вазифадир.
Азиз ва муҳтарам юртдошларим!
Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Ана шундай ҳаётий эътиқод ва буюк мақсад билан яшаётган халқимиз доимо омон бўлсин!
Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, файзу барака тилайман.
Она тилимиз мангу яшасин!
Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Тожикистон муфтийси табрик йўллади
Тожикистон ислом маркази раиси, муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзода 2021 йил 19 октябрь куни Уламолари Кенгашида сайланган Диний идора раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Сизнинг масъулиятли лавозим – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайланганингиз муносабати билан бизнинг самимий табрикларимизни қабул қилгайсиз. Тожикистон мўмин-мусулмонлари, зиёлилари Сизни йирик олим ва мутафаккир, истеъдодли ташкилотчи ва мусулмон қавмининг бирлиги, унинг аъзоларининг бир-бирига бўлган муҳаббатига оид катта тадбирларнинг ташаббускори сифатида билишади.
Сизга энг аввало соғ-саломатлик, бизнинг давлатларимиз халқлари ва диний муассасалари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида катта муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Катта ҳурмат билан,
Саидмукаррам АБДУКОДИРЗОДА,
Тожикистон Республикаси Ислом маркази раиси, муфтий