muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 26 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида Имом Бухорий зиёратгоҳида имом-хатиблар томонидан адо этилган хатми Қуръонларнинг якуни ва устоз-мударрислар томонидан ўқиб чиқилган “Саҳиҳул Бухорий” китобининг хатмонасида иштирок этдилар. Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов сафарда ҳамроҳлик қилмоқда.


Муфтий ҳазратлари дастлаб, “Имом Бухорий” жоме масжидида пешин намозини адо этдилар ва йиғилган жамоатга ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйлаб, амалга оширилаётган хайрия тадбирларнинг мақсади ҳамда мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб бердилар. Шундан сўнг хатми Қуръон ва “Саҳиҳи Бухорий” ва “Шамоилу Муҳаммадия” китобларининг хатмонасида юртимизга тинчлик-хотиржамлик, хонадонларимизга қут-барака, бутун дунё, жумладан диёримиз турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилдилар.

Айни даврда бутун жаҳон халқлари, жумладан, юртимиз аҳолиси катта қийинчиликни бошидан кечирмоқда. Ушбу синовли кунлардан эсон-омон чиқиш учун Ислом дини манбаларида баён этилган мана шундай хайрли амалларни ҳам бажариш лозимдир. Мўътабар манбаларда Имом Бухорий ҳазратларининг «Саҳиҳи Бухорий» тўпламларини ўқиб чиқиш орқали ҳам турли балою офатлардан сақланиш мумкинлиги қайд этилган.
Шундай экан, Аллоҳ таоло тез ва қисқа фурсатда юртимиздан бу балони кўтариб, маъмур ва фаровон ҳаётимиз изига тушиб кетишини насиб этсин. Коронавирус инфекциясини юқтириб олган юртдошларимизга шифои комил берсин, муҳтарам Президентмиз томонларидан бошланган оқилона ислоҳотларимизни охирига етказишни насиб этсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо ва халқимиз ҳаёти фаровон бўлсин.
Самарқанд вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилаётган хайрия тадбирлари Бухоро вилоятида ҳам юқори савияда ўтказилмоқда.

Лойиҳа доирасида 199 та зиёратгоҳларда қурбонликлар қилинмоқда. 3 та Мурувват ва 1 та Меҳрибонлик уйларида хайрия оши ташкил этилди. Меҳрибонлик уйига 3 та телевизор, 3 та Мурувват уйларига эса ҳар бирига 2 тадан кир ювиш машинаси, дазмол, кир қуритиш дори ва дазмол қилиш учун доска етказиб берилди. Вилоятдаги ҳар бир маҳалладан 10 тадан муҳтож оилаларга 12 турдаги (500 минг сўмлик) жами 5 минг 440 тўплам озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

Лойиҳа жорий йилнинг 25 декабрь тонгидан бошланди.

-Бахтсиз ҳодиса туфайли оёқларимдан айрилиб, уйда ўтириб қолдим, -дейди Олот туманидаги Оқ олтин МФЙда яшовчи фуқаро Азим Полвонов. –Аммо, бир зум бўлсада, тиним билганим йўқ. Уйда тунукасозлик билан шуғулланиб, оиламга имкон қадар даромад олиб келяпман. Бироқ, жорий йилнинг баҳорида рўй берган табиий офат бизни анча мушкул аҳволга солиб қўйди. Давлат раҳбарининг кўмаги билан уйимиз буткул таъмирлаб берилди. Бугунги саховат эса юртимиздаги мен каби имконияти чекланган шахсларга қўшимча кўмак бўлди.

-Тадбирларни юксак савияда ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимлигида масъул идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат штаб ташкил қилинди, - дейди вилоят ҳокимлиги аппарати котибият мудири Акбар Рустамов. - “Бухоро озиқ-овқат” МЧЖ билан биргаликда ҳар бири 500 минг сўмлик жами 5 минг 440 та озиқ-овқат маҳсулотлари қадоқланди. Қурбонлик қилинадиган 19 та қўй ўрнатилган тартибда харид қилиниб, туманларга етказилди.

Бухоро шаҳридаги болалар Мурувват уйи ҳамда Қоракўл туманидаги эркаклар Мурувват уйида хайрия тадбирларини ўтказиш учун барча ташкилий ишлар амалга оширилди. Хайрия дастурхони юқори савияда ўтказилди.

Жойларда қурбонликлар сўнггида Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлилиги, осойишталиги ва тараққиёти, турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилинди. Вилоятдаги 106 та масжиднинг барчасида 6 кун давомида хуфтон намозидан кейин Қуръон хатми амалга оширилмоқда.

Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Рустам Касимов ва Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Тадбирда, шунингдек, зиёрат туризми соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, Академия олимлари ҳамда Қўмита вакиллари иштирок этишди. “2018-2019 йилларда визасиз режим жорий этилган Индонезиядан ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими - 170 фоизга, Малайзиядан - 158 фоизга, Туркиядан – 154 фоизга, БААдан келувчи мусулмон сайёҳлар сони 153 фоизга ошди.

Шуниси диққатга сазоворки, “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Глобал Муслим Травел Индех) рейтингида Ўзбекистон 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) юқорилаб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган “энг жозибадор” ҳамда “хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин олди. Шу билан бирга, мамлакатимиз “Ҳалал Травел Фронтиер 2020” ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида янги трендга асос солган мамлакат сифатида эътироф этилди”, - деди Азиз Абдуҳакимов. Шу ўринда Рустам Касимов юртимиз тарихи, унинг табиати ва буюк алломалари меросидан баҳраманд бўлишни истаб бутун жаҳон мамлакатларидан саёҳатга отланувчилар кўпчиликни ташкил этишини, бу эса Ўзбекистоннинг жаҳонда ўз имижи ва мавқеини ҳам белгилаб берадиган омиллардан эканини таъкидлади. “Зиёрат туризмини ривожлантиришда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш мамлакатимиз тараққиёти йўлида хизмат қилиши шубҳасиз”, - дея қўшимча қилди Рустам Касимов.

Тадбир доирасида Академия томонидан соҳада мавжуд имкониятлардан зиёрат туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш, Академия бинолари, конференсия заллари ва талабалар турар жойларидан хорижий талаба ва тадқиқотчилар учун “Академик туризм” ва МДҲ давлатлари имомлари учун “Imams’ tour” маърифий турларни ташкил этишда самарали фойдаланиш, туризм йўналишида ташриф буюрган хорижий тадқиқотчилар учун Академиянинг ресурс маркази ва кутубхонасидан фойдаланиш имконини яратиш, Академия ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар — Шайхонтоҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларида сайёҳларни кириб-чиқиш шароитларини янада қулайлаштириш каби таклифлар билдирилди.

Азиз Абдуҳакимов, ўз ўрнида, “Ал-Бухорий” халқаро спутник телеканалини очиш ва унда мусулмон аҳолиси кўп бўлган мамлакатлар тилларида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини намойиш қилиб, тарғибот кампаниясини кучайтиришни, шунингдек инновацион музей ҳамда Зиёрат туризми маркази ташкил қилишни таклиф этди. Тадбир якунига кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда “Ипак йўли” халқаро туризм университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

 

azon.uz

Бугун, 26 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида Оқдарё туманида жойлашган “Махдуми Аъзам” қадамжосини зиёрат қилдилар. Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов сафарда ҳамроҳлик қилмоқда. Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди. Шундан сўнг, бу қадамжода жонлиқ сўйилиб, гўштлари ёрдамга муҳтож кишиларга тарқатилди.
Халқимиз синовларни мардона енгиб ўтилаётган ҳозирги кунларда мамлакатимизда ёрдамга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган хайру-саховат тадбирлари инсонийликнинг юксак ифодасини намоён этмоқда.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилаётган диёримиз ҳудудларидаги ана шундай хайру саховат ишлари олийжаноб мақсадларни амалга ошишига замин бўлиб, машаққатли кунларни енгиб ўтишда катта далда бўлмоқда.
Самарқанд вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top