Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг мажлислар залида имом-хатиб ва имом-ноиблари учун йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш давомида вилоятда 2024-йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳамда диний вазиятни соғломлаштириш, мутаассиблик ва радикаллашувни олдини олиш, имомларнинг шахсий намуна кўрсатиши бўйича вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.

Йиғилишда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Хатамов Жамшед Мухторивич ўз нутқи давомида тараққиётимизнинг янги даврида диний соҳада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётганини тахкидлаб ўтди. Ўз навбатида имомлик шарафли ва масъулиятли вазифа экани, бугунги кун имоми замонга зийраклик, теран фикр билан қараши, ўз устида мунтазам ишлаши ва мўмин-мусулмонларнинг маънавий-маърифий соҳадаги эҳтиёжларини қондириш учун тинимсиз изланиб, хизмат қилишлари зарур экани алоҳида қайт этилди.

Бундан ташқари, барча имом-хатиб ва имом-ноиблар ўзларига бириктирилган МФЙлар билан мунтазам алоқада бўлиб, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, илм-маърифатга қизиқтириш ва ёш авлод келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш, оилаларни тинч-тотув яшаши, фарзандларни бевақт тирик етим бўлмаслиги учун ажримларни олдини олиш, кексаларни  ҳурмат қилиш, қўшничилик одобларига риоя қилиш кабиларни тарғибига алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди.

Йиғилиш давомида Наманган вилоятидаги диний соҳа ходимлари фаолиятини янада яхшилаш юзасидан муҳим тавсия ва кўрсатмалар берилди. Мураккаб даврда имом-хатибларнинг фаолликларини ошириш, ОАВдаги чиқишлари мазмун-моҳиятини янада яхшилаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини қондириш борасида тинимсиз хизмат қилиш каби жиҳатларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 1041 times

Янгиликлар

Top