Рамазон-2018

Раҳмат даҳасининг фазилати

Муборак ва файзу шукуҳга тўла, раҳмат, мағфират ойи рамазон кириб келди.

Рамазон Аллоҳ таолонинг бизларга берган энг буюк неъматларидан биридир. Зеро, бу ойда икки дунёмиз саодати учун васила бўлган Қуръони карим нозил қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 183-оятида бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди”.

 

Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг бир ярим йил ўтгач, шаъбон ойининг ўнинчи кунида фарз қилинган. Ундан аввал Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар ойда уч кун ва муҳаррам ойининг ўнинчи кунлари нафл рўза тутар эдилар.

 

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, муборак Рамазон ойи­ни барчамиз тинчлик-хотиржамликда, осойишталикда ўтказиб келаётирмиз. Бу ойнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилди. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этамиз.

 

Салмон Форсий  (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилдилар: Эй инсонлар! Буюк, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, бизларнинг ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютим сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг Ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким қўл остидагига (қулига) енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади. Бу ойда тўрт хислатни кўпайтиринглар. Икки хислат билан Раббингизни рози қиласизлар. Яна яна икки хислатга эса албатта муҳтож бўласизлар. Раббингизни рози қиладиган икки хислат, “Ла илаҳа илаллоҳ” шаҳодат калимаси ва У зотга истиғфор айтишларингиз. Сиз уларга албатта муҳтож бўладиган икки хислат эса, Аллоҳ таолодан жаннатни ато қилишини ва жаҳаннамдан сақлашини сўрашларингиздир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

“Ўша йили Рамазоннинг илк куни ёз ойининг охирги чоршанбасига тўғри келган, бомдод намозига чиққанларнинг барчаси рўзага ниятланган эди. Саййиди коинот ҳазратларининг юзлари барқ уриб турарди. Ҳар доимгидан хурсанд эканларига шубҳа йўқ. Файзини, баракотини кечаги суҳбатда англатганлари ушбу муборак ойга етишиш ва бир ой муддат билан Раббиларига ибодат низоми ичига кириш ул зотни албатта хурсанд этиб, саодатманд қиладида! Бунинг устига, тунда Жаброили амин яна янги хушхабар келтирди: бундан буён Рамазон ойларида Қуръони каримнинг ўша кунигача нозил бўлган қисмини биргаликда ўқиб, яна бир бор хатм қиладиган бўлдилар.

 

Ваҳий фариштаси Жаброил ўқийди, Сарвари анбиё жим тинглаб ўтиришлари керак. Лекин бу тинглаш қулоқ билан эмас, қалб билан, руҳ билан, кўнгил билан бўлар, моҳиятини Оллоҳдан ва расулидан бошқа ҳеч ким билмайдиган бир тиловат ва тинглаш билан тунлар безалар эди. Ўқилган ҳар оятда пайғамбаримизнинг айри бир хотиралари бўларди. Ҳар бир оятнинг қаерда, қачон, қайси сабаб билан нозил қилинганини яхши биладиган ҳам ул зот эдилар. Жаброили аминни тинглар эканлар, баъзан Ҳиро тоғининг қияликлари орасида берилган «Ўқи» амрини эслар, баъзан уйларида ваҳийнинг таъсиридан қутулиш учун ётоққа кирганларида нозил бўлган «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, турингда, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг» (Муддассир, 1-2) оятлари билан титрар, баъзан Сафо тепалигида инсонларга илк бор даъват қилган кунларининг хотиралари билан яшар эдилар” (“Саодат асри қиссалари”дан).

 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Рамазон кириши арафасида бундай марҳамат қилган эканлар: “Муборак ой сизларга кириб келмоқда. Сизларга унинг рўзасини тутиш фарз қилинди. У ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари қулфланади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ бир кеча ҳам бор. Кимки бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум қолса, ҳақиқатдан ҳам маҳрум қолгандир!” (Имом Аҳмад ва Насоий ривояти).

 

Аллоҳ таоло ҳузурида рўза тутувчиларнинг мақоми қай даражада эканлиги ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Жаннат тўрт турли инсонга муштоқ бўлиб туради: Қуръон ўқувчи, тилини (ёмон сўзлардан) сақлагувчи, оч-яланғочларга овқат берувчи ва рамазон ойида рўза тутувчиларга”.

 

Шунингдек, рамазоннинг ўзига хос одоблари борки, инсон уларга бир ой мобайнида кўникма ҳосил қилгач, йил давомида ўша ахлоқ ва одобларни ўзида сақлаб, амал қилиши лозим бўлади. Яъни, ғийбат, чақимчилик, ёлғон сўз ва ёлғон қасамлардан тийилиш керак. Шу билан бирга, тилни фаҳш ва беҳудаликлардан, қалбни хусумат ва адоватдан, кўзни гуноҳ ишларга қарашдан, қулоқни ношаръий нарсаларни эшитишдан ва аъзоларни бировга зулм қилишдан сақлаш зарур.

 

Аллоҳ таоло барчамизга рамазонни қандай гўзал бошлаган бўлсак, шундай якунлашни насиб этсин!

 

 

 

Read 41992 times
Top