Рамазон

Рамазон ойи киришига икки кун қолди

Мусулмонлар учун ўн икки ойнинг энг гўзали бўлган Рамазон ойи қачон кириши аниқ бўлди. Ўтган ҳафта бу муборак ойни муносиб тарзда ўтказиш юзасидан муҳтарам Президентимизнинг қарори ҳам эълон қилинди.

Миллионлаб мусулмонлар иштиёқ ва сабрсизлик билан кутаётган Рамазон ҳар йилгидек фараҳли бир суратда кириб келаётир. 

Илк саҳарлик ва ифтор вақти қачон киради?

Машинада кетаётиб Себзордаги чорраҳада қизил чироққа тўхтасангиз, олдингизда Рамазон тақвими сотиб юрган йигитлар пайдо бўлади. Бозорлардаги ер ости йўлларига кириш ва чиқишда ҳам тақвим сотаётганлар билан дучлашасиз. Аслида ана шу ҳам мусулмонларнинг бир-бирига моддий-маънавий ёрдами ҳисобланади. Шундай  вақтда бир-икки эҳтиёжманд кишилар уч-тўрт сўм ишлаб қолади-да. Ўша тақвимлардан ҳаммамиз билиб олган бўлсак-да, яна бир бор эслаб олсак фойдадан холи бўлмайди.

Биринчи саҳарлик вақти жумадан шанбага ўтар кечаси 03.25; ифтор вақти эса 19.47. Рамазоннинг энг қисқа вақти ҳам шу кун. Кейинги кунлар бошидан охирига қараб чўзилиб бораверади. 

Таровеҳ қандай ўқилади?

Таровеҳ жума куни оқшом бошлаб ўқилади. Таровеҳ – хуфтон ва витрнинг орасида ўқиладиган намоз. Таровеҳни тўрт ракатда бир салом билан ўқиш жоиз бўлса-да, икки ракатда бир намоз билан ўқиш янада фазилатлидир.  Намознинг ҳар тўрт ракатида бир оз ўтириб нафас ростлаб олинади. Шу вақтда тасбеҳ айтилади.

Таровеҳни уйда ўқиса ҳам бўлади, аммо жамоа билан бир сафда ўқишнинг савоби каттадир.

Дамин ЖУМАҚУЛ  тайёрлади.

 

Read 83623 times
Tagged under
Top