Рамазон-2018

Рамазонда таом тайёрлаш одоби

Рўзанинг кўп ҳислатларидан бири инсоннинг ейиш-ичиш талабларини изга солишликка катта хизмат қилади. Инсон нафс балосидан қутилиб имон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло уни тақводарлардан қилади.

Рамазон ойида сахарлик ва ифторликка таом тайёрлашда ҳар биримиздан ўзгача эътиборни талаб қилинади. Ҳар бир амалнинг одоби бўлагани каби таом тайёрлашнининг ҳам ўз одоб ва меёрлари мавжуд. Хўш, таом тайёрлашни қайси одобдан бошлаш керак? Албатта, таом тайёрлаш учун озиқ-овқатларни халол, пешана тери билан ишлаб топилган сармоядан харид қилишдан бошлаш керак. Ундан кейин масалиққларнинг халол ва пок бўлиши муҳимдир. Зеро мана шу одоблар рўзадорларнинг рўзаларини, дуоларини қабул бўлиш-бўлмаслигини ҳал қилади. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин”, дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир”, дедилар.

Рўза кунларида тайёрланадиган таомлар одатий, кунлик  таомлар бўлиши мақсадга мувофиқдир. Рўзадорларни хушнуд қилиш учун тайёрланадиган лазиз, тансиқ таомларни танаввул қилишнинг хеч қандай кароҳияти йўқ. Баъзи бузуқ табиатли одамлар яхши таом истеъмол қилмасликни тақводорликнинг чўққиси сифатида кўрсатишга уринадилар. Аллоҳ таоло фақат емиш ғамида, доимо унинг лаззатлисини ахтарувчи қорин бандаси бўлишни қоралаганидек, лазиз таомлардан ўзини тийиб, сифатсизинигина ихтиёр қилишни ҳам қаттиқ қоралайди. Еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир. Имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар. Бу аслида, тўғри. Аммо керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам Исломга, мусулмонга муносиб эмас.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Термизийлар Миқдом ибн Маъдийкараб ал-Киндий разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир”, деганлар. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат масаласида ҳам мусулмонлардан мўътадил бўлишни талаб қилади.

Бундан ташқари, кўпгина опа-сингилларимиз ҳомиладорлик, фарзанд эмизиш ҳамда ҳайз ва нифос кўриш сабабларидан рўза тутмай туришади. Ана шундай кунларда рўзадор бўлган оила аъзоларига ширин-ширин таомлар тайёрлаб берсалар, рўзғорга келтирилган масаллиқларни исроф қилмаган ҳолда чиройли тадбир қилсалар катта савобга эга бўладилар. Негаки, баъзи аёллар ўзлари рўза тутмаганлари боис, саҳарлик ва ифторлик дастурхонига, рўзадорлар ҳақларига бепарво бўладилар. Эрта туриб хизмат қилиш, кечки пайт овқатланиш вақтига риоя қилмаслик ила дангасалик қиладилар. Аксинча, рўза тута олмасларда, хизматларини аямасалар - турмуш ўртоқлари, қайнона ва қайноталари дуоларини олиб, катта ажрларга эга бўладилар. Рўза тутиб бериш бўйинларидан соқит бўлмасада, рўзадорларга ваъда қилинган савобларга эришадилар, иншааллоҳ! 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар 

ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Гулобод Қурбонова

Read 65257 times
Tagged under
Top