Рамазон

Мурувват ва эҳсон ойи

Алҳамдулиллаҳ, орзиқиб кутилган Рамазон ойи бугун юртимизда файзу футуҳларга бой тарзда ўтмоқда. Диёримиздаги салкам бир минга яқин жоме масжидларда ўқилаётган хатми Қуръонлар бирин-кетин ниҳоялаб, вужудимиз тўла завқу завқ ила дуою илтижолар қилмоқдамиз. Йилнинг энг узун ва иссиқ кунларига тўғри келган Рамазони шариф ҳеч бир қийинчиликсиз кечмоқда. Ҳаво жазирама бўлиш пайтида ҳам Аллоҳ таолонинг меҳрибонлиги Юртимизда ҳаво салқинлаб берди. Бир паста Рамазонининг охирги ўн кунлигига келганимизни сезмай қолибмиз. Буёғида энди, Рамазонда тароватли бўлган кечалар – Лайлатул Қадрнинг борлиги, ундан сўнг ҳайит байрамига хурсандчиликларимиз уланиб кетади. Аммо Рамазони шарифнинг кетиши бизни ташвишлантиради. Чунки Рамазони шарифни яна бир йил интиқлик ила кутишимизга керак бўлади.

Рамазон Қуръон ойи, зикр ойи, тавба ойи, хайр-саховот ойи ва меҳр-мурувват ойи ҳамдир. Ораларимизда биз эътибор бермаган, бир оғиз ширин сўзга, меҳрга ташна инсонлар йўқ эмас. Айниқса, кекса кишилар, табаррук ёшдаги ота-оналаримиз ёки диллари хуфтон бўлган бобо-момоларимиз ҳолидан хабар олсак, янада кўпроқ меҳр кўрсатищда давом этсак, иншоаллоҳ  улкан ажрларга эришамиз. Қолаверса, ота ё онаси ҳаётдан эрта кўз юмган кўнгли ўксик болаларнинг кам-кўстининг бут бўлишига ёрдамлашсак, жаннатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан қўшни бўлишдек бахтни қўлга киритамиз, иншоаллоҳ. Зеро Аллоҳ таоло рўзани фарз қилишининг ҳикмати шундаки, инсон очлик туфайли ноз-неъматларнинг, сувнинг қадрини ҳис этади ва шу аснода қалби юмшаб, фаъл-атворини ўзгартиради, йўқсил, бечораларга мурувват кўрсатиб, садақа, эҳсонлар беришга одатланади. Худо йўлида эҳсон бериш инсонни жуда кўп офату кулфатлардан асраб қолади.

Айниқса, шу ойда зиммамиздаги вожиб садақалар – закот, фитр ва бошқа хайру эҳсонларимизни ҳақдорларга улашсак савоби улуғдир.  Ҳолбуки, закот бойларнинг мол-дунёсига зарар етказмаган ҳолда ижтимоий ҳаётда маълум мўътадилликни юзага келтириш, бева-бечораларга ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан кўмаклашиш имконини беради. Йўқчилик жуда кўп мамлакатларда мазкур тузумга қарши норозиликка сабаб бўлади, ижтимоий адолат, тенглик, озодлик учун кураш ўтини ёқади. Закот эса мана шундай нотинчликларнинг олдини оладиган адолатли йўлдир.

Ҳазрат Навоий «Ҳайратул аброр» асарида айтади: «Мурувват — барча бермакдир, демак йўқ» ёки:

«Ёяр анга супраки, ул оч эмас,

Берур анга тўнки, яланғоч эмас».

деган мисраларда айрим кимсаларнинг «саховатпешалиги»ни фош этади. Яъни ҳазрат Навоий садақа муҳтожлар, етим-есир, ҳимояга зор, камбағал мискинларга берилмас экан, бу хайр-эҳсон эмаслигини уқтиради. Шундай экан, ушбу муборак ойнинг улуғ фазилатларидан баҳрамнд бўлайлик, ғанимат фурсатларни ўтказиб юбормайлик. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги, халқимиз фаравонлигини зиёда этсин!

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

“Мовароуннаҳр” нашриёти ходими

Read 91503 times
Top