www.muslimuz

www.muslimuz

Испания пойтахти Мадридда қазишма ишларини олиб бораётган археологлар тарихий Висиготич шаҳри ҳозирги «Рекополис» қишлоғи ҳудудларида эканини аниқлаган. Тахминан, ёши 1400 йилга тенг бўлган ушбу шаҳарнинг чегарлари ҳали-ҳамон ер остида қолиб кетгани қазишма ишларида маълум бўлди.

Топилманинг энг муҳим жиҳати шундаки, шаҳар ҳудудида битта масжид ва сарой қолдиқлари аниқланган. Милодий 711 йилда ислом қўшинлари Испанияга кириб келиши билан Висиготич шаҳри ҳам мусулмонлар ихтиёрига ўтган.

Гарвард Университети профессори, археолог Майкл МакКормик топилмалар устида анча қазишмалар олиб бориш лозимлигини маълум қилди. Қолаверса, Европага Ислом дини кириб келганини тасдиқловчи муҳим санъат асарини кўриш мумкин бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 28 июнь куни Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси ана шундай номланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Х.Султонов, Р.Қосимов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров иштирок этиб, марказ фаолияти ҳақида журналистларга батафсил маълумотлар бердилар.

Хабарингиз бор, давлатимиз Раҳбари яқинда марказга ташриф буюрди, қурилиш ишлари билан танишиб, ўз тавсияларини берган эди. Ўтган давр мобайнида бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилди.
Уч қаватли марказ лойиҳаси шарқона услубда бўлиб, ундан маросимлар ва вақтинчалик кўргазмалар заллари, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни таъмирлаш бўлимлари, дўконлар, музей омборлари, хизмат хоналари ўрин олади. Иккинчи қаватда кутубхона, 550 ўринли анжуманлар зали, бинонинг симметрик марказида Ҳазрати Усмон Қуръони зали жойлашади. Учинчи қават ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналарни ўз ичига олади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ғояси нимадан иборат?
Ушбу марказни очишдан қандай мақсад кўзланган?

Ислом цивилизацияси маркази қайси халқаро ислом марказлари билан ҳамкорлик қилади?
Талабалар марказда ўқитиладими? Сессияда шу ва бошқа саволларга жавоб берилди.
 

 

Инобат АҲАТОВА, ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш  ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сон қарорига мувофиқ ҳудудларда фаолият юритаётган масжидларнинг эски биноларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра Республика бўйича 159 та масжид тўлиқ қайтадан қурилади.

Тошкент шаҳрида ўн иккита масжид мазкур Дастур доирасида қайтадан қурилмоқда.  

Пойтахтимизнинг Олмазор тумани Хончорбоғ маҳалласидаги “Мевазор” масжиди ҳам 1992 йилда қурилган. Вақтлар ўтиб масжид биноси таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Айниқса ўша даврда қиблани аниқлашда бироз хатолик бўлгани сабаб  масжид хонақоҳи қиблага нисбатан ноўрин ҳолатда эди.

Жорий йилнинг 26 март куни тегишли рухсат билан маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракатлари асосида масжидни тўлиқ янгидан қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бугун 28 июн куни Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддилари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий ҳазратлари бошчилигида уламолар мазкур масжидга ташриф буюриб, масжид қурилишига табаррукона ғишт қўйиб бердилар.

Олти сотих майдонда барпо этилаётган масжид лойиҳаси кичик жойдан унумли фойдаланган ҳолда ўзига хос лойиҳа асосида бунёд бўлмоқда. Бинони маълум маънода икки қаватлик дейиш мумкин. Пастки қават яхлит таҳоратхонани ташкил этади. Тепа қаватда асосий хоақоҳ, аёллар учун намозхона, хизмат хоналари барпо этилади. Масжиднинг умумий сиғими 800 кишига мўлжалланган.

Муфтий ҳазратлари қурилиш жараёни билан танишар эканлар, масжид йўл бўйидаги қатор хонадонлар қаторида эканлигини инобатга олиб, биринчи ўринда икки тараф қўшниларни рози қилиш, бино уларга азият етказадиган даражада бўлмаслигини алоҳида таъкидладилар. Қурилишга бош бўлиб турган имом-хатиб, саратон иссиғида меҳнат қилаётган қурувчилар, уларга ҳар тарафлама кўмак бериб, бу савобли ишга ҳиссаси қўшилаётган фидоий инсонлар ҳақларига дуо қилдилар.

Аввалроқ, жорий июн ойининг ўзида пойтахтимиздаги “Сирож солиҳ”, “Эшон Бобохон” масжидлари қурилишига биринчи ғишт қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

27 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан ўтказилган байрам тадбири доирасида “Ойлар султони – Рамазон!” мақолалар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қуйидаги танлов ғолиблари диплом ва совғалар билан тақдирланди:
1-ўрин – “Қадр кечасини изланг!” номли мақола муаллифи Нилуфар Саидазиз қизи биринчи даражали диплом ва Ноутбук компьютери билан тақдирланди.
2-ўрин – “Рамазон ойида Пайғамбаримизнинг амаллари қандай бўлган?” номли мақола муаллифи Муҳаммад Али Муҳйиддин иккинчи даражали диплом ва планшет билан тақдирланди.
3-ўрин – “Қадр кечаси фазилатлари” номли мақола муаллифи Ийсохон Яҳё иккинчи даражали диплом ва телефон аппарати билан тақдирланди.
“Ойлар султони – Рамазон!” мақолалар танловида фаол иштирок этган муаллифлар мақтов ёрлиғи ва совғалар билан тақдирланди:
“Рамазон – ёшлар учун айни фурсат!” номли мақола муаллифи Абдуссамиъ Эргашев;
“Кўз қандай рўза тутади?” номли мақола муаллифи Файзуллаев Дониёр;
“Рўзанинг етти буюк фазилати” номли мақола муаллифи Асадуллоҳ Муҳаммад;
“Рўзанинг инсон саломатлигига тиббий фойдалари” номли мақола муаллифи Омонжонов Зикрилло;
“Ифторлик” номли мақола муаллифи Умида Адизова;
“Рамазонда муслима синглимга дил сўзларим” номли мақола муаллифи Одина Сайдахмедова;
“Рамазон ойи ва унинг рўзасининг фазилатлари” номли мақола муаллифи Умарали Абдулғаффор;
“Муборак Рамазон вақтларини қандай ўтказайлик” номли мақола муаллифи Абдулқайюм Комил;
“Ойлар султони – Рамазон” номли мақола муаллифи Ҳайтмурат Ережепов;
“Хуш бор, Рамазон...” номли мақола муаллифи Зумрад Фозилжон қизи кабилар муносиб тақдирланди.
“Ойлар султони – Рамазон!” танлови доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган ва Самарқанд вилоятлари вакилликлари матбуот хизматлари мақтов ёрлиқлари ва совғалар билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари танлов ғолиблари ва иштирокчиларига Аллоҳ таборака ва таолодан ижодларига қут-барака тилаб, мазкур тақдим этилган совғалар рамзий экани ва олий мукофот Жаноби Ҳақ таолонинг ҳузурида тақдим этилишини сўрадилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

27 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Матбуот ва оммавий ахборот восита-лари ходимлари куни” муносабати билан барча ижодкорларни муборакбод этдилар. 

Ушбу байрам тадбирида телевидения, радио, босма ва электрон нашрлар ходимлари, журналистлар, сайт юритувчилари, блоггерлар ва таҳлилчи-шарҳловчилар иштирок этди.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мана шундай ижод аҳлини бир жойга жам қилиб, Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва ижобий ўзгаришларни халқимизга етказишда мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган ижод аҳлининг даъваткор сўзи, ибратли фаолияти таҳсинларга лойиқ эканини алоҳида қайд этдилар. 

Бугунги тезкор замонда блоггерлар воқеа-ҳодисаларни ёритишда жуда ҳам тезкор бўлаётганлари учун ташаккур айтиб, улар жараёнларни ёритишда холисликни асос қилиб, хабарларни чиройли услубда ёртишни ва берилган имкониятлардан кенг фойдаланишни муфтий ҳазратлари тавсия этдилар.

Ҳозирги мураккаб замонда халқимизни рўйи-рост маълумот билан таъминлашда блоггерларнинг ўрни ва масъулияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётгани, айниқса, журналист ва блоггерларнинг жамиятимиздаги диний-маърифий воқеаларнинг аҳамиятини очиб бериш, тараққиётимиз йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариш, мавзуга холисона ва ҳаққоний ёндашиш каби миллий матбуотимизнинг асосий мезонларига доимо амал қилиш лозимлиги таъкидланди.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қалам аҳлининг меҳнатини нақадар машаққатли эканини тўла англаган ҳолда, уларнинг саъй-ҳаракатларини доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканлари, уларни энг яқин ёрдамчи, деб билишлари, шунингдек, барча ижодкорларга, жумладан, танқидий-таҳлилий йўналишда меҳнат қиладиган муаллифларга ҳам алоҳида эътибор қартишларини ҳамда Диний идора ҳар қандай масалада яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қиладилар.

Байрам тадбирида турли йўналишлар бўйича ўтказилган танловлар якунлари бўйича бир гуруҳ ижодкорлар тақдинланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top