Фиқҳ

Маъракаларда бидъатга йўл қўйманг

 

Яқинда таҳририятимизга Жиззах вилояти Пахтакор туманидан қуйидаги савол келиб тушди. Унда бундай дейилади:

«Қишлоғимизда “қора қозон” деган одат бор. Унда бирор киши азали бўлиб қолса, ҳамқишлоқлар ёрдам тарзида пул беришади. Бир қараганда, бу хайрли урфдек. Бироқ ўша пулни ўрни келганда қайтариш лозим, худди тўёнадек.

Яна бир муҳим масала бу – “Худойи қилиш”, яъни азадорлар уч кун ичида халққа ош ёки шўрва қилиб тарқатиши керак. Бунга кимнингдир қурби етади, кимники эса йўқ. Бироқ азали хонадон буни қилишга мажбур. Шу тўғрими?»

Ушбу мурожаат бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси Ёрқин домла Жумабоев бундай дейди:

– Албатта, бу савол бугунги куннинг долзарб масалаларидан. Чунки марказимизга ҳам бундай саволлар кўп келади.

Аллоҳ таоло инсонни баъзи мусибатлар билан синаб, сабр қилган бандага улкан ажрлар беради. Аммо биз инсонлар мусибатзада кишининг дардини енгиллаштириш ўрнига уни янада оғир аҳволга солиб, фалон-фалон маросимларни зиммасига қўйишимиз мутлақо нотўғри. Бундан-да ачинарлиси, мана шу ишларни “диндан” (яъни маййит чиққан хонадон эгалари шу маросимларни қилишлари шарт) деб билиш, “шундай ишлар бажарилмаса, маййит қабрда қийналади”, деб эътиқод қилишдир. Борди-ю, маййит эгалари ўртаҳол оила бўлиб, бу маросимлар кимдандир қарз олиш эвазига ёки кўпчилик томонидан қарз сифатида пул йиғилиб ўтказиладиган бўлса, бу ишларнинг оқибати янада хунукроқ бўлади. Чунки инсон бир яқинидан айрилиб, қалбига етган жароҳати битиб улгурмасидан қарз тўлаш ташвишига тушиши мусибат устига мусибатдир. Аксинча, бундай оилага таъзия билдириш, далда бериш орқали маънавий ёрдам қилиш, дафн маросимларида иштирок этиш орқали жисмоний кўмаклашиш, қарз сифатида эмас, балки беғараз, ҳар ким имкони етганча моддий ёрдам кўрсатиш каби амаллар марғуб ишлардан ҳисобланади. Лекин буни урф ёки мажбурият сифатида қабул қилмаслик керак.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жаъфарнинг ўлими хабари келганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Демак, мусибатхонага уч кунгача таом чиқариш, камбағал оила бўлса, уларга моддий ёрдам бериш, мусибат етган кишилар бой бўлса, уч кундан сўнг ихтиёрий равишда муҳтожларга ёрдам бериш, таом тарқатиш, эҳсон дастурхонини ёзиб, савобини маййитга етишини умид қилиш жоиз. Аммо бу ишлар омма учун мажбуриятга айланиб кетиши, қилмаса ўзларини айбдор ҳис этиш даражасигача етмаслиги керак. Бу ҳар кимнинг шароити ва хоҳишига қараб белгиланиши зарур. Шунингдек, мазкур эҳсонлар маййитнинг мерос молидан меросхўрларнинг розилигисиз амалга оширилиши ҳам ўзганинг ҳаққига эътиборсизлик саналади.

Афсуски, ҳозирги кунда халқимиз орасида дафнга доир кўплаб маросимлар урфга айланган. Бу маросимлар бир қарашда яхшилик, савоб амалга ўхшаса-да, уни ташкил қилишда бир мунча бидъат-хурофотлар, хатоликлар мавжуд.

Хусусан, юқорида айтилган “қора қозон” маросимида ҳам кўпчилик қарз сифатида пул беради. Оқибатда инсонларнинг ҳақлари бир-бирига аралашиб кетиши, бу орада кимдир шу ҳақларни адо этишга улгуролмай қолиши ҳолатлари юзага келади. Қолаверса, шу “йиғин” ортидан мусибат етган хонадонга бирор шаръий асосга эга бўлмаган бир мунча мажбуриятлар юкланиши ва шу маросимларни бажармаса, маломатга қолиш ҳолатлари ачинарлидир. Бундай одатлардан эса динимиз қайтаради.

Шундай экан, ҳақиқий мусулмон ҳар бир ишни шаръий мезонларга кўра бажариши, айниқса, вафот этиб кетган яқинлари учун савоб улашиш мақсадида қилаётган амалларида тўғри йўлни тутиши, савоб қиламан деб зиммасида ўзгалар ҳаққи қолиб кетмаслигини таъминлаши зарур. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази (78) 150-33-44

“Ҳидоят” журналининг 2023 йил 1-сонидан олинди

 

Read 1545 times
More in this category: « Идда муддатлари
Top