Рамазон

Рамазон ойида бўлган тарихий ҳодисалар

Рамазон ойида жуда катта тарихий воқеалар содир бўлган. Бу ўринда улардан айримларини санаб ўтамиз:

 

* * *

 Милодий 610 йили, ҳазрати Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қирқ ёшларида Рамазоннинг Қадр кечасида Макка яқинидаги Ҳиро ғорида илк ваҳий – Қуръони каримнинг Алақ сурасидан дастлабки беш оят нозил бўлди.

 

* * *

Рамазони шарифда ҳазрати Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мабъус (пайғамбарлик) мақоми берилди.

 

* * *

 

Ҳижратдан икки йил олдин (милодий 620 йили) Рамазон ойининг 10-куни Хадичаи Кубро онамиз (розияллоҳу анҳо) оламдан ўтди.

 

***

 

Ҳижрий 2 йили Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) лашкарларининг мушрикларга қарши олиб борган ва унда мусулмонлар ғалаба қозонган илк қонли кураши – Катта Бадр ғазоти бўлди.

 

* * *

 

Шу йили Рамазон рўзасини тутиш ва закот бериш фарз қилинди.

 

* * *

 

Ҳижратнинг 3 йили Рамазон ойининг 15-куни (милодий 625 йил 1 март) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг севикли набиралари Имом Ҳусайн туғилди.

 

***

 

Йигирма йил давом этган мўминлар ва мушриклар тўқнашувига чек қўйган Макка фатҳи бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижратнинг 8-йили Рамазон ойининг йигирманчи куни ўн икки минг кишилик муаззам қўшин ила бутпарастлик марказига айланиб қолган Маккага кириб бордилар. Жума куни инсоният тарихида буюк воқеа содир бўлди – Каъбатуллоҳдан ширк, ботил рамзи бўлган бутлар бутунлай йўқотилди.

 

* * *

 

Ҳижратнинг тўққизинчи йили Рамазон ойида Соқиф қабиласи Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, Исломга кирганини эълон қилди.

 

* * *

 

Ҳижратнинг ўнинчи йили Рамазон ойида Яманга Ислом кенг кўламда кириб келди.

 

* * *

 

Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) то Рамазон ойи тугагунича кечалари ҳазрати Жаброил (алайҳиссалом) билан учрашиб, Куръони каримни тиловат қилиб берар, шу тарзда ўзларини имтиҳон қилдирар эдилар.

 

* * *

 

Раҳмат ва мағфират, буюк зафарлар ойи бўлган Рамазонда фожеали бир ҳодиса ҳам юз берган. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакиваччалари ва куёвлари, хулафои рошидиннинг тўртинчиси Ҳазрати Али ибн Абу Толиб ҳижрий 40-йилнинг Рамазонида бомдод намозига кетаётганида Ибн Мулжам томонидан пичоқланиб, шаҳид этилган.

 

***

 

Ҳижрий 56 йил Рамазон ойининг 17-кунида (милодий 676 йил 12 июль) Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо) оламдан ўтди.

 

* * *

 

Испания фатҳи. Ҳижратнинг тўқсон иккинчи йили Рамазон ойининг 28-куни (милодий 711 йили июль ойининг 19-куни) Тариқ ибн Зиёд раҳбарлигидаги шиддатли урушда кофирлар раҳбари бўлган Рузрик устидан ғалаба қозонилди. Сўнгра Куртуба, Ғурната ва Испаниянинг пойтахти бўлган Тулайтилия фатҳ этилди.

 

* * *

 

Ҳижрий 361 йил Рамазон ойининг 7-куни (милодий 971 йил 22 май) Ислом оламининг йирик ўқув марказларидан бири – Мисрдаги Ал-Азҳар университетига асос солинди.

 

***

 

Ҳижрий 256 йил Рамазон ойининг ўттизинчи куни (милодий 869 йил 31 август) буюк муҳаддис, “ал-Жоми ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўплами тузувчиси Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий дунёдан кўз юмди.

 

 

“Ҳидоят” журнали мақолалари асосида тайёрланди

Read 90940 times
Top