Рамазон-2018

Рамазон – жаннат эшиклари очилган ой

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин Ўзи бизни муборак Рамазон ойига етказиб, бу ойнинг ибодатларидан баҳраманд этмоқда. Аллоҳ ўзининг ибодатига лойиқ кўриши биз учун чексиз неъматдир. Чунки ибодат банданинг бу дунёдаги энг асосий мақсад ва вазифаларидан биридир. Инсон яратилишидан кўзланган бош ғоя ҳам шундан иборатдир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

 «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).

Рамазон ойи биз учун Аллоҳга яқин бўлиш, хулқимизни сайқаллаш, савобли амалларни кўпроқ қилиш, имонимизни мустаҳкамлаш каби ибодатлар учун қулай бир фурсатдир.

Қуръони каримда рўза тутиш ибодати Одам (алайҳиссалом)дан бошлаб то Муҳаммад (алайҳиссалом) давригача ўтган барча пайғамбар ва умматларга фарз қилингани таъкидланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара, 183).

Демак, рўза банда учун шунчалик муҳим ибодатдирки Аллоҳ уни тутишликни барча умматга фарз қилди. Эҳтимол рўзанинг фазилати бунчалик кўп бўлмаганда барча уммат учун бирдек фарз бўлмаган бўларди.

Шунингдек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси қудсийда бундай дедилар: “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман, деди” (Бухорий, Муслим, Насаий ва Аҳмад ривоят қилишган). Аллоҳ таоло барча солиҳ амаллар ичидан фақатгина рўзани ўзи учун танлагани бу ибодатнинг нечоғлик улуғ эканлигига далолат қилади. 

Рўза ибодати банда ва Робби ўртасидаги энг маҳфий ибодатлардан бири ҳамдир. Рўзадор кун давомида бир неча бор ўзи ёлғиз қолганда ейиш ёки ичишга имкони бўлса ҳам Аллоҳнинг кузатиб турганлигини ҳис қилиб, ейиш-ичишдан нафсини тияди, сабр қилади.  Шунда рўзанинг асл ҳақиқати намоён бўлиб, банда Аллоҳга тобора яқин бўлиб боради.

Рўза қиёмат куни ўз эгасини шафоат қилади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “Ё, Роббим, мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Сўнгра Қуръон айтади: “Ё, Роббим, мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Бас, у иккисига (бандани) шафоат қилиш имкони берилади” (Имом Аҳмад ривояти).

Дарҳақиқат, рўза ойининг фазилатлари чексиз, уни санаб адоғига етиб бўлмайди. Ҳар бир инсон ўзининг саъй-ҳаракат ва ниятига кўра бу ойнинг савобидан турлича баҳраманд бўлади. Бироқ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги ҳадисларига кўра ҳар бир рўзадорнинг жаннатга «Райён» деб аталган эшикдан кириши ҳақдир. Саҳл (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Жаннатда бир эшик бор. У «Райён» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Рўзадорлар қани? дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди, дедилар”.

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этиб, жаннатга «Райён» эшиги орқали киришимизни насиб этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 47675 times
Top