Рамазон-2019

Рамазон – раҳмат ойи

Танловга!

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин она юртимизда тинчлик деб аталмиш улуғ неъмат ҳукм сурмоқда. Ҳар йили Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан алоҳида махсус Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш мақсадида қарорлари чиқарилаётгани, юртимизда диний қадриятларимизга жуда катта эътибор берилаётгани муқаддас динимизга бўлган юксак ҳурмат эҳтиромнинг нишонаси десак, муболаға қилмаган бўламиз, албатта.

Инсонни камолот сари етакловчи миллий ва диний қадриятларимиздан бири Рамазон ойи билан боғлиқ маросимлардир. Бу ойда тутиладиган рўза амали инсонда ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, мақсад сари собитқадамлик билан интилиш каби фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу фазилатларни касб этган инсон эса ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқларни осонлик билан енгиб ўта олади.

Рўза Исломнинг беш асосидан бири бўлиб, пайғамбар юборилган ҳар бир умматга фарз қилинган. Қуръони каримдаги Бақара сураси 183 – 184 - оятлари билан рўзанинг фарзлиги собит бўлган ва унинг асослари ҳақида баҳс юритилган. Ҳаммага фарз қилинган рўза қамарий Рамазон ойининг рўзасидир. Диннинг устуни ва таянчи намоз бўлса, жамиятники-закот, руҳники эса-рўзадир. Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан, рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади.

Ҳар бир илоҳий амрда ўзига хос ҳикмат бўлади. Рўзанинг барча хусусияти ва ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аён. Бир нарса аниқки, Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза жасадга ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза қилади. Бошқа ойларга нисбатанбу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру-мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ. Қадр кечасининг минг ойдан афзаллиги, бу кечада қилинган ибодатнинг савоби минг ойлик қилинган ибодатнинг савобидан ортиқлигини бир тасаввур қилиб кўрсак. Бу ойда ихлос, самимият ила тавба қилсак, гуноҳларимиз кечирилади, дуолар қилсак, ижобат бўлади, иншаоллоҳ!. Ҳатто фаришталар ҳам буойда Аллоҳнинг махсус фармонини бажариш учун ерга тушадилар.

Қуръони карим шу ойда нозил бўлди. Аллоҳнинг расули одамларни ислом динига даъват қилишни шу ойда бошлади. Шу ойдан бошлаб ислом дини зафарга куч-қувватга, нурга тўлаверди. Шунинг учун ҳам Рамазон ойи ва Рамазон рўзаси бутун мусулмон уммати тарафидан буюк бир муҳаббат ва айрича ҳурмат билан эъзозланади.

Бу ойда ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва муштарак қарашлар билан бирлашадилар, бир хил вақтда очиқадилар, чанқайдилар, жамоат бўлибтартибли, эътиқодли ҳолатда Аллоҳга таслим бўладилар, муҳаббат намунасини кўрсатадилар. Яхшилик, хайру саховат эшиклари барчага баробар очилади. Аллоҳнинг авф ва мағфират хазинасидан ҳар бир мўьмин ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади. Мўьмин-мусулмонлар рўза давомида руҳларини сабр-қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайдилар. Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлай бошлайдилар.

Рўза исломнинг бошқа аҳкомлари ва ибодатлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ҳам шубҳасиз ижобий таъсир кўрсатади. Хатми Қуръон, таровеҳ намозлари ва ифторликлар мусулмонларни янада жипслаштиради, улардаги меҳр оқибат, дину диёнат туйғуларини жунбушга келтиради.

Рамазони шарифни ҳар бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат ва иззатини ўз жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун аввало, биз бу муборак ойнинг хислат ва фазилатларидан хабардор бўлмоғимиз лозим. Чунки рўза ойи ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмон. Уйимизга бир меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.

Худди шунингдек, Рамазон ойини ҳам иштиёқ ва ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганча солиҳ амалларни қилишга ҳаракат этмоғимиз лозим. Ҳар бир инсон бу ойда ўзининг имон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду иймон нурини зиёда қилиб олиши зарур. Зеро, ҳар қандай мусулмон одам ҳам йил мобайнида нафсоний иштиёқларини қондириш билан овора бўлиб, кундалик турмуш жараёнида содир бўлаётган турли салбий ҳолатлардан таьсирланиши натижасида унинг нури имони анча хиралашиб, ақидаси ҳам анча-мунча заифлашиб қолади.

Рамазон ойи дилларимизни йиғилиб қолган ғуборлардан тозалаб, вужудимизни ахлоқий фазилатлар касб этишга тайёрлаб оладиган ғанимат бир фурсатдир. Бинобарин, бу ой бошқа ўн бир ойдан фарқ қилиши керак. Шунинг учун масжидларда хатми Қуръон жорий этилади. Бундай маросимларда Қуръони карим бир карра тўлиқ ўқиб, эшиттирилади. Қуръони карим эса ер юзидаги барча мусулмонларнинг энг муқаддас китоби ва диний ҳаётлари учун дастуруламал ҳисобланмиш илоҳий қонун-қоидалар мажмуасидир.

Рўза руҳнинг озуқаси, қалб осилишининг энг буюк омили. Ҳам жасадга ҳам руҳга фойдалидир. Инсонлар рўза туфайли нафсларига ҳоким бўлишга интиладилар. Бошқа ибодатлар эса, нафсини жиловлашга асосий ёрдамчилардир, зеро, фақат рўза билангина нафсни идора қилиб бўлмайди. Рўза-руҳга маънавий озуқа беради, инсонни малакут оламига етказади. Ҳақ таолонинг пинҳоний марҳаматларига эриштиради.

Рўзадор киши руҳий покланишга эришади. Ақлини нафсидан ғолиб бўлишга ўргатади. Ўзини ҳар хил шаҳватлардан тия олади. Қалбида бева-бечора, оч-наҳорларга нисбатан меҳр пайдо бўлади.

Рўза қиёмат куни рўзадорларни шафоат қилиб: “Ё Роббим, булар сенинг розилигинг учун ейиш ва ичишни, шаҳватни тарк қилиб рўза тутдилар, буларни бизга бағишла!” – дейди.

Рўзанинг шафоати ҳам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари каби рад этилмайди, қабул бўлиб, мағфирати илоҳийга ва жаннатга дохил бўлишга сабаб бўлади.

Ҳазрати Умома розияллоҳу анҳу:

  • Эй Расулуллоҳ, менга бир вазифа буюринг, дебди.

Рўза тутишда давом этинг, шубҳасиз, унинг савобининг тенги йўқдир, деб марҳамат қилганлар.

У киши такроран уч бор сўраганида ҳам, у зот “Рўза тутишда давом этинг, зеро, рўзанинг баҳоси йўқдир” дедилар. Шунинг учун Умоманингуйида ўчоқ ёқилмасди. Фақат меҳмон келгандагина ўчоқларига олов ёнарди. Лекин рўзани ўз қоидасига мувофиқ тарзда тутишга диққат ва аҳамият бериш керак. Бундай тутилган рўзасоҳибини ҳам жаҳаннам оловидан қутқаради, ҳам жаннатга дохил қилади.

Рамазонда рўзадорга беш хислат берилдики, булар бошқа умматларнинг ҳеч бирига берилмаган:

1.Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк ҳидидан ҳам яхшироқдир.

2.Ифтор қилингунча фаришталар ҳам рўзадор учун истиғфор айтиб, унга мағфират талаб қиладилар.

3.Ҳақ таоло ҳар куни жаннатнинг зийнатини оширади.

4.Шайтонларнинг саркашлари банд этилади.

5.Охирги кечада бутун рўзадорлар мағфират қилинадилар.

Раҳмати илоҳий шунчалар кенгки, уни тасаввур қилишга инсониятнинг ақли етмайди. Беш вақт намоз ҳар намоз орасидаги хатоларга, жума кунги намоз икки жума орасидаги хатоларга, Рамазон ойи ибодатлари бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Фақат мўьмин киши гуноҳи кабирадан, яъни катта гуноҳлардан ўзини сақлаши керак.

Рўза Аллоҳ учундир. Рўзада урушиш, ёмон сўзлар айтиш эса инсонни у кутаётган, умид қилаётган савоблардан маҳрум қилади.

Рўзадор ейиш-ичишни, уйқу ва завқни, кундузи жинсий муносабатни тарк қилиши, ҳаммага самимий муҳаббат ва ёрдам кўрсатиши, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини қозониш учундир.

Рамазон ойида мағфират кунлари бўлиб, бу кунларда Аллоҳнинг фарзи бўлган рўзани тутиб, кечалари ибодат ва дуо билан машғул бўлган одамларни Аллоҳ таоло фаришталарга кўрсатиб: “Эй фаришталар, мана бу бандаларимнини қаранглар, уларнинг дастурхонга қўл узатмасдан ўтиришлари очликка, ташналикка сабр қилишлари фақат менинг розилигимни топиш учундир. Сизлар гувоҳ бўлингларки, рамазон ойи менинг ойим бўлгани ва мен итоат қилган бандаларимга ўзим хоҳлаганимча, беҳисоб мукофотлар берман, деб ваъда қилганим учун уларнинг барча гуноҳларини бугун мағфират қилдим” – дейди.

Имом Бухорий ривоят қилганҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Жаннатда алоҳида бир эшик бўлиб, у Раййон (чанқоқлик йўқ) дейилади. Қиёмат куни бу эшикдан фақат рўза тутган кишиларгина кирадилар”.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини муборак қилсин, гуноҳларимиздан покланиб, қалб кўзларимиз очилишини, дунё ва охиратда баланд мартабаларга етишимизни насиб айласин. 

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.

Read 40859 times

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top