Рамазон

Рамазон ойи  – Қуръон ойидир

بسم الله الرحمن الرحيم

         Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг “Бақара” сура 185-оятида шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган”

Рамазон ойи – ойларнинг султони. Рамазон ойини бундай номланиши, у – раҳмат, мағфират ва ўтдан нажот топадиган ой бўлганлиги  жиҳатлари билан улуғлигидадир.

Рамазон ойи – Қуръон ойидир. Унинг улуғ ҳикмати - Аллоҳ таоло бу ойда Қуръони каримни Лавҳул маҳфуздан еттинчи осмонга нозил қилган.

         Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Аллоҳ таоло абадий мўъжизаси, то қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби – Қуръони каримни нозил қилиш вақтини Рамазон шариф ойида ихтиёр қилганлиги бу ойни юксаклигига далолат қилади. Шунинг учун бу ой азиз ва мукаррамдир.

Рамазон рўзасининг қадрлилиги – бу ойда Қадр кечаси борлигидир. Бу кечада Қуръони карим  Жаброил алайҳис салом воситалари орқали  ҳабибимиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил этилган. Шу сабаб бу муборакли ойдир. Бу кеча-  “Лайлатул қадр” яъни, “Қадр кечаси” Муборак рамазон ойи ичидаги энг фазилатли, минг ойдан ҳам яхши, дуолар ижобат бўладиган улуғ кечадир.

         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Ким Лайлатул Қадрни иймон билан, савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қадр кечаси”ни Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар” дер эдилар.

Қадр  кечасида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар  осмон ва Сидратул мунтаҳодан ерга тушадилар, тонг отгунча инсонларни дуо қиладилар ва дуо қилганларга қўшилиб “омин” деб турадилар. Ояти карима муфассирларининг фикрича, бу кечада фаришталар Аллоҳ таолонинг кейинги йилда бўлажак белгилаган ҳукмлари билан ҳам тушадилар. Қадр кечасида тоат-ибодатга рағбат ва ҳаракатларимизни кучайтириб, ғофил ва дангаса бўлмаслигимиз керак. Айниқса, бу кечада Аллоҳ таоло зикри ва ибодатга кўпроқ аҳамият беришимиз лозим. Шунинг учун рўзадор кишига Рамазон ойида Қуръони каримни бир маротаба бўлса ҳам Хатму Қуръон қилишлик ёки масжидларда Хатми Қуръонларда иштирок этиб, унинг савобидан баҳраманд бўлишлик тавсия этилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  Қуръони каримни ўқиб-ўрганиб, унга амал этишга тавсия қилганлар. Қуръони карим динимиз асосидир Қайси бир киши Қуръони каримни ўрганса, у нубувват илмини дилига жо қилибди, дейилади.

Ҳадиси қудусийда айтилади: “Қайси бир банда Қуръон тиловатини кўп қилишлик билан машғул бўлиб, мендан муродини сўрашга фурсат топаолмаган бўлса, унга сўровчиларнинг энг афзал тилагини ато этаман”.  

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Кимки Қуръонни моҳири бўлса, унинг ҳамроҳлари малоикалар бўладилар. Улар номига яхши амаллар битилиб, олий даражаларга кўтариладилар. Шундай кишилар борки. Улар Қуръони каримни тиловат қилганларида қийналиб машаққат билан узоқ вақт кетказиб ўқийдилар, улар учун икки даража савоб бордир” деб марҳамат қилганлар.

Қуръон моҳири деб шундай кишини айтиладики, уни жуда пухта ёд олган, ўқиганда тўғри ўқиб, ҳатто маъноларига ҳам тушуниб тиловат қилувчига айтилади. Қорининг малоикалар даражасига кўтарилиши эса Қуръони каримни  малоикалар Лавҳул Маҳфуздан тингловчига етказган. Моҳир қорилар эса уни тўла-тўкис ҳолда тингловчи шогирдларига етказишади, яъни уларнинг вазифалари бирдур.

Моҳир бўлмаган ўқувчига икки даража савоб ёзилишлиги эса – биринчи савоб  ўқилганлиги учун бўлса, иккинчи савоб машаққат билан қийналиб ўқиганлиги учундир. Бундан моҳир ўқувчи қийналиб ўқиган ўқувчидан даражаси паст дегани эмас, балки мақсад алоҳида савобга эга бўлишлигидир.

Шунингдек, Қуръони каримни тиловат қилиш одоблари бор. Қуръон ўқувчидан таҳоратли бўлиши, мисвок билан оғзини поклаши ва юзини қиблага қаратиб юзланиши талаб этилади. Аллоҳ таолонинг шаънини улуғлаган ҳолда дил билан тасдиқлаб, дилини васваса ва хатарлардан ҳоли қилиб, маъноларини тадаббур этиб, роҳатланиб ўқиши лозим. Шунингдек, Қуръон ўқувчидан раҳмат оятларини тиловат қилганида Аллоҳ таолодан раҳматига етишиш мақсадида кечиришини умид қилиб ва азоб оятлари ўқилганда гуноҳлардан ўзини йироқ этишини сўраган ҳолатда  бўлишлик талаб этилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Вадоъ” ҳажида шундай деб васият қилганлар: “Эй саҳобаларим! Мен сизларга икки нарсани мерос қилиб қолдирдим. Шу иккисини ушласангиз, икки буюк нарсани олган бўласиз. Биринчиси Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони карим ва иккинчиси менинг суннатларим”.

Инсон ота-онаси ёки дунё бойлигига эга бўлган яқинларидан қолган меросга эга бўлса, ўзини қандай бахтиёр ҳисоблайди. У кишилардан беҳожат бўлганига беҳад хурсанд бўлиб, шодликка тўлади. Унинг боши осмонларга етиб, иқтисодий таъминланади.

Биз ҳам юқоридаги ҳадисга мувофиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган меросдан ўз улушимизни олсак-чи? Бу меросга эга бўлишлигимизни эса сўз билан тавсифлашга ожизлик қиламиз. Бу икки дунёимизни обод бўлишига заҳира. Бу маънавий бойлик ҳеч қачон тугамайди. Бу бойлик ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Бу бойлик ҳеч қачон эскирмайди. Бу бойлик бизларни икки дунё бахту саодатига элтади.

Алҳамду лиллаҳ, мана бу йил Юртимиз Мустақиллигининг 25 йил байрамини кенг нишонлаймиз. Мамлакаатимизда мустақилликка  тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Ушбу сана муносабати билан шу кунларда жоме-масжидларда намозхонлар юрт тинчлиги, эл фаровонлиги, оилаларда файзу барокатлар ёғилишини сўраб дуойи хайрлар қилиб турибдилар.

Аллоҳ таолодан юртимиздаги тинчлик барқарор бўлишини, оилаларимизга файзу барокатлар ёғилишини, саодатли кунларимиз бардавом бўлишини сўраймиз (Омин).

                                                                  Зарифа Маҳкам қизи

Read 80073 times

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top