Рамазон-2019

Жаннат эшиклари очилмоқда

Юртимиз узра фараҳбахш Рамазон ойи ўзининг файзу футуҳи билан кезмоқда. Мунаввар тонгларда, муазззам шомларда қилинаётган хайрли дуолар диёримизнинг муссаффо осмонидан раҳмат, мағфират ва барака бўлиб ёғилмоқда.

Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганда  ва иккинчиси – қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Муқаддас динимиздаги барча ибодатларда бандалар Аллоҳнинг олдида баробар туради. Жумладан, рамазони шариф рўзасини тутишда ҳам одамлар бир хил даражада очликни бошдан кечирадилар. Уларнинг ораларидан ё бой, ё мансабдор истисно қилинмайди.  Бу борада ҳамма баробар, кучли ва заиф, хос ва омманинг фарқи йўқ. Имом Ғаззолийнинг “Мукошафатул қулуб” асарида келтирилган бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Менинг умматимга беш хислат берилди, бу аввалгиларга берилмаганди:

  1. Аллоҳнинг наздида рўзадорнинг оғзидан мушкдан ҳам яхши ҳид келади.
  2. Ифторгача малаклар рўзадор учун истиғфор қиладилар.
  3. Бу ойда шайтонлар боғланади.
  4. 4.Аллоҳ ҳар куни жаннатни безантиради ва “Солиҳ бандаларим, қалбларидан ёмонлик ва жавобгарликни йўқ қилиш учун шошилинч ҳаракат қилишяпти!” деб буюради.
  5. У, ойнинг сўнгги кечасида уларни афв этади.

Аллоҳ таоло бу ойда қиладиган барча ибодату дуоларимизни ва тутадиган рўзаларимизни қабул айласин. Бандачилик қилиб билиб билмай қилган хатоларимизни мағфират айласин.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти

Ойбек Маърупов.  

 

Read 32349 times
Top