www.muslimuz

www.muslimuz

Бирлашган Араб Амирликларида яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити муносабати билан юзлаб маҳкумна нисбатан амнистия қўлланди.

WAM агентлигининг хабар беришича, мамлакат президенти Халифа ибн Зайд ал-Наҳайён бу борада тегишли фармонга имзо чеккан.

Амнистия доирасида турли жиноятлар бўйича айбланган 669 нафар маҳкум кечирилади, БАА президенти уларнинг қарзлари ва жарималарини тўлаб беради.

Эслатиб ўтамиз, бу йил Қурбон ҳайитининг биринчи куни 11 августга тўғри келмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 8 август куни, юртимиз ҳожилари белгиланган тартибда, муборак ҳаж ибодатини адо этиш учун Мино водийсига чиқиб кетадилар. Шу муносабат билан, 7 август куни «Ҳаж-2019» мавсуми ишчи гуруҳи Макка шаҳридаги «Аброжул ҳидоя» меҳмонхонасида гуруҳ раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Мино, Арафот, Муздалифада амалга ошириладиган ташкилий ишлар, бажариладиган амаллар тартиби бўйича келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, бугун юртимиз ҳожилари таматту ҳажини ният қилиб эҳром боғлаб, «Лаббайка»ни айтиб Мино сари йўл олишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

7 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Макка шаҳридаги ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган меҳмонхонада ташкил этилган тиббиёт маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, муолажа олаётган зиёратчилар ҳолидан хабар олдилар.

Маълумки, юртимиздан борган 35 нафар малакали шифокор зиёратчиларга туну кун хизмат кўрсатмоқда. Тиббиёт марказида 40 ўринга мўлжалланган ётоқлар ҳозирланган, мазкур марказга 140 миллион сўмлик дори-дармон маҳсулотлари етказиб берилиб, тиббий воситалар билан жиҳозланган. Тиббиёт марказининг 20 ўрни аёллар учун мўлжалланган бўлиб, уларга 10 нафар аёл шифокор хизмат кўрсатмоқда.
Муфтий ҳазратлари шифокорлар билан суҳбатда, зиёратчилар саломатлигига жуда катта эътибор қаратиш зарурлиги, энг тезкор услубда муолажа қилиш чораларини кўриш лозимлиги ва дори-дармон воситаларини тўғри қўллаш бўйича муҳим тавсияларни бердилар. Чунки, зиёратчиларнинг соғлом ва ўзларини бардам ҳис этишлари уларнинг ибодатлари тўла-тўкис адо этишларига асосий омил эканини муфтий ҳазратлари алоҳида таъкидладилар.
Муолажа олаётган зиёратчилар билан суҳбатлашганда, ўзбекистонликлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳавас қиладиган даражада экани, бевосита меҳмонхонанинг ўзида тиббиёт хизмати ташкил этилгани жуда ҳам катта қулайлик бўлаётгани, тиббий ёрдамга эҳтиёж сезганда, ортиқча машаққат чекишга ҳожат йўқлиги, шифокорлар ҳам ўз ишини устаси ва ширинсўзлигини алоҳида таъкидлашди.
Чиндан ҳам, ҳали бирор бир мамлакат зиёратчилар учун меҳмонхонанинг ўзида бу даражада тиббий хизмат йўлга қўймаган. Эндигина МДҲ давлатларининг айримларида шифокорлар муборак сафарга жалб этилаётган экан.
Ўз навбатида айтиш керакки, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчилар билан суҳбатлар ўтказилиб, бу йилги ҳаж мавсуми йилнинг нисбатан иссиқ пайтига тўғри келгани, бундай кезларда офтоб уришидан сақланиш, кўпроқ суюқлик ичиш, соябон тутиб юриш зарурлиги ҳақида тушунчалар бериляпти.

Зиёратчиларимиз саломатлигини асрашда тиббиёт ходимларининг ўрни ниҳоятда муҳимлигини эътироф этган ҳолда, бундай тажрибали ҳамда ўз вазифасига масъулиятли соҳа фидойиларининг хизмати катта эканини алоҳида эътироф этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мана, Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг охирги гуруҳи ҳам ҳаж амалини бажариш учун соғ-саломат, эсон-омон Мадина шаҳридан Макка шаҳрига етиб келди.

Ишчи гуруҳи томонидан 7200 нафар ҳамюртимизга муқаддас икки шаҳарда ибодатларни рисоладигидек бажариб, ҳожи мақомига эга бўлишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилган. Жумладан, Арафот, Мино ва Муздалифада барча тайёргарлик ишлари якунига етказилиб, шай ҳолга келтирилган.
Айни дамда, юртдошларимизнинг сўнги гуруҳи Умра ибодатини адо этиш учун байтуллоҳ сари йўл олишмоқда.

Барча ҳожиларимиз соғ-саломат, кайфиятлари аъло даражада, ўз дуоларида юртимиз, Юртбошимиз, юртдошларимизни эслашмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистонда Қурбон Ҳайити 11 август, якшанба куни нишонланади. «Тошшаҳартрансхизмат» компаниясидан маълум қилишларича, «байрамни кўтаринки рухда ўтказиш, халқимизга муносиб шароит яратиш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан қатор чора-тадбирлар белгиланган».

Қайд этилишича, компания томонидан Ҳайит кунлари пойтахт аҳлига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида автобуслар 4:30 дан йўналишларга чиқарилади.

Жомъе масжидлари атрофида «Тошшаҳартрансхизмат» мутасадди ходимларининг 5:00 дан 8:00 гача навбатчилиги ташкил этилади. Жомъе масжидлари олдидан ўтувчи йўлларда ҳаракат вақтинча чекланган тақдирда автобусларни мазкур ҳудудга яқин, йўловчилар учун қулай бўлган йўллардан ўтказиш чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, Ҳайит намози соат 5:45 да ўқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top