Рамазон-2018

Рўзадорнинг овқатланиш тартиби

 

Бу йил ҳам муқаддас ойни узун кунлару қисқа тунлар билан қаршиладик.

Бу, мусулмонлик бурчини бажарган ҳолда, тўғри овқатланишни йўлга қўйишимиз учун ажойиб имкониятдир.

Очлик муолажаси, яъни рўза тутиш ўзига хос мураккаб жараён бўлиб, у муайян қонуният ва тамоиллар асосида кечади. Илмий асосга таяниб, маълум қоидаларга амал қилиб тутилган рўзанинг афзал жиҳати шундаки, унинг саломатлик учун ҳеч бир зиёни ва ҳавфи йўқ. Зеро, Қуръони каримда рўзадорнинг очлик ҳолатида инсоний (табиий) қонунлар эмас, балки илоҳий қонунлар ишга тушиши эътироф этилган. Рўза эса бу қонунлар талабига риоя этган, мослашган вужудни ҳимоя қилиш механизмини юзага чиқаради. Қирқ кун давомида рўза тутиб, очлик муолажасини ўтказган киши илоҳий қонуниятлардан чинакам баҳрамандлик ҳиссини туйиб, рўзани ҳар йили баҳорни соғингандай интиқлик билан кутади. Умрни ортга қайтаришнинг иложи бўлмаса-да, одам ўзини ёшаргандек ҳис қилиб, вужудида ёшлик шижоатини мавжлантирувчи ҳаётбахш қон гупуриб оқа бошлайди. Қирқ кунлик чилладан сўнг бош мия томирлари хилтлардан тозаланиб, одамнинг фикрлаш, тушуниш, англаш, ҳис қилиш, ўрганиш, хаёлни жамлаш қобилиятлари ортиб, таъм сезиш ҳисси кучаяди. Рўза тутиш даври, очлик жараёнида тананинг ички яширин имкониятлари намоён бўлиши учун одам руҳан, маънан ва жисман тайёр бўлиши керак.  

Ифторлик хурмо ва сув билан

Илмий изланишлар кўрсатишича, дунёда миллионлаб кишилар меъёридан ортиқ овқат ейишнинг қурбонидирлар. Айни пайтда одам организми минерал ва витаминлар етишмовчилигидан  қарийди. Тана учун энг муҳими – организмдаги сув меъёрини жойига келтириш, бунга айниқса, Рамазон ойида алоҳида эътибор қаратиш керак. Истеъмол қилинаётган сув миқдорини назорат қилиш ва доимийлигини таъминлашимиз зарур. Ифтордан саҳарликкача бўлган пайтда энг камида икки литр сувни бўлиб-бўлиб ичиш зарур. Масалан, ифторликка ярим литр сув ичилса, кейин ҳар соатда 0,3 литр сув исътемол қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. (Дарвоқе, ифторлик сувига  бир қошиқ асал қўшилса, нафақат озиқлантирувчи, балки шифобахш, антибактериал ичимликка айланади)

Рўза тутганда, айниқса ифторлик маҳали хурмо исътемол қилиш аънанага айлангани бежиз эмас. Хурмо инсон танасидаги қувват – энергияни тиклаб берувчи витамин ва минералларга бой мевадир.

Рўзада таркибида кофеин моддаси бўлган ичимликлар, яъни чой, қаҳвадан тийилган маъқул. Улар ташна организмга фойда бермайди, аксинча, ундаги муҳим минерал – магний ва бошқа витаминларни чиқариб ташлайди, танадаги намликни қуритади. Агар сиз чой ва қаҳва ичишда ўзингизни чеклай олмасангиз,  истеъмол қилинадиган сув миқдорини оширинг.

Ифторликда сув ва хурмо билан оғиз очгандан сўнг турли мевалардан тайёрланган салат ёки мева шарбати истеъмол қилинса, айни муддао бўлади. Мевалар инсон ҳаётида катта аҳамиятга эга, балки, шу боис ҳатто жаннатда ҳам Аллоҳ бандаларини мевалар билан сийлайди. “Уларга у жойда (турли) мевалар ва улар учун истаган нарсалари мавжуддир” (Ёсин, 57). “Сизлар учун у жойда кўплаб мева(лар) бўлиб, сизлар улардан егайсиз” (Зухруф, 73).

Мевалар сув, витамин, минералларга бой, энг табиий егуликдир. Мева сабзавотга қараганда тезроқ парчаланади, овқат ҳазм қилиш каналларини очади ва организмни витамин, минераллар билан бойитади. Уй шароитида янги таёрланган шарбат таркиби ич қотишига қарши, танадаги заҳарли моддалар – токсинларни чиқариш, овқат ҳазм қилиш ва қон айланиш тизимига ёрдам берувчи тўқималарга бой бўлади. Бироқ тайёр қадоқланган шарбатлар ҳам фойдадан холи эмас.  Энг осон ва тез ҳазм бўладиган егулик тарвуздир.

Ифторликда ёнғоқлар, сут маҳсулотларини емаган маъқул. Бундай озиқланиш, витамин минералларга организмнинг тўйинишига етарли миқдордаги қувват билан тамиллашга ёрдам беради.

Саҳарлик дастурхони – оқсиллар макони

Саҳарлик дастурхони ҳайвон гўшти, ёғлар ва сабзавотлардан тайёрланган таомлардан иборат бўлиши керак. Гўшт инсон организмида 16 соат давомида парчаланади.  Димланган қўй гўшти, қовурилган жўжа, сабзавотли қуймоқлар кишини тўқ тутади. Аммо уларни иложи борича гуруч ва нон маҳсулотларидан алоҳида истеъмол қилган маъқул. Гуруч ва нон каби крахмал ва углеводларга бой маҳсулотлар ошқозонда ишқорий муҳит яратилишини талаб қилади, аммо оқсилларни парчаловчи пепсин ферменти ишқорий муҳитда кучини йўқотади. Демак, икки хил озуқа гуруҳига мансуб маҳсулотларни парчаловчи ферментлар бирга ишлай олмайди, бу эса ошқозонга тушган овқатнинг бижғишига олиб келади. Натижада қорин дам бўлиши, жиғилдон қайнаши каби ҳолатлар вужудга келади.

Таъкидлаш лозимки, саноат миқёсида ишлаб чиқариладиган гўшт маҳсулотлари таркибида юқори миқдорда гормонлар қўлланилган бўлиши мумкин. Махсус доривор моддалар мол, паррандалар озуқасига уларнинг вазнини ошириш – семиртириш учун қўшиб берилади. Бундай гўштнинг таркибида яна катта миқдорда карбомид кислота токсинлари мавжуд бўлиб, уларнинг одам организмидан чиқиб кетиши қийиндир. Жонивор сўйилаётганда танасида қанча зарарли токсин бўлса, ҳаммаси гўштда сақланиб қолади. Шу ўринда дудланган, консерваланган гўшт, колбаса, сосиска каби маҳсулотлар ҳақида тўхталсак. Уларнинг таркибида маҳсулот яроқлилик муддатини узайтириш учун қўшилган холестерин, ёғ, катта миқдорда туз, ҳазми оғир бошқа қўшимчалар бўладики, аксариятини саломатлик учун безарар деб бўлмайди. Демак, харид қилаётган маҳсулотларимиз, хусусан гўштнинг ҳалол-покиза инсонлар томонидан етиштирилгани, рўзадорнинг танасига соф қувват беришига алоҳида аҳамият бермоқ лозим.

Ниҳоят, рўзага оид энг асосий жиҳатлар. Биринчидан, кун давомида оч юриб, ифтордан кейин бирданига кўп овқат ейиш рўзанинг ҳикматига зид, қолаверса, ошқозонга оғирлик қилиб, оқибатда инсон соғлигига салбий таъсир қилиш мумкин. Иккинчидан, саҳарлик қилиш, яъни кечанинг охирги қисмида таомланиш рўзанинг мустаҳаб одобларидан ҳисобланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳарлик қилишга буюриб, айтганлар: «Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир» (Муттафақун алайҳ). Рўза вақтида сабр ва тиришқоқлик билан тўғри овқатланиш, табиий егуликлар истеъмол қилиш жисм саломатлиги, руҳиятнинг енгиллашиши, тиниқ фикрлаш, узоқ умрга олиб келади, иншааллоҳ. 

Дилфуза РАҲИМЖОН қизи тайёрлади

 

 

Read 44952 times
Top