Рамазон-2018

Чинакам  ибодат

Рамазон ойи арафаси... Соли аравакаш эрталабдан кечгача бозорда арава судраб, оила боқади.

Унинг тўртта ёш боласи, қари онаси бор. фарзандларидан бирининг соғлиги яхшимас.

Муборак рамазон ойи ҳам кириб келди.

Эрта тонгда ишига кетиб бораётган Соли аравакаш масжиднинг олдига етганда ўтириб олиб қўлларини осмонга чўзганча нола қилди:

“Эй Аллоҳим! Сенинг улуғ ойинг ҳам кириб келди. Аммо мен нима қилай? Ҳамма саҳарлик қиладиган бир вақтда ишга борсам, ҳамма ифторлик қиладиган пайтда ишдан қайтсам! Уйда оч наҳор оилам бор! Ҳар куни иссиқда арава тортаман. Ишим давомида қултум-қултум сув ичишга мажбурман! Ишдан ҳориб келиб ухлаб қоламан. Аллоҳим! мен ҳам бошқа бандаларинг сингари рўза тутишни, сенинг олдингда гуноҳларимни поклашни истайман! Нима қилай, ё Раббим!  Бир томонда ибодат, бир томонда оила ташвиши! Нима қилсам сенинг суйган банданг бўламан?..”

Шу чоқ кимдир унинг қўлларидан тутиб, ўрнидан турғазди. Аравакаш тонг қоронғусида келган одамнинг юзини кўра олмади Шу тоб ўша нотаниш киши гап бошлади:

– Биласанми, менинг бир қўл-оёғи йўқ танишим бўларди. Ўзи жуда оқкўнгил йигит эди. У намоз ўқишни шу қадар истардики, аммо қўли йўқ эди! Масжидга, мадрасага боришни шу қадар истардики, аммо оёғи йўқ эди! Бироқ калима келтиришга тили бор эди ва шу калимаси-ю, дуолари сабаб жони чиқишидаги охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлди.

 

Шерзод  ҲАЙДАРБЕКОВ

Read 50631 times
Top