Кутубхона

Ислом тарихи: ЮНУС АЛАЙҲИССАЛОМ

ИРОҚДАГИ АККОД ВА БОБИЛ ДАВЛАТИ

Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмидан бўлган сумарийларнинг гумроҳлиги ва залолати ортиб борди. Аллоҳ таоло уларнинг устидан золим жамоаларни ҳукмрон қилди.

Минтақага аккодийлар эга бўлиб олишди. Сўнг жануби-ғарбий тарафдан бошқа жамоалар келишди. Улар ерлик аҳоли устидан ғолиб келиб, минтақага ҳукмдорлик қила бошлашди. Улар ўзларига Бобил шаҳрини пойтахт қилиб олишди. Бу давлат гуллаб-яшнади. Бобилликлар зироат ва меъморчилик ишларига алоҳида аҳамият беришди. Уларнинг энг машҳур подшоҳларидан бирининг исми Ҳаммурапи (мил. авв. 1792-1750 йилларда ҳукмронлик қилган) эди. У «Ҳаммурапи шариати» деб танилган қонунларни жорий қилди. Мана шу қонунлар ер юзида башарият тарихидаги инсонлар чиқарган илк қонунлар мажмуаси бўлади. Бу қонунлар одамлар устидан ҳукмронлик қилиш ва уларга эга чиқиш мақсадида чиқарилган эди.

Ҳаммурапининг ўлими билан у чиқарган қонунлар ҳам йўқ бўлиб кетди. Унинг қавми эса ҳайкаллар ва юлдузларга ибодат қилишда давом этаверди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга бошқа қавмларни ҳукмрон қилди. Уларга шимол тарафдан ҳайсийлар (хеттлар) ва мийтонийлар, кейин ошурийлар номли қавмлар ке­лишди. Мазкур қавмлар уларни ҳалокатга учратди.

 

ИРОҚДАГИ ОШУРИЙЛАР ДАВЛАТИ

Ошурийлар мазкур минтақада – Ироқнинг шимолида ўз ҳукмларини ўрнатдилар. Уларнинг пойтахти Нийнаво шаҳри эди. Сўнг ошурийларнинг нуфузи барча Ироқ ерларига, Шомга ва Мисрнинг баъзи жойларига тарқалди. Энг машҳур подшоҳларидан бири Салманасар (Шалманасар) Ш деб аталади (мил. авв. 858-824 йилларда ҳукмронлик қилган), бошқа бирининг исми эса Ошурбанибал (Ашшур-банипал) (мил. авв. 668-627 йилларда ҳукмронлик қилган) эди. Улар ҳам бутларга ибодат қилишда девом этавердилар. Ақлларини ишга солиб, ўзларидан олдингиларга етган офат-фалокатлардан ваъз-насиҳат олмадилар.

 

ЮНУС АЛАЙҲИССАЛОМ

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ироқнинг Мовсил вилояти яқинидаги Нийнаво деган жойга ўз набийси Юнус алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Юнус алайҳиссалом Бану Исроилнинг набийларидандирлар. Насаблари Юсуф алайҳиссаломнинг туғишган укалари Бинёминга етиб боради. У зот Юнус ибн Матто исми билан машҳурдирлар. Матто у зотнинг оналарининг исми бўлган. Пайғамбарлар ичида фақат Юнус ва Ийсо алайҳиссаломлар оналарига нисбат берилганлар.

Ўша даврда Юнус алайҳиссалом набий этиб юборилган ерларнинг аҳолиси турли санамларга ибодат қилар, турфа гуноҳ ишлар билан шуғулланишарди. Юнус алайҳиссалом уларни Аллоҳ таолога иймон келтиришга, гуноҳ ишларни тарк этишга даъват қилдилар. Лекин улар бу даъватни ка­бул қилишмади, фисқу фасод ишларида давом этишди.

Юнус алайҳиссалом маълум муддатдан сўнг уларни Аллоҳнинг азоби нозил бўлишидан огоҳлантирдилар. Кўнишмагач, аччиқлари чиқиб, «Мен ўз вазифамни адо этдим, энди гуноҳкорлар ичида қолмаслигим керак», деган тўхтамга келдилар. Шаҳарни ташлаб, чиқиб кетдилар. Бу ишни ўзларича, шуниси тўғри деган фикрда, Аллоҳнинг изнисиз қилдилар. Юриб-юриб, ниҳоят денгиз соҳилига етиб бордилар. Жўнашга шайланиб турган бир кеманинг эгаларидан ўзларини бирга олиб кетишларини сўраган эдилар, улар рози бўлишди.

Кема денгизга чиққанда бирдан шамол туриб, довул бошланди. Тўлқин кучайиб, кеманинг ғарқ бўлиш хавфи туғилди. Кема бошқарувчилар ҳам, йўловчилар ҳам қўрқиб, даҳшатга тушишди. Тўпланиб маслаҳат қилишди. Баъзилар: «Ичимизда гуноҳкор киши бор, шунинг учун ноқулай аҳволда қолдик», дейишди. Маслаҳатдан сўнг қуръа ташлаб, қуръа кимнинг чекига тушса, ўша одамни қурбонлик учун денгизга ташлаб юборишга қарор қилишди. Қуръа қайта-қайта Юнус алайҳиссаломга чиқди ва у зотни денгизга ташлаб юборишди. Аллоҳ таолонинг амри билан у зотни улкан балиқ ютиб юборди ва ҳазм қилмасдан, қорнида олиб юрди. Шунда Юнус алайҳиссалом хатоларини тушуниб етдилар. Балиқнинг қорнида ёлвориб, зорланиб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Аллоҳ таоло дуоларини ижобат қилиб, балиққа амр қилди ва у Юнус алайҳиссаломни озор етказмасдан, очиқлик жойга олиб чиқиб ташлади. Баданлари балиқнинг ичида оқ ем бўлиб кетган Юнус алайҳиссалом беҳуш ётиб қолдилар. Аллоҳ таоло раҳм қилиб, офтобдан зарар етмаслиги учун устиларига соя солиб турувчи сербарг ошқовоқни ўстириб қўйди. Ушбу ҳолатда бир муддат ётиб, соғайиб, ўзларига келдилар.

Аллоҳ таоло у зотга қавмларининг олдига боришлари учун фармон берди. Юнус алайҳиссалом кетиб қолгач, азобнинг бошланиши зоҳир бўлгандан сўнг улар хатоларини тушуниб, Аллоҳга азобни қайтаришини сўраб, ёлвориб, тавба қилишган эди. Уларнинг сони юз мингдан кўпроқ эди. Юнус алайҳиссалом уларнинг ҳузурига қайтиб, барчаларини иймонга чақирдилар ва Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга бошлади.

Қуйидаги ояти каримада Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломни «улул азм» («сабот-матонатли») пайғамбарлар билан бир қаторда зикр қилган:

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Эсмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (Нисо сураси, 163-оят).

Аллоҳ таоло Қалам сурасида Юнус алайҳиссаломнинг қиссаларини қуйидагича баён қилади:

«Роббингнинг ҳукмига сабр қил ва бир вақтлар ғамга тўлган ҳолда нидо қилган «балиқ соҳиби» сингари бўлма» (48-оят).

«Балиқ соҳиби»дан мурод Юнус алайҳиссаломдир. У зот қавмига аччиқ қилиб, уларни ташлаб чиқиб кетганлари, кемада кетаётиб, қуръага тушганлари ва денгизга отилганлари, балиқ ютиб юборганда унинг қорнида Аллоҳга ёлворганлари ҳақида салгина юқорида маълумотлар олдик.

Кейинги оятларда Юнус алайҳиссаломнинг қиссалари баёни давом этади.

«Агар Роббининг неъмати уни топмаганида, мазамматга қолган ҳолида очиқ саҳро жойга ташланган бўларди. Робби уни танлаб олди ва солиҳ бандаларидан қилди» (49-50-оятлар).

Яъни агар Юнус алайҳиссаломни Аллоҳнинг неъмати излаб топмаганида, у зот ўзларини ютиб юборган балиқ томонидан очиқ саҳрога мазамматли ҳолда ташланган бўлар эдилар.

Лекин Аллоҳ таоло у зотга раҳм кўрсатди. Балиқ озор етказмай қорнидан қирғоққа чиқариб қўйди. Беҳуш ётганларида, устларида сербарг ошқовоқ соя солиб турди. Аллоҳ таоло у зотни Ўзининг солиҳ бандаларидан қилди.

 

Юнус алайҳиссалом қавмининг нажот топиши

Юнус алайҳиссалом қавмининг нажоти ҳақида Аллоҳ таоло Юнус сурасида қуйидагиларни айтади:

«Қани энди, бирон қишлоқ иймон келтирганда, унга иймони манфаат берса эди. Фақат Юнус қавми иймон келтирганларида, улардан дунё ҳаётидаги хорлик азобини кушойиш қилдик ва уларни маълум вақтгача баҳралантирдик» (98-оят).

Бундан бошқа ҳеч бир қавм бошига илоҳий азоб келиб қолганда тавба қилиб, нажот топмаган. Балки Фиръавнга ўхшаб охирги лаҳзада келтирган иймони фойда бермай, ҳалокатга учраган.

 

ИККИНЧИ БОБИЛ

КАЛДОНИЙЛАР ДАВЛАТИ ТАМАДДУНИ

Вақт ўтиб минтақада ҳукмронликни калдонийлар ўз қўлларига олишди. Уларнинг энг улуғ подшоҳларидан бири Бухтанассор (Навуходоносор) II деб аталади (мил. ззв. 605-562 йилларда ҳукмронлик қилган). У Шом юртларини эгаллаб олган эди. Бухтанассор II Қуддусни вайрон қилди, яҳудийларни қирғинбаротга учратди, уларнинг мол-мулкларини талади ва устларидан ўз ҳукмини ўрнатди. У ўшa пайтдаги яҳудийларнинг кўпчилигини ҳалок қилди, қувғинга учратди ва асирга олди. Ана шу даврда Бану Исроил ер юзининг турли тарафларига тарқалиб кетди. Уларни бир жамоаси Ҳижозда, бошқаси Мисрда ва яна бошқалари турли ерларда жойлашиб қолишди. Бухтанассор II Мисрни ҳам босиб олди. У қўл урган энг катта ишлардан бири – машҳур Бобил минорасини бино қилиш бўлди.

Ушбу давлат форслар томонидан йўқ қилиб битирилди. Форс шоҳи Куруш (Кир II Буюк) милоддан аввалги 539 йилдa мазкур давлатни босиб олди.

 

ФОРС ДАВЛАТИ ТАМАДДУНИ

Форслар асли ироқлик кишилардир. Кейинроқ улар шарққа ҳижрат қилишган ва Форс давлатини обод этишган. Улар кучли бўлганларидан сўнг калдонийларга қарши юриш қилишди. Аввал айтиб ўтилганидек, Миср ва Ироқни эгаллаб олишди. Миср форсларнинг ҳукмида Александр Македонский давригача қолиб кетди. Ироқ эса форсларнинг ҳукмронлиги остида Ислом фатҳларигача турди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

УЧИНЧИ ФАСЛ.

ШОМ ЮРТЛАРИНИНГ НАБИЙЛАРИ ВА ТАМАДДУНЛАРИ:

Лут алайҳиссалом;

Исмоил алайҳиссалом;

Исҳоқ алайҳиссалом;

Яъқуб алайҳиссалом;

Юсуф алайҳиссалом;

Ўша даврдаги баъзи тамаддунлар;

Read 5590 times
Top