Кутубхона

Ислом тарихи: ҲУД, СОЛИҲ ВА ШУАЙБ АЛАЙҲИМУССАЛОМ

БЕШИНЧИ ФАСЛ

АРАБИСТОН ЯРИМОРОЛИ

Араблар Исломни энг биринчи қабул қилган халқ бўлишди. Улар Ислом байроғини баланд кўтариб, унга даъват олиб боришди. Аввал ушбу халқнинг тарихи билан яқиндан танишиб олсак, яна ҳам яхши бўлади. Арабистон яриморолида яшайдиган қавмлар араб миллатига хос халқлардир. Яриморолнинг маркази саҳровий жойлар бўлиб, мазкур жойларнинг энг аҳамиятли минтақаси Нажд деб аталади. Яриморолнинг маркази бўлмиш бу ернинг аҳолиси ўтроқ халқлар ҳисобланади. Ушбу минтақанинг энг аҳамиятли жойлари жанубда Яман, шимолда Ғассон, шарқда Баҳрайн ва Аҳсо, ғарбда эса Ҳижоз ўлкаларидир.

Тарихчилар арабларнинг сулолаларини икки қисмга бўлишади:

- боида, яъни йўқ бўлиб кетган араб қавмлари;

- боқия, яъни боқий қолган араб қавмлари.

БОИДА АРАБЛАР

Йўқ бўлиб кетган араб қавмлари Од, Самуд, Тасм, Жадис, Имлоқ, Умайм, Биринчи Журҳум, Ҳазур, Вабор, Абил, Жосим, Ҳазрамавт, Асҳоби расс, аҳли Мадян каби қабилалардир.

Буларга юборилган пайғамбарлар тарихи билан кейинги саҳифаларда танишасиз.

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМ

Ҳуд алайҳиссаломнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари у зотнинг катта боболари Од номи билан аталади.

Од қавми боида — йўқ бўлиб кетган, энг қадимги араблардан ҳисобланади.

Од қавми ўзининг саркашлиги билан машҳурдир. Шунинг учун ҳам уларнинг ўз пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссалари «Од қавми қиссаси» дейилади. Од қавми ҳам иккига бўлинади: биринчи Од ва иккинчи Од. Ҳуд қавми биринчи Оддир.

Бу қавм Арабистон яриморолининг жанубида, Яман би-лан Умон оралиғидаги Ҳазрамавтнинг шимолида, кўчиб юрувчи қумликларда, Аҳқоф номли жойда яшаб ўтишган. Улар баланд бўйли, кенг яғринли кишилар бўлиб, ҳайбатли чодирларда яшашган. Шунинг учун ҳам Од қавми ўз замонасидаги «энг қувватли кишилар» деб талқин қилинади.

Улар доимо: «Қани, биздан ҳам кучли одамлар борми?» деб мақтаниб юришарди. Уларнинг гавдалари катта бўлса-да, ақллари қисқа эди, доимо бут-санамларга сиғиниб, уларни ҳимоя қилиш учун урушиб юришарди.

Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга бошлаш учун ўзларидан бўлган Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлади.

Ҳуд алайҳиссалом ҳам, худди Нуҳ алайҳиссалом каби, қавмига Аллоҳга ибодат қилиш зарурлигини, Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқлигини тушунтирдилар. Шунингдек, уларни тақвога, Аллоҳдан қўрқишга чақирдилар. Зеро, уларга пайғамбар юборган Зот ягона, уларга кўрсатма берган Зот бирдир. Хўш, Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми нима қилди?

Бу золим қавм Аллоҳнинг пайғамбарига «Сен эсипастсан. Сен ёлғончисан», деди. Ўз қавмидан бундай қабиҳ туҳматни эшитган Ҳуд алайҳиссалом айтди:

«Эй қавмим, менда эсипастлик йўқ. Лекин мен оламларнинг Роббидан расулдирман. Сизларга Роббимнинг рисолатларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман. Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?! Сизларни Нуҳ қавмидан кейин хали-фа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг. Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки, зафар топсангиз» (Аъроф сураси, 67-69-оятлар).

Ҳуд алайҳиссалом жоҳил қавмга ҳақиқатни босиқлик билан, содда қилиб баён этишга ўтдилар. Улар даъво қилганларидек эсипаст эмасликларини, оламларнинг Робби томонидан пайғамбар этиб юборилганларини ҳамда пайғамбарлик мақсадларини баён этдилар.

«Эй қавмим, менда эсипастлик йўқ. Лекин мен олам-ларнинг Роббидан расулдирман. Сизларга Роббимнинг рисолатларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман».

Сўнг уларни пайғамбар ўзларининг ораларидан танлангани учун ажабланмасликка чақирдилар.

«Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажаб-ландингизми?!»

Кейин эса Аллоҳ томонидан уларга берилган имтиёзларни эслатдилар:

«Сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг».

Аллоҳ таоло Нуҳ қавмини оғир гуноҳлари туфайли ер юзидан йўқ қилиб ташлаган эди. Худди шу осий қавмдан сўнг сизларни ер юзида ўзининг халифаси қилиб танлади. Бу улуғ неъмат. Бунга фақат шукр қилиш лозим эди.

«Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки, зафар топсангиз».

Аллоҳ таолонинг сизга берган неъматлари жуда кўп. Уларнинг саноғига етиб бўлмайди. Бунинг фаҳмига етиш, тушунишга даъват — неъмат берувчи Зотга, яъни Аллоҳга шукр қилишга чорловдир. Шукр қилувчи бўлинг, шоядки, нажот топсангиз».

Аммо Од қавми ҳам жаҳолатида қаттиқ туриб олди.

«Улар: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?! Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар» (70-оят).

Улар шу инкорлари билан ўзларининг эсипаст кимсалар эканларини ошкор қилишди. Ҳеч қандай далилсиз ота-боболари қилган амални Аллоҳдан келган амрдан устун қўйишди.

Уларнинг жаҳолатлари шу даражада эдики, ўша ботил нарсани деб ҳар қандай азоб-уқубатга тайёр эканларини билдиришди ва агар иймон келтирмасалар, Аллоҳнинг иқобига учрашлари муқаррарлигини таъкидлаб турган Ҳуд алайҳиссаломга:

«Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар».

Энди ортиқча гапга ўрин қолмади. Ҳуд алайҳиссалом қатъий қилиб:

«Батаҳқиқ, устингизга Роббингиз томонидан кирлик ва ғазаб воқе бўлган. Аллоҳ улар ҳақида ҳеч қандай ҳужжат туширмаган, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмлар ҳақида мен билан тортишасизларми?! Кутинглар! Мен ҳам сизлар билан кутиб тураман», деди» (71-оят).

Ҳуд алайҳиссалом қавмини йўлга солиш мақсадида турли чоралар кўриб бориш жараёнида уларга Аллоҳ таоло берган неъматларни ҳам эслатдилар:

«Эй қавмим! Ҳар тепаликка бир белги бино қилиб, беҳуда ўйин қилаверасизми? Худди мангу турадигандек «маснаълар» тутасиз» (Шуаро сураси, 128-129-оятлар).

Ушбу оятдаги «маснаълар» сўзи ҳозирги араб тилида завод-фабрикалар маъносида ишлатилмоқда. Албатта, қадимда ҳозиргидек иншоотлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам қадимги тафсирларимизда бу сўзга баланд қасрлар, сув омборлари, баланд қўрғонлар маъноси берилган.

Асрдош тафсирчиларимиз эса «Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлаш ва бошқа фахр учун кўтарадиган биноларида фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди. «Маснаълар»дан мурод ўшалар», дейдилар. Биринчи оятда қурилишларга доир очиқ-ойдин маъно бор. Шунинг учун ушбу иккинчи тафсир асослироқ бўлиб чиқади.

Од қавми жисмоний жиҳатдан етук, баланд қоматли, жуда бақувват ва соғлом одамлар бўлишган. Шунингдек, Аллоҳ таоло уларга ўткир зеҳн ҳам берганди, ҳамма уларга ҳавас қиларди. Аммо улар мазкур неъматларни тўғри йўлда ишлатишмади. Ғурурга кетиб, ҳовлиқишди ва «Биздан кучлироқ ким бор?!» деб мақтанишди. Беш кунлик дунё матоҳига берилишди. Улар ҳашамат, фахр ва бир-бирларидан ўзиш учун бекордан-бекорга улкан қасрлар, турли керакли-кераксиз иншоотлар бино қилишди. Шундай ишларга берилиб кетиб, Аллоҳ таолони унутишди ва турли ёмонликларга қўл уришди. Жумладан, моддий куч-қувватлари ила бошқаларга зулм ўтказишди.

Ҳуд алайҳиссалом уларни тавба қилишга чақириб кўрдилар, аммо бу иш ҳам фойда бермади. Бу ҳақда Ҳуд сурасида қуйидаги баёнлар келади. Ҳуд алайҳиссалом:

«Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга ёмғирни мўл-кўл қилиб юборади ва қувватингизга қувват зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», дедилар (52-оят).

Оятда истиғфор айтиб, тавба қилсалар, қувватларига қувват қўшилиши ваъда қилинмоқда.

Ҳуд алайҳиссаломнинг бу даъватларига Од қавми саркашлик қилиб, қўполлик билан салбий жавоб берди:

«Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун олиҳаларимизни тарк қилувчи эмасмиз ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмас-миз. Биз фақат «Сени баъзи олиҳаларимиз ёмонлик ила урибди» деймиз, холос».

У айтдики: «Мен Аллоҳни гувоҳ қиламан ва сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен сиз ширк келтираётган Ун-дан ўзга нарсаларга алоқадор эмасман. Ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилингда, менга муҳлат бермай қўяверинг» (53-55-оятлар).

Ҳуд алайҳиссалом мўъжиза келтирмаганга ўхшайдилар, шунинг учун ҳам Од қавми таъна қилиб:

«Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин хужжат келтирмадинг».

«Шу туфайли биз сенинг пайгамбар эканингга ишонмаймиз ва айтган сўзларингни қабул қилмаймиз», демоқда.

«Биз сенинг гапинг учун олиҳаларимизни тарк қилувчи эмасмиз» ва сенинг Худойингга сиғинувчи эмасмиз»

«ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз».

«Қилаётган ишингга, айтаётган гапингга қараб, сен ҳақиқатда бир фикрга келдик. У ҳам бўлса:

«Биз фақат «Сени баъзи олиҳаларимиз ёмонлик ила урибди» деймиз, холос», дейишди.

Яъни «Жинни бўлибсан» деган сўзни бошқачароқ қилиб айтишди. Улардаги руҳий ва маънавий бузуқлик шу даражага бориб етган экан. Ўзларига пайғамбар бўлиб кел-ган зотни жиннига чиқариб: «Алаҳсираб, ҳар хил гапларни гапиряпти», дейишмоқда. Ҳолбуки, Ҳуд алайҳиссаломнинг гапларида ҳеч алаҳсираш аломати, жиннилик белгиси йўқ эди. У зотнинг ҳар бир сўзлари пурҳикмат, олий маъноларни, ўша қавмни бахт-саодатга етаклайдиган кўрсатмаларни ўз ичига олган эди.

У қавм бундай гапларни айтиб турганида Ҳуд алайҳиссаломнинг ҳам қаттиқроқ гапиришдан, уларни ожиз қолдиришга уринишдан ўзга чоралари қолмади:

«Мен Аллоҳни гувоҳ қиламан».

«Менинг пайғамбарлигимга Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ. Агар ёлғончи бўлсам, мени жазолайди. Сиз гуноҳкор бўлсангиз, унда сизни жазолайди. Лекин ҳозир орани очиқ қилиб олайлик, мен сизларга бир ҳақиқатни айтиб қўяй:

«...ва сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен сиз ширк келтираётган Ундан ўзга нарсаларга алоқадор эмасман. Ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилинг-да, менга муҳлат бермай қўяверинг».

Бу ҳам иймони комил инсоннинг Аллоҳ таолога ишонч билан айтган гапларидир. Ўзлари ёлғиз бўла туриб, қаршиларидаги душманга — қуввати, шиддати билан донг таратган бутун бошли бир халққа бу гапларни айтиш осон эмас. Аммо Ҳуд алайҳиссалом ўзларининг ҳақ йўлда эканларини бутун вужуди билан англаб етган пайғамбар эдилар. Аллоҳнинг хоҳишисиз у зотга ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаслигини яхши билар эдилар.

Ҳуд алайҳиссалом яна сўзларида давом этдилар:

«Мен менинг Роббим ва сизнинг ҳам Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккул қилдим. Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир. Албатта, Роббим тўғри йўлдадир» (56-оят).

Шунинг учун ҳам: «Мен менинг Роббим ва сизнинг ҳам Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккул қилдим».

Фақат Унгагина суяндим. Ундан ўзга таваккул қилинадиган зот йўқ.

«Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир».

«Ана шунинг учун ҳам мен сиздан эмас, ўша қудратли, ғолиб ва қаҳҳор Аллоҳ таолодан қўрқаман ва Унгагина суянаман».

«Роббим тўғри йўлдадир».

«Мен Роббимнинг йўлига юрганман ва Унинг ёрдамида мақсадга етишимда шубҳа йўқдир. Сиздан заррача кўрқмаслигимнинг боиси ҳам шунда».

«Агар юз ўгириб кетсангиз, мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим. Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради ва сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз. Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилувчидир» (57-оят).

Яъни «Агар сиз мендан юз ўгириб кетмоқчи бўлсангиз, бемалол кетаверинг, менинг қўрқадиган жойим йўқ».

«...мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни изларга етказдим».

«Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари сифатида менга нимани топширган бўлса, ўшани бажардим. Вазифамни адо этдим. Энди У Зотнинг Ўзи сиз билан ҳисоб-китоб қилиб олади. Агаp хоҳласа,

«Роббим урнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради».

«Сиз куфрингиз, бебошлигингиз ила азобга ҳақли бўлдингиз. Шунинг учун У сизни хоҳлаган вақтида ҳалок қилиб, йўқотиб ташлаб, ўрнингизга Ўзига иймон келтирадиган, тақво қиладиган бир қавмни келтириши ҳеч гап эмас. Агap шундай қилса,

«...сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз».

«Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди, чунки сиз ожиз бир бандасиз».

«Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчидир», деди. 

«Сиз Ундан қочиб қутула олмайсиз. Биз мўминларни ва динни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳимоя қилиб олади».

Энди мунозара иши тугаб, белгиланган вақт келди.

«Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик» (58-оят).

«Ваъда қилинган азобни юбориб, Од қавмини ҳалок қилишга амримиз келганида Ҳуд алайҳиссалом ва у билан бирга иймон келтирган мўминларни истисно тариқасида бу азобдан қутқариб қолдик. Қутқарганда ҳам қаттиқ азобдан қутқардик.

Аммо ўша азоб кофирларни қаттиқ тутди. У қандай бўлганини Аҳқоф сурасидаги қуйидаги оятлар баён қилади:

«Унинг (азобнинг) водийлари томон булут бўлиб келаётганини кўрганларида: «Бу булут бизга ёмғир ёғдирур», дейишди. Йўқ! Бу ўзингиз ошиққан нарса — аламли азоби бор шамолдир» (24-оят).

Ривоятларда келишича, Од қавми қаттиқ иссиққа дучор бўлган. Ёмғир ёғмай, қурғоқчилик ва иссиқнинг таъсиридан ҳаво лов-лов қиздирган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган узун ҳадисда жумладан, бундай дейилади:

«...Од қавми қурғоқчиликка учраганида Қайл исмли одамни вакил қилиб юборишибди. У Муовия ибн Бакрнинг олдига бориб, ҳузурида бир ой меҳмон бўлибди. Ароқ ичиб, икки жориядан қўшиқлар эшитибди. Бир ой ўтгач, Муҳра тоғига чиқиб, дуо қилибди: «Аллоҳим! Узинг биласан, мен бир касални даволагани келганим йўқ ёки бир асирни озод қилгани ҳам келганим йўқ. Аллоҳим! Од қавмини Ўзинг сероб қиладиган нарса ила сероб қилгин».

Шунда унинг тепасидан бир қанча қора булутлар ўта бошлабди ва улардан «Танлаб ол!» деган овоз чиқибди. У бир қора булутга ишора қилибди. Шунда «Ўшани ол!» де-ган нидо келибди».

Оятдаги «водийлари томон», яъни Од қабиласининг во-дийлари томон кўндаланг бўлган нарса ана шу азоб булутидир. Албатта, бу ҳолни кўрган қавм «Энди қурғоқчиликдан қутулар эканмиз», деб хурсанд бўлди ва: «Бу булут бизга ёмғир ёғдирур», дейишди.

Лекин илоҳий рад жавоби бошқа хабарни келтирди: «Йўқ!»

«Сиз айтгандек эмас. Ўзингиз Ҳуд пайғамбарга «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир», деб шошилиб, орзиқиб сўраган эдингиз».

«Бу ўзингиз ошиққан нарса — аламли азоби бор ша-молдир».

«Бу сиз айтаётгандек, ёмғир ёғдирадиган булут эмас. Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарсангиз — азобдир. Бу — азобни, аламли азобни ўз ичига олган бўрондир», дейилди.

Ушбу бўроннинг васфи ва оқибати келаси оятда баён қилинади:

«Роббининг амри ила ҳар бир нарсани яксон қилур. Масканларидан бошқа нарса кўринмайдиган ҳолга айланди. Жиноятчи қавмларни шундай жазолармиз» (25-оят).

Од қавмига юборилган шамол алоҳида азоб шамоли бўлиб, у Аллоҳнинг амри ила нимага тегса, вайрон-ҳалок қилиши керак эди.

Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятда айтилишича, шундай бўлгани билан, бу бўрон бор-йўғи бир узукнинг тешигидай жойдан чиққан, холос.

Дарҳақиқат, шамол Од қавмини ҳалок қилди. У ўтган жойларда уй-масканлардан бошқа ҳеч нарса қолмади. Қавмнинг ҳаммаси ҳалок бўлиб кетди.

Аллоҳ таоло Од қавмини ана шундай тарзда ҳалок қилгач, Ҳуд алайҳиссалом Ҳазрамавтда ўз ҳаётларини давом эттирдилар. У зот вафот этганларида Ҳазрамавтнинг Та-рим номли шаҳри яқинига дафн этилдилар.

Аллоҳ таолонинг боида арабларга юборган иккинчи пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломдир.

СОЛИҲ АЛАЙҲИССАЛОМ

Солиҳ алайҳиссаломнинг оталарининг исми Убайд бўлиб, насаблари Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалади. У зот боида араблардан бўлмиш Самуд қабиласига мансубдирлар.

Самуд қавми Арабистон яримороли, Ҳижоз ўлкасининг шимолий тарафида, Ҳижр деб аталадиган водийда истиқомат қилар эди. У водий ҳозирда «Мадоини Солиҳ» деб аталади. Аллоҳ таоло Самуд қавмига ўз ичларидан Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Ҳуд сурасида қуйидагиларни айтади:

«...ва Самудга ўз биродарлари Солиҳни (юбордик). У «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизни ердан пайдо қилди ва уни обод қилишингизни талаб қилди. Ундан мағфират сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим яқиндир, ижобат қилувчидир», деди» (61-оят).

Оятдан кўриб турибмизки, Солиҳ алайҳиссалом ҳам пайғамбар бўлиб келиб, қавмларига ўзларидан олдинги пайғамбарларнинг гапларини айтганлар.

Солиҳ алайҳиссаломнинг бу гапларига қавмлари қуйидаги жавобни беришди:

«Эй Солиҳ, бундан олдин ичимизда орзу қилинган эдинг. Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми? Биз сен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳадамиз» (62-оят).

Самуд қавми ҳам бошқа қавмларга ўхшаб ўзларидан чиққан пайғамбарга, у даъват қилаётган динга шак-шубҳа билан қарашмоқда. Шу билан бирга, улар Солиҳ алайҳиссаломнинг аввалги ҳолларини эътироф қилишмоқда:

«Эй Солиҳ, бундан олдин ичимизда орзу қилингандинг».

Яъни «Фазилатларинг учун, ақлинг, илминг, ростгўйлигинг, ҳусни хулқинг, омонатдорлигинг учун ҳаммамиз сенга ҳавас қилар, сендек бўлишни орзу этар эдик».

«Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми?»

Нобакор қавмнинг бу раддиясидан сўнг Солиҳ алайҳиссалом уларга босиқлик билан ҳақиқатни тушунтиришга уриниб кўрдилар:

«Эй қавмим, айтинг-чи, агар Роббим томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам ва менга У Зотдан раҳмат берилган бўлса-ю, Унга осий бўлсам, ким менга Аллоҳ (азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради?! Сизлар менга зиёндан ўзгани зиёда қилмассизлар» (63-оят).

Минг афсуски, бу гапларнинг барчаси Самуд қавмига таъсир қилмади. Шуаро сурасида айтилганидек:

«Самуд расулларни ёлғончига чиқарди. Ўшанда биро-дарлари Солиҳ уларга деди: «Қўрқмайсизларми?! Мен сизларгa ишончли расулман. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар. Бунинг учун сизлардан ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина оламлар Роббининг зиммасидадир. Бу жойдаги нарсаларда омон ҳолда тарк қилинасизми?! Боғ-роғларда, булоқларда?! Экинзорлару тугунчаси майин хурмозор ичларида-я?!» (141-148-оятлар).

Аллоҳнинг пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломнинг қавмига айтаётган ушбу гапларидан бу қавмнинг моддапарастликка, мол-дунё ва айш-ишратга берилгани кўриниб турибди.

«...ва тоғлардан манманлик-ла уйлар йўнаверасиз-ми?!» (149-оят).

Самуд қавми аҳли дунёларга — моддапарастларга ўхшаб ўзларидаги мавжуд дунё матоҳлари ила манманлик қилишни хуш кўришарди. Уларнинг манманлик қилишларининг кўзга кўринган соҳаси — тоғ ёнбағирларидаги тошларни йўниб уй қилиш эди. Улар тоғнинг тошларини йўниб, ич томонига кириб, уйлар, қасрлар қилишар эди. Ана ўша уйлари ҳозиргача сақланиб қолган бўлиб, Арабистон яриморолининг шимолида саёҳатчилар уларни томоша қилишади.

Солиҳ алайҳиссалом қавмларига ўша манманлик учун тошдан уй йўнишларини ҳам танқид маъносида эслатмоқдалар.

Солиҳ алайҳиссаломнинг куюниб айтган бу гапларига жиноятчи Самуд қавми қуйидаги жавобни берди:

«Сен сеҳрланганлардандирсан, холос. Сен бизга ўхшаган башардан бошқа ҳеч нарса эмассан. Агар ростгўйлардан бўлсанг, мўъжиза келтир» (153-154-оятлар).

Самуд қавмининг бу талабига биноан Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссаломга мўъжиза берди.

Энди Солиҳ алайҳиссалом Самуд қавмига ўша мўъжизани эълон қилмоқдалар:

«Мана бу туя. Унга (бир кун) сув ичиш ва сизга маълум бир кун сув ичиш. Ва унга ёмонлик етказманглар, йўқса сизни буюк куннинг азоби тутадир». Уни сўйдилар-у, надомат чекувчиларга айландилар» (155-157-оятлар).

Бошқа оятларда баён этилганидек, Аллоҳ таоло томонидан мазкур туянинг тошдан чиқарилишининг ўзи мўъжиза бўлган эди.

Қавм туяга мутлақо зарар етказмаслиги керак. Агар бу шартни бузиб, туяга зарар етказадиган бўлсалар, уларга азоб етиши турган гап эди. Аммо жинояткор қавм шартга имал қилмади. Самуд қавми туғёнга кетиб, туяни сўйишди. Кейин эса надомат чека бошлашди.

Самуднинг яна бошқа жинояти ҳам бор эди. Нобакорларнинг бу жинояти ҳақида Намл сурасида қуйидагилар айтилади:

«У шаҳарда тўққиз кишилик гуруҳ бўлиб, ер юзида бузғунчилик қилишар, ислоҳ қилмас эдилар» (48-оят).

Яъни Солиҳ алайҳиссаломнинг шаҳарлари бўлмиш Ҳижр шаҳрида тўққиз кишидан иборат бир гуруҳ бўлиб, ўша гуруҳ аъзолари бузғунчилик, фасод ишлар билан шуғулланишар, яхшиликка, ислоҳ қилишга қўл уришмас эди.

Ана ўша тўққиз кишилик бузғунчи гуруҳ аъзолари ислоҳга чақираётган Солиҳ алайҳиссаломдан энг кўп дарғазаб бўлишди. Ўз жиноятлари билан шаҳар аҳолисини қўрқитиб олган мазкур уюшган жиноятчилар гуруҳи ўзларининг барча ҳамкасбларига ўхшаб шаҳарнинг каттаю кичик ҳар бир ишига аралашиб туришарди.

Солиҳ алайҳиссаломнинг хабарлари чиққанидан сўнг улар ишни ўзларича муолажа қилишга ўтишди. Ҳамма замондаги бузғунчи, зўравон, жиноятчи, иймонсиз гуруҳларнинг услуби шу — ўзларининг йўлига қарши бўлган, одамларни фисқу фасоддан қайтараётган, халойиққа бузғунчилик, қаллоблик, ҳаром-хариш нималигини англатиб, уларнинг кўзини очаётган шахсга суиқасдлар уюштирилади; кечаси хоинларча беркиниб келиб, ўлдириб ёки бошқа бирор зарар етказиб кетилади; кейин мазлумнинг тарафдорларига «Бу ишни ким қилди экан, билмадик», дея бехабардек тураверишади.

Солиҳ алайҳиссаломнинг илоҳий даъвати ёқмаган тўққиз кишилик жиноятчи гурудагилар ҳам худди шу услубни қўллаш ҳақида маслаҳат қилишди.

Солиҳ алайҳиссаломни очикдан-очиқ ўлдиришга улар-нинг юраги бетламади. Кечаси хоинларча келиб, ҳеч кимга билдирмасдан ўлдиришга аҳд қилишди.

Солиҳ алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлган жиноятчиларни Самуд қавмидан олдин Аллоҳ таоло осмондан тушган тошлар билан парчалаб ҳалок қилди.

Самуднинг қолган кофирларини эса Аллоҳ таоло турли услубдаги шиддатли азоблар билан ҳалок қилди. Қуръони Карим ўша ҳалок қилиш қандай бўлганини ўзига хос услублар ила турли сураларда баён этган.

Азобнинг биринчи тури:

«Биз уларга бир овоз юбордик ва улар қўра қурувчининг қуруқ шох-шаббаларига ўхшаб қолдилар» (Қамар сураси, 31-оят).

Яъни Аллоҳ таоло Самуд қавмини даҳшатли, кучли овоз билан ҳалок қилган. Улар ҳалок бўлганларидан сўнг қўй боқарлар қўйхона қуриш учун ишлатадиган қуруқ шох-шаббаларга ўхшаб қолишган эди. Ҳозирги пайтда ҳам сирли суратда ҳалок бўлганларни «Қаттиқ овоздан қўрқиб ўлган бўлса керак», деб тахмин қилишмоқда.

Азобнинг иккинчи тури:

«Уларни шиддатли зилзила олди ва жойларида мук тушиб қолдилар» (Аьроф сураси, 78-оят).

Азобнинг учинчи тури:

«Аммо Самудни ҳидоят қилдик. Улар эса ҳидоятдан кўра кўрликни афзал кўрдилар. Касб қилган нарсалари туфайли уларни хорлик азобининг чақмоғи урди» (Фуссилат сураси, 17-оят).

Самуд қавми касб қилган куфри ва гуноҳлари туфайли чақмоққа учраб ҳалок бўлди. Бу чақмоқ хорлик азоби чақмоғидир.

Барча қавм ҳалок бўлиб, Солиҳ алайҳиссалом билан бирга тахминан бир юз йигирма нафар мўмингина саломат қолдилар. Солиҳ алайҳиссалом умрларининг охиригача мўминлар билан Фаластиннинг Рамла ноҳиясида тинч-омон яшадилар ва уламоларнинг рожиҳ (кучли) қавлларига кўра, шу ерга дафн қилиндилар.

Аллоҳнинг боида арабларга юборган учинчи пайғамбари Шуайб алайҳиссаломдир.

ШУАЙБ АЛАЙҲИССАЛОМ

Шуайб алайҳиссаломнинг насаблари Иброҳим алайҳиссаломнинг Мадян исмли ўғилларига бориб туташади. Демак, Шуайб алайҳиссалом ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг сулолаларидандир.

Шуайб алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари Лут алайҳиссаломдан кейин бўлган. Буни Ҳуд сурасидаги қуйидаги оятда келган у зотнинг ўз қавмларига айтган гапларидан билиб олиш мумкин:

«Эй қавмим, менга мухолифлик қилиш сизларни ё Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига, ёки Солиҳ қавмига етган мусибатга ўхшаш мусибат етишига олиб бормасин. Лут қавми сизлардан узоқ эмас» (89-оят).

Яъни «Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳларнинг қавмига етган мусибатлар сизга ҳам етмаслигини хоҳласангиз, менга хилоф қилишни йиғиштиринг.

Чунки ўша қавмлар пайғамбарларига хилоф қилишлари оқибатида мусибатлар, азоб-уқубатларга дучор бўлишган эди. Сизлар ҳам менга қарши чиқмоқдасиз, агар шу тахлит давом этаверсангиз, ўша қавмларга етган мусибатлар сизларга ҳам етиши турган гап».

Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни Мадян номли жойга пайғамбар қилиб юборган. Бу ҳақиқат Аъроф сурасида таъкидланади:

«...ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик) » (85-оят).

Мадян аслида Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғилларидан бирининг исми бўлиб, кейинчалик ундан тарқаган қабилава улар яшайдиган юрт унинг номи билан аталадиган бўлиб кетган. Мадянликлар ҳам асли араблар бўлиб, уларнинг ерлари Қизил денгизнинг шимолидаги Ақаба қўлтиғидан Тури Сийнога қадар чўзилган.

Шунингдек, Шуайб алайҳиссалом яшаган жой, яъни Мадян ўлкаси «Айка», у кишининг қавмлари «асҳобул Айка» деб ҳам аталади («айка» - араб тилида «қуюқ дарахтзор, дарахтлари бир-бирига киришиб кетган ўрмон» деган маънони билдиради). Бу ҳам Қуръони Каримнинг таъбири бўлиб, Аллоҳ таоло бу ҳакда Шуаро сурасида қуйидагиларни айтади:

«Қуюқ дарахтзор соҳиблари расулларни ёлғончига чиқардилар. Ўшанда уларга Шуайб деди: «Қўрқмайсизларми?!» (176-177-оятлар)

Мадян ўлкаси Ҳижоз билан Фаластин ўртасида, Ақаба кўрфазининг шарқий тарафида жойлашган.

ШУАЙБ АЛАЙҲИССАЛОМ ВА У ЗОТНИНГ 

ҚАВМЛАРИ ҚИССАСИ

Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломни Мадянга пайғамбар қилиб юборгач, у зот қавмларига панд-насиҳатлар қилишни бошладилар. Ҳамма даврларда бўлганидек, бу қавм ҳам у зотга қарши чикди, залолат ва исёнда давом этди. Орада кураш бошланди.

Аъроф сурасида ушбу жараённинг баёни келган.

«...ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжат келди. Ўлчов ва тарозини тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларини камайтириб қолманг ва ер юзида у ислоҳ қилинганидан кейин бузғунчилик қилманг. Агар мўмин бўлсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир.

Аллоҳга иймон келтирганларни қўрқитиб, Унинг йўлидан тўсиб, унинг қинғир бўлишини истаб, ҳар кўчада ўтириб олманг. Оз бўлган чоғингизда сизни кўпайтириб қўйганини эсланг ва бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг.

Агар мен ила юборилган нарсага сиздан бир тоифа ий-мон келтирган ва бошқа тоифа иймон келтирмаган бўлса, Аллоҳ орамизда ҳукм қилгунига қадар сабр қилинг. У ҳукм қилувчиларнинг энг яхшисидир» (85-87-оятлар).

Аммо жинояткор қавм бу оқилона таклифни қабул қилмади. Сабр қилиб Аллоҳнинг ҳукм чиқаришини кутмади.

«Унинг қавмидан мутакаббирлик қилган зодагонлар: «Қасамки, эй Шуайб, сени ва сен билан бирга ий мои келтирганларни қишлоғимиздан чиқариб юборамиз ёки ўз миллатимизга қайтасизлар», дедилар. У айтди: «Гарчи ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а?!

Агар Аллоҳ бизга ундан нажот берганидан сўнг миллатингизга қайтсак, батаҳқиқ, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган бўламиз. Биз учун унга қайтиш мумкин эмас, Роббимиз — Аллоҳ хоҳласагина мустасно. Роббимиз ҳамма нарсани Ўз илми ила қамраб олгандир. Аллоҳгагина таваккул қилдик. Роббимиз! Биз билан қавмимиз ўртасини ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан» (88-89-оятлар).

Шу йўл билан ишни ўзининг ҳақиқий эгаси ҳукмига ҳавола қилиб, иймон ва куфр ўртасида ҳукм чиқарувчи Ҳокими мутлаққа мурожаат этдилар. Шунда зодагонлар мўминларга таҳдид қилишга ўтишди:

«Унинг қавмидан бўлган, куфр келтирган зодагон-лар: «Агар Шуайбга эргашсангиз, у ҳолда зиён кўрувчидирсиз», дедилар» (90-оят).

Ихтилоф шу ҳолга етганидан сўнг Шуайб алайҳиссалом

«...улардан юз ўгирди ва: «Эй қавмим, батаҳқиқ, сиз-га Роббимнинг рисолатларини етказдим ва сизга насиҳат қилдим. Энди қандай қилиб кофир қавмга ачинай», деди» (93-оят). Шу ерда қисса тугаб, Аллоҳнинг динини инкор қилган, пайғамбарларни ёлғончига чиқарганларга одатда қандай муносабатда бўлиш баён қилинади:

«Қайси бир шаҳар-қишлоққа расул юборсак, шояд, тазарру қилсалар деб, унинг ахлини йўқчилик ва қийинчиликлар ила тутганмиз» (94-оят).

Албатта, Аллоҳ таоло пайғамбар йўллаб, яна унинг қавмига ҳеч қандай сабабсиз мусибат юбормайди. Бандаларни бекордан-бекорга зарар ва мусибатга гирифтор қилавермайди. Аввало, бандаларнинг ўзлари шунга лойиқ бўлишади. Зикр этилган қиссалардаги каби, улар Аллоҳ юборган пайғамбарга қарши чиқишади, У Зотга куфр келтиришади, одамларни иймон йўлидан тўсишади, исён қилишади. Шундан сўнггина Аллоҳ таоло уларга бало-офатларини юборади.

Оятдан англаш лозим бўлган мантиқлардан бири шуки, Аллоҳ таоло пайғамбар юбормасдан туриб, азоб туширмайди. Яъни Аллоҳ таоло кишиларни аввал Ўз элчиси орқали тўғри йўлга даъват этади, ваъз-насиҳатлар қилади, шундан кейин ҳам бош тортганларни азобга дучор этади.

Иккинчидан, бандаларга қашшоқлик ва мусибатларни юборишдан мақсад, уларни тавба-тазарру қилишга чорлашдир. Инсон фароғатда яшаса, ҳеч бир кам-кўсти бўлмаса, жуда кўп нарсаларни, ҳатто Холиқини ҳам эсидан чиқариб қўяди. Бошига мусибат етиб, ўзининг ожиз бир қуллигини англаб қолса, ўзига келиши муқаррар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло куфр ва исён аҳлига турли мусибатлар юбора-ди. Унинг бундан мақсади Ўзига бирор фойда кўзлаш ёки одамларни азоблаб, завқ олиш эмас. У Зот бундан беҳожат ва покдир. Парвардигорнинг иродаси — инсонларнинг манфаати, вақтида тавба-тазарру килиб, ўзларини ўнглаб олишга имконият бериш.

«Сўнгра ёмонликнинг ўрнини яхшиликка алмаштирганмиз. Ниҳоят кўпайишиб: «Ота-боболаримизга ҳам қийинчилик ва хурсандчилик етган эди», деганларида, улар-ни сезмаган ҳолларида тўсатдан тутганмиз» (95-оят).

Вақти келиб Аллоҳ таоло мазкур ёмон ҳолатларни яхшиларига алмаштириб қўяди. Очлик ўрнига тўқлик, муси-бат ўрнига шодлик келади. Бу яхши ҳолларда одамларнинг мол-мулклари, орзу-ҳаваслари, нозу неъматлари зиёда бўлади. Аммо бу зиёдалик ҳам улар учун синов эканини англаб етишмайди. Шукр қилармикан деб, Аллоҳ таоло улар-ни яхши ҳолатларга солганини билишмайди.

«Ота-боболаримизга ҳам қийинчилик ва хурсандчи-лик етган эди», деганларида...»

Улар «Қийинчиликдан кейин осончилик келиши одатий ҳолат. Ота-боболаримиз замонида ҳам шундай бўлган, бизнинг давримизда ҳам шундай бўлмоқда, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Вақти келганда қийинчиликни тортдик, энди хурсандчилик қилиб олайлик», дейишади. Ушбу тушунча тўрига илиниб, ўзларини дунё матоҳига уришади. Фаровон турмушда бардавомлик уларни хотиржам килиб қўяди, ҳар қандай гуноҳни тап тортмай қилаверишади.

Ғафлат нигоҳларни қоплаб, хиралаштириб қўяди. Ана шунда Аллоҳ таоло уларни азоб-уқубатларга гирифтор қилади.

«Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, улар-ни касб қилган нарсалари туфайли тутдик» (96-оят).

Инсоният ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий на содда ҳақиқатни тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиги очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни у иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракот эшиги ланг очиб қўйилади, чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди, чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. 

«Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, уларга осмону ердан бара котларни очиб қўяр эдик».

Бу ҳақиқатга каттаю кичик — барча кишилар ҳар бир соҳада гувоҳ бўлишлари мумкин. Инсонлар ҳақиқий ий-мон ва тақво соҳиби бўлган пайтларида уларга баракотлар осмонлар ва ердан очиб қўйилганига тарих шоҳид. Шу ўринда «баракот» деганда фақат озиқ-овқат, кийим-кечак ва моддий фаровонликкина кўзда тутилмаслигини ҳам эслатиб ўтишимиз лозим.

Бироқ бундай қилишмади:

«Лекин улар ёлғонга чиқардилар, уларни касб қилган нарсалари туфайли тутдик».

Шуайб алайҳиссалом ўз қавмлари ҳалокатга учраганидан кейин бир муддат яшаб, сўнг бу дунёни тарк қилдилар. Тарихчилар: «Шуайб алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари, қавмлари билан бўлган ҳодисалар ва у зотнинг вафотлари Юсуф алайҳиссаломнинг пайғамбарликларидан ке-йин, Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин бўлган», дейдилар.

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Боқия араблар;

Арабларнинг Исломдан олдинги сиёсий тарихи;

Ўтроқ арабларнинг подшоҳликлари;

Яман подшоҳликлари;

Арабистон ярим ороли шимолидаги давлатлар;

Ҳижоз;

Макканинг пайдо бўлиши. Исмоил алайҳиссалом қиссаси;

ҲУД, СОЛИҲ ВА ШУАЙБ АЛАЙҲИМУССАЛОМ

Read 6204 times
Top